Home / АЛЛОМАЛАР / АБУЛ БАРАКОТ НАСАФИЙНИНГ “АЛ-ЭЪТИМОД ФИЛ ЭЪТИҚОД” АСАРИ ТАВСИФИ

АБУЛ БАРАКОТ НАСАФИЙНИНГ “АЛ-ЭЪТИМОД ФИЛ ЭЪТИҚОД” АСАРИ ТАВСИФИ

Абул Баракот Насафий (ваф. 710/1310) тафсир, фиқҳ, ақида ва усулул фиқҳ каби соҳаларда сермаҳсул ижод қилиб, исломий илмлар ривожига катта ҳисса қўшган буюк олимлардан биридир.

Аллома ақидага оид “Умдат ақидати аҳли сунна вал жамоа” (“Аҳли сунна вал жамоа ақидаси асоси”), “Баҳрул калом” (“Калом илми денгизи”), “Умдатул ақоид” (“Ақидалар асоси”), “Ал-Эътимод фил эътиқод” (“Эътиқоддаги таянч”) номли асарларни таълиф этган[1].

Буларнинг барчаси мотуридия таълимоти асосидаги суннийлар ақидасига бағишланган асарлардир.

“Умдатул ақоид” мухтасар асар бўлиб, калом илмига оид муҳим масалаларни ўз ичига олган. Асарнинг Жамолиддин Маҳмуд ибн Аҳмад Қувнавий (ваф. 770/1368-69)га тегишли “Аз-Зубда”, XIV асрда яшаган Аҳмад ибн Аъваз Донишманд Ақшиҳарий Ҳанафийнинг “Ал-Инқод фий шарҳи умдатил эътиқод” номли ўнга яқин шарҳи мавжуд[2].

Эътиборли жиҳати шундаки, “Ал-Умда фий ақидати аҳли сунна вал жамоа” асарига муаллифнинг ўзи ҳам шарҳ ёзган ва уни “Ал-Эътимод” деб номлаган[3].

Ҳожи Халифа “Кашфуз зунун”да: “Эътимодул эътиқод” асари шайх, имом Ҳофизиддин Абдуллоҳ ибн Аҳмад Насафий Ҳанафийга тегишлидир”, деб келтиради[4].

Биз ўрганаётган ушбу “Ал-Эътимод фил-эътиқод” асари узоқ йиллардан буён нодир қўлёзмалар орасида сақлаб келинган. XX асрдан бошлаб баъзи араб ва турк тадқиқотчилари томонидан ўрганила бошланган.

Ушбу китоб Абу Мансур Мотуридий (ваф. 333/944) ва Абул Ҳасан Ашъарий (ваф. 324/936) ақида мактабларининг орасини мувофиқлаштирган асар ҳисобланади. Умумий қилиб айтганда, у аҳли сунна вал жамоа ақидасини жамлаган асардир.

“Ал-Эътимод фил-эътиқод” асари мотуридийлик мактабидаги бўшлиқларни тўлдиради. Чунки китобни ёзиш ҳижрий VII асрда (XIII аср охири) ниҳоясига етган. Бу даврда эса, мотуридия мактаби китоблари кам сонли бўлган. Шу сабабли, бу китоб мотуридийлик мактаби тарихини боғловчи муҳим ҳалқа сифатида намоён бўлади.

Бу асар муаллифнинг “Умдатул ақоид” номли китобига шарҳ ўлароқ ёзилган. Юқорида таъкидланганидек, “Умдатул ақоид”нинг шарҳлари кўп. Бу эса унинг олимлар эътиборини тортганини, ўзи ва муаллифи қадри нечоғлик баланд эканини англатади.

Шуни таъкидлаш керакки, муаллифнинг ўз китобига шарҳ ёзиши унинг бошқа асарлар орасида юқори ўринда эканидан дарак беради. Чунки муаллифнинг ўзи бошқалардан кўра олдига қўйилган мақсадни яхши биладиган ва китобдаги нозик ибораларни кенгроқ очиб берадиган шахсдир.

