Ўзбекистонда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳада оқилона давлат сиёсатини юритиш устувор йўналишлардан бири саналади. Бу борада жамоатчилик, айниқса, тиббиёт соҳаси вакилларининг хабардорлигини ошириш мақсадида Тойлоқ туманида улар билан профилактик учрашув ташкил этилди.
Тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Ж.Жумаев, Дин ишлари бўйича қўмитанинг тумандаги бош мутахассиси Н.Мамараимов ва туман аёллар тарғибот гуруҳи раҳбари М.Йўлдошева маърузалар билан қатнашди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясининг мазмуни, унинг аҳамияти ва амалиётда қўлланиши ҳақида атрофлича маълумот берилди. Маърузачилар фуқароларнинг диний эътиқодига дахл қилмаслик, айни пайтда сохта диний манипуляцияларга қарши курашиш орқали жамият барқарорлигини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, суҳбат давомида жаҳолат, диний саводсизлик ва ёлғон ғояларга ишониш каби ҳолатларнинг салбий оқибатлари, илм-маърифат асосида иш юритиш зарурати ҳақида сўз юритилди. Тиббиёт ходимлари орасида маърифий иммунитетни мустаҳкамлаш, жамоатчилик билан вакиллари мулоқотда дўстона ва самимий муносабатда бўлиш лозимлиги қайд этилди.
Тадбир якунида миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, буюк алломаларимизнинг илмий-маърифий меросини кенг тарғиб қилиш ва ёш авлод онгида мустаҳкамлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.