Home / МАҚОЛАЛАР / БУХОРО АМИРЛИГИДА СУРХОН ВОҲАСИ ҲУДУДИДА РУС МАНЗИЛГОҲЛАРИНИНГ ПАЙДО БЎЛИШИ

БУХОРО АМИРЛИГИДА СУРХОН ВОҲАСИ ҲУДУДИДА РУС МАНЗИЛГОҲЛАРИНИНГ ПАЙДО БЎЛИШИ

Ўрта Осиё хонликлари ичида Бухоро амирлиги алоҳида мавқеига эга бўлган, катта ҳудудларни эгаллаган давлат эди. Манбаларга кўра, XVIII асрнинг ўрталарига келиб Бухоро амирлиги ҳудудларида бирмунча ўзгаришлар содир бўлади. Бу даврда Бухоро ҳукмдорлари ўз тасарруфларида Бухоро шаҳри ва унинг атрофидаги Вобкент, Ғиждувон, Қоракўл, Вағоза туманлари, Қашқадарё ва Миёнқол воҳаларини сақлаб қололган эдилар. Хўжанд, Тошкент, Ҳисор вақти-вақти билан эса Ғузор, Шаҳрисабз, Нурота, шунингдек Амударёнинг ўнг соҳилидаги Балх, Андхай, Маймана, Бадахшон ва Шибирғонлар ҳам Бухорога вассал бўлишига қарамай унга итоат этмай қўйганлар.Сиёсий парокандаликнинг асосий сабаби – сўнгги аштархонийлар давридаги ўзаро курашлар, марказдан қочувчи кучлар мавқеининг ўсиши эди.

XVIII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, яъни манғитлар сулоласи ҳукмронлиги ўрнатилгач, Бухоро амирлиги яна аста-секин мустаҳкамлана бошлайди. Шу асрнинг 70-80 йилларига келиб Бухоро амирлигининг марказий ҳудудини Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини ўз ичига олган Зарафшон воҳаси ташкил қилар эди. XIX асрнинг бошларига келиб Бухоро амирлиги ҳудудига Зарафшон ҳамда Қашқадарё воҳаларидан ташқари Сурхон воҳаси, Ҳисор, Хўжанд, Ўратепа, Панжикент каби аҳоли зич жойлашган туманлар, Жанубий Туркманистоннинг катта қисми, жумладан Чоржўйдан то Мурғоб дарёсигача бўлган ҳудудлар кирар эди. Бу даврда Бухоро амирлиги ҳудудларининг кенгайишига асосий сабаб – манғитлар  сулоласининг марказлашган давлат барпо этишга интилиши эди. XIX аср бошларида Бухоро амирлиги бир томондан Эрон
ва Афғонистон,иккинчи томондан Хива хонлиги, учинчи томондан қозоқ жузлари
ва тўртинчи томондан Қўқон хонлиги ҳудудлари билан чегарадош эди.

Маълумотларга кўра,Бухоро амирлиги аҳолиси XVIII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб тез кўпая бошлайди. XIX асрнинг бошларига келиб амирлик аҳолиси тахминан 2 млн.дан ошиқ, 50-йилларига келиб тахминан 2,5млндан ортиқ кишини ташкил этган. Бухоро шаҳрида тахминан 60 мингдан зиёдроқ, Самарқанд шаҳрида эса тахминан 50 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилган.

Амирлик аҳолисининг катта қисмини ўзбеклар ташкил қилган бўлиб, жуда кўплаб ўзбек уруғлари вакиллари амирликнинг деярли барча ҳудудларида яшаганлар. Аҳоли таркибидаги тожиклар Самарқанд,Бухоро, Нурота, Ургут, Китоб каби шаҳарларда, тоғли туманларда, жумладан, Панжикент, Вахш, Ҳисор, Қоратегин, Кўлоб, Шаҳрисабз, Қобадиён, Яккабоғ бекликларида, Зарафшоннинг юқори қисмида истиқомат қилганлар.

Туркманлар ҳам Бухоро амирлиги аҳолисининг сон жиҳатдан катта қисмини ташкил этганлар. Улар амирликка қарашли бўлган Амударёнинг икки қирғоғида жойлашган ерларда, яъни, амирликнинг жанубий ва ғарбий ҳудудларида истиқомат қилишган. Бухоро амирлиги ҳудудида аҳолининг кичик қисмини араблар ташил этган бўлиб,улар асосан Қарши ва Шеробод бекликларида яшаганлар.

Бухоро амирлигида асосий ҳунармандчилик марказлари сифатида шаҳарлар катта аҳамиятга эга бўлган бўлса-да, кўпгина йирик қишлоқларда ҳам ҳунармандчиликнинг кундалик эҳтиёж учун зарур соҳалари ривожланган эди. Бутун ўрта асрларда мавжуд бўлганидек, амирлик даврида ҳам ҳунармандлар уюшмалари (касаба, цехга эга бўлганлар). Унинг ташкил топиши маҳсулот ишлаб чиқариш устидан назорат ўрнатишга,маҳсулот ишлаб чиқариш ҳуқуқини сақлаш ва рақобатбардошликка интилиш билан боғлиқ эди. Амирликдаги ҳунармандчиликнинг барча соҳаларида бундай уюшмалар мавжуд бўлиб, уни сайлаб қўйиладиган шахс-раис ёки оқсоқол бошқарган. Ҳунармандлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар нархини белгилашда, турли солиқ ва тўловлар йиғимида, уста ва шогирд муносабатларида, хўжалик ишларини юритишда уюшма раисининг хизмати катта бўлган.

Илгариги даврларда бўлганидек, амирликнинг ҳунармандчилиги соҳасида тўқимачилик унинг асосий тармоғи ҳисобланган. Ушбу тармоқнинг ривожланишига асосий сабаб, биринчидан соҳа учун маҳаллий хом ашё манбалари – пахта, жун, ипак етарли даражада бўлган бўлса, иккинчидан, ички ва ташқи бозорда, кундалик ҳаётда тўқимачилик маҳсулотларига талаб катта эди. Амирликда айниқса бўз, чит,олача кўп миқдорда тайёрланган. Қарши, Ҳиссор, Балжувон, Деҳнов, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз ва уларнинг атрофларида ипак матолар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилган. Бошқа шаҳар ва қишлоқларда ҳам ип йигириш, мато тўқиш, тайёр кийим тикиш, гилам тўқиш ва бошқа тўқимачилик соҳалари анча ривожланган. Манбалар маълумотларига кўра, Бухоронинг зарбоф тўнлари, Шаҳрисабзнинг ироқи дўппилари, Термизнинг ҳарир матолари, Самарқанд ва Бойсун ҳунармандларининг ипак матолари амирликдан ташқарида ҳам жуда машҳур бўлган

Амирлик ҳунармандчилигидаги муҳим тармоқлардан яна бири бу – кулолчилик эди. Хўжалик тараққиётида муҳим аҳамиятга эга бўлган кулолчилик амирликнинг деярли барча ҳудудларида ривожланган эди. Кулолчилик энг тараққий этган марказлар Бухоро, Самарқанд, Қарши, Шаҳрисабз, Ургут, Деҳнов, Ғиждувон кабилар бўлиб, уларнинг маҳсулотларига ички ва ташқи бозорда талаб катта бўлган. Амирлик кулолчилигида Ўрта Осиёнинг кўпгина кулолчилик мактабларига хос бўлган манзаралар(турли гуллар ва ўсимликлар тасвири), турли ҳайвонлар, қушлар, ҳашаротлар ёки улар танасининг бир қисмини шартли равишда тасвирлаш кулол усталар томонидан кенг қўлланилган.

Амирлик иқтисодиётининг металлга ишлов бериш соҳаси ҳам яхши ривожланган. Шаҳрисабз, Ургут, Нурота, Бойсун, Шеробод каби тоғли туманлардан маъданлар қазиб олинган бўлиб, улардаги конлардан фойдаланиш баъзи танаффуслар билан ХХ аср бошларига қадар давом этган эди.

Бу даврда амирликдаги металлга ишлов бериш тараққий этган қуйидаги тўртта асосий тармоғи-темирчилик, мисгарлик, чўян қуйиш ва рихтагарликни алоҳида кўрсатиш мумкин. Темирчилик соҳасида усталар қишлоқ хўжалигида ва кундалик турмушда ишлатадиган меҳнат қуроллари, ҳарбийлар учун жанговар қуроллар ясаганлар. Амирликнинг кўпгина шаҳарларида Темирчи, Гузари, Чилангарон ками чилангар-темирчиларнинг махсус маҳалла гузарларининг мавжудлиги ушбу ҳунармандчилик турининг анча тараққий этганлигини кўрсатади. Амирликнинг асосан йирик шаҳарларида мисгарлик ҳам ривожланган. Мис хос ашёси асосан Россиядан келтирилган бўлиб ундан чилим идишлари, баркаш, лаган, кўзача, тоғорача каби кўплаб идишлар ясалган ҳамда улар турли нақшлар билан моҳирона безатилган.

Амирликнинг йирик шаҳарлари – Бухоро, Самарқанд, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши, Каттақўрғон, Деҳнов, Нурота ва бошқалар асосий савдо марказлари эди. Манбаларга кўра, XIX аср бошларига келиб йирик карвон йўллари чорраҳасида жойлашган Қарши шаҳрининг аҳамияти ошиб кетади. Ички бозорларда аввало кундалик эҳтиёж моллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳунармандлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар, пахта матолари, жун ва ипак матоларига талаб катта бўлган. Ички савдонинг тараққиётида йирик шаҳарларнинг атрофлардаги қишлоқлар билан иқтисодий муносабатлари ҳамда шаҳарлараро савдо-сотиқ алоқаларининг ривожланганлиги муҳим ўрин тутган. Чунончи, амирликдаги бозорлар нафақат шаҳарлар, балки уларнинг атрофидаги қишлоқлар аҳолисининг талабларини қондиришда ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Амирликдаги барча шаҳарларда, йирик қишлоқларда ихтисослашган бозорларнинг мавжудлиги ички савдонинг давлат иқтисодиётидаги муҳим аҳамиятидан далолат беради.Ички савдонинг тараққий этишида амирликда мавжуд бўлган пул муомаласининг ўрни катта эди. Хусусан, манғитлар ҳукмронлиги даврида бу соҳада бирмунча барқарорлик ўрнатилган бўлиб, муомалада асосан уч турдаги – тилло, танга (кумуш) ва пул (мис) мавжуд эди. Шаҳар ҳамда қишлоқлардаги савдо-сотиқ ва тўловларда асосан танга ва пул ишлатилган.Бухоро амирлигида қўшни давлатлар ва халқаро савдо алоқаларини ривожлантиришга катта эътибор берилган. Ташқи савдо алоқаларида Хива ва Қўқон хонлари, қозоқ ва туркман даштлари, Афғонистон, Эрон, Ҳиндистон, Қашғар ва айниқса Россия билан бўлган савдо муносабатлари айниқса муҳим ўрин тутган эди.Деҳқончилик ва чорвачилик Бухоро амирлиги иқтисодининг асосий тармоқлари ҳисобланган. Аҳолининг саксон беш фоизи деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланганлиги ҳам фикримиз далилидир. Амирликда XVIII асрнинг охирларидан бошланган иқтисодий юксалиш,аввало деҳқончиликнинг тикланиши билан изоҳланади. Анъанага кўра, суғориладиган ҳамда лалмикор ерларда деҳқончилик соҳасида буғдой, арпа, жўхори, полиз ва сабзавот экинлари етиштиришга катта эътибор қаратилган. узумчилик ва боғдорчилик ҳам яхши ривожланган. Манбаларга кўра, амирликда узумнинг 10 дан ортиқ навлари етиштирилган.

ХIХ асрнинг 55-70 йилларида Англия томонидан  босиб олиш борасидаги таҳдидга,  шарқдаги баъзи мамлакатлар Бухоро хонлигидаги Сурхондарё ерлари ҳам кирар эди. Россия буни сезиб ўзининг Марказий Осиёдаги аҳволини мустаҳкамлаш учун Амударё бўйлаб чегара шаҳарчаларини астойдил мустаҳкамлаб бошлади. 1892 йилда Россия Чор ҳукумати Бухоро амири Абдулаҳадхон билан келишиб Афғон-Бухоро чегарасидаги Паттакесар қишлоғида ўз ҳарбий отрядларини жойлаштирди. 

1894 йил 12 декабрда биринчи бўлиб 31-Амударё чегара соқчилар бригадасининг ҳарбий қисмлари Паттакесар қишлоғининг ҳозирги вилоят касалхонасида жойлаштирилди.

Термиз ҳарбий шаҳарчасига 1896-йилда 4-Оренбург полки казаклари томонидан асос солинди.

Туркистон ҳарбий округи штабига 1897 йил 19 декабрда юборилган хабарда Термиздаги казармага 4-Оренбург казак полки юзлиги жойлаштирилганлиги айтилган.

Улар ер сотиб олиб, шахсий уй қура бошлади. 1906 йилга келиб қалъа қурилиши тугалланди. Зобитлар уйи ва госпитал бинолари ҳам шу даврда қурилди.

Рус маъмурияти бир неча йил ичида Паттакесар яқинида анча дурустгина шаҳарча барпо этди. 1906 йилда-бошланғич мактаб, хусусий аптека  очилди.

1901 йил 31 июлда Термизда 10 Туркистон ўқчи полки қошида метереалогия станцияси очилди. 1902 йил телеграф иш бошлади.

1904-1905 йилларда молия муассасаси очилди. 1914-1916 йилларда Термиз Когон темир йўли ўз ишини бошлади, хусусий театр очилди, Термизда биринчи завод яъни Матчонбоевнинг хусусий пахта заводи ўз фаолиятини бошлади.

Термиз чегарасининг ғарбий томонида, тахминан эски қалъа билан ҳозирги бандаргоҳ орасида пристанъ қурилиб, унга олиб борадиган шоссе йўл очилган. Пристанъ ҳам савдо  аҳамиятига, ҳам ҳарбий аҳамиятга эга эди

Амирликда XIX асрнинг бошидан бошлаб Россияга кўп миқдорда пахта сотилиши натижасида пахтачиликка эътибор кучайтирилган. Рус манбаларига кўра, Бухоро амирлигининг “Қашқадарё воҳаси, Сурхондарё воҳасида, Яккабоғ, Китоб, Чироқчи, Қарши, Шаҳрисабз, Ғузор, Термиз, Шеробод, Ҳисор туманларида пахта катта миқдорда етиштирилади. Ўрта Осиё хонликлари ичида Бухоро пахтаси алоҳида диққатга сазовор бўлиб, у анча қиммат туради ”.[1]

Бухоро амирлигида рус манзилгоҳларининг пайдо бўлиши бевосита Чор Россиясининг Ўрта Осиёда ўз мавқеини янада мустаҳкамлаш сиёсати билан боғлик бўлиб, қуйидаги йўналишларда олиб борилди:

1.Амирлик ҳудудида темир йўл қурилиши муносабати билан йўлбекатларининг пайдо бўлиши ва бекатларда рус фуқароларининг хизматга жалб қилиниши;

  1. Афғонистон ва Бухоро амирлиги чегараси бўйлаб рус гарнизонларининг жойлаштирилиши, ҳарбий қалъаларга асос солиниши;

3.Бухоро амирлиги ҳудудида бевосита рус манзилгоҳларининг пайдо бўлиши.

Ўрта Осиё ҳудудида темир йул қурилишидан кутилган энг асосий мақсад бу биринчидан, аҳоли гавжум бўлган ва Чор Россияси учун ҳарбий-стратегик аҳамият касб этган ҳудудларни метрополия билан боғлаш, иккинчидан, рус аҳолисини Туркистонга кўчириш, уларни жойлаштириш жараёнлари кўламини янада кенгайтириш ва жадаллаштириш ҳамда Ўрта Осиё ҳудудларидан арзон-гаров хом ашё маҳсулотларини олиб кэтишни мунтазам ташкил этишдан иборат эди.
1912 йил 15 июнда Бухоро амири билан Чор Россияси ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ, темир йўл Когондан Қарши-Керки-Термиз йўналишларида қурилиши кўзда тутилди.

Бу йўлнинг умумий узунлиги 572 верстни ташкил этиб, шундан 150 версти афғон чегараси бўйлаб ўтган эди. Бу йўлнинг қурилиши Чор ҳукуматининг фойдасини кўзлаб режалаштирилган бўлса-да, Бухоро давлати учун ҳам жуда катта аҳамиятга эга эди[2].

Бухоро амирлиги ҳудудида бевосита рус манзилгоҳларининг пайдо бўлишига қадар, унинг жануби-шарқий ҳудудида рус қалъалари ва ҳарбий гарнизонларига асос солинган.

1894 йил декабрда Термиз шаҳридан 8 км. узоқликда, Сурхондарёнинг Амударёга қуйилиш жойида (Паттакесар)да рус ҳарбийларининг 31-Амударё чегара қўшинлари жойлаштирилади. Биринчи галда Чор Россияси ҳукумати асосий эътиборни Амударё бўйлаб жойлашган чегара ҳудудларини қўриқлашга қаратди. Оқибатда Амударё бўйлаб Чор Россияси қўшинларининг   бешта  Шўроб,   Маймунтўқай, Орол (Пайғамбар ороли)

Паттакесар, Айритош каби назорат-қўриқлаш манзиллари пайдо бўлди[3].

1897 йилдан бошлаб, рус ҳукумати Термизнинг жуда катта ҳарбий-стратегик аҳамиятга эга эканлигини ҳисобга олиб бу ҳудудда мустаҳкам ўрнаша бошлаган. Паттакесардан шимолда казармалар қуришга мўлжалланган 40 десятина ер сотиб олинади. Шу тариқа «Термиз қалъаси»ни қуришга асос солинади. 1898 йилнинг январида казармалар қуриб битказилади. Айни бир вақтда яна ҳарбий қалъа, рус зобитлари йиғилиши биноси ва госпитал қурилишига Термиз ҳудудидан 1200 десятина ер сотиб олинади.

Ҳарбий қалъа сифатида янгидан шаклланган Термиз жадал суръатлар билан ўса бошлаган. Аммо шаҳар-қалъани кенгайтириш учун қўшимча ер ва сув манбалари талаб қилинар эди. Бу масала 1900 йилда Бухоро амири ва рус ҳукумати билан тузилган шартнома орқали ўз ечимини топди. Россияга Амударё ва Сурхондарё оралиғи, шимолда эса Каттақумгача бўлган учбурчак шаклидаги ҳудуд (умумий майдони 10514 десятина ер, 1 десятина 1,09 гектарга тенг) бепул берилди. 1901 йилда хазинахона ва метеорология станцияси, 1902 йилда почта бўлими ва телеграф биноси қурилади[4]. 1906 йилда Термизга ташриф буюрган Р.Ю.Рожевиц бу шаҳарга шундай таъриф беради: Термиз яқин ўн йилликда юзага келди ва ўзининг шаклланиши билан туркман қишлоғи Паттакесар ёнидан асос солинган қалъага боғлаш. Бу мавзе бир неча дарвозали ғиштин девор билан ўраб олинган. Қалъадан шарқда жойлашган ҳудудда девор йўқ ва бунинг эвазига бу тараф чақишли сим билан ўраб олинган. Ундаги кўчалар кенг. Уйлар ғиштин, бир қаватли ва барчаси давлатга қарашли”[5]. Таърифдан кўринадики, вужудга келган иншоот даставвал ҳарбий қалъа бўлиб, ўзининг ҳарбий-стратегик ўрнига кўра, аста-секин ҳарбий шаҳарчага айланган. XIX асрнинг охири-ХХ аср бошларида Бухоро амирлиги ҳудудида Чор Россияси томонидан темир йўллар қурилиши муносабати билан рус манзилгоҳларининг шаклланишига ҳам алоҳида эътибор каратилди. Амударё бўйлаб кема қатновини йўлга қуйилиши рус фуқаролари ва ишбилармонларнинг Бухоро амирлигига келишини янада кучайтириб юборди.

Бухоро амирлиги ҳудудида вужудга келган манзилгоҳлар, жумладан Термиз (Паттакесар) ҳарбий комендантлар томонидан идора этилган. Чор Россияси томонидан бунёд этилган аксарият корхоналар Шеробод беклиги ҳудудида шаклланган рус манзилгоҳлари ҳудудида жойлашган эди.

1910 йилда Матченбоев ва Шамсутдиновларга тегишли пахта тозалаш заводи ишга туширилади. Термиз атрофида эса Шамсутдиновга тегишли 2 минг десятинага тенг экин майдонлари пайдо булади. Ўз навбатида Термиз орқали пахтани Россиянинг марказий шаҳарларига олиб кэтиш йил сайин ўсиб борган. Хусусан, 1903 йилда Термиз орқали 17 минг пуд, 1908 йилда 22100, 1910 йилда 34000 пуд, 1911 йилда 60 минг пуд пахта жўнатилган.6

1914 йилга келиб Паттакесар (Термиз)да яшаган русларнинг сони 2,5 минг кишидан ошган.

Чор Россияси ҳукуматининг мустамлакачилик тамойиллари асосидаги сиёсати Бухоро амирлиги ҳудудларида ташкил этилган рус манзилгоҳлари ва шаҳарлари мисолида яққол кўзга ташланади.

Жумладан, Шеробод беклиги ҳудудидаги Термизнинг рус ва маҳаллий-туб аҳоли яшайдиган «тузем» қисмларига бўлиниши, рус аҳолиси яшайдиган шаҳар қисмида ободонлаштириш, бошқарув ишларини амалга ошириш учун
сарф-харажатлар учун кетадиган маблағлар бевосита маҳаллий аҳолидан ундирилиши, маҳаллий ҳунармандлардан ҳамда маҳаллий аҳолидан олинадиган турли хил солиқ турлари ҳажмларининг доимий равишда ошириб борилиши, маҳаллий савдогарлардан олинадиган бож тўловларининг бир неча бор оширилишида яққол кўзга ташланарди.

Шунингдек, янги ташкил этилган рус манзилгоҳларидаги корхоналарда ишлаётган маҳаллий аҳоли вакиллари кўчиб келган рус аҳолиси вакилларига нисбатан 2-3 баробар кам иш ҳақи олиши ҳам юқоридаги фикримизнинг ёрқин исботидир[6].

Чор Россияси Сурхон воҳасига кириб келгандан сўнг Шеробод беклиги таркибида янги бошқарув тизими жорий қилинган. Термиз икки қисмдан иборат бўлиб, унинг ҳарбий гарнизон жойлашган шарқий қисми қалъа билан ўраб олинган. Шаҳарнинг бу қисмида ҳокимият гарнизон бошлиғининг қўлида бўлиб, шу ҳудуд аҳолиси ҳам унга бўйсунарди. Термизнинг жанубий қисми Паттакесар деб аталган, ундаги маҳаллий аҳоли амирлик қонунларига амал қилиб, амир томонидан тайинланган бекларга бўйсунар, бу ерда яшаган рус фуқаролари эса шаҳар кенгаши томонидан идора қилинарди. Шундай қилиб, биргина Термизнинг ўзида уч хил бошқарув тизими мавжуд бўлган. Бундай мураккаб бошқарув тизими аҳолига ҳам катта қийинчиликлар туғдирган[7].

Бухоро амирлигида рус манзилгоҳларининг ташкил этилиши ҳамда у ерларда жойлаштирилган рус солдатлари, казаклари ва шунингдек, кўчириб келтирилган рус аҳолиси кучларига таянган ҳолда Чор Россияси Ўрта Осиёда ўз мавқеини мустаҳкамлаш ва маҳаллий аҳолини доимий равишда назорат остида ушлаб туриш манфаатлари йўлида фойдаланди.

Адабиётлар: 
  1. Баҳодир Эшов,«Ўзбекистон давлатчилиги ва бошқаруви тарихи»,Тошкент-2012
  2. РДДТА. 400-фонд, 24-рўйхат, 879-дело. 261-262-в
  3. Турсунов С.Н ва б. Сурхондарё тарих кўзгусида. –Т., 2001. –Б.120.
  4. Шейко К.А. Из истории присоединения Термеза к России//Красведение Сурхандарьи. –Т., 1989.– С. 121–122.
  5. Логофет Д.Н. На границах Средней Азии (путевые заметки в 3-х книгах). Книга 2. СПб, 1909.–С.200–203
  6. Гаффоров Шокир. Тарих ва тақдир: Россия империясидан Туркистонга кўчирилганлар. –Т., 2006.–Б. 61.
  7. Очилдиев Ф.Б. Сурхон воҳаси бекликларидаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар. –Т., 2008.–Б.62.
  8. “Термиз” давлат музей-қўриқхона илмий архиви.
Сайёра КАРИМОВА,
“Термиз” давлат музей-қўриқхона
Тасвирий санъат бўлими бошлиғи

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …