Бир неча аср давом этган халифалик тузумига оид маълумотлар ичида туркий сулолалар ҳақида қатор маълумотлар ҳам учрайди. IX аср бошларидан Аббосийлар халифалигидан ажралиб чиқишга интилган қатор давлатлар юзага келди. Мазкур жараён халифаликнинг заифлашишига сабаб бўлган. IX аср бошларида Шимолий Африка, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларининг мустақил давлат ташкил этишга уриниши уларнинг халифаликдан ажралиб, мустақил давлат ташкил этишида муҳим қадам бўлган. Булар сирасига Мисрда ҳукмронлик қилган Тўлунийлар сулоласи (868–905) Миср ва Сурияда мустақил маҳаллий сулолага асос солган. Тўлунийлар сулоласининг 905 йили қулашидан Ихшидийлар давлати барпо бўлган давргача Миср аббосийлар томонидан юборилган волийлар томонидан бошқарилган. Аммо туркий сулола бўлмиш Тўлунийлар тажрибасидан, яъни ваколатни волийларга буткул берилиши оқибатида уларнинг тахтни эгаллаши ва мустақил давлатни бошқаришга уринишини кўрган Аббосий халифалар бу даврда Мисрга жўнатган волийларига тўла ваколат бермаган. Бир томондан девонлар (идора қилувчи органлар) бошқарувига тўғридан-тўғри ўзига бўйсунувчи кишиларни тайинлаб, бошқа томондан Мисрни маъмурий жиҳатдан ҳудудларга бўлиб, у ерда бир киши ҳокимиятининг ўрнатилишига йўл қўймаган. Аммо бу сафар ҳокимлар орасида ваколат ва масъулият учун кураш авж олиб, турли ҳудудлардаги волийлар, айниқса, солиқ тури бўлмиш харож бўлими амирлари билан келишмовчиликлар юзага келган. Бунинг оқибатида Миср аҳолиси яшаш шароити қийинлашиб, камбағаллик даражаси ортган.
Дамашқ шаҳри яқинида хаж зиёратига борувчилар йўли тўсилиб, мол мулки талон-торож қилинаётганини эшитган Аббосий халифа Муҳаммад ибн Тўғжга муаммони бартараф этиш бўйича кўрсатма беради. Муҳаммад муаммони ҳал этиб, уларни тор-мор қилгач, 928 йилда Рамлага, сўнг 930 йилда Дамашқ волийси лавозимига тайинланган [7:42]. Муҳаммад ибн Тўғж бу ерда Миср волийси бўлгунга қадар қолади. Мисрда волий вазифасини бажараётган Аҳмад ибн Қайиғлик Аббосий халифа ар-Родий ишончини оқламагач, халифа унинг ўрнига 935 йил август ойида 53 ёшни қаршилаган Муҳаммад ибн Тўғжни юборган. Бунда Аббосий халифа Ибн Тўғжга халифаликка харож соғлиғини етказиб туриш шартини қўйган. Шундан кейингина Муҳаммад ибн Тўғж оиласини Мисрга олиб келган. У фаолияти давомида бир неча бор Аҳмад ибн Қайиғлик қаршилигига дуч келган. Чунки Аҳмад Мисрни босиб олиб, якка ҳукмрон бўлмоқчи эди. Ихшид сулоласи вакили Мисрни 11 йил бошқарган ва 946 йилнинг 25 июлида 64 ёшида вафот этган [5:244].
Аббосий халифалар, айниқса, Муътасим даврида (833-842) туркийларни армияга олиш амалиёти кучайган [6:194]. Ҳатто мазкур халифа туркийлар учун Самарра шаҳрини ҳам қурган. Муътасим бу орада Фарғонадан жуда кўп туркийларни олиб келган. Улар орасида Муҳаммад ибн Тўғжнинг бобоси Жуфф ҳам бўлган. Ўрта аср тарихчиси Ибн Тағриберди унинг келиб чиқиши ҳақида қуйидаги маълумотни келтиради: “Муҳаммад ибн Тўғж ибн Жуфф ибн Йўлтўкин ибн Фурх ибн Фурий [5:325-328]. Унинг ота-боболари Фарғона подшоҳларидан бўлган. Манбаларда халифа ар-Родийнинг 939 йил июнь-июль ойларида Муҳаммад ибн Тўғжга “Ихшид” унвонини бергани ҳақида маълумотлар келтирилган. Уларда бу унвоннинг “Маликул-мулук”, яъни “Подшоҳлар подшоҳи” маъносини англатиши таъкидланади [5:236-237; 2:76-77]. Бу унинг оиласи Фарғонада ҳукмронлик қилганидан далолат беради. Шундан сўнг, хутбаларда унинг исми айтилганда бу унвон унга бўйсунувчи барча шаҳарларда қўллана бошлаган [1:252]. Муҳаммад ибн Тўғжга “Ихшид” унвонининг берилиши унинг олий насабли авлод вакили эканидан далолат беради. Шунинг учун унинг ташкил этган давлати номи ҳам ушбу унвон билан “Ихшидийлар” шаклида ҳозирги кунгача етиб келган [6:199].
Муҳаммад ибн Тўғж Миср ҳокими этиб тайинланганда харож амирлиги ҳам унга берилишини қабул қила олмаган. Аслида бир неча йиллар давомида харож амири лавозимини ўз қўлида ушлаб турган маззарийлар унга кучли қаршилик кўрсатган. Шу сабабли Муҳаммад ибн Тўғж уларнинг таъсирини бартараф этиш учун вазир Ибн ал-Фуратни Мисрга таклиф қилди ва унинг ёрдами билан Миср молиясини ўз қўлига олди.
Ибн ал-Фуротнинг бу иш учун Мисрга қачон келгани аниқ маълум эмас. Аммо шундай бўлса-да, у 936-937 йилларда халифа ар-Родийга вазир бўлган [5:260]. 939 йил 3 январда вафот этган Ибн ал-Фуротнинг бу давр орасида ушбу ҳудудга келган деб тахмин қилиш мумкин [5:261].
Шундай қилиб, Муҳаммад ибн Тўғж бир томондан кучли бир оиланинг таъсирини синдирган бўлса, бошқа томондан Мисрнинг молия сиёсатини бошқариш ҳуқуқини қўлга киритди [6:199-200].
Муҳаммад ибн Тўғж Миср ҳокими этиб тайинланганда Дамашқ амири эди. Шу сабабли, амирлик қилган ерлари ҳам Миср ҳокими бўлганида унга қолдирилган. Бу Шом минтақасининг катта қисми Ибн Тўғж ҳокимияти остида бўлганини кўрсатади. Аслида бу даврда унинг номидан Бадр ибн Абдуллаҳ ал-Ҳарасий бу ерда ҳокимлик қилган [6:201].
941 йил январда халифа ар-Родий вафот этди ва ўрнига укаси Жафар ал-Муттақий халифа бўлди. Ал-Муттақий 941 йил 4 июлда Муҳаммад ибн Тўғжнинг ҳокимлигини тасдиқлади [1:290-291; 5:253-254]. Бу орада Ибн Тўғж Миср шурта амирлигида бир қатор ўзгаришлар қилди. У аввал 941 йил 24 январда Али ибн Субайкни шурта амири лавозимидан озод қилиб, ўрнига Ҳусайн ибн Али ибн Маъқилни тайинлади. Сўнг 941 йил 15 апрелда унинг ўрнига Йинал ал-Ҳокийни келтирди. 941 йил 30 декабрда буни ҳам озод қилган Ибн Тўғж Али ибн Субайкни яна вазифага қайтарди. Ўн ой ўтиб, 942 йил май-июнь ойларида уни озод қилиб, бу сафар шурта амири лавозимига Аҳмад ибн Мусо ибн Зағламанни қўйди [1:290-291].
Муҳаммад ибн Тўғж бу даврда амалга оширган ишларидан бири 943 йил 4 августда ўғли Абул Қосим Ўнужур учун байъат олиши бўлди. У Мисрнинг етакчи шахслари ва қўшин қўмондонларини йиғиб, ўзидан кейин ўғли Ўнужурнинг Миср ҳокими бўлишига қарор қилганини эълон қилди ва улардан байъат олди [5:254; 8:329]. Шунингдек, келажакда Ихшидийлар давлатига бош бўладиган озод қилинган қули Абул-Миск Кофурни ўғлининг назоратчиси (отабеги) қилиб тайинлади [5:256]. Бу билан у Мисрни бошқаришни ўз оиласида сақлаб қолишни кўзлаганини кўрсатди. Манбаларда халифанинг бу воқеани тасдиқлагани ёки тасдиқламагани ҳақида маълумот йўқ. Аммо Ибн Тўғж вафот этганидан сўнг Ўнужурнинг Ихшидийлар давлатига бош бўлишини халифа ал-Муътилиллаҳ тасдиқлаган. Бундан шуни билиш мумкинки, мазкур жараёнга халифа рози бўлган ёки рози бўлишга мажбур бўлган [5:291].
Муҳаммад Ихшид 944 йилда Шомга борганида Аббосийлар халифалиги қароргоҳини Мисрга кўчиришга уринган. Ихшид Шомга халифа Муттақийни Ҳалабдаги ҳамадонийлар жабридан ва Бағдоддаги туркий амирлар истибдодидан қутқариш мақсадида борган эди. Муҳаммад Ихшид Шимолий Фуротда халифани узоқдан кўргач, отдан тушиб унинг ёнигача пиёда боради ва ундан Мисрга ўзи билан боришни сўрайди. Бироқ халифага ўз пойтахти, ўз оиласи қароргоҳини ташлаб кетиш оғир кўриниб, бу таклифни рад этган [4:148]. У Дамашқда касал бўлиб қолиб, 946 йил 25 июлда 64 ёшида вафот этади [5:293].
Аввалроқ отаси Муҳаммад ибн Тўғж томонидан Абул Қосим Ўнужур фойдасига байъат олингани сабаб тахтга ўтириш борасида ҳеч қандай муаммо юзага келмаган. Шу билан бирга, унинг Ихшидийлар давлатига раҳбар бўлишини отасининг озод қилган қули ва ўзининг назоратчиси (отабеги) бўлган Абул Миск Кафур шахсан Бағдодга бориб, халифа ал-Муътилиллаҳга тасдиқлатиб олган [5:256; 8:329]. 946 йилнинг 2 августида халифанинг бу фармойиши Дамашқдаги жума намозида ўқилди. Унга кўра, халифа уни отаси ҳукмронлик қилган барча ҳудудларда вилоят ҳокими деб эълон қилинди [1:294; 5:291]. Ўрта аср тарихчилари Ибн Тағриберди ҳамда Суютий “Ўнужур” исмининг маъносини “Маҳмуд”, яъни мақталган, мадҳ этилган деб таърифлайди [11:291; 3:597].
Абул Қосим Ўнужурнинг исми жума намозида ўқилганидан сўнг ҳам Кафурнинг таъсири остида бўлган. У 946 йилнинг 4 августида Миср хазинаси амири Муҳаммад ибн Али ибн Муқотилни лавозимидан озод қилиб, ўрнига Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Аҳмад ал-Мазарийни тайинлаган [1:294; 8:329]. Бу Ихшид Муҳаммад ибн Тўғж томонидан Миср молиясидан четлаштирилган эронлик Мазарийлар оиласининг қайта кучая бошлаганидан далолат беради [6:207]. Буни Кафурнинг Ихшидийлар оиласига яқин кишиларнинг молиявий ишларни бошқаришини истамаслиги билан ҳам боғлаш мумкин.
Кафур давлатнинг молиявий томонини ҳам назоратини қўлга киритгач, Ўнужурга йилига тўрт юз минг динор ажратди ва давлат даромадларининг қолган қисмини ўзи хоҳлаганидек сарфлади [5:291]. Ал-Мазарийнинг бу борада Кафурга қарши чиққани ҳақида манбаларда ҳеч қандай маълумот йўқ.
Бу ерда бир масалага ойдинлик киритиш керакки, у ҳам Абул Миск Кафур билан боғлиқ. Аслида Ўнужурнинг ёшлигида Ихшидийлар давлатига раҳбар бўлди. Шунингдек, бу даврда Кафур мамлакатда кучли таъсирга эга эди. Бу эса, ўз навбатида, Кафурга Ихшидийлар давлати бошқарувини тўлиқ ўз қўлига олишига имконият яратди.
Муҳаммад бин Тўғждан кейин ҳам, расмий жиҳатидан Ибн Тўғжнинг оиласи давлат бошқарувида бўлган бўлса-да, унинг вафотидан кейин давлатни бошқариш амалда Кафурнинг қўлида бўлди. Демак, бу ерда Ихшидийлар давлатига раҳбар бўлган амирлар исми ва амирлик қилган даврига кўрсатилса-да, аслида бу даврда Абул Миск Кафур ҳақиқий ҳоким бўлган. Барча маъмурий тайинловлар, армияни бошқариш, олиб борилган барча урушлар Кафур қарори асосида шаклланган. Ўнужур ва ундан кейинги Ихшидийлар Кафур вафот этгунча бу қарорларни тасдиқловчи бир лавозимдан нарига ўта олмади. Шу сабабли Ўнужур ва бошқа амирларнинг амаллари аслида Кафур қарори экани эътибордан четда қолмаслиги керак.
Икки авлоди Аббосий халифалар хизматида бўлган Муҳаммад ибн Тўғж Ихшид (935–946) ва унинг сулоласи вакиллари Абду Қосим ибн Ўнужўр Ихшид (946-961), сўнг Абу Ҳасан Али ибн Ихшид (961-966), аввал Ўнужўрга назоратчи – регент бўлган Абу Миск Кофур (966-968) ва Абу Фаворис Аҳмад ибн Али (968-969) кабилар Ихшидийлар давлатини бошқарган. Бу сулола ҳам қарийб 35 йил ҳукмронлик қилган. Миср ва Шомдаги Ихшид аскарларининг умумий сони қўриқчилардан ташқари қирқ мингта бўлган. Улардан саккиз минг нафари мамлуклардан ташкил топган.
Ихшидийларнинг қурилиш соҳасидаги ишлари ҳақида, айниқса, Ўрта аср тарихчиси ал-Мақризийнинг “Хутат” асарида маълумотлар мавжуд. Аммо бу даврдан ҳозирги кунга қадар ҳеч қандай иншоот сақланиб қолмаган. Муҳаммад ибн Тўғжнинг Ровда оролида қурдирган “Қасрул Мухтар”, Кафурнинг “Бостонул Кафурийя”си ҳақидаги маълумотлар манбалардагини сақланиб қолган.
Ихшидий амирлар олим, адиб ва шоирларга катта аҳамият берган, уларга қизиқиш кўрсатиб, моддий жиҳатдан таъминлаган. Фустатдаги Амр масжиди ва Ибн Тўлун масжиди олимларнинг дарс берадиган иккита муҳим маркази бўлган [10:271]. Моликий ва шофеъий фақиҳлар эркин мунозара қилиши, ўз фикри ва ҳукмини ўз мазҳабига мансуб кишиларга етказиши мумкин эди. Муҳаммад ибн Тўғжнинг қозиси саксон ёшда Мисрда вафот этган машҳур шофеъий фақиҳ Абу Бакр ибн ал-Ҳаддад бўлган [5:313].
Тилшунослик бўйича машҳур олимлардан Абул Аббос Аҳмад ибн ал-Валлад ва Абу Жаъфар ан-Наҳҳас жуда кўп китоб муаллифи бўлиб, кўплаб шогирд етиштирган.
Араб тили грамматикаси бўйича машҳур олимлар Абу Ишақ ан-Нужайрий ва Абу Бакр Муҳаммад Сибевейҳ ҳам ушбу даврда ижод қилган ҳамда араб тили грамматикаси ривожига катта ҳисса қўшган.
Абу Миск Кофур даврида Мисрга келган машҳур шоирлардан бири Мутанаббий ва дастлаб Кофурга мадҳия айтган, бироқ ниятига етмаганидан сўнг ҳажвия ёзган ва Мисрда кўп қолмай, у ердан кетган. У Ихшидийлар қўшини қўмондонларидан бири бўлган Файюм ҳокими Фатик Румийни ҳам мадҳ қилган шеър ёзган [5:330].
