Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “Тангалар қадим тарихдан сўзлайди”

“Тангалар қадим тарихдан сўзлайди”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти ҳамкорлигида “Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуси доирасида галдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ илмий ходимлари, Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия совриндорлари, мамлакатимиз ва хориждаги олий таълим ва илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Арманистон, Эрон ва Европа давлатларидан олимлар қатнашди.

Семинарда Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Миллий археология маркази бўлими мудири Проф.Др. Ғайбулла Бобоёров “Ўрта Осиё мусулмонларининг илк тангалари: араб, форс ва туркий маданиятлар уйғунлиги” мавзусида маъруза қилди.

Олим Ўрта Осиё мусулмонларининг асрлар давомида муомалада бўлган кўплаб тангалари ислом анъаналари билан уйқаш деган бирёқлама ёндашувдан фарқли равишда, пул бирликларидаги турли тасвирлар, рамзий белгилар ва бошқалар орқали ислом дунёсининг байроқдорига айланган Ўрта Осиё халқлари, айниқса, туркийлар ўтмишининг ўрганилмаган жиҳатларига ойдинлик киритиш мумкинлигини таъкидлади.

Минтақада танга зарб этиш араблар истилосидан қарийб минг йил олдин бошланган. Ўшанда бу ернинг пул тизимига юнон, эрон, ҳинд ва хитой тангалари бирмунча таъсир кўрсатган бўлса, илк Ўрта асрларнинг сўнгги юзйилликларига келиб, минтақа нумизматикасида араб, тўғрироғи, мусулмон анъаналари, кейинчалик араб, форс ва туркий маданиятлар уйғунлашуви кузатилади. Айрим ўринларда эса туркий анъаналар етакчи бўлгани эътирофга молик.

Маърузачи Уммавийлар бошқарувидан Темурийлар давригача босилган тангаларнинг ўзига хос элементларида қадрият ва маданиятларнинг акс этиши, тарихнинг муайян босқичлари намоён бўлишини таъкидлар экан, тангалар доим ҳукмрон сулола қудратини кўрсатганини, шу боис эндиликда юксак тарихий қийматга эга эканини қайд этди.

Олим, шунингдек, Ўрта Осиё тангаларининг сақланиш даражаси, уларнинг музейлар бўйлаб тақсимланиши ва жойлаштирилиши масалаларига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг фикрича, ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган, фақат товар айирбошлаш воситаси эмас, балки ясалиши санъат даражасига кўтарилган танга пуллар устида изланишлар олиб бориш ва нумизматикани янада ривожлантириш борасида қилинадиган ишлар талайгина.

Маъруза иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди, семинар савол-жавоблар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …