Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Маънавиятни англашга оид янги китоб тақдимоти

Маънавиятни англашга оид янги китоб тақдимоти

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари ҳамда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари ҳаммуаллифлигида нашр этилган “Синергетика-3: маънавий мерос” номли китоб тақдимоти ўтказилди. Унда Марказ илмий ходимлари, мамлакатимиздаги бир қатор олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, файласуф олимлар ва тадқиқотчилар иштирок этди.

Тадбирда маърузачилар “Синергетика” туркумидаги нашрларнинг узвий давоми сифатида чоп этилган ушбу китобда замонавий илмий методология бўлган синергетиканинг асосий тамойиллари, миллий маънавий меросни ўрганишдаги устувор жиҳатлари ва истиқболлари каби масалаларга тўхталди. Тафаккур соҳиблари бўлган улуғ аллома ва мутафаккирларимизнинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган ҳиссасини объектив тарзда очиб беришда синергетик методологиянинг имкониятлари алоҳида эътироф этилди.

Китобда маънавий меросни синергетик методология сифатида ўрганиш тадқиқотчиларга унинг янги қирраларини очиш имкониятини бериши баён қилинган. Маънавий мероснинг моҳияти ва уни тадқиқ этишдаги илмий ёндашувлар, моддий ва маънавий мероснинг ўзаро алоқадорлиги, синергетик тамойиллар, замонавий технологияда маънавий омиллар каби муҳим масалалар ҳам китобдан ўрин олган.

Мазкур жамоавий монография синергетик методология имкониятлари ва маънавий мерос феномени хусусиятлари билан танишиш истагида бўлган илм аҳли ва замонавий фалсафа фани муаммоларига қизиқувчи китобхонлар учун мўлжалланган.

Тадбирда миллий маънавий қадриятларнинг бунёдкорлик салоҳиятини теранроқ англашда синергетика қонуниятлари муҳим методологик аҳамиятга эга экани қайд этилди. Мазкур китоб синергетика методологиясининг умумфалсафий мазмунини асослашга ҳамда унинг маънавий меросни тадқиқ этишдаги амалий моҳиятини очиб беришга хизмат қилиши таъкидланди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …