Бугунги глобал таҳдидлар ва ғоявий таъсирлар шароитида жамиятда барқарорликни таъминлаш, фуқароларнинг диний эҳтиёжларини соғлом асосда қондириш ҳамда ёшларни турли мафкуравий таъсирлардан ҳимоя қилиш мақсадида мамлакатимизда изчил давлат сиёсати юритилмоқда. Бу сиёсат “Ўзбекистон Республикасида диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси”да ўз ифодасини топган бўлиб, унинг мазмун-моҳиятини жойларда кенг жамоатчиликка етказиш долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Шу мақсадда, Тойлоқ туман ҳокимлиги мажлислар залида маҳалла фуқаролар йиғинларининг “еттилик” аъзолари иштирокида маърифий суҳбат ўтказилди. Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Ж.Жумаев, туман ҳокими ўринбосари Ж.Ҳақбердиев, Дин ишлари бўйича қўмита туман бош мутахассиси Н.Мамараимов ва туман аёллар тарғибот гуруҳи раҳбари М.Йўлдошева маъруза билан иштирок этди.
Тадбирда, аввало, Концепцияда белгиланган тамойиллар — фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, турли дин ва эътиқод вакиллари ўртасида бағрикенглик муҳитини шакллантириш, давлат ва дин муносабатларини мутаносиб равишда йўлга қўйишнинг аҳамияти хусусида атрофлича маълумот берилди.
Шу билан бирга, мафкуравий иммунитетни шакллантиришда маҳалланинг ўрни, фуқаролар, айниқса, ёшлар билан тарғибот-ташвиқот ишларини самарали ташкил этиш услублари муҳокама қилинди. Илм ва маърифатни кенг оммалаштириш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик ғояларини мустаҳкамлаш – концепциядан келиб чиқадиган устувор вазифалардан экани алоҳида қайд этилди.