Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Самарқанд вилоятида тарғибот тадбирлари бошланди

Самарқанд вилоятида тарғибот тадбирлари бошланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари жойларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш мақсадида “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида Самарқанд вилояти бўйлаб маънавий-маърифий тадбирларни бошлади.

Марказ илмий ходимларидан иборат тарғибот гуруҳлари куннинг биринчи ярмида Оқдарё туманида бўлиб, “Янгиқўрғон”, “Даҳбет”, “Бозоржой”, “Галаравот”, “Лойиш”, “Оқдарё”, “Янгиҳаёт” МФЙларида учрашувлар ўтказди.

Маҳалла фаоллари, нуронийлар ва уюшмаган ёшлар иштирокида ўтган тадбирларда миллий қадрият ва урф-одатларимизга ҳурмат, Ватанга садоқат, юрт тинчлиги, мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, диний бағрикенглик ва ёшлар турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишга оид масалалар ҳамда шукроналик туйғулари ҳақида фикр юритилди.

Куннинг иккинчи ярмида тарғибот гуруҳлари Пайариқ туманида иш олиб борди. “Алишер Навоий”, “Фаровон”, “Мустақиллик”, “Истиқлол”, “Жавшар ота”, “Маниобод”, “Янгиҳаёт” МФЙларида ўтказилган тадбирларда тинчлик ва осойишталикни қадрлаш ва асраш, омонлик ва фаровонлик учун миннатдор бўлиб яшаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзандлар тарбиясига жиддий эътибор қаратиш, улар онги ва қалбида мафкуравий ва маънавий иммунитетни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Вилоят бўйлаб тадбирлар давом этмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Семинар мунозаралар майдонига айланди

Бугун, 2 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат …