Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказ тажрибаси – Истанбул симпозиумида

Марказ тажрибаси – Истанбул симпозиумида

Туркия Қўлёзма асарлар бош бошқармаси ташаббуси билан Истанбул шаҳрида “I Халқаро қўлёзмалар симпозиуми” бўлиб ўтди. Қўлёзмаларни сақлаш, реставрация қилиш, илмий муомалага киритиш, рақамлаштириш ва улардан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган анжуманда йигирмадан зиёд давлатдан юзга яқин етук қўлёзмашунос олимлар, тарихчилар ва соҳанинг етакчи мутахассислари билан бирга, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Йўлдошхон Исаев ҳам қатнашди.

Симпозиумда Марказ вакили Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг қўлёзмалар фонди, бу ерда нодир ёзма манбаларни асраб-авайлаш учун яратилган замонавий шарт-шароит, илмий тадқиқот ва таржима ишлари ҳамда ушбу хазинани кенг жамоатчиликка етказиш механизмлари ҳақида атрофлича маълумот берди.

Шунингдек, Марказ қўлёзмаларидан хорижлик тадқиқотчилар қандай тартибда фойдаланиши мумкинлиги, халқаро илмий алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, қўшма лойиҳалар ва илмий алмашув масалалари ҳам ёритилди.

Бу маълумотлар иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди ва амалий мулоқотлар учун янги имкониятлар очди.

Симпозиум доирасида қатнашчилар Туркиянинг Румий, Сулаймония ва Боязид кутубхоналарида бўлиб, қўлёзмаларни сақлаш ва тиклаш амалиёти билан яқиндан танишди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Халқ дипломатияси ва глобал ҳамжиҳатлик

Ўтган ҳафта Тошкентда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази, Барқарор ривожланиш маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси …