Home / МАҚОЛАЛАР / ҒИЙБАТЧИГА БЕПАРВО БЎЛМАНГ!

ҒИЙБАТЧИГА БЕПАРВО БЎЛМАНГ!

Ислом дини инсонларнинг обрў-иззатини сақлаш учун ғийбатни ҳаром қилди. Чунки ғийбат одамларнинг айбини ошкор қилиш ва обрўсини тўкишга қаратилган иллатдир. У тинчликни бузиб, уруш, ихтилоф ва парчаланишни келтириб чиқаради.

Аллоҳ таоло айтади:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيرًا مِنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ وَلَا تَجَسَّسُوا وَلَا يَغْتَبْ بَعْضُكُمْ بَعْضًا أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَنْ يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتًا فَكَرِهْتُمُوهُ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَحِيمٌ﴾

“Эй мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўтиб кетган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир”[1].

Қуръони каримда ҳеч бир гуноҳ бунчалик ёмон ўхшатиш билан зикр қилинмаган. Биламизки, инсон ҳеч қачон ўлимтик емайди. Агар гўшт инсонники бўлса, ундан янада кўпроқ жирканади. Ўтган биродарининг  гўштини ейиш эса инсониятга мутлақо номуносиб ва ақлдан узоқ ишдир. Ғийбат шундай қабиҳ ҳолатга қиёсланмоқда. Бу эса ақлли ва имонли ҳар қандай кишининг қалбини ларзага солади.

Айтилаётган айблов сўзи ғийбат қилинаётган кишида бўлса ҳам, бўлмаса ҳам ҳаромдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат нима эканини биласизми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир”, деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат бир биродарингнинг орқасидан ўзи эшитса, ёмон кўрадиган сифат билан гапиришингдир”, дедилар. Шунда улардан бири: “Агар биродаримда мен айтган ўша сифат бор бўлса ҳам ғийбат бўладими?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унда бор айбни айтган бўлсанг, ғийбат қилган бўласан. Агар сен айтган сифат унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, деб жавоб бердилар” (Имом Муслим ривояти).

 Мўминга мўминнинг моли ва жони ҳаром бўлганидек, унинг обрўсини тўкиш ҳам ҳаромдир. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажидаги хутбаларида буни алоҳида таъкидлаб, бундай деганлар: “Албатта, қонингиз, молингиз ва обрўйингиз бир-бирингизга ҳаромдир. Шу ойда, шу шаҳарда ушбу арафа кунининг ҳурматини сақлагандек, уларнинг ҳам ҳурматини сақланг!(Имом Бухорий ривояти).

Демак, бировнинг молини зулм билан ейиш қанчалар ёмон бўлса, унинг обрўсига тажовуз қилиш ҳам шунчалар қабиҳ ишлар қаторига кирар экан.

Бундай катта гуноҳнинг жазоси ҳам, шубҳасиз, даҳшатлидир. Бунга Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис мисол бўлади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърож кечасида бир қавмнинг олдидан ўтдилар. Уларнинг тирноқлари қўрғошиндан бўлиб, юзларини ва куракларини тирнаётган эди. Бундан ажабланган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Жаброил, булар ким?” деб сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом: “Булар одамларнинг гўштини ейдиган ва уларнинг обрўсини тўкадиган кишилар”, деб жавоб берди” (Имом Абу Довуд ривояти).

Бошқа ҳадисда Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй тили билан имон келтириб, дилида имон келтирмаганлар! Мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Ким уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло унинг ўз камчилигини “қидиради”. Аллоҳ кимнинг камчилигини “қидирса”, уни (бу дунёнинг ўзида) шарманда қилади”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Ғийбатчининг сўзига қулоқ солиб турган киши ҳам унинг гуноҳига шерик бўлади. Шу сабабли ҳар бир мусулмон бошқа биродарининг обрўсини ҳимоя қилиши ва ғийбатни тўхтатиши лозим. Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким бир биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло ундан дўзахни даф қилади” (Имом Термизий ривояти).

Демак, ғийбатчининг ғийбатини тўхтатиб, биродарининг шаънини ҳимоя қилишнинг мукофоти жаннат бўлса, ғийбатга шерик бўлишнинг оқибати аламли азоб экан.

Зарурат туғилганда, одамларнинг айбини гапириш мумкин. Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузуримга кирганларида: “Эй Оиша, фалончи ва фалончи биз тутган динни билади деб ўйламайман”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Мазлум киши золим устидан шикоят қилиши жоиз. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ҳинд Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Абу Суфён хасис одам, шунинг учун мен унинг молидан олишга муҳтож бўлиб қоламан”, деди. У зот: “Ўзингга ва болангга кифоя қиладиганини инсоф билан олавер, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 Шунингдек, бирор кишини тўғри йўлга солиш ёки ёмонликдан қайтариш учун бошқалар билан маслаҳат қилиш, бирор кимса ҳақида сўралганда, ўша киши ҳақида тўғри маълумот бериш, “фалончи менга шундай муомала қилди, мен нима қилишим керак?”, деб савол сўраш ва гуноҳи билан мақтаниб юрадиган одамнинг айбини гапириш ғийбат ҳисобланмайди.

Жамиятда нотинчлик сабаблари юзага чиқишига бепарво бўлган уммат қайдай ҳам бадбахт! Ғийбатчига қулоқ солиб, унинг гуноҳига шерик бўлишдан сақланайлик. Ғийбатини жойида тўхтатиб, тартибга чақириш керак. Очиқ инкор қилишдан қўрқилса, суҳбатни бошқа томонга буришга ёки туриб кетишга ҳаракат қилиш даркор. Орасида мақталган хулқлар ёйилган уммат қайдай ҳам бахтли! Барчамизга яхши хулқ соҳиби бўлиш насиб этсин.

Отабек БАҲРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Ҳужурот сураси, 12-оят.

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …