Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МУҚАДДАС ҚАДАМЖОЛАР БОЙ ТАРИХИМИЗ ВА УМРБОҚИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗДАН СЎЗЛАЙДИ

МУҚАДДАС ҚАДАМЖОЛАР БОЙ ТАРИХИМИЗ ВА УМРБОҚИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗДАН СЎЗЛАЙДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Қозоғистондаги Фалсафа, сиёсатшунослик ва диншунослик институти ҳузуридаги Диншунослик маркази директори Алмасбек Шағирбай ва илмий ходими Нурмуҳаммед Мейманхўжа ташриф буюрди.

Меҳмонлар Марказ музейида бўлиб, Имом Бухорий ҳаёти ва илмий меросига оид экспонат ҳамда қўлёзма манбалар нусхалари билан яқиндан танишди.

Ташриф давомида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Қозоғистондаги Фалсафа, сиёсатшунослик ва диншунослик институти ўртасида ҳамкорликка оид Англашув меморандумини имзолаш маросими ўтказилди. Унда сўзга чиққанлар ўзаро ҳамкорлик истиқболлари, қатор йўналишларда амалга оширилиши назарда тутилган қўшма лойиҳалар самарадорлигини таъминлаш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдириб, мазкур ҳуқуқий ҳужжат муштарак мақсадларга эришишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шундан сўнг, меҳмонлар иштирокида “Марказий Осиёда яссавийлик таълимоти (Шайх Иқоний ҳаёти ва фаолияти мисолида)” мавзуида халқаро илмий давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда Марказ раҳбарияти ва илмий жамоаси ҳамда Самарқанд вилояти Жомбой тумани ҳокими Қаюм Собиров иштирок этди.

Ҳоким Янги Ўзбекистонда янгича ғоя ва қарашлар асосида ҳар соҳада олиб борилаётган туб ислоҳотлар замирида юксак маънавият мужассам экани, халқимизнинг асрий анъаналари ва миллий маданияти аллома аждодларимиз қолдирган бой илмий мерос асосида шакллангани, юртимиз, хусусан, Самарқанддаги муқаддас қадамжоларнинг қадим тарихимиз ва ўлмас қадриятларимиздан сўзловчи ёдгорликлар сифатидаги беқиёс қадр-қиммати ҳақида гапирди. Шунингдек, ҳудуддаги зиёратгоҳларнинг ноёблиги, тарихий нодир қийматини илмий асослашга Марказ ходимлари ҳам муносиб ҳисса қўшаётганини эътироф этиб, фикрининг далили сифатида тумандаги Шайх Камолиддин Иқоний Алиободий мақбараси тарихини тадқиқ қилишда жамоанинг меҳнатини алоҳида тилга олди ва миннатдорлик билдирди.

Марказ директори Шовосил Зиёдов мутафаккирлар ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш ва келгуси авлодга етказиш давлат эътиборидаги муҳим масалалар сирасига киритилгани бу борада олиб борилаётган фаолият самарадорлигини таъминлаб, давлат ва жамоат ташкилотлари, шунингдек, илмий муассасаларнинг узвий ҳамкорлигини янада жадаллаштираётганини таъкидлади.

Алмасбек Шағирбай тарихан якдил ва ҳамфикр бўлган туркий халқларнинг маданияти, санъати ва илмий фаолияти бир-бирига ҳамоҳанг ва муштарак эканини қайд этиб, улар асос солган давлатларда ривож топган маданият ва тамаддун ютуқлари жаҳон цивилизация тараққиётида алоҳида ўрин тутишини тилга олди. Ўз даврида Марказий Осиёда кенг тарқалган Яссавия таълимоти ҳам шулар жумласидандир.

Суҳбатда сўз олганлар Яссавия тариқатининг ёрқин намояндаларидан бири Шайх Иқоний сийратига чизгилар бериб, маънавий меросининг эътиборга молик жиҳатларига тўхталди.

Тадбир доирасида Марказ илмий ходими Меҳрожиддин Амоновнинг “Марказий Осиёда Нақшбандия-Мужаддидия тариқати” мавзуидаги монографияси ҳамда “Иқоний” номли китоби тақдимоти ўтказилди. Муаллиф илмий ишларининг қисқача тавсифини келтириб, уларга киритилган маълумотлар ҳақида тушунча берди. Иштирокчилар ушбу рисолаларни юксак илмий муваффақият сифатида баҳолаб, муаллифни мазкур ютуқ билан қизғин табриклади.

Тадбирларнинг амалий қисми Жомбой туманидаги Шайх Камолиддин Иқоний Алиободий зиёратгоҳида давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Янги лойиҳа бошланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) …