Бир синфдошимизнинг тоғаси ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Туркияда таълим олиб келган. Жўрамизникига борган пайтлар у ҳам йўқлаб келиб қолган бўлса, биргалашиб гапга тутамиз.
Бир гал Туркияда жамоат транспортидан фойдаланиш тартиби ўша вақтлари қандай бўлгани ҳақида сўзлаб берди:
– Энди қизиқ-да. Чипта бекатларда сотилади. Уни сотиб олиб, автобусга фақат олди эшикдан кирилади. Ҳайдовчи билан эшик орасидаги кичкина жойга белдан баландроқ қилиб қутича ўрнатилган бўлади. Чиптани унинг оғзига олиб борсанг, “ғир” этиб, ичига тортиб кетади. Шу билан йўл ҳақи тўланди, деган гап. Камдан-кам ҳолларда баъзилар ўрта ё орқа эшикдан кириб қоларди – ҳаёт-да бу, ҳар хил сабаб бор. Лекин бошқа йўловчилар унга ёмон қарамасди, ҳолини тушунарди. Кечиккан одам эса, шартта чўнтагидан чипта чиқариб, “шуни шундай илтимос қилсам майлими!” деб узатиб юборарди. Каранглар-а, “узатиш”феълини нафақат буйруқ оҳангида (узатворинг), балки умуман ишлатмасди. Шу билан вассалом.
Лекин бир куни қизиқ бўлди. Кечикиб ўрта эшикдан кирган одамнинг чиптаси қолмаган экан. Бир хижолат бўлади-бир хижолат бўлади, бечора. “Тушиб, чипта олиб, кейингисига минай, десам, шифохонага шошиляпман”, деб ғудранади. Ҳайдовчи унинг қаерда тушишини бирдан англаб етди. “Шоҳбекат бўларкан, у ерда чипта сотилмайди, фақат диспетчерлар ўтиради, сизни йўлнинг бу томонида тушираман, ўша ерда билетчилардан оларсиз, нарёққа бориб, ортга бурилиб келгунимча, бу томонга ўтасиз-да, чиптани берасиз”, деди. Йўловчи маломатдан қутулганига хурсанд, ҳайдовчига ташаккурини айтди.
Биз ҳам қизиқиб, охирги – шоҳбекатгача бордик. “Разворот”дан қайтар эканмиз, ҳалиги одам тушиб, чипта сотиб олиб, йўлнинг бу томонига ўтиб, автобусни кутиб турганини кўрдик-да-ей! Тўрт томонинг қибла эди, кетавермайсанми! Йўқ, кириб, чиптани ғириллаттириб, кейин кетди.
* * *
Унинг эсимизда қолган иккинчи ёдномаси инсоф ҳақида бўлди:
– Истанбул денгиз бўйидаги шаҳар эмасми, ёмғир бир ёғмасин-да. Шамсиянинг (зонтик) умуман фойдаси қолмайди – фақат тепангдан эмас, тўрт томонингдан уради.
Шундай “чангитиб” ёғаётган кунларнинг бирида кечқурун ётоқхонадан чиқиб, университетга бориш керак бўлиб қолди. Чиптамиз йўқ. Бекат бўм-бўш – одамлар бу ёмғирда шалаббо бўлиб юргандан кечикишни афзал кўргандек. Транспорт идорасининг кассаси ҳамма бекатда ҳам бўлавермасди. Олибсотар чиптачилар эса ҳар бир бекатда битта курси, битта соябон билан танилиб қолган ўз силуэтига эга бўлиб, издиҳомда уларни узоқдан ажратиб олиш қийин эмасди. Улар арзимаган устама ҳисобига одамларнинг ҳожатини раво қилиб кун кечирган-да. Лекин бу ҳавода ўша чиптачи ҳам кўринмади. Шу пайт бекат узра савлат тўкиб турган пиёдалар кўпригининг энг чекка устуни тагида бир шарпа сезилиб қолди. Олдига бордик, “ҳозир устига бирга-бир қўйиб сотади!” деган қатъий ишонч дилимизни ғаш қилар, лекин иложимиз йўқ эди. лекин-чи, йўқ! Сўрасак, ўша-ўша нарх – одатдаги ҳамма кўниккан устама.
Ҳозирлари ишдан кечроқ қайтадиган бўлсам, Чилонзор метросидан нон олишга тўғри келиб қолса, ўша пайти атиги битта сотувчи қолган бўлса ва “олмасанг – катта кўча” деб, икки бараварига берса, доим ўша чиптачини эслайман-да, шу десаларинг.
* * *
Бир хона ўзимизда содир бўлган бошқа воқеани айтиб қолди:
– Шу десаларинг, “Фарҳод”да бозор қилиб юрибман, картошкачи билан ҳай савдолашдим-ҳай савдолашдим, қани энди бир тийин тушса. “Етти ярим”, дейди. “Нақд ўн кило оламан, еттидан беринг” дейман, унамайди. Картошкаси яхши эди. Начора, айтган нархига ўн кило торттириб, юз минг бердим. (Тиззасини шапатилайди) ўттиз беш қайтаряпти-да! Ўнини дарров ўзига бердим. “Беш юз сўмга тихирлик қиласиз-да, “ўксимасин” деб, ўн минг ортиқча қайтим берасизми!” дедим иршайиб. Тўғри-да, ўн мингдан индамай кўз юмяпти-ю беш юз сўмга тортишганингизга ўласанми! Айбдорона ерга қарайди, кўзини олиб қочиб, уятчан табассум қилади. Етмишга ўттиз – юз бўлади-да, унинг ҳисобида, майдалашиб ўтирадими!
* * *
Имом Бухорий номидаги муассасада ишлайдиган одам у зотнинг ривоятларидан битта бўлса ҳам келтирмай туриб, мавзуга якун ясай олмайди. Камина истисно эмас.
Ҳазрати Умарнинг икки шами* ҳақидаги ривоятни кўпчилик билгани учун Имом Бухорийнинг “Тарихул кабир”** номли қомусий асарида келтирилган бошқа бир ҳодисани баён этсак. Бу ноёб ривоят машҳур ҳадис тўпламларида учрамайди.
Шундай қилиб, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бозорга тушган кунларнинг бирида иттифоқо бир киши келиб, бошидаги куфийя***ни юлиб олиб қочади. Шунда ҳазрати Умар унинг ортидан бундай деб қолади: “Ҳой, шошма, куфийяни сенга ҳадя қилдим, “қабул қилдим” деб айт!”
Қалби шу қадар покизаки, ҳалиги ўғрининг охиратдаги ҳолатига ачиняпти. Номаи аъмолига “ўғрилик” деб ёзилмасин учун ўз куфийясини ҳадя қилиб юборяпти.
Ҳа, шундай – чин ҳалол инсон инсофли ҳам бўлади, ўзгаларга ҳам ҳалоллик тилайди.
* Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифа бўлган кезлари қоронғу тушганда ҳузурига одам келса, унинг важига қараб икки хил шам ишлатган. Ўзини йўқлаб келган бўлса, ўз ҳисобидан олган шамни, давлат иши билан кирган бўлса, халифаликка тегишлисини ёқаркан.
** Асарнинг ўзбек тилидаги таржимаси тайёр, лекин ҳали нашрдан чиққани йўқ, шунинг учун ҳавола берилмаяпи.
*** كوفية – араб ўлкаларида эркаклар бошига ташлаб юрадиган рўмолсифат мато. Уни ушлаб турадиган ҳалқа иқол (عقال) дейилади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz