Home / МАҚОЛАЛАР / “Дуррул ажойиб” асарининг муаллифи аниқланди

“Дуррул ажойиб” асарининг муаллифи аниқланди

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказида “Дуррул ажойиб” (№ inv. MR 51) номли қўлёзма асар мавжуд. Фазилатли хулқлар баён қилинган форс тилидаги бу асар яқин кунларга қадар муаллифи номаълум китоб ҳисобланар эди. Сўнги тадқиқотлар натижасида асар самарқандлик  буюк фақиҳ – Абу Шужоъ Самарқандий қаламига мансуб экани маълум бўлди.

Бу хулосани асослаш учун юртимиздаги қўлёзма фондлари маълумотлари қиёслаб кўрилди. Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти электрон каталогида № inv 13077/2 рақам остида[1] ва Бухоро давлат музейида сақланаётган туркий тилдаги қўлёзмалар рўйхатида № inv 10732/11 рақам остидаги “Дуррул ажойиб” асари муаллифи сифатида Абу Шужоъ Самарқандий номи қайд этилган. Каталоглардаги маълумотлар – асарнинг бош ва охиридаги жумлалар, боблар сони ҳамда номлари – марказ фондидаги нусха билан тўлиқ мос келади. Бухоро музейидаги туркий тилдаги нусха мазмунан форс тилидагидан фарқ қилмайди, яъни тил жиҳатидан иккаласи бир асарнинг икки шакли ҳисобланади. Маълумки, аждодларимиз араб, форс ва туркий тилларда эркин ижод қилгани сабабли асарнинг икки тилда тарқалиши табиий ҳолдир.

Қўлёзмалар ҳамду-санодан кейин қуйидаги жумлалар билан бошланади:

Марказдаги қўлёзма

 بدان اي بنده نيك بخت اين كتابي است از احاديث صحيح و از قول متقدمان و از تفسير قاضي از روايات صحابها جمع كرده شود

Шарқшунослик институтидаги қўлёзма

بدان اى بنده نيك بخت اين كتاب است از احاديث صحيحه و از قول متقدمان و از تفسير و از عبرتى شود

Бухородаги қўлёзма

بيل گيل اي بنده نيك بخت بو كتاب ني جميع حديثلردان و صحابه لارني روايت لاري برلا جمع قيلديلار

 

Шу ўринда савол туғилади: Абу Шужоъ Самарқандий ким? Ҳанафий мазҳабининг тарожим ва табақот китобларида бу ном билан фақат биргина  олим, Самарқанднинг машҳур фақиҳларидан бири Абу Шужоъ Муҳаммад ибн Аҳмад Алавий Самарқандий тилга олинган. Қўлимиздаги мавжуд манбаларга таянган ҳолда Абу Шужоъ Самарқандий дейилганда фақат ушбу олим назарда тутилган дея хулоса қила оламиз. Демак, “Дуррул ажойиб” асари айнан шу алломага тегишлидир.  

Юқоридаги маълумотлар яна бир кемтикни тўлдиради. Чунки манбаларда Абу Шужоъ Самарқандийнинг ҳаёти ва илмий  доиралардаги нуфузи ҳақида кўплаб маълумот келган бўлса-да, асарлари зикр этилмаган эди[2]. Маҳаллий интернет сайтлари ҳам тор доирадаги маълумотлар бериш билан чекланган[3]. Унинг буюк олим бўлгани, машҳурликка эришгани, Қози Али Суғдий ва Қози Ҳасан Мотуридий сингари замондошлари билан биргаликда Самарқандда нафақат оддий халқ, балки уламоларга ҳам раҳнамолик қилгани баён қилинган[4], аммо асарлари ҳақида маълумот берилмаган. Энди эса алломани асар ёзган олимлар сафига қўша оламиз.  

Асар муаллифининг аниқланиши унинг қадрини янада оширади. Чунки китобнинг қиймати кўп жиҳатдан муаллиф шахсиятига боғлиқ[5]. Манбаларда Абу Шужоънинг юксак даражадаги олим эканининг таъкидланиши, унинг қаламига мансуб асарни ҳам ғоят муҳим илмий мерос сифатида баҳолашга асос бўлади.  Қўлёзманинг мазмуни унинг аҳамиятли асар эканини кўрсатса-да, муаллифи номаълумлиги қадрига соя солиши мумкин.

Марказ фондидаги “Дуррул ажойиб” тўлиқ сақланган нусха бўлиб, 240 варақдан иборат ва 66 бобни ўз ичига олади. Асар муқаддимасида китоб саҳиҳ ҳадислар, саҳоба ва мутақаддим уламолар сўзларига таянилгани, инсонларга ўгит ва насиҳат сифатида ёзилгани қайд этилган [6]

Асар боблари мавзусига назар ташланса, улар бугун ҳам долзарб экани яққол кўринади. “Дунёга муҳаббат қўйишнинг жазоси”, “Тақво ва зоҳидлик”, “Аллоҳ таолони зикр этишнинг фазилати”, “Холис ният”, “Илм ва уламонинг фазилати” каби мавзулар ҳеч қачон ўз қимматини йўқотмайди.

Қўлёзмаларни ўрганиш жараёни янги манбаларга йўл очади. Айрим асарлар муаллифи номаълум, бошқалари эса нусхаларда турлича акс этган. Шу боис қўлёзмаларни турли фондлардан йиғиш, қиёсий таҳлил қилиш ва уларни илмий жамоатчиликка очиқ маълумот сифатида тақдим этиш тадқиқотларни ривожлантиришнинг энг самарали йўли ҳисобланади.

[2] Лакнавий. Ал-Фавоидул баҳия фи тарожимил ҳанафия. – Байрут: Дарул арқам, 1998. – Б. 296
[4] Лакнавий. Ал-Фаваидул баҳия фи тарожимил Ҳанафия. – Байрут: Дарул арқам, 1998. – Б. 112.
[5] Лакнавий. Ан-Нофеъ ал-кабир. – Карачи: Идаратул Қуръон, 2011. – Б. 30.
[6] Абу Шужоъ Самарқандий. Дуррул ажойиб. Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази. Қўлёзма. –В.1а
Усмонхон МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Замонавий ЎҚУВЧИ-ТАЛАБАНИНГ 77 та замонавий ОДОБИ

Замонавий ЎҚУВЧИ-ТАЛАБАНИНГ 77 та замонавий ОДОБИни УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар: КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА ХУДОЙИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:  «Аллоҳ Одам алайҳиссаломга барча яратилган ва …