Абул Баракот Насафий ушбу асарни таълиф этиш сабабини китобнинг кириш қисмида, Аллоҳга ҳамд ва Пайғамбарга салавот ва саломлар айтгандан кейин қуйидагича келтиради: “Аҳли сунна вал жамоа ақидасини баён қилиш борасида тасниф этган “Ал-Умда”[5] асаримга қизиқиш катта эканини кўрдим. Гарчи, у дироятдан холи бўлмаган, ривоятлар билан тўлдирилган бўлса ҳам, мушкулотларни изоҳлайдиган, қийин масалаларни очиқлайдиган шарҳга муҳтож эди. Шунда мен бандалар Холиқининг тавфиқи билан масалалари шарҳланган, далиллари муфассал баён қилинган, “Ал-Эътимод фил эътиқод” деб номланган бир китобни жамлашни хоҳладим. Аллоҳ Ўзига таваккал қилувчи кишига кифоя қилувчи ва ишларини Унга топширувчи кишига ёрдам берувчидир. Менга Унинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши ёрдам берувчидир”[6].

Муаллиф асарида мотуридийлик ва ашъарийлик ақидаси орасидаги лафзий ихтилофларни келтирмасликка уринган бўлса ҳам, айрим ўринларда икки мактаб орасидаги ихтилофларни мувофиқлаштиришга ҳаракат қилган. Масалан, “Аллоҳ таоло кофирга куфрни ирода қилиши” масаласида Имом Ашъарий ихтиёр этган сўзни зикр этиб, бу ўз шайхи Абу Мансур билдирган фикрга яқин эканини таъкидлайди. Имоннинг ҳақиқати борасида ашъарий мазҳабининг фикрини баён қилиб, ундан мотуридийлик мазҳабига мувофиқ келадиган фикрни олади. “Муқаллиднинг имони” масаласида эса “Бунда мотуридия ва ашъария мазҳаблари орасида ихтилоф йўқ. Ихтилоф фақат мўътазилалар биландир”, деб зикр қилади.

Муаллифнинг мотуридийлик ва ашъарийлик мактаблари орасини яқинлаштиришга ҳаракат қилгани ҳам китобнинг нечоғлик аҳамиятли эканини кўрсатади. У ушбу саъй-ҳаракатига тўлиқ эришди деб айтмоқчи эмасмиз. Чунки ҳали кўп масалалар муаллақ бўлиб, улар орасидаги лафзий ихтилофлар давом этмоқда. Лекин олимнинг қилган ишлари муҳим аҳамиятга эгадир.

“Ал-Эътимод фил эътиқод” асарининг таркибий тузилиши ҳақида айтадиган бўлсак, у муқаддимадан ташқари 55 та мавзуни ўз ичига олган[7].

Лекин турк олими Муҳаммад Язичи асарнинг таркибий тузилиши ҳақида: “Умумий маълумотлар, илоҳийлик, пайғамбарлик, васият, қазо ва тақдир, имон, семъиёт, турли масалалар ва имомат масалаларидан иборат 8 қисмдан иборат бўлган асарда жами 54 боб мавжуд”[8] деб боблар сонини 54 та деб келтирган. Чунки у “Ҳақиқатларни исботлаш” деб номланган дастлабки мавзуни боб сифатида келтирмаган бўлиши мумкин.

Аммо Азҳар университети “Усули дин” факультети устози доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдуллоҳ Исмоил “Ҳақиқатларни исботлаш” бобини ҳам алоҳида келтириб бундай дейди: “Шуни кўришимиз мумкинки, муаллиф (яъни Насафий) ўз китобини ушбу масала билан бошлади. У бу борада Абул Муин Насафий, Нажмиддин Насафий ва бошқа мотуридия мактабининг етук олимларидан бўлган ўз салафларига эргашган. Бунинг сабаби шуки, исломий ақида китобларини ушбу масала билан бошлаш жуда аҳамиятлидир. Чунки “Ҳақиқатларни исботлаш” масаласи бўлмаса, Аллоҳнинг мавжудлиги ва ундан бошқа ҳақиқатлар каби тавҳид илмининг ҳақиқатларини исбот қилиш мумкин эмас. Шунинг учун олимлар ушбу масалани асос қилиб олган”.

Абу Исҳоқ Саффор Бухорий (ваф. 534/1139) ҳам “Талхийсул адиллати ли қавоидит тавҳид” асарини “Ҳақ ва ботил ҳақидаги бўлим” деган мавзу билан бошлаган.

Демак, “Ҳақиқатларни исботлаш” мавзуси ҳам алоҳида боб ҳисобланар экан. Шу сабабли, “Ал-Эътимод фил эътиқод” асари 55 бобни ўз ичига олган, деб хулоса қилиш мумкин.

Асарда дастлаб бошқа исломий ақида китоблари сингари асосий масала, ҳукмларнинг шарҳ ва таҳлили баён этилган. Масалан, Аллоҳ таолонинг зотига тааллуқли вожиб бўлган сифатларни Унга исбот қилиш, У зотнинг мавжудлиги, оламнинг яратувчиси экани ва якка-ю ягона, қадим, мутакаллим, барча комиллик сифатлари билан сифатлангани баён қилинган.

Шунингдек, дастлабки мавзулар Аллоҳ таоло зотига лойиқ бўлмаган нарсаларни инкор этишни ўз ичига олган. Масалан, Унинг зоти араз, жавҳар ва жисм эмаслиги ҳамда Аллоҳ таоло зотига лойиқ бўлмаган нуқсонли салбий сифатлар билан сифатланмаслиги баён этилган.

Шундан сўнг нубувват, рисолат масалалари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатини тасдиқ этиш, нубувват шартлари, имон масаласи, унинг моҳияти, зиёда ё кам бўлмаслиги ҳақидаги ақидага оид турли мавзулар баён этилган.

Бундан ташқари, асарда исбот қилишда фақат Қуръон ва суннатга таяниладиган масалалар ҳам қамраб олинган. Масалан, охиратдаги ҳисоб-китоб, сирот кўприги каби масалалар, тарози, жаннат, дўзах ва бошқа мисолларни келтириш мумкин[9].

Асардаги мавзуларнинг умумий жиҳатига эътибор берадиган бўлсак, Абул Баракот Насафий ҳар бир мавзуда мўътазила, мушаббиҳа, хавориж, карромия, қадария, муржиа каби адашган тоифалар ғояларини келтириб, уларга нақлий ва ақлий далиллар билан раддия берган.

Насафий ушбу асарни умрининг охирларида таълиф этган”[10]. Aсарнинг ёзилиши 698 йили 26 жумадул аввал (1299 йил 1 март) ойида якунланган[11].

“Ал-Эътимод фил-эътиқод”нинг асосий манбалари Абул Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” ва Нуриддин Собунийнинг “Ал-кифояту фил ҳидоя” номли асарларидир. Бу жиҳатдан асар режаси ва ибораларининг “Табсиратул адилла”нинг шарҳи бўлган “Китобут тамҳид” билан ўхшашлиги ҳам эътибордан четда қолмайди[12].

Бошқа томондан, асарда Имом Ғаззолий ва Фахриддин Розий каби ашъарий олимларига ҳам ишора қилинган. Бу шуни кўрсатадики, муаллиф ўзидан олдинги Абул Муин Насафий ёндашувидан фарқли ўлароқ, мотуридия ва ашъариянинг бир-бирига хилоф қилган томонларига урғу бермайди, балки икки мазҳабнинг муштарак томонларини кўрсатишга ҳаракат қилади[13].

“Ал-Эътимод фил-эътиқод” асарининг бугунги кунгача етиб келган турли қўлёзмалари орасида Сулаймония кутубхонаси, Фотиҳ, 721-йил санаси билан №3085 рақами остида рўйхатга олинган нусхаси хаттотликдаги равонлиги билан ҳам, муаллиф вафот этган 710 йилга яқинлиги билан ҳам эътиборни тортади[14].

“Ал-Умда” ва “Ал-Эътимод фил эътиқод” асарларидан уламолар ўз китобларида манба сифатида фойдаланган. Жумладан, бу асарлар орасида Ибн Ҳумомнинг “Ал-мусаяра”, Тафтазонийнинг “Шарҳул мақосид” асарларини келтириш мумкин.

Яна Тафтазонийнинг “Ақоиди Насафий” асари билан “Ал-Умда” ва “Ал-Эътимо” асарлари солиштириладиган бўлса, матнларининг қанчалик яқин экани яққол кўзга ташланади.

Муҳаммад Язичи асар ҳақида: “Худди шундай “Шарҳи фиқҳул акбар”нинг муаллифи Мулла Али Қори ҳам “Ал-Эътимод”дан манба сифатида фойдаланган, деган фикрдамиз. Чунки “Шарҳи фиқҳул акбар”га назар ташлайдиган бўлсак, айниқса, имомат баҳси унга жуда ҳам ўхшашдир”[15] дейди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Абул Баракот Насафийнинг “Ал-Эътимод фил эътиқод асари” мотуридия таълимотини кенг шарҳлаб берган, адашган тоифалар ғояларига асосли раддиялар берган ҳамда аҳли сунна вал жамоа ақидасини жамлаган асар ҳисобланади.

 [1] Махсудов Д. Буюк аждодларимиз “Абул Баракот Насафий ҳаёти ва илмий ижоди”. – Т.: Тошкент ислом университети, 2013. – Б.61.
[2] Махсудов Д. Буюк аждодларимиз “Абул Баракот Насафий ҳаёти ва илмий ижоди”. – Т.: Тошкент ислом университети, 2013. – Б.13.
[3] Ҳожи Халифа. Кашфуз зунун. Муҳаммад Шарафиддин Ёлтқоя таҳқиқи. – Ж.II. – Байрут: Дор иҳёъут туросил арабий. – Б.1168.
[4] Ҳожи Халифа. Кашфуз зунун. Муҳаммад Шарафиддин Ёлтқоя таҳқиқи. – Ж.I. – Байрут: Дор иҳёъут туросил арабий. – Б.119.
[5] “Умдатул ақоид” асари назарда тутилган.
[6] Абул Баракот Насафий. Ал-Эътимод фил эътиқод. Др. Абдуллоҳ Муҳаммад Исмоил тадқиқи. – Қоҳира: Мактабатул азҳарийя лит турос, 2011. – Б.106-107.
[7] Абул Баракот Насафий. Ал Эътимод фил эътиқод. Др.Абдуллоҳ Муҳаммад Исмоил тадқиқи. – Қоҳира: Мактабатул азҳарийя лит турос, 2011. – Б.535-538.
[8] Muhammed Yazici. Ebü’l-Berekât en-Nesefî, Hayatı, Şahsiyeti ve el-İ‘timâd fi’l-i‘tikād Adlı Eseri. – Erzurum, 1992. – S.63.
[9] Vergl Rudolph Ulrich. Al-Maturidi und Sunnitische Theologie in Samarkand. – P. 221-235.
[10] Muhammed Yazici. Ebü’l-Berekât en-Nesefî, Hayatı, Şahsiyeti ve el-İ‘timâd fi’l-i‘tikād Adlı Eseri. – Erzurum, 1992. – S.63.
[11] Temel Yeşilyurt, Ebü’l-Berekât en-Nesefî ve İslâm Düşüncesindeki Yeri. – Malatya, 2000. – S. 57-58; Uludag’ universiteti teologiya fakulteti jurnali: Kılıç Aslan MAVİL. Bir Hanefî-Mâtürîdî Âlimi Ebü’l-Berekât en-Nesefî. – S.82.
[12] Muhammed Yazıcı. Ebü’l-Berekât en-Nesefî, Hayatı, Şahsiyeti, Eserleri ve el-İ‘timâd fi’l-i‘tikâd Adlı Eseri (Yayımlanmamış Yüksek Lisans Tezi, Atatürk ÜSBE 1992). – S.67.
[13] Ulug‘dag‘ universiteti teologiya fakulteti jurnali: Kılıç Aslan MAVİL. Bir Hanefî-Mâtürîdî Âlimi Ebü’l-Berekât en-Nesefî. – S.82.
[14] Aсарнинг бошқа нусхаларига қаранг: Боязид давлат кутубхонаси, –№2801; Чорум вилоят халқ кутубхонаси, –№ 4078; Сулаймония кутубхонаси., Лалели, –№2317-2365, Рашид афанди, –№323.
[15] Muhammed Yazıcı. Ebü’l-Berekât en-Nesefî, Hayatı, Şahsiyeti, Eserleri ve el-İ‘timâd fi’l-i‘tikâd Adlı Eseri (Yayımlanmamış Yüksek Lisans Tezi, Atatürk ÜSBE 1992). – S.63.
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

САҲЛ ИБН АБДУЛЛОҲ ТУСТАРИЙ – БУЮК МУТАСАВВИФ ОЛИМ

Исломда тасаввуф илми Муҳаммад (а.с.) дан қабул қилиб олингани, тариқатда у кишининг «равишлари  ҳужжат» [5:29] …