Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / НАВОИЙ ДАҲОСИГА ЭҲТИРОМ

НАВОИЙ ДАҲОСИГА ЭҲТИРОМ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Марказ раҳбарияти ва илмий жамоаси ҳамда Самарқанд давлат университети олимлари иштирок этди.

Тадбирда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети мумтоз адабиёти кафедраси доценти Собиржон Тоҳировнинг “Илм завқини туйган зот” деб номланган маърузаси тингланди. Маърузачи ўзбек мумтоз адабиёти ва ўзбек адабий тилининг нодир ёдгорликларидан бири “Лисонут тайр” достони мисолида Навоий даҳосининг улуғлиги, юксак илмий ва маънавий қийматини очиб берди. Асарнинг ўзликни англаш ва комиллик сари чорлов ғоялари мажозий образ ва қаҳрамонларнинг саргузаштлари орқали тасаввуфий тарзда ифодаланган. Муаллиф шу йўсинда инсонни улуғлайди, унинг камолотга эришиш йўлини юксак шеърий маҳорат билан баён этади.

Марказ илмий котиби Бахтиёр Турсунов “Алишер Навоий маънавий меросининг баркамол авлод тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида маъруза қилди. Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиётида муҳим ўрин тутишини, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида ҳамда ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялашда алоҳида аҳамият эга эканини таъкидлади. Дарҳақиқат, Ҳазрат Навоий ўз асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ўрин эгаллаган.

Алишер Навоийнинг улуғлиги шундаки, у бутун ижодида Инсон ҳақида, унинг мукаррамлиги хусусида фикр юритади. Бундай тафаккурнинг қамрови кенг бўлиб, ҳар қандай миллий, диний, мазҳабий, мафкуравий ҳудудларни ёриб чиқади. Шу нуқтаи назардан унинг ҳар бир байти катта умумбашарий аҳамият касб этади.

Тадбир Навоий сийрати ва ижодига оид фикр-мулоҳазалар, қизғин муҳокамалар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …