Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙ СИЙРАТИ

ИМОМ БУХОРИЙ СИЙРАТИ

Маълумки, ҳозирги кунда дунё миқёсида ислом дини нуфузи ортиб бормоқда. Қуръони каримни ўрганиш ва унга амал қилиш мусулмонлар кундалик ҳаётида янада мустаҳкам қарор топмоқда. Бу эса дунёдаги айрим динимиз душманларига ёқмаслиги табиий. Шу сабабдан муқаддас динимизга тош отувчилар ҳам кўпаймоқда. Айниқса, динимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшган алломалар ҳақида турли уйдирма гаплар тарқатиш, одамлар онгида салбий фикр уйғотиш ҳаракатлари кўпайди.

Ислом динининг муқаддас китоби Қуръони каримдан кейинги асосий манба деб тан олинган “Ал-Жомеъ ас-аҳиҳ” ҳадислар тўплами муаллифи, буюк аллома Имом Бухорий ҳазратлари номига қарата айтилаётган туҳмат сўзлар бунинг тасдиғидир. Шу сабабдан ҳам биз буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий ҳазратларининг насл-насаблари ва сийратлари ҳақида сўз юритишга қарор қилдик.

Имом Бухорий ҳазратларининг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абул Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардазбеҳ Жўъфий Бухорийдир. У киши ҳижрий 194 йил шаввол ойининг 13 кунида (милодий 810 йил 19 июль) Бухоро шаҳрида Исмоил ибн Иброҳим хонадонида таваллуд топди[1]

 Имом Бухорий ҳазратларининг насл-насаби ҳақида маълумот берган тарихчилар у зотнинг учинчи бобоси Бардазбеҳнинг исмини айримлар Аҳнаф деб келтирганини қайд этган. Одатда энг ақлли, доно ва қўли очиқ кишилар Аҳнаф деб аталган. Бундан кўринадики, Имом Бухорий ҳазратларининг учинчи бобосининг ҳақиқий исми Бардазбеҳ бўлса-да, у зот оқил ва зукко бўлганидан Аҳнаф лақаби билан ҳам аталган. Аммо у киши мажусий оташпараст бўлган.

Имом Бухорийнинг иккинчи бобоси Муғийра (Бардазбеҳнинг ўғли) Бухоро ҳокими Ямон Жуъфийнинг қўлида ислом динини қабул қилган. Шунинг учун Муғийра ва унинг авлодларига “Жуъфий” нисбаси ҳам қўшиб айтилган. У кишининг таваллуд топган жойи Бухоро бўлгани учун “ал-Бухорий – Бухоролик” дейилади.

Имом Бухорийнинг биринчи бобоси (Муғийранинг ўғли) Иброҳим бўлиб, у зот ҳақида тарихий манбаларда жуда кам маълумотлар сақланиб қолган. Ушбу маълумотларда отаси Муғийранинг номига қўшилиб Абу Иброҳим Муғийра ибн Бардазбеҳ ёки Исмоилникига қўшилиб Исмоил ибн Иброҳим деб келтирилган.

Имом Бухорий ҳазратларининг отаси Исмоил ибн Иброҳимнинг куняси Абул Ҳасан бўлган. У зот парҳезкор уламолардан бўлиб, Имом Бухорий “Тарихул Кабир” китобида айрим маълумотларни бериб ўтган. Хусусан, ушбу асарда отаси ҳақида: “У Ҳаммод ибн Зайдни кўрган ва ибн Муборак билан икки қўллаб кўришган”, деб келтирган. У зот Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг хизматларида бўлган Молик ибн Анасдан дарс олган, Солиҳ ибн Муборак, Абу Муовия ва бошқалардан ривоят қилган шахс эди. Шу билан бирга, буюк муҳаддиснинг отаси Аҳмад ибн Ҳафс, Яҳъё ибн Жаъфар Пойкандий ва бошқаларга устоз эди.

Имом Бухорийнинг кичиклик пайтларида отаси вафот этиб, етим қолди ва акаси Аҳмад билан онасининг тарбиясида вояга етади. У зотнинг болалик йилларида асосан илм ўрганиш билан банд бўлади.

Хатиб ўз санади билан қилган ривоятда Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ қуйидагиларни айтади: “Бир куни Абу Абдуллоҳдан: Илмга ташналигингиз қачон бошланди?” – деб сўрадим. “Мактабда эканимдаёқ менга ҳадис ёдлаш илҳоми берилди”, – дедилар. Мен яна: “Ўшанда неча ёшда эдингиз?” – деб сўрадим. Айтдилар: “Ўн ёки ундан кичикроқ ёшда эдим. Ўн ёшдан сўнг бошланғич мактабдан чиқдим. Устоз Дохилий ва бошқаларнинг сабоқларига қатнай бошладим. Бир куни Дохилий бизга ҳадис ўқиб бераётганларида “Суфён Абу Зубайрдан, у Иброҳимдан”, – деган санадни айтдилар. Мен у кишига: “Абу Зубайр Иброҳимдан ривоят қилмаган”, дедим. Шунда мени жеркиб бердилар. У кишига: “Асл манбага қаранг”, дедим. Уйга кириб китобларига қараб чиқдилар ва мендан: “Айтганинг тўғри экан, эй бола. Буни қандай билдинг?” деб сўрадилар. Мен: “Иброҳимдан Абу Зубайр эмас, Зубайр ибн Адий ривоят қилганлар”, дедим. Мендан қаламни олиб китобдаги хатони тузатиб қўйдилар. “У кишининг хатоларини тузатганингизда неча ёшда эдингиз?”, деб сўралганда, Абу Абдуллоҳ: “Ўн бир ёшда эдим. Ўн олти ёшга етганимда Ибн Муборак ва Вакиънинг китобларини ёдладим. Уларнинг ҳадис тўғрисида ёзган сўзларини билар эдим. Ўша вақтда онам ва акам Аҳмад билан Маккага бордик. Ҳаж қилиб бўлганимиздан сўнг акам онамни олиб қайтдилар. Мен ҳадис илмини ўрганиш учун қолдим”, деб жавоб бердилар”[2].

Имом Бухорий ўзининг кучли хотираси билан алоҳида ажралиб турар эди. Бу ҳақда Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ шундай деганлар: “Ҳошид ибн Исмоил ва яна бир кишининг: “Абу Абдуллоҳ Бухорий йигитлик чоғлари биз билан бирга Басра шайхларининг дарсларига қатнар эдилар. Бир неча кун ўтса-да бирор нарса ёзмадилар. У кишидан: “Сен биз билан қатнайсан-у, лекин ҳеч нарса ёзмайсан, нима қиласан ўзи?”, деб сўрардик. Орадан ўн олти кун ўтгач, бизга: “Сизлар бу саволни менга бир неча бор бердингизлар. Нима қилишим ҳақида кўп сўрадингизлар. Ёзганларингизни менга кўрсатингизларчи”, дедилар. Биз ёзганларимизни у кишига кўрсатдик. Ёзган ҳадисларимиз ўн беш мингдан ортиқ бўлган экан. У киши шунча ҳадисни ёддан айтиб бердилар. Ҳатто биз у кишидан хатоларимизни тузатиб олдик. Сўнгра: “Сизлар менинг вақтини бекорга ўтказиб, бориб-келяпти деб ўйлаяпсизларми?!” дедилар. Ўшанда у кишига ҳеч ким тенглаша олмаслигини билганмиз”, деганларини эшитдим”.  

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Имом Бухорий ҳазратларининг насл-насаби илмли, зиёли, оқкўнгил ва динимиз моҳиятини чуқур англаган инсонлар эди. Буюк муҳаддис ёшлигиданоқ ҳадис илмини ўрганди, уни ёд олди. Кейинчалик ўз билимини ошириш учун ўша даврнинг йирик илм марказларига сафар қилди. Сафар чоғларидаёқ у зот ўзининг ақл заковати ва кучли хотираси билан одамларни ҳайратга солди.

Буюк муҳаддис ҳақидаги бундай маълумотлар юқорида келтирилганидек, унинг манзилига туҳмат сўзларни тарқатиш орқали динимиз барқарорлигига раҳна солувчи ва мусулмонлар бирлигига путур етказишни истовчи кимсаларга кучли раддиядир. Бундай маълумотларни ёшларга етказиш ва уларнинг бу борадаги билимини ошириш ҳар қачонгидан кўра муҳимдир.

[1] Имом Бухорий таърифи. – Самарқанд: Имом Бухорий халқаро марказ нашриёти, 2019. – Б. 14.
[2] Шамсуддин Заҳабий. Машҳур даҳолар сийрати. – Т.: Шарқ, 2015. – Б. 55.
Жонибек ЖУМАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ХАЛИФАЛИКМИ ЁКИ ПОДШОҲЛИК? (Маҳмуд Абдулмўмин  (Ҳизбуттаҳрир)нинг халифалик даъволарига раддия)

Маълумки, Ислом дини аввалида мусулмонлар жамиятининг бошқаруви бевосита пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқарувларида …