Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗ ХАЛҚАРО СТИПЕНДИЯНИНГ ИЛК СОВРИНДОРИНИ ҚАРШИ ОЛДИ

МАРКАЗ ХАЛҚАРО СТИПЕНДИЯНИНГ ИЛК СОВРИНДОРИНИ ҚАРШИ ОЛДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан таъсис этилган Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастурининг илк ғолиби – Малайзия миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институти доценти Моҳд Ал Адиб Самури марказга келди. 

Стипендиат директор Шовосил Зиёдов томонидан кутиб олиниб, Марказ ва унинг фаолияти, музей ҳамда ундаги тарихий экспонатлар, кутубхона, илмий жамоа иши, шунингдек олиб борилаётган илмий тадқиқот жараёнлари билан яқиндан таништирилди.

Хорижлик тадқиқотчи Марказ томонидан стипендия совриндорлари учун икки ойга мўлжаллаб ишлаб чиқилган тадқиқотлар жадвалига асосан ўзининг “Исломни қабул қилиш: Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ Ас-Саҳиҳ”ида исломий-ҳуқуқий мезонлар” мавзусидаги илмий иши устида Марказда изланишлар олиб боришни режалаштирган. Стипендия таъсис этилиши муносабати билан йўлга қўйилган Марказда илмий стажировка ўташ дастури унга ушбу имкониятни тақдим этди. Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан алломалар ҳаёти ва илмий меросига оид тадқиқотлар олиб бораётган нуфузли хорижий илмий муассасалар изланувчилари учун эълон қилинган мазкур дастур жорий йилнинг апрель ойидан эътиборан кучга кирди.

Халқаро стипендия 2021 йилда жорий қилиниб, унинг Илмий кенгаш томонидан тасдиқланган Низомига мувофиқ, Марказнинг www.bukhari.uz сайтида хорижий тадқиқотчи ва изланувчилар учун танлов матнлари эълон қилинган эди.

Айни пайтда Ҳайъат аъзолари томонидан танловда иштирок этиш истагини билдирган кўп сонли номзодлар орасидан стипендиатларни саралаш ишларининг барча босқичлари ниҳоясига етказилган ва дунёнинг турли давлатларидан халқаро стипендия танловидан муваффақиятли ўтган жами 7 нафар совриндор аниқланган.

Жорий йилнинг якунига қадар совриндорларнинг барчаси Марказда илмий стажировка ўташи кўзда тутилган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тасаввуф – йирик ижтимоий воқелик сифатида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …