Home / МАҚОЛАЛАР / БАНДАЛАРНИНГ ФЕЪЛЛАРИ (Абул Баракот Насафийнинг “Ал-Эътимод фил эътиқод” асари асосида)

БАНДАЛАРНИНГ ФЕЪЛЛАРИ (Абул Баракот Насафийнинг “Ал-Эътимод фил эътиқод” асари асосида)

Аҳли сунна уламолари айтади: “Бандаларнинг феъллари (иш-ҳаракатлари) ҳақиқатан Аллоҳ таоло яратган нарсалардир. Саҳоба ва тобеинлар ҳам шу фикрда бўлган”.

Бандаларнинг иш-ҳаракатлари Аллоҳнинг яратгани ва уларнинг касбидир. Яъни, банданинг иш-ҳаракатини Аллоҳ таоло яратади. Банда ишни қилади, аммо у ишни яратиш Аллоҳдан бўлади. Иш-ҳаракат бандага нисбат берилса, “қилди” дейилади. Аллоҳ таолога нисбат берилса, “яратди” дейилади. Яъни, уриниш бандадан бўлади, яратиб, вужудга чиқариш Аллоҳдан бўлади. Аллоҳ халқ қилмаса, банда ҳар қанча уринмасин, бирор натижа чиқмайди[1].

Жабарийлар ва уларнинг бошлиғи Жаҳм ибн Сафвон: “Бандада бирор иш-ҳаракат ҳам, ихтиёр ҳам, қудрат ҳам йўқ. Булар титраётгандаги ва томир ургандаги каби мажбурий ҳаракатлар саналади. Иш-ҳаракат бандаларга мажозан нисбат берилади. У бажарувчига (инсоннинг ўзига) эмас, балки тана аъзоларга нисбат бериш лозим бўлган нарсалар қабилидандир”, деган. Уларнинг наздида “Зайд келди. Амр кетди”, деган гаплар “Бола ўсди. Соч оқарди”, деган билан баробардир.

Жабарийлар ўзларининг ушбу сўзлари билан иш-ҳаракатларни аъзоларга Аллоҳ таоло мажбуран қилдиради, демоқчи. Бу эса мутлақо хато фикрдир. Чунки, ҳар бир бандага жузъий ихтиёр (танлаш ҳуқуқи) берилган. У ана шу ихтиёр билан ўз иш-ҳаракатларини белгилайди. Аллоҳ таоло эса унинг аъзоларида танланган иш-ҳаракатлар учун қудрат яратади ва банда ўша қудрат билан уларни амалга оширади. Агар бандалар мажбурланган бўлганида, гуноҳлар учун уларни азоблаш зулм бўлар эди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Мен бандаларга зулм қилувчи эмасман”[2], дейди. Қолаверса, бандаларда ихтиёр бўлмаганда, Қуръон нозил қилиб, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш беҳуда иш бўларди. Демак, кимки Аллоҳнинг амрига итоат этса, ўз ихтиёри билан итоат этгани учун савоб олади. Аммо итоатсизлик қилса, бу ишни ҳам ўз ихтиёри билан қилгани учун жазога лойиқ бўлади.

Жабарийлар банданинг ихтиёрий хатти-ҳаракатларини ундаги ғайриихтиёрий ишлар билан ҳам тенглаштирган. Ҳолбуки, Зайднинг келиши ва Амрнинг кетиши уларнинг ўзига боғлиқ ишдир. Аммо боланинг ўсиши ва сочнинг оқариши инсоннинг ўзига боғлиқ эмас. Шунинг учун инсон ғайриихтиёрий ишлари учун жавобгар бўлмайди.

Мўътазилийлар: “Бандалар ўз иш-ҳаракатларини ўзлари пайдо қилувчидир”, деган. Улар Жуббоий чиққунга қадар бандани яратувчи деб номлашга журъат қилмаган. Жуббоий эса пайдо қилиш ва яратиш ўртасида фарқ йўқ, деб ҳисоблаб, бандаларни ўз иш-ҳаракатларини яратувчиси деб атаган.

Бу тоифанинг ҳам эътиқоди ботилдир. Чунки яратиш фақатгина Аллоҳ таолога хос экани Қуръони каримда очиқ баён қилинган. Қуйида ана шу мазмундаги оятлардан баъзиларини далил сифатида келтириб ўтамиз:

  1. ﴿اللَّهُ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ “Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир”[3]. Банданинг иш-ҳаракати ҳам бир нарсадир. Бу оят умумий бўлиб, у барча нарсани қамраб олади. Ҳатто бандаларнинг иш-ҳаракатларини ҳам.
  2. ﴿وَاللَّهُ خَلَقَكُمْ وَمَا تَعْمَلُونَ “Ҳолбуки, Аллоҳ сизларни ҳам, қилган ишларингизни ҳам яратган”[4]. Оятда Аллоҳ таоло инсонни ҳам, унинг ишларини ҳам яратгани яққол кўриниб турибди.
  3. ﴿أَفَمَنْ يَخْلُقُ كَمَنْ لَا يَخْلُقُ أَفَلَا تَذَكَّرُونَ “Яратадиган Зот яратмайдиган зот каби бўлурми? Ўйлаб кўрмайсизларми?!”[5]. Оятда Аллоҳ таоло Ўзини яратувчилик сифати билан мақтамоқда. Агар яратиш борасида У Зотга бошқаси шерик бўлганда, Ўзини мақташи бефойда бўларди. Чунки мақтаниш У Зотга бошқа ҳеч ким шерик бўлолмайдиган ишлар билан ҳосил бўлади.
  4. ﴿أَلَا يَعْلَمُ مَنْ خَلَقَ وَهُوَ اللَّطِيفُ الْخَبِيرُ “Яратган Зот билмайдими?! Ҳолбуки, У ўта нозик нарсаларни билувчи ва хабардордир”[6]. Оятда яратиш қудратининг шартларидан бири – холиқ махлуқни у ҳосил бўлишидан аввал билиши зарурлиги баён қилиняпти. Яъни, Аллоҳ таоло ҳар бир инсоннинг келажакда қиладиган иш-ҳаракатларини олдиндан билади. Банда эса келажакда қандай иш-ҳаракатларни амалга оширишидан бехабар бўлади. Шунинг учун иш-ҳаракатларни яратишни бандага нисбат бериш катта хатодир.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бандалар яратувчи эмас, балки Аллоҳ таоло яратган иш-ҳаракатларни амалга оширувчи ҳисобланади. Чунки яратиш фақатгина Аллоҳ таолога хосдир. Қуръони каримда бу маъно қуйидагича баён қилинган: ﴿أَلَا لَهُ الْخَلْقُ وَالْأَمْرُ “Огоҳ бўлингки, яратиш ва амру тадбир Унинг Ўзига хосдир”[7].

[1] Муҳаммад Анвар Бадахшоний. “Ақийдатут таҳовия” шарҳининг талхийси. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф таржимаси. –Т:. “HILOL-NASHR”, 2019. – Б.323-324.
[2] Қоф сураси, 29-оят.
[3] Раъд сураси, 16-оят.
[4] Соффат сураси, 96-оят.
[5] Наҳл сураси, 17-оят.
[6] Мулк сураси, 14-оят.
[7] Аъроф сураси, 54-оят.
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …