Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Мафкуравий барқарорлик йўлида

Мафкуравий барқарорлик йўлида

Ҳозирги мураккаб геосиёсий ва ғоявий кескинликлар авж олган вазиятда мамлакатимизда барқарорликни таъминлаш, ёшлар онгини салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш, виждон эркинлиги ва бағрикенглик тамойилларини жорий этиш борасида изчил сиёсат юритилмоқда. Ушбу сиёсатнинг ҳуқуқий асоси сифатида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси” мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.

Навбатдаги тадбир Ургут туманида маҳалла фуқаролар йиғини “еттилик” аъзолари, туман корхона ва ташкилотлари раҳбар ва ходимлари иштирокида ташкил этилди. Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими М.Хидиров, Дин ишлари бўйича қўмитанинг Ургут тумани бўйича бош мутахассислари, тумандаги ижтимоий тузилмалар ва жамоатчилик вакиллари ҳам қатнашди.

Мулоқотда, аввало, диний соҳадаги давлат сиёсатининг инсонпарвар ва очиқ хусусияти, унинг негизини ташкил этувчи бағрикенглик ва виждон эркинлиги тамойиллари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Концепцияда белгиланган устувор вазифалардан бири сифатида жамиятда соғлом диний муҳитни шакллантириш ва фуқаролар, айниқса, ёшлар орасида турли шаклдаги жаҳолат, радикализм ва ақидавий мутаассибликка қарши маърифий иммунитетни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир давомида иштирокчилар диний ва дунёвий билимларни ёшларга уйғун равишда ўргатиш, маънавий тарбияни кучайтириш борасидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Билим, маърифат ва қадрият – барқарорликнинг маънавий омиллари

Бугунги кунда жамият барқарорлиги, тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашда диний мутаассиблик, экстремизм ва терроризм каби таҳдидларга …