Бу даврнинг таниқли шоирлари Аҳмад ибн Муҳаммад Қосим ибн Аҳмад ар-Рассей ва Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Закария ҳисобланади [6:221]. Ушбу даврнинг энг машҳур тарихчилари – Ибн Юнус ас-Сафадий, ал-Кинди ва Ибн Зулайҳ. Демак, Ихшидийлар давлати қисқа фурсат ичида бўлса-да, Миср тарихида ўз изини қолдирган. Давлатнинг асосий ютуқларидан бири туркий сулола Тўлунийлар давлатининг қулашидан сўнг, тахминан ўттиз йил давом этган тартибсизликдан сўнг Мисрда тинчлик ва барқарорликни таъ-минлаб, илм-фан ривожига ҳисса қўшган. Бу даврда кўплаб олимлар етишиб чиққан ва уларнинг мероси бугунгача сақланиб қолган. Уларнинг ҳар бири ўз соҳасига муҳим ҳисса қўшган ва тарихда из қолдирган.
Аббосий халифаларга расман бўйсунувчан бўлган Ихшидийлар бир томондан Сурия ҳудуди учун ҳамданийларга қарши курашган бўлса, бошқа томондан Мисрнинг ғарбида шиа-фотимийларнинг шарққа кенгайишига ўттиз тўрт йил давомида тўсқинлик қила олди.
Муҳаммад ибн Туғждан кейин расмий давлат раҳбарлари туркий бўлган. Туркий давлат бўлишига қарамай, уни ўттиз тўрт йиллик умрининг йигирма икки йилида амалда озод қул Абу Миск Кафур бошқарган. Аммо шунга қарамай, давлат, айниқса, армиядаги улуши туфайли ўзининг туркий хусусиятини йўқотмади.
Шимолий Африкани бошқариб келаётган Фотимийлар Мисрни забт этишга интилган. Улар Кафур Ихшид вафотидан сўнг Мисрни қўлга киритган ва 969 йилдан у ерда Фотимийлар бошқаруви бошланган. Улар Мисрда тахтни эгаллагач, ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида катта қўшинга эҳтиёж ошиб борган. Шунга кўра, Фотимийлар ўз қўшинига туркийлардан ташқари курд, дайламий ва ҳатто, жангларда асир тушган ғарбий юртлардан келтирилган қулларни ҳам жалб этган.
-
Абу Умар Муҳаммад ибн Юсуф Киндий. Китоб ал-вилат ва китоб ал-кудат. – Байрут, 1908.
-
Босворт К.Э. Мусульманские династии. Справочник по хронологии и генеалогии. /Пер. с англ. П.А.Грязневича. – М.:Наука, 1971. – С.324.
-
Жалолиддин ибн Муҳаммад ас-Суютий. Китоб ҳусн ал-муҳодара би ахбор Миср вал Қоҳира. / Муҳаққиқ Муҳаммад Абу Ал-Фадл Иброҳим. –Қоҳира: Дор иҳъя ал-кутуб ал-арабия, 1967. – 1281 б.
-
Ибн ал-Асир Али ибн Аҳмад. Ал-Комил фи-т-тарих. – Қоҳира: Дор ал-Кутуб ал-Мисрия, 1987.
-
Ибн Тағриберди Абу ал-Маҳосин. Китоб ан-нужум аз-зоҳира фи мулук Миср вал Қоҳира. Жилд 3. – Лубнон: дор ал – кутуб ал-илмия, 1992.
-
Kazım Yasar Kopraman. Ihshidîler, DoğuĢtan Günümüze Büyük Islam Tarihi (Editör: Hakkı Dursun Yıldız). – Istanbul, 1992, VI. –194.
-
Nadir Ö Ixshidiylari // Türkler. – Ankara: Yenġ türkġye yayinlari, 2002. – S.42.
-
Тақий ад-Дин ал-Мақризий. Китоб ал-мавоиз ва ал-иʻтибор би-зикр ал-хутат ва ал-осор. Ж.1.. – Булоқ: Кастон Виит, 2002. – Б.325-328.
-
Фильштинский И.М. История арабов и халифата (750-1517) – М.: 2006.
-
Ҳасан Иброҳим Ҳасан. Тарих ал-исломий. 4 жилдли, – Байрут: Дор ал-ма‘ориф, 1991.