16 сентябрь куни Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Марказий Осиёда ислом цивилизацияси: ўтмиш ва ҳозирги замон” мавзусида VI халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда исломшунос ва тарихчи олимлар, маданият соҳаси вакиллари, маҳаллий ва хорижий тадқиқотчилар иштирок этди.
Асосий эътибор Марказий Осиё, хусусан, Мовароуннаҳр ҳудудининг ислом илм-фани ва маънавий ҳаётида тутган ўрнига қаратилди.
Тадбирда Абу Райҳон Берунийнинг илм-фан ва ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, Мовароуннаҳрда шаклланган сулолавий илмий мактаблар, муҳаддис ва фақиҳлар фаолияти ҳақида маърузалар тингланди. Шунингдек, тасаввуф таълимоти ва Ҳаким Термизийнинг “илм ан-нафс” (руҳшунослик) ҳақидаги қарашлари, маънавий тарбия муаммолари, Қорахонийлар давридаги исломий институтлар ва эпиграфик манбалар орқали тарихий жараёнларни ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.
Анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов “Ўрта асрларга оид Бухоро тарихини ўрганишда вақф кутубхоналарининг ўрни” мавзусида маъруза қилди.
Олим қадимий Бухорода кутубхоналарнинг вужудга келиши ва уларнинг ислом цивилизациясида тутган ўрни ҳақида атрофлича сўз юритиб, Сомонийлар давридаги сулолавий кутубхоналар, жумладан, Амир Нуҳ ибн Мансур ҳукмронлик қилган замондаги кутубхона билан боғлиқ фаолият ҳақида тарихий маълумотлар келтирди.
Ш.Зиёдов Хожа Муҳаммад Порсо кутубхонасига алоҳида эътибор қаратди. У нафақат тасаввуфий марказ сифатида, балки турли мазҳаб ва илмий йўналишларга мансуб қўлёзмаларни йиғиш, сақлаш ва тарғиб қилишда муҳим ўрин тутгани қайд этилди. “Вақф” муҳри билан белгиланган асарлар орқали ўша даврнинг диний-маърифий ҳаёти, нутқ одоби ва маданий қадриятларини ўрганиш имкони борлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, Гавкушон кутубхонаси ва унинг мадраса, масжид, ҳовуз ва дарсхоналар билан биргаликда шаклланган мажмуа таркибидаги ўрни ҳақида илмий таҳлиллар ўртага ташланди. Бундай кутубхоналарга вақф қилинган китоблар, уларнинг муҳр ва саналарини ўрганиш орқали ўша давр маданий муҳитини англаш имконияти мавжудлигига эътибор қаратилди.
Шунингдек, қўлёзмаларнинг санад ва китобат тарихи, уларни яратган ва кутубхоналарни ташкил этган амирлар, қозилар, дин арбоблари ва уламоларнинг илмий салоҳияти тўғрисидаги маълумотлар орқали миллий имиж ва илмий меросни янгидан баҳолаш зарурлиги қайд этилди.
Тадбир якунида иштирокчилар ислом меросини чуқур ва тизимли ўрганиш, халқаро илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва бу борадаги тадқиқотлар самарадорлигини ошириш юзасидан келишиб олди.