Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ САҲИФАСИ ОЧИЛДИ

ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ САҲИФАСИ ОЧИЛДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Малайзия Миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институти директори, профессор Фариза Бинти Шам ҳамда институт директори ўринбосари, доцент Муҳаммад Ал Адиб бин Самури ва тадқиқочи Норшариани Бинти Абдураҳмон ташриф буюрди.

Меҳмонларни Марказ директори ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Отабек Муҳаммадиев кутиб олди.

Таъкидлаш лозимки, малайзиялик бу олимларнинг юртимизга ташрифи илк маротаба эмас. 2021 йил октябр ойида Фариза Шам хоним илмий делегация таркибида Марказда бўлган ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги фикрлари билан ўртоқлашган эди. Муҳаммад ал-Адиб бин Самури эса Марказ томонидан таъсис этилган Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастурининг илк ғолиблигини қўлга киритган ва икки ой давомида Марказда илмий амалиёт ўтаган.

Бундан аввал, 2021 йил август ойида Марказ билан институт ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланганди. Шундан сўнг Марказ ва Малайзиянинг мазкур йирик илм даргоҳи кўплаб йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширди. Ҳамкорликда халқаро илмий-амалий веб-форум, онлайн семинарлар, илмий анжуманлар ўтказилиб, Марказнинг янги нашрлари институт веб-сайтида ёритилди. Институтнинг уч нафар илмий ходими Марказ томонидан таъсис этилган Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури совриндори бўлди.

Икки илмий муассаса раҳбарияти томонидан ҳамкорликнинг бугунги ҳолати эътироф этилиб, биргаликдаги лойиҳалар самарадорлигини ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Ташриф доирасида меҳмонлар иштирокида “Ислом цивилизациясининг мусулмон олимлари” лойиҳасининг амалий аҳамияти мавзусида халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда институт директори Фариза Шам халқаро миқёсдаги нуфузли олимларнинг тегишли мавзулардаги мақолалари жамланмаси – “Ислом цивилизациясининг мусулмон олимлари” номли тўпламни тақдимот қилди. 20 дан ортиқ мақолани ўзида жамлаган тўпламдан Марказ 4 нафар ходимининг ҳам тадқиқотлари ўрин олган. Малайзиялик ҳамкорлар жамоани мазкур йирик илмий натижа билан самимий қутлаб, мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини билдирди.

Мулоқот чоғида қизғин муҳокамалардан сўнг, яқинда чоп этилиши режалаштирилаётган иккинчи тўпламга “Мовароуннаҳр муҳаддис олимларининг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси” мавзуси танланди. Мавзуга доир тадқиқотларни ҳамкорликда олиб бориш, тўплам учун тақдим этилган мақолаларни биргаликда таҳрир қилиш ва кенг жамоатчиликка етказишга келишиб олинди.

Давра суҳбатида нафақат тадқиқотлар борасида, балки илмий салоҳиятни ошириш бўйича ҳам ўзаро тажриба алмашувига қаратилган тренинглар уюштириш, икки даргоҳ кутубхоналари фондларидан биргаликда фойдаланиш, илмий ходимлар мақолаларини ўз нашрларида чоп қилиш, биргаликда туркум сирасидаги онлайн семинарлар ўтказишга оид билдирилган таклифлар тўлиқ қўллаб-қувватланиб, уларни амалиётга жорий этиш билан боғлиқ барча ташкилий жиҳатлар кўриб чиқилди.

Иштирокчилар томонидан икки халқнинг бир-бирига яқин қадриятлари янада юксак натижаларга эришиш учун мустаҳкам замин ҳозирлаши алоҳида таъкидланди.

Тадбир эркин, самимий ва дўстона руҳда ўтди. Унинг якунида малайзиялик илм аҳли вакиллари тўпламни Марказ кутубхонасига туҳфа қилди. Ўз навбатида меҳмонларга ҳам Марказнинг эсдалик совғалари улашилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

“Маърифат карвони” йўлга чиқди

Хабар берилганидек, жорий йилнинг 2-15 декабрь кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Республика Маънавият ва маърифат …