Home / МАҚОЛАЛАР / ТАРИҚАТЛАР ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА СФРАГИСТИК МАТEРИАЛЛАРНИНГ ЎРНИ

ТАРИҚАТЛАР ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА СФРАГИСТИК МАТEРИАЛЛАРНИНГ ЎРНИ

Тарихий манбалар Марказий Осиёнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида муҳим роль ўйнаган. Бунда Марказий Осиёда яратилган қўлёзмалар муҳим қизиқиш уйғотиши табиийдир. Марказий Осиёда яратилган қўлёзмаларни тадқиқ этиш орқали, аксарият қўлёзмаларга муҳр босилгани аён бўлди. Шунингдек, қўлёзма қайси билим даргоҳи ёки кутубхонага (мадраса ёки хонақоҳга) тегишли экани ҳақида муҳим маълумотга эга бўлдик.

Сфрагистика – (юнон. – муҳр) ёки сигиллография (лот. сигиллум – муҳр), муҳрларни тарихий манба сифатида ўрганадиган фан. Муҳрлар деб қаттиқ материалга (тош, металл, суяк ва бошқалар) ўйилган қолип ва муҳр изларига аталади (тилла, кумуш, қўрғошин, қоғоз ва бошқалар). Муҳр, шунингдек, сопол, қўрғошиндан тайёрланади, унинг цилиндр шаклидаги нусхалари ҳам учрайди.

Муҳр – кутубхона тимсоли. Одатда қўлёзма варақларидаги муҳрлар орқали қўлёзма эгаси ким бўлганини аниқлаш мумкин. Агар айни бир муҳр бир қанча китобларга қўйилган бўлса, улар бир шахс кутубхонасига тегишли бўлади. Бу орқали шахсий кутубхоналарни аниқлаш анча қулай.

Расмий қоғозларга босиладиган турли шаклдаги муҳрлар – бу ҳужжат айнан ўша корхона ёки шахс томонидан юборилганидан гувоҳлик беради. Сфрагистик ёдгорликлар ёрдамида давлатчилик институтлари фаолиятининг айрим жиҳатлари ҳақида қимматли маълумотлар олиш, шунингдек, муҳрдаги ёзув ва суратларда ўша давр воқеалари акс этганини кўриш мумкин. Шу сабабдан муҳр бирон бир даврдаги тарихий воқеани комплекс ўрганишда қимматли манбадир. Муҳр ёрдамида ҳужжат муаллифи аниқланади. Соҳа усталари томонидан моҳирлик билан ўйилган муҳрлар кўп ҳолларда санъат асарига тенглаштирилади.

Араб ёзувидаги муҳр ва унинг акси – бу шундай тарихий манбалардан бирики, тарихчилар уни ҳали тўлиқ баҳолай олмаган ва у ҳали «очилмаган қўриқ»дир. Бу муҳрлар нафақат юз минглаб ҳужжатларга, балки Ўзбекистон ҳудудида сақланаётган минглаб қўлёзмаларга ҳам босилган.

Ҳозирги кунда мусулмон сфрагистикаси алоҳида соҳа сифатида шаклланмоқда. Сўнгги йилларда бу борада қатор тадқиқотлар [10] амалга оширилди. Муҳрлар алоҳида кўрсатилган каталоглар ҳам чоп этилди. “Islamic Seals Database (www.cbl.il/islamicseals)” мусулмон муҳрлари маълумотлари базаси (Честер Битти (Дублин) кутубхонасининг махсус сайтида) яратилди. Турин университетида Кале қўлёзмалар хазинаси каталогида [14] (каталогирум церийасида) муҳрлар учун махсус ўрин ажратилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан тайёрланган «Имом Бухорий халқаро маркази манбалар хазинаси қўлёзмалар каталоги»да [11] ҳам ана шундай муҳрлар учун ўрин ажратилган.

Сфрагистика бўйича тадқиқот олиб борган Ғ.Қурбонов [12] Ўзбекистон тарихида биринчилардан бўлиб муҳрлар каталогини тузади. У ўз тадқиқотида Бухоро муҳрларини батафсил тасниф қилиб, айрим ҳолларда айнан муҳрнинг ўзи ёхуд ҳужжатларга босилган аксини киритган. Китобда рус ва совет шарқшуносларининг муҳрлар борасидаги тадқиқотлари ҳақида ҳам маълумот келтирилган.

Бевосита муҳрлар ёки уларнинг акслари борасида амалга оширилган илмий ишлар сирасига А.Диваев ва П.Ахмеровнинг “Аҳмад Яссавий муҳрлари тавсифи” («Описание печати Ахмеда Ясеви») [2] тадқиқотини ҳам киритиш мумкин. А.Холидов Шарқ қўлёзмалари каталоги (Собрание Восточных рукописей Академии наук Узбекской ССР) ёрдамида [18] Порсо муҳри туширилган 57 та қўлёзмани аниқлаган. Кейинги изланишларда А.Холидов эътиборидан четда қолган яна 81 та қўлёзма аниқланган [13].

Тарих фанлари доктори Ш.Зиёдов «ХV-ХХ аср бошларида Марказий Осиёда кутубхоначилик тарихи (қўлёзма манбалар ва улардаги муҳрлар таҳлили асосида)» [4] номли докторлик ишида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётган қўлёзмаларда 23 та вақф ва 62 та китоб савдоси борасидаги қайдлар келтирилган. Шунингдек, Сидқий Хондайлиқий томонидан 48 нафар қози ва уларнинг авлодлари, 34 нафар муфтий ва уларнинг авлодлари, 13 турдаги мударрис ва қориларга тааллуқли, 86 нафар хусусий шахс ва 4 нафар амалдорга оид жами 185 дона муҳр ясалгани, ХV-ХХ асрларда Марказий Осиё кутубхоналарида сақланган 2605 та қўлёзмада 1652 турдаги муҳр излари бўлгани очиб берилган. Айнан шу муҳрлар ёрдамида Зарафшон воҳасида нақшбандийлик тариқатида фаолият олиб борган Хожа Муҳаммад Порсо ҳаёти ва илмий-маънавий мероси тадқиқ этилган. Унга тегишли мадраса, масжид ва кутубхона тарихи ёритилган. Тадқиқот натижасида Муҳаммад Порсо кутубхонаси, нақшбандия тариқатининг давомчилари – назариётчи шайхлари ҳақида муҳим маълумотлар тақдим этилган.

Тадқиқотчи Ш.Зиёдов муҳрлар тадқиқига оид монографик тадқиқот сифатида тайёрлаган «Ўрта Осиё сфрагистикасига оид материаллар (Тошкент. ХIХ охири – ХХ аср бошлари) муҳрлар каталоги»ни [5] ҳам эълон қилди.

Изланиш натижасида бевосита Зарафшон воҳасида фаолият олиб борган тариқат муршидларининг саккиз бурчак, айлана, тўртбурчак, баргсимон, овал шаклдаги муҳрлари аниқланди.

  1. Халифа Мулла Худойберди ибн Мулла Абдурасул суфи. Овал. 30х24 мм. // Силсилаи нақшбандия. Қўлёзма. Бухоро музей-қўриқхонаси фонди, инв: № 11475/II. 1-варақ [17].
  2. Мулла Муҳаммад Солиҳ халифа ибн Мулла Муҳаммад Расул Суфи. Ов. 30х24 мм. // Силсилаи Нақшбандия. Қўлёзма. Бухоро музей-қўриқхонаси фонди, инв: № 13101/II. 1-варақ [16].
  3. Хожа Абдукарим Аҳмади. Думалоқ. 24 мм. // Силсилаи Нақшбандия. Қўлёзма. Бухоро музей-қўриқхонаси фонди, инв: № 11475/II. 1-варақ [17].
  4. Яҳё хожа ибн Эшон Мусохон хожа Сармежий. Ов. 27х17 мм. // Иршоднома (Ғойибназар махзум ибн Муҳаммад Собир махзум). Қўлёзма, форсча, настаълиқ. 1299/1880 [8].
  5. Жалолиддин хожа ибн Эшон Яҳё хожа. Ов. 25х15 мм. // Иршоднома (Ғойибназар махзум ибн Муҳаммад Собир махзум). Қўлёзма, форсча, настаълиқ. 1299/1880 [8].
  6. “Ғуломи хоси ислом, Шайх Абул Фатҳ. 1299”/1880. «Бисмиллаҳ, ва биллаҳ, ва миналлоҳ, ва илаллоҳ, ва аълаллоҳ, фалиятаваккалун» (Аллоҳнинг исми билан ва Аллоҳ билан ва Аллоҳдан ва Аллоҳга ва Аллоҳнинг ўзига мўминлар таваккал қилсинлар). Олти бурчак 45х45 мм. // Вақф ҳужжати. 1305/1887 йил. Қўлёзма [1].
  7. Абул Фатҳ. 1280/1863. Ов. 15 мм // Вақф ҳужжати. 1305/1887 йил. Қўлёзма [1].
  8. … ки гавҳари дарёи обу аст, Баҳрул лутф исломи дин ба мавж аст (Исломнинг лутфидин баҳравар бўлди, Дарё сувининг гавҳарга тўлгани каби). Тўртбурчак. // Иршоднома. Абул Фатҳ. ХIХ аср ўрталари. Қўлёзма.
  9. Чу нури адл Абул Ҳай …, Жоми ислом Эшон Абул Ҳасан аст (Абул Ҳай – Эшони Ислом шайхнинг ўғли Абул Ҳасан кўз нуридур). Ду. // Шарҳи мураққаъус солиҳин” [Бурҳониддин Қиличнинг «Порсо-дарвешлар учун либос» асари шарҳи] ҳошиясида. Муаллиф шахсий кутубхонасида.
  10. Ба исми Аллоҳ, ба исми Воҳид. Қул ҳуваллоҳу аҳад. Муҳаммад Ҳабибуллоҳ 1334/1915. Ду [8].
  11. Қози хожа ибн Салоҳиддин хожа. Ол.б. // Сайид Шодмон хожа Нақшбандий шажараси. Қўлёзма [15].
  12. Абдурасул хожа аълам Қарший ибн Муҳаммад Вафо хожа. Ал-Мутаваккил аълаллоҳ. Ду. // Сайид Шодмон хожа Нақшбандий шажараси. Қўлёзма [15].
  13. Эшон мулла Сайид Шодмон хожа Нақшбандий ибн Сайид Ҳомид хожа. Айлана овал // Сайид Шодмон хожа Нақшбандий шажараси. Қўлёзма [15].
  14. Сайид Шодмон хожа Нақшбандий ибн Сайид Ҳомид хожа. Ов. // Сайид Шодмон хожа Нақшбандий шажараси. Қўлёзма [15].
  15. Мулла Шодмон хожа ўроқ Нақшбандий. 1338/1919. Ол.б. // Сайид Шодмон хожа Нақшбандий шажараси. Қўлёзма [15].
  16. Муҳаммад Тоҳир Хожа Судур ибн Қози Исмоил Хожа Нақшбандий. Ов. // Сайид Шодмон хожа Нақшбандий шажараси. Қўлёзма [15].
  17. Халифа Аҳмад хожа ибн Муҳаммад Содиқ хожа Нақшбандий. Ов. // Сайид Шодмон Хожа Нақшбандий шажараси. Қўлёзма [15].
  18. Эшон Мансур хожа ўроқ Нақшбандий. 1338/1919. Ол.б. // Сайид Шодмон хожа Нақшбандий шажараси. Қўлёзма [15].
  19. Эшон Мансур хожа ўроқ Нақшбандий. 1338/1919. Ол.б. // Сайид Шодмон хожа Нақшбандий шажараси. Қўлёзма [15].
  20. Мулла Раҳматуллоҳ хожа. Ол.б. // Сайид Шодмон хожа Нақшбандий шажараси. Қўлёзма [15].
  21. Абу Саъид Суфи инб Муҳаммад Бадал Марҳумий. Силсила. Электрон. Ов.
  22. Абулқосимхон ал-Мутаваккил би ар-роҳман. 1322/1903. Тўртбурчак. // Тойлоқлик Шерозхон Ҳаётхон ўғли хонадонида сақланади. Қўлёзма. Хонадонида сақланади [7].
  23. Файзуллоҳ ибн Муҳаммад Иброҳим. 21Х21 мм. // Тойлоқлик Иброҳимхон хонадонида сақланади.
  24. Сайид Акрам Хожа ибн Сайид Ҳусайн Хожа 131../1892-1901. Ол. Б. 30Х30 мм. // Иршоднома. Қўлёзма [6].

Муҳр тутиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар уни ўз даражасига қараб ёздирган ва мартабасига қараб ҳужжат охири ёки бошига босилган.

Баъзи муҳрлардан фойдаланиб гоҳо ҳукмдорлар ёки авлод шажараси ва силсила насабномасини билиб олиш мумкин. Масалан, Аштархоний ҳукмдор Субҳонқулихон (ваф. 1702) муҳрида аждодларининг саккизта силсиласи рўйхати берилган [3:32-36]. Мулло Худойқулга тегишли иршодномадаги муҳрда ўттиз иккита соҳиби силсилалар номи ёзилган насабномаси ўрин олган [9].

Хулоса қилганда, муҳрлар ҳам турлича ясалган, айримлари, жуда жозибадор ишланган бўлса, баъзилари эса умуман содда бўлганини кўриш мумкин. Шу билан бирга, ХV-ХIХ асрларда Зарафшон воҳасида фаолият олиб борган тариқат шайх-муршидларига тегишли муҳрлар – иршоднома ёки тариқат хонақоҳларига тегишли ер-мулкларнинг вақф ҳужжатларига босиш учун ишлатилган. Муҳрларнинг нодир ёзма манбаларда ҳам учраши, тариқат пирларининг ўзига тааллуқли кутубхона фонди бўлганидан далолат беради.

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Вақф ҳужжати. Қўлёзма. 1305/1887 йил. Муаллиф шахсий кутубхонасида.
  2. Диваев А.А., Ахмеров П.Н. Описание печати Ахмеда Ясеви. Известия общества археологии истории и этнографии при Имп. Казанском университете. – Казань, 1896. Т.ХIII. – С.530-537.
  3. Жувонмардиев А. Нодир саҳифалар. – Тошкент, 1977. – Б. 32-36.
  4. Зиёдов Ш.Ю. ХV-ХХ аср бошларида Марказий Осиёда кутубхоначилик тарихи (қўлёзма манбалар ва улардаги муҳрлар таҳлили асосида). Тар.ф.д., – Тошкент, 2022. – 272 б.
  5. Зиёдов Ш. Материалы по среднеазиатской сфрагистике (Ташкент. ХIХ-начало ХХ вв.). Монография. – Самарканд: МИЦАИ, 2020. – 160 с.
  6. Иршоднома. Қўлёзма. Самарқандлик С.Қаюмова хонадонида сақланади.
  7. Иршоднома. Қўлёзма. Тойлоқлик Шерозхон Ҳаётхон ўғли хонадонида сақланади.
  8. Иршоднома (Ғойибназар махзум ибн Муҳаммад Собир махзум). Қўлёзма. 1299/1880. Муаллиф шахсий кутубхонасида.
  9. Иршоднома. Қўлёзма. Қўлёзма, форс тилида. 1315/1896. Муаллиф шахсий кутубхонасида.
  10. Иванов А.А. Мусульманская сфрагистика: состояние и перспективы изучения // Восточное историческое источниковедение и специальные исторические дисциплины. Выпуск 1. Наука 1/2. – М.: 1989. – С.236-246.
  11. Имом Бухорий халқаро маркази Манбалар хазинаси Қўлёзмалар каталоги. Лойиҳа раҳбари Ш.Зиёдов. – Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2018. – Б.686.
  12. Курбанов Г. Материалы по среднеазиатской сфрагистике. Бухара. ХIХ — начало ХХ вв. – Т., 2006.
  13. Muminov A., Ziyodov Sh. Lʼhorizon intellectuel dʼun erudit du XVe siècle: nouvelles decouvertes sur la bibliothèque de Muhammad Parsa // Cahiyers dʼAsiye centrale, vol. 7 (1999). – R.77-98.
  14. Roberto Tottoli, Maria Luisa Russo et Michele Bernardini. Catalogue of the Islamic Manuscripts from the Kahle collection in the department of oriyental studiyes of the university of Turin istituto per lʼOriyente C.A. Nallino & UMR7528 Mondes iraniyen et indiyen. – Rome, 2011. – 549 p. (Seriyes Catalogorum IV-dir. M. Szuppe).
  15. Сайид Шодмон хожа Нақшбандий шажараси. Қўлёзма. М.Убайдуллаев хонадонида сақланади.
  16. Силсилаи Нақшбандия. Қўлёзма. Бухоро музей-қўриқхонаси фонди, инв: № 13101/II. 1-варақ.
  17. Силсилаи Нақшбандия. Қўлёзма. Бухоро музей-қўриқхонаси фонди, инв: № 11475/II. 1-варақ.
  18. Халидов А.Б. Рукописи из библиотеки Мухаммада Парса // Петербургское востоковедение, выпуск 6. – Санкт-Петербург, 1994. – С.506-519.
Мехрожиддин АМОНОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), катта илмий ходим

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …