Home / МАҚОЛАЛАР / ДИНДА ЧУҚУР КЕТИШНИНГ ЖАМИЯТ ХАВФСИЗЛИГИ ВА БАРҚАРОРЛИГИГА САЛБИЙ ТАЪСИРИ (3-қисм)

ДИНДА ЧУҚУР КЕТИШНИНГ ЖАМИЯТ ХАВФСИЗЛИГИ ВА БАРҚАРОРЛИГИГА САЛБИЙ ТАЪСИРИ (3-қисм)

Ғулувнинг луғавий ва истилоҳий маънолари

Ғулув (الغُلو) сўзи луғавий жиҳатдан: чегарадан ошиб ўтиш, бирор бир ишда ҳаддан ошмоқ маъносини англатади. Қозондаги сув иссиқнинг шиддатидан қайнаб тошса ҳам “غَلَا القِدرُ” деб айтилади. Матонинг нархи одатий нархидан ошса ҳам “غَلا السعر” – мато қиммат бўлди, дейилади[1].

Истилоҳий маъноси:

Бирор нарсада ҳаддан ошиб кетмоқ ёки бирор нарсани ҳаддан ошириб бажармоқ. Мақташда ёки мазаммат қилишда лойиқ бўлганидан ошириб юбориш. Масалан: “وغَلا في الدين”, динда чуқур кетди, ҳаддидан ошди”[2]. “Ғулув” деб амалларни бажаришда қаттиққўл ва муросасиз бўлиш, динда амалларни бажаришда муболаға қилишга айтилади.

✔   Динда ғулув кетиш – динда чуқур кетиш, диний арконлар ва ибодатларни бажаришда ҳаддидан ошиш, тўғри йўл деб нотўғри йўлга бурилиш маъноларини англатади.

 ✔  Динда ғулув кетиш – Ислом белгилаб берган, амал қилишга даъват этган ва ундан оғишдан қайтарган меъёр чегарасидан четга чиқишдир[3].

Ғулув билан ибодатларни мукаммал бажаришдаги талабчанлик ўртасидаги фарқ

Эҳтимол, баъзи одамлар динда чуқур кетишни қоралаш ибодатларда дангасаликни қувватлашнинг бир йўли деб чалкаштиришлари мумкин.

Ўртадаги бу чалкашликни кўтариш учун бизга Ибн Мунирнинг қуйидаги сўзи кифоя қилади: “Биз ҳам, биздан олдинги одамлар ҳам динга зид бўлган амалларни қилган ҳар бир кишининг номи ҳам, амали ҳам йўқ бўлиб кетганини кўрдик.

Мақсад, ибодатларни мукаммал бажаришга тўсқинлик қилиш эмас, чунки у мақтовга сазовор ишлардандир. Аксинча, амалларни бажарувчи мусулмон кишига ибодатлардан малол ва зерикиш олиб келадиган ёки туни билан нафл ибодатларни бажаришга муккасидан кетиб, ибодатларнинг энг яхшисини ёки фарз ибодатларни тарк этишга олиб келадиган йўлдан қайтаришдир. Ўз ихтиёри билан чуқур кетишдан масалан, тун бўйи намоз ўқиб, бомдод намозини жамоат билан адо этишдан ухлаб қоладиган кишининг иши каби амаллардан ман этишдир”[4].

Динда чуқур кетишнинг турлари

Қуръони карим ва суннати мутоҳҳарода келган далиллар ғулувни уч турли бўлишига далолат қилади.

  1. Динда ҳам ақидавий, ҳам амалий чуқур кетиш. Бу тур остидаги ҳаддан ошишнинг шакллари жуда хилма-хилдир.
  2. Қуръони каримда, яъни унинг тафсирида чуқур кетиш ёки ундаги оятларни таъвил қилишда ўзи бўлиб турган ғулув жиҳатларини қувватлаш учун маънони буриш ёки уни қироат қилишда ҳаддан ташқари ошириб юбориш ёки шулардан бошқа жиҳатларда чуқур кетиб ҳаддидан ошиш.
  3. Илмда чуқур кетиш, жумладан сўзларни ўз маъносидан бошқа маънога ўзгартириб талқин қилиш.
(Давоми бор)
[1] Ибн Манзур – Муҳаммад ибн Мукаррам ибн Али. Лисонул араб. – Қоҳира: Дорул маориф, 2016. – Б. 3290; Ғайн غ ҳарфига қаранг.
[2] Ибн Манзур – Муҳаммад ибн Мукаррам ибн Али. Лисонул араб. – Қоҳира: Дорул маориф, 2016. – Б.3291; Имом Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул Борий. – Қоҳира: Дорул кутубис салафия, 2010. 13-жилд. – Б. 291.
[3] Саййид Муҳаммад ибн Алавий. Ал-Ғулув – асаруҳу фил ирҳоб ва ифсодил мужтамаъ. – Байрут: Дорул Ҳовий, 2019. – Б. 19.
[4] Имом Ибн Ҳажар – Али Ибн Аҳмад Асқалоний. Фатҳул Борий. – Қоҳира: Дорул кутубис салафия, 2010. 1-жилд. –Б. 118.
Нодир ҚОБИЛОВ,
 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИНИНГ «СИЛСИЛАТУЛ-ОРИФИН ВА ТАЗКИРАТУС-СИДДИҚИН» АСАРИДАГИ ТАРИХИЙ-ТАСАВВУФИЙ ҒОЯЛАР

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида дунёга машҳур алломаларимиз маънавий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз …