Home / АЛЛОМАЛАР / АЛИ ШОҲ БУХОРИЙНИ ТАНИЙСИЗМИ?!

АЛИ ШОҲ БУХОРИЙНИ ТАНИЙСИЗМИ?!

Али Шоҳ Бухорий — Элхонийлар (XIII-XIV асрларда Эрондаги мўғул ҳукмдорлари унвони бўлиб, Султон Маҳмуд Ғозон (Қозон) Хулаку Эрон ва Ироқда асос солган Хулагийлар (Элхонийлар) давлати[1]) ҳукмронлиги даврида яшаган астроном. У 1226 йил Бухорода зиёли, тужжор оилада туғилган. Тўлиқ исми— Али Шоҳ Муҳаммад ибн Қосим Бухорий. Ўзи “Алоуддин” ёки “Аълоул Мунажжимин” номлари билан машҳур бўлган. Отаси Муҳаммад Қосим Самарқандда тижорат билан шуғулланган.

Али Шоҳ Бухорий ҳаёти ва Элхонийларнинг Бухорони истило қилиши ҳақидаги қимматли маълумотлар “Ашжор ва асмор” асарида келтирилган. Олим дастлаб Бухородаги мадрасада сабоқ олган. Кейинчалик фалакиёт илмини ўрганиш мақсадида Нишопур, Ҳамадон, Бағдод шаҳарларига сафар қилган ва илм мажлисларида қатнашган. 1261 йили ўттиз олти ёшида Бухорога қайтиб келган.

1273 йили Элхоний Абғо (Абақохон) ибн Хулаку ибн Толуй ибн Чингизхон Бухорога бостириб кириб, уни вайронага айлантирган. Шунда аллома яна она шаҳрини тарк этишга мажбур бўлган. Ўн  беш йил давомида Тус, Нишопур, Бағдод шаҳарларида саргардон бўлган, лекин шу аснода олимлардан астрономия фанини ҳам ўрганган. У ватан соғинчидан маҳзун бўлиб, Бухорога ўт қўйган Абақохоннинг зулми, илм даргоҳидан қувилган олимлар қисматига атаб қасидалар ёзган. Аллома бир неча бор ҳаж сафарига бориш мақсадида йўлга чиққан, аммо вақтини кўзи қиймай, илм билан шуғулланишни афзал топиб, ниятини амалга оширмаган. Ниҳоят 1291 йили Бағдодда яшаган пайтида ҳаж қилиб, Бухорога қайтган.

Алломанинг вафот этган санаси аниқ эмас. “Ашжор ва асмор” асарини ёзган пайти у етмиш беш ёшда эканлигини айтиб ўтган.

Али Шоҳ Бухорий сермаҳсул ижод қилган олим бўлиб, фалакиёт илмидан ташқари мусиқа, шеърият билан ҳам шуғулланган. Шеърий девон тузган, лекин у бизнинг давргача етиб келмаган. Фақат астрономияга оид форс тилидаги уч асари сақланиб қолган.

Улардан бири — “Ашжор ва асмор” астрономия ва тарихга оид бўлиб, 1278 йили ёзилган. Уни вазир Шамсиддин Муҳаммад ибн Сайфиддин Аҳмад Шоҳ ибн Бадриддин Муборак Шоҳга бағишлаган. 1903 йили Лакнав шаҳрида “Самари шажараи нужум” номи билан нашр қилинган. Асарнинг қўлёзма нусхалари Сулаймония кутубхонаси Асад Афанди, Ая София, Нур Усмония фондлари ва Боязид Давлат кутубхонасида сақланмоқда. “Аҳкомул авом” асари 1291 йили ёзилган бўлиб, Сулаймония кутубхонаси Асад Афанди, Нур Усмония фондларида унинг қўлёзма нусхалари мавжуд. Шунингдек, тугатилмай қолган “Умдатул Элхония” (Зижи Шоҳий) асари бор. Уни Носируддин Тусий охирига етказиб қуйган. Асарнинг қўлёзма нусхалари Франция, АҚШ, Британия музейи кутубхоналарида сақланмоқда.

[1] https://azon.uz/content/views/ilk-musulmon-mugul-honi-kim-bulgan
Ирода ДАУРБЕКОВА, Дилдора ҲАЛИМОВА,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари.
Туркия Диёнат вақфи “Ислом энциклопедияси”даги
маълумотлар асосида тайёрланди.

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …