Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида ХII-ХIII асрлар тасаввуф таълимотининг йирик намояндаси, улуғ мутафаккир Нажмиддин Кубро ҳаёти ва илмий-маънавий меросига бағишланган маърифий тадбир ташкил этилди.

Анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Нажмиддин Кубронинг ҳаёт йўли, илмий фаолияти, тасаввуф таълимоти ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси ҳақида сўзлаб, унинг маънавий покланиш ва комиллик ғоялари билан уйғун қарашларини атрофлича ёритиб берди.

Маърузаларда алломанинг илмий мероси нафақат ўз даври, балки бугунги кунда ҳам ёшлар маънавий тарбияси, ахлоқий баркамоллик ва маърифатпарварликни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Шунингдек, тасаввуф таълимотининг жамият ҳаётидаги ўрни, унинг бағрикенглик, сабр-тоқат ва ички покликка чорловчи ғоялари кенг муҳокама қилинди.

Қатнашчилар бундай тадбирлар тарихий хотирани янада мустаҳкамлаш, миллий-маънавий меросга эҳтиромни ошириш, уни тизимли ўрганиш ва тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz