Home / Имом Бухорий ҳадислари / ЗАИФ ВА МИСКИНЛАР МАРТАБАСИ

ЗАИФ ВА МИСКИНЛАР МАРТАБАСИ

Ҳар бир инсон ўз ҳаёти давомида заиф ва кучли, соғлом ва бемор, бой ва камбағал, ёшлик ва кексалик сингари ҳолатларни бошдан ўтказади. Аммо инсон буларнинг бирортасида доимий эмас. Бу Аллоҳ таолонинг олий ҳикмати бўлиб, ҳаётда ҳар бир ҳолат ўз зидди билан акс этади. Мусулмон киши ана шу илоҳий мувозанатни сақлаган ҳолда умр кечириши мақсадга мувофиқдир. Шундай экан, Ислом дини инсонга неъмат берилса, шукр қилишга, заифлик етганда сабрли бўлишга ундайди. Мусулмон киши бу воқеликни яхши англай билиши керак. Яъни кучли заифга кибр қилмаслиги, соғлом беморнинг кўнглини оғритмаслиги, бой камбағалга мағрурланмаслиги, ёшлар кексаларни  ҳурмат қилиши лозим. Ҳамма вақт камтарлик савоб олиш ва гўзал инсоний фазилатларни эгаллашга сабаб бўлади. Ҳатто камтар инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам синовга дучор бўлган кишининг ўрнига ўзини қўйиб кўра олади.

Аллоҳ таоло айтади: “Сиз ўзингизни эрта-ю кеч Парвардигорларининг “юзи”ни истаб, У зотга дуо-илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб (ўзга аҳли дунёларга боқмасин)!”[1].

Оятда ўзи камбағал, заиф бўлса-да, яхшилик йўлида юрадиган  инсонлар билан бирга бўлишни, мол-дунё зийнатларига берилиб, Аллоҳни эсдан чиқарган кимсалардан йироқда бўлиш назарда тутилмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ночор-заиф инсонларга жаннатни башорат бериб, улар Аллоҳга яқин зотлар эканини таъкидлаганлар. Шунингдек, жаннат заиф инсонларнинг ўрни бўлса, дўзах эса қўпол ва кибрли одамларнинг ўрни эканлиги ҳақида хабар берганлар.

Ҳориса ибн Ваҳб Хузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Сизларга аҳли жаннат кимлар эканлигини айтайми? Улар ҳар бир заиф ва одамлар назарига илмайдиган бечораҳол кишилардир. Агар бу заиф киши Аллоҳни ўртага қўйиб қасам ичса, қасамининг устидан чиқади. Огоҳ бўлинглар! Сизларга аҳли дўзах кимлар эканини айтайми? Улар қўпол, дағал, гердайиб юрувчи мутакаббирлардир” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, жамиятдаги шукр қилувчи заиф ва бечораҳол киши баъзи ношукр инсонлар наздида қадри баланд бўлмаган шахс сифатида кўринса-да, аммо Аллоҳнинг ҳузурида улуғ саналар экан. Шунинг учун уларга паст назар билан қараган мутакаббир шахслар охиратда қаттиқ пушаймон бўлади.  

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир киши ўтиб қолди. Ҳузурларида ҳам бир киши ўтирган эди. “У ҳақда фикринг қандай?”, дедилар. У: “Бу киши одамларнинг улуғларидан. Аллоҳга қасамки, у совчи қўйса, қиз беришга, шафоатчилик қилса, шафоати қабул бўлишига лойиқ одам”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сукут қилдилар. Кейин яна бир киши ўтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна унга: “У ҳақда фикринг қандай?”, дедилар. У: “Эй Аллоҳнинг Расули, бу киши мусулмонларнинг фақирларидан. Совчи қўйса, қиз бермасликка, шафоатчилик қилса, шафоати қабул бўлмаслигига, сўзласа, сўзига қулоқ солмасликка лойиқ”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мана шу (киши) ер юзи тўла анавинга ўхшаганлардан яхши”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Бу ўлчов худди ҳозирги кунимиздагидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бой ва камбағал инсонларга нисбатан дунёга ҳирс қўйган кишилар томонидан бериладиган баҳо эди. Демак, инсон Аллоҳдан қўрқиши ва солиҳ амали билан ибрат бўлиши керак. Мусулмон киши заифларга нисбатан кибрга сабаб бўладиган насаб, шараф ва мол-дунё билан фахрланмайди.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Жаннат билан дўзах баҳслашиб қолди.  Дўзах: “Менда  золим ва мутакаббир одамлар бор”, деди. Жаннат: “Менда заиф ва мискинлар кишилар бор”, деди. Сўнг Аллоҳ таоло икковининг ўртасида ҳукм чиқарди: “Сен жаннат, Менинг раҳматимсан, сен билан Ўзим истаганларга  раҳм-шафқат қиламан. Сен дўзах, Менинг азобимсан, сенда Ўзим истаганларни азоблайман. Қасамки, иккалангни ҳам тўлдириш Менинг зиммамдадир” (Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло ирода қилган нарсаларидан жаннат ва дўзахга тегишли иродасини ва уларнинг ҳар бири ўзлари тўлдирадиган тоифаларнинг хабарини бермоқда.  

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Жаннат эшигининг олдида турдим. Унга кирганларнинг кўпчилиги мискинлар бўлди. Мол-дунё эгалари эса ушлаб турилибди. (Улардан) дўзах аҳли бўлганлари аллақачон дўзахга кириши буюрилган эди. Дўзах эшигининг олдида ҳам турдим. Қарасам, унга кирганларнинг кўпчилиги аёллар экан” (Муттафақун алайҳ).

Бу ҳадисларнинг эътиборли жиҳати шундаки, уларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам заиф ва мискин кишиларнинг мартабасини кўрсатиб берганлар. Уларга баҳо беришда шу жиҳатларга қараб хулоса қилинади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари жамиятдаги ҳолига шукр қилувчи заиф ва мискинларнинг шаънини муҳофаза қилиш учун асос бўлади.

[1] Каҳф сураси, 28-оят.

Отабек БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ИМОН ВА ИСЛОМ БИТТАДИР («Ал-Эътимод фил эътиқод» асари асосида)

Имон ва ислом биттадир. Лекин зоҳирийлар бунга хилоф қилган. Улар Аллоҳ таолонинг  ﴿قَالَتِ الْأَعْرَابُ آَمَنَّا …