Home / МАҚОЛАЛАР / МОВАРОУННАҲР ҚУРЪОНШУНОСЛИК МАРКАЗЛАРИ

МОВАРОУННАҲР ҚУРЪОНШУНОСЛИК МАРКАЗЛАРИ

Ислом дини тарқалган ўлкаларда, бошқа илмлар қатори, тафсир марказлари ёки мактаблари ҳам ривожланган. Жумладан, Макка, Мадина, Ироқ, Шом тафсир мактаблари бу соҳада катта шуҳрат қозонган. Мовароуннаҳрда ҳам ўрта асрларда тафсир марказлари шаклланган. Уларнинг қаторида Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Тошкент, Насаф, Термиз, Марғилон, Қўқон каби шаҳарларида пайдо бўлган Қуръоншунослик мактабларини зикр этиш мумкин. Улардаги ўнлаб мадрасаларда араб тили қоидалари, ақида, фиқҳ, ҳадис, мантиқ каби илмлар билан бирга тафсир ҳам алоҳида фан сифатида ўқитилган. Ушбу илмий марказларда фаолият кўрсатган юзлаб муфассирлар ўқитиш билан бирга тафсирлар яратиш билан ҳам шуғулланганлар. Улар томонидан ёзилган ўнлаб тафсирлар ислом оламида катта шуҳрат қозонган. Уларнинг айримлари чоп қилинган, бошқалари қўлёзма шаклида сақланмоқда, номаълум бир қисми бизгача етиб келмаган. Мазкур тафсирларнинг барчаси қуйидаги Мовароуннаҳрда пайдо бўлган ва ривожланган тафсир мактабларида яратилгандир.

Самарқанд тафсир мактаби. Самарқандда ўнлаб машҳур муфассирлар бўлган. Улар ҳам нақлий, ҳам ақлий йўналишдаги тафсирлар ёзганлар. Жумладан, Абу Абдуллоҳ Самарқандий (ваф. 869 й.), Абу Наср ал-Иёший (Х аср) “Тафсир ас-Суламий”, Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр ал-Ҳамазоний ас-Самарқандий (ваф. 923 й.) “ат-Тафсир”, Абу Мансур ал-Мотуридий (ваф. 944 й.) «Таъвилот ал-Қуръон», Абу Лайс ас-Самарқандий (ваф. 983 й.) “Тафсир ас-Самарқандий”, Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Самарқандий ал-Ҳаддодий (ваф. тахм. 1015-1020 й.) “ал-Муваззаҳ фи илм ат-тафсир” ва “ал-Мадхал ли илм ат-тафсир Китабиллаҳи таала”, Аҳмад ибн Умар Абу Бакр ас-Самарқандий (ваф. 1069 й.) “ас-Саҳоиф”, Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ал-Паздавий (ваф. 1089 й.), Абул Фатҳ Алоуддин Муҳаммад ибн Абдулҳамид ас-Усмандий ас-Самарқандий (ваф. 1157 й.) “ал-Амолий фи-т-тафсир”, Абул Қутн Носируддин Муҳаммад ибн Юсуф ас-Самарқандий (ваф. 1161 й.) “ал-Аҳком фи-т-тафсир”, Алоуддин ас-Самарқандий (ваф. 1145 й.) «Шарҳ таъвилот ал-Қуръон», Ҳисомуддин Муҳаммад ибн Усмон ибн Муҳаммад ал-Улёбодий (XIII аср) “Матлаъ ал-маъони ва манбаъ ал-мабони фи тафсир ал-Қуръон”, Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ Саъдуддин ат-Тафтазоний (ваф. 1392 й.) «Ҳошия ала-л-Кашшоф», Шамсуддин Муҳаммад ибн Ашраф ас-Самарқандий (ваф. 1291 й.) “ас-Саҳоиф фи-т-тафсир”, Шамсуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ас-Самарқандий (ваф. 1378 й.) “ал-Қироа ас-сабъʻ”, “Кашф ал-асрор фи расм масоҳиф ал-амсор”, Абул Қосим ибн Абу Бакр ас-Самарқандий ал-Лайсий ал-Баёний (XV аср) «Ҳошия ала тафсир ал-Байзовий», Сайид Алоуддин Али ибн Яҳё ал-Қурмоний ас-Самарқандий ал-Ҳанафий (ваф. тахм. 1475 й.) “Баҳр ал-улум” сингари тафсир китоблари ёзганлар. Булардан ташқари Убайдуллоҳ Садруш-шариаъ ал-асғар ибн Масъуд ибн Тожуш-шариаъ ал-Маҳбубий (ваф. 1346 й.), Муллазода Аҳмад ибн Усмон Шиҳобуддин ас-Самарқандий ал-Хаттобий аш-Шофиий (ваф. 1460 й.) лар ҳам муфассир сифатида машҳур бўлганлар.

Бухоро тафсир мактаби. Бухоро буюк муҳаддислар шаҳри бўлиши билан бир қаторда муфассирлар маскани ҳамдир. Бу ҳудудда дастлаб нақлий, кейинчалик ақлий ва тасаввуфий тафсирлар яратилган. Улар қаторида Имом ал-Бухорий (ваф. 870 й.) “ат-Тафсир”, Абу Али Ибн Сино (ваф. 1037 й.) Ихлос сураси тафсири, Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Аҳмад Алоуддин Абу Абдуллоҳ аз-Зоҳид ал-Бухорий (ваф. 1151 й.) “Тафсир ал-Қуръон”, Сирожиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдулмажид ал-Қарнабий аз-Зоҳидий (ваф. 1258 й.), Абул Фазоил Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Бурҳон ал-Ҳанафий (ваф. 1289 й.) «Талхис ат-тафсир ал-кабир», Алоуддин Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Бухорий (ваф. 1329 й.) «ал-Кашф ала тафсир ал-Кашшоф», Хожа Порсо Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Ҳофизий ал-Бухорий (ваф. 1555 й.) «Тафсир-и Қуръон», Бухорий-зода Муҳаммад ибн Абдуллатиф ал-Бухорий (ваф. 1578 й.) «Ҳавош ала тафсир ал-Байзовий» каби тафсир-китоблар ёзгани маълум. Бундан ташқари Бухорода Ҳамидуддин аз-Зарир Али ибн Муҳаммад Нажмул уламо ар-Ромиший ал-Бухорий (ваф. 1268 й.), Абул Маҳомид Маҳмуд ибн Муҳаммад ал-Луълуий ал-Афшанжий ал-Бухорий (ваф. 1272 й.), Абул Фазл Муҳаммад ибн Муҳаммад Ҳофизуддин ал-Кабир ал-Бухорий, Муҳаммад ибн Муҳаммад Абу Тоҳир Ҳофизуддин ат-Тоҳирий, Ҳамидуддин Али ибн Муҳаммад ибн Али ар-Ромиший ал-Бухорий каби муфассир олимлар ҳам фаолият олиб борганлар.

Хоразм тафсир мактаби. Маҳмуд аз-Замахшарий (ваф. 1143 й.) ҳанузгача тенги йўқ деб эътироф этиладиган “ал-Кашшоф” тафсирини ёзиб қолдирган.  Шунингдек, Абул Ҳасан Али ибн ал-Ироқ ас-Синорий (ваф. 1220 й.) «Шамоҳир ад-дурар фи тафсир ал-Қуръон», Шайх Нажмиддин Кубро Абул Жанноб Аҳмад (ваф. 1221 й.) “ат‑Таъвилот ан-нажмия фи-т-тафсир ал-ишорий ас-суфий”, Жамолиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Хоразмий аш-Шофиий (ваф. 1238 й.) «Мултақот ал-маъолим фи-т-тафсир» китобларини ёзганлар. Демак, Нажмиддин Кубро нафақат кубравия тариқатининг асосчиси, балки йирик муфассир ҳам бўлган.

Кеш тафсир мактаби. Кеш мактабида яратилган тафсирларнинг шоҳ варианти Абу Муҳаммад Абдулҳамид ибн Ҳумайд ал-Кеший (786-863 й.) қаламига мансубдир. Таъкидлаш жоизки, мазкур аллома Имом ал-Бухорийнинг устозларидан бири бўлган. Унинг “ат-Тафсир” асари Мовароуннаҳрда яратилган дастлабки нақлий тафсирлар ичида алоҳида ўрин тутади.

Насаф тафсир мактаби. Насаф Мовароуннаҳрдаги нуфузли тафсир марказларидан бири бўлган. Унинг кўзга кўринган вакилларидан бири Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ан-Насафий (ваф. 1310 й.) қаламига мансуб “Мадорик ат-танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил” асари бугунги кунларда ҳам Миср, Покистон, Афғонистон каби мамлакатларнинг таълим даргоҳларида дарслик сифатида ўқитилади. Ушбу китобнинг қисқартирилган янги нашрлари ал-Азҳар университетида оммалашган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил ан-Насафий (ваф. 906 й.) “ат-Тафсир”, Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ан-Насафий (ваф. 1142 й.) «ат-Тайсир фи-т-тафсир»  ва “ал-Акмал вал-атвал” китоблари билан ислом оламида машҳур бўлганлар. 

Шош тафсир мактаби. Шошлик машҳур муфассирлар қаторида Абу Бакр ал-Қаффол Муҳаммад аш-Шоший (ваф. 976 й.) ва унинг “ат-Тафсир ал-кабир”, Алоуддин Али ибн Муҳаммад Мавлоно ал-Қушчи (ваф. 1474 й.) ва унинг «Авоил тафсир ал-Кашшоф», Камолуддин Султон Муҳаммад Ҳофиз ал-Кўҳакий ал-Фаркандий ат-Тошқандий (ваф. 1572 й.) ва унинг «Ҳошия ала тафсир ал-Байзовий» асарларини зикр этиш мумкин.

Термиз тафсир мактаби. Термизда дастлаб нақлий тафсирлар, кейинчалик ақлий тафсирлар ҳам ривожланган. Жумладан, ал-Ҳаким ат-Термизий (ваф. 932) «Таҳсил назоирил Қуръон», Абу Исо ат-Термизий (ваф. 892 й.) “Сунан ат-Термизий”да “Китоб тафсир ал-Қуръон” боби, Умар ат-ат-Термизий (XV аср) «Тафсир сурат ал-ихлос»ни ёзганлар.

Алоҳида қайд этиш лозимки, Мовароуннаҳрдаги тафсир фанидан дастлабки босқичда Жалолиддин ас-Суютийнинг “Тафсир ал-Жалолайн”, кейинги босқичларда эса, “Тафсир ан-Насафий”, “Тафсир ал-Байзовий”, “Тафсир аз-Замахшарий” каби китоблар ва уларнинг шарҳ ҳамда ҳошиялари дарслик сифатида ўқитилган.

Давронбек МАХСУДОВ,
Тарих фанлари доктори (DSc),
доцент

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …