Home / МАҚОЛАЛАР / VIII/XIV- XII/XVIII АСРЛАРДА «АЛ-КУТУБ АС-СИТТА» ТЎПЛАМИНИНГ ЖАМЛАНИШИ

VIII/XIV- XII/XVIII АСРЛАРДА «АЛ-КУТУБ АС-СИТТА» ТЎПЛАМИНИНГ ЖАМЛАНИШИ

Ислом динида Қуръони каримдан кейин турувчи иккинчи ишончли манба бу — ҳадиси шарифлар ҳисобланади. Ҳадислар ҳижрий учинчи асрда алоҳида илм сифатида шаклланди ҳамда айнан ушбу асрда ҳадис соҳасига оид ишончли китоблар ёзилди. Мана шундай ишончли китобларни жамлаган тўпламлардан бири «ал-Кутуб ас-ситта» эди.

VIII/XIV аср бошларида, «Сунани Ибн Можжа»ни ўз ичига олган «ал-Кутуб ас-ситта» тушунчаси ва унинг таркибидаги бошқа ҳадис манбаларининг нуфузи ортиб, кенг тарқалди. Ал-Миззий (741/1341) «ал-Кутуб ас-ситта»нинг хусусиятларини санаб ўтар экан, шундай дейди: “Аллоҳ таоло ҳадис ҳофизлари, муҳаддислар ва мунаққид олимларни суннатда муваффақиятга эриштирди. Ҳадис олимлари суннатни золимлар фасодидан, ботил билан шуғулланувчиларнинг кўчирмасидан, жоҳилларнинг талқинидан сақладилар. Улар ҳадисларнинг сақланишини орзу қилиб, йўқолишидан қўрқиб, ҳадис таснифини хилма-хил қилиб, кўп тармоқларга ажратдилар. Улар энг чиройли тасниф, энг яхши таълиф, хатоси кам, фойдали ва кўп ишлатиш учун энг осон, мухолифлар ва тарафдорлар назарида энг мақбул, оддий ва зиёли қатлам орасида энг юқори ўринни эгаллаган ҳолда қуйидаги асарларни ёздилар: «Саҳиҳул Бухорий», «Саҳиҳул Муслим», Абу Довуд, Термизий, Насоийнинг китоби. Ибн Можжанинг «Сунан»и гарчи уларнинг даражасига етмаган бўлса ҳам. «Кутуби ситта» муаллифларининг ҳар бири ўз қавми учун маълум бир устунликка эгадир. Бу китоблар халқ орасида машҳур бўлиб, ислом юртларида тарқалди”[1]. «Ал-Миззий» «ал-Кутуби ас-ситта» тўпламига Ибн Можжанинг «Сунан» асарини «Саҳиҳайн» ва «Сунанлар» даражасига етмаслик шарти билан киритади, яъни унинг камчиликларини айтиб ўтади.

VIII/XIV аср олимларидан яна бири Ибн Касир[2] (774/1372) «ал-Кутуб ас-ситта» нинг олтинчи китоби Ибн Можжанинг «Сунан»и эканлигини, у Ибн ас-Салоҳнинг фикрларига қўшилмаганлигини, унинг асарини умумлаштириб ўрганганлигини аниқ қилиб таъкидлайди. Бунга асос қилиб Ибн Асокир (ваф. 571/1176)нинг икки саҳиҳ (Бухорий ва Муслим Алижонова – Г.) ва тўртта сунан (Термизий, Эбу Довуд, Насоий, Ибн Можжа Алижонова – Г.) ва Ҳофиз ал-Миззийнинг муҳит ва рижол ҳақидаги асарларини ўз ичига олган «Атраф» китобини ҳавола қилади. Шунингдек, у Ибн Можжа китобини фиқҳ жиҳатидан устун деб билади[3].

IX/XV аср бошига келиб Ибн Можжанинг «Сунан»ини олтинчи китоб сифатида қабул қилмаган олимлар жуда кам учрайди. Бу олимлар «ал-Кутуб ас-ситта»нинг олтинчи китоби Доримийнинг «Сунан» асари бўлиши кераклигини таъкидлаганлар. Чунки, Доримийнинг «Сунан»ида мурсал[4] ва мавқуф[5] ҳадислар мавжуд бўлса-да, заиф, мункар[6] ва шаз[7] ҳадислар эса камдан-кам учрайди[8]. Масалан, Ибн Ҳажар[9] (ваф. 852/1449) олтинчи китоб сифатида Ибн Можжанинг «Сунан»ини эмас, Доримийнинг «Сунан» асарини афзал кўрган. Ибн Ҳажар бу борадаги фикрини қуйидагича баён қилади: “Доримийнинг китоби сунан даражасида бўлиб, сунанлардан паст эмас. Аксинча, бу асар Ибн Можжа «Сунан» асарининг ўрнига, «ал-Кутуб ас-ситта» таркибига киритилиши керак. Чунки у кўп жиҳатдан Ибн Можжа асаридан устундир”[10]. Бироқ Ибн Ҳажарнинг бу қараши ўзидан кейинги олимларга таъсир кўрсатмаган. Хусусан унинг замондоши ва шогирди бўлган ас-Саҳавий ҳам унинг фикрига қўшилмаган.

X/XVI асрда ҳам «ал-Кутуби ас-ситта» ҳақида баҳслар давом этган. Бу давр ҳадис олимларидан Ибн Ҳажарнинг шогирди ас-Саҳавий (ваф.902/1496) юқорида исми зикр қилинган  Ибн ас-Салоҳнинг «Муқаддима»сини «Алфия» (минг байт) шаклида таълиф этган ва бу байтларда «ал-Кутуб ал-хамса» сифатида Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ва Насоийларни келтирган. Ас-Саҳавий ибн ас-Салоҳнинг илмий мулоҳазаларига содиқ қолган ҳолда олтинчи имом ўлароқ ҳеч кимни келтирмайди. Бироқ, «Алфия» асари байтларининг шарҳида эса ас-Саҳавий ибн Касирнинг сўзларидан иқтибос келтириб, олтинчи китоб дея Ибн Можжанинг «Сунан»ини эътироф этади. Ас-Саҳавий Ибн Касирнинг сўзларига далил сифатида ибн Асокир ва ал-Миззийнинг китобларини кўрсатади. У Ибн Касирнинг: «Ибн Можанинг боб сарлавҳалари фиқҳ нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эгадир» – деган фикридан кейин ас-Салоҳнинг: “Кошки Доримий Ибн Можжа ўрнига «Муснад» бўлса”[11] — деганларини келтирган. Бунга қарши ас-Саҳавий Доримийнинг «Сунан»ида мурсал ва мақту ҳадислар кўплигини ҳам таъкидлаб ўтади. Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан хулоса қилган ас-Саҳавий Ибн Можжанинг «Сунани»ни Доримийга нисбатан устунроқ кўрилганини қайд этади.

Ушбу асрда (X/XVI) яшаб ўтган алломалардан яна бири ас-Суютий[12] (ваф. 911/1505) бўлиб, ишончли китоблар ичида ибн Можжанинг «Сунан»ини афзал кўрганлардандир. У ан-Нававийнинг «Тақриб» номли асарига ёзган шарҳида ибн Можжанинг «Сунан»ини олтинчи китоб деб айтиб, Ибн ас-Салоҳни Ибн Можжани вафоти тўғрисида маълумот бермаганлиги ва уни «ал-Кутуб ал-хамса»га киритмаганлигини танқид қилади. Лекин аслида ан-Нававий Ибн Можжа тўғрисида  «Тақриб» китобида ёзмаган бўлса-да, лекин  унинг исми ва асари ҳақидаги мулоҳазаларини «Тафсир» китобига киритиб, Ибн Можжанинг «Сунан»ини «ал-Кутиб-ас-ситта» тўпламидаги олтинчи китоблигини айтиб ўтган. Бундан шуни тушуниш даркорки, ас-Суютий ҳам Ибн Можжани олтинчи китобнинг имоми сифатида тан олган. Шундай қилиб, X/XVI асрда ҳам «ал-Кутуб ас-ситта»нинг олтинчи манбаси дея ибн Можжанинг «Сунан»ини эътироф этилган.

XI/XVII асрда яшаган алломалардан бири Али ал-Қорий[13] (ваф. 1014/1605) Абу Солиҳ ат-Табризий[14] (502/1109)нинг «Масаҳибус сунния» асарининг шарҳи бўлмиш «Мирқатул Мафатиҳ» номли китобида  «ал-Кутуб ас-ситта» тўпламидан ҳадисларни ривоят қилганимда худди Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилгандек бўламан” – деб куллиётдаги ҳадисларнинг саҳиҳлигини, ҳадисга оид ёзилган китоблар ичида «ал-Кутуб ас-ситта»дан ҳадис келтириш жоиз эканлигини таъкидлаган. Демак, Али ал-Қорий юқоридаги фикри орқали XI/XVII асрда Бухорий ва Муслимнинг «Сунан»лари ҳамда Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Можжаларнинг «Сунан»ларини назарда тутиб, уларни олти ишончли китоб сифатида эътироф  этган.

XII/XVII асрнинг ўрталарида «Ситта» тушунчаси нафақат муҳаддислар, балки кўплаб муаллифлар томонидан ҳам кенг қўлланилганлигини кўриш мумкин. Жумладан: Ажлуний[15] (1162/1749) «Ситта» атамасини ўзининг «Кашфул ҳаво» номли китобининг бош қисмида шундай изоҳлайди: “Икки шайхдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадислар дейишимдан мақсад Имом Бухорий ва Имом Муслимдир. Улардан келтирилган ҳадисларга «саҳиҳайн» деб аталади. Тўрт кишидан ривоят қилинган ҳадислар дейишимдан мурод Абу Довуд, Насоий, Термизий ва ибн Можжанинг «Сунан»ларидир. «Ситта» ривоят қилди дейишимдан мақсад эса юқорида имомлардан тўрттаси ва «ситта»даги саҳиҳайндир. Буларнинг ҳар бирини бир-биридан айирмоқчи бўлсам-да, уларни «Сунани ситта»даги китоблардан эканлигини англаб, бунга жазм этмайман”[16]. Ажлунийни «Сунани ситта» тушунчасини нимага ишлатганлиги ҳақида бирор бир изоҳ қолдирмаган. Аммо, ишонч билан айтиш мумкинки, Ажлуний ўзининг ушбу сўзлари билан «ал-Кутуб ас-ситта»га ишора қилган.

Шоҳ Валийуллоҳ ад-Деҳлавий[17] (ваф. 1176/1762.) ўзининг «Ҳужжатуллаҳил-балиға» асарининг «Ҳадис китоблари ва даражалари» деб номланган тўртинчи бобида «Бугунги кунда ҳадис илмида тадвин китобларини ўқишдан бошқа йўлимиз йўқ. Чунки бугун тадвин қилинмаган, ислом уламолари ишонч ҳосил қилмаган бир ривоятни учратиш мумкин эмас. Ҳадис китобларининг турли табақалари мавжуд бўлиб, уларнинг фарқли жиҳатлари ҳам бордир. Бундай ҳолатда бу табақаларни аслини билишлик шарт»[18] — деб ўз қарашларини билдирган. ад-Деҳлавий фикрларини давом эттириб «Саҳиҳ»лик даражасига кўра ҳадис китобларини беш табақага бўлиб, дастлабки икки табақада «ал-Кутуб ас-ситта»ни зикр этган:

  1. «Муватто», «Саҳиҳул Бухорий» ва Саҳиҳул Муслим”
  2. Абу Довуднинг «Сунан», Термизийнинг «Жоме», Насоийнинг «Мужтаба», ибн Можжанинг «Сунан» асарлари.
  3. Бухорий ва Муслимдан кейин ёзилган «Жоме» ва «Муснад» китобларни
  4. Ушбу табақага бир неча асрлардан кейин ёзилган асарлар ўрин олган.
  5. Фуқаҳолар, сўфилар, тарихчилар орасидан машҳур бўлган, тўртинчи табақага киритилмаган асарлар, жумладан: ас-Суютий ва Ибн Ҳажарнинг ҳадис китоблари киритилган.

Деҳлавийнинг Имом Молик «Ал-Муватто» асарига бўлган муносабатини, олим томонидан форс тилида ёзилган «Муфасса шарҳи муватто» ва араб тилида таълиф қилинган «Ал-Мусавва шарҳи ал-муватта» номли китобларда келтирилган фикрлардан англаш мумкин. Деҳлавий «Ҳужжатуллаҳил-балиға» китобида ҳадис китоблари муаллифларидан баҳс этаркан, энг фойдалиси ва энг машҳур бўлганлари деб Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизийларнинг тўрт асарининг номини келтирган. Булар ичида устунлик сифатида Бухорийнинг «Саҳиҳи»ни алоҳида айтиб, ҳеч бир асар бу каби шуҳрат қозонмаганини таъкидлаган[19].

XII/XVIII асрда «Олти ишончли» тўплам тўғрисидаги қарашларда, «ал-Кутуб ас-ситта» тушунчаси уламолар томонида якдил қабул қилинганлиги кўзга ташланади. Шунингдек, «ал-Кутуб ас-ситта»га нисбатан Ажлуний томонидан янги «Сунани ситта» атамасининг қўлланилиши ушбу куллиётга бўлган эътиборнинг ортганини англатади. Аммо, Деҳлавий «Кутуби ситта»нинг тартибига хилоф равишда ҳадисларни табақаларга ажратиш ҳолати орқали Имом Моликнинг «Муватто»сини бошқа саҳиҳ ва сунан китобларидан олдинроқ зикр этади. Бу мулоҳазадан шуни тушуниш мумкинки, Деҳлавий, Имом Моликни Имом Бухорий ва Имом Муслимга нисбатан тарихийлик ва устоз-шогирдлик нуқтаи назаридан олдинроқ келтирган. Деҳлавийнинг қарашлари кейинги давр олимларига ҳам таъсир этган бўлиб, улардан бири Ризоуддин ибн Фахриддин ҳам «Кутуби ситта ва муаллифлар» асарида худди мана шу тартибни қўллаган.

Хулоса қилиб айтганда, VIII/XIV- XII/XVIII даврни «ал-Кутуб ас-ситта» тўпламининг турли хил қараш ва назариялар орқали ишончли билим ҳосил қилиш пайти дейилса муболаға бўлмайди. Чунки, бу юз йилликлар давомида «ал-Кутуб ас-ситта» тушунчаси гоҳ «ал-Кутуб ал-хамса» сифатида айрим уламолар қарашларида акс этди. Шунингдек, «ал-Кутуб ас-ситта»нинг олтинчи китоби сифатида Доримийнинг «Муснади»ни озчилик бўлсада ислом уламолари тан олдилар. Аммо ушбу даврни тарихийлик нуқтаи назаридан таҳлил қилинганда «ал-Кутуб ас-ситта»нинг олтинчи китоби дея «Сунани Ибн Можжа» мустаҳкам ўрин олгани яққол намоён бўлади.

[1] Ал-Миззий. Таҳзибул камол. Байрут.: Муассасатур рисола. 2010. – Б. 147.
[2] Абул Фида Имомиддин Исмоил ибн Шаҳобиддин Умар ибн Касир ад-Дамашқи. Муфассир, муҳаддси, тарихчи ва фақиҳ олим.
[3] Ал-Ҳавли. Тарихи фунунил ҳадиси ан-Набавий. Дарул ибн Касир. Байрут.: 1988. – Б.172
[4] Мурсал (араб. المرسل юборилган, отилган, ташланган) – санаднинг узилиб қолиши сабабли рад этилган ҳадис тури.
[5] Мавқуф (араб. الموقوف тўхтатилган) мақбул ва мардуд хабарларга берилган атаманинг бир тури. Истелоҳда – ривоят қилинаётган хабар саҳобийга етганда тўҳтаб қолиб иснод занжири охирига Пайғамбар (а.с.)га етказилмаган бўлади.
[6] Мункар (араб. المنكر инкор қилинган) ровийни айбланиши сабабли рад этилган ҳадислар.
[7] Шаз (араб. الشاذ нодир жуда кам учрайдиган) ишончли ровийнинг ўзидан кувҳлироқ ровийга муҳолиф бўлиши.
[8] Ас-Суютий. Тадбири ровий. Байрут: Дарул марифа. 1988. – Б. 18.
[9] Абул Фазл Шаҳобиддин Аҳмад ибн али ибн Муҳаммад ал-Асқалоний мисрлик ҳадис олими ва ҳофизи.
[10] Ас-Суютий. Тадбири ровий. Байрут: Дарул марифа. 1988. – Б. 22.
[11] Ас-Саҳавий. Фатҳул муғис шарҳул алфиятил ҳадис. Байрут.: 1978. – Б. 260.
[12] Абул Фазл Жалолиддин Абдурраҳмон ибн Абу Бакр Муҳаммад ал-Ҳудайри ас-Суютий ас-Сафии тафсир, ҳадис, фиқҳ, араб тили ва адабиёти олими.
[13] Абул Ҳасан Нуриддин али ибн Султон Муҳаммад ал-Қорий ал-Ҳарави таниқли ҳанафи мазҳаби фақиҳи, муҳаддси, муфассир ва қироат олими
[14] Абу Закарийё Яҳё ибн Али Муҳаммад ал-Ҳаттоб ат-Табризий араб тили ва адабиёт олими. Табризда таваллуд топган. Ўзидан ўн еттидан ортиқ асарлар ёзиб қолдирган.
[15] Абул Фида Исмоил Муҳаммад ибн Абдулҳади ал-Жарроҳий ал-Ажлуний машҳур шомлик муҳаддис бўлиб, ўзидан ўндан ортиқ асар қолдирган.
[16] Ажлуний. Кашифул ҳафа. Байрут.: Дарул кутуби илмийя.1997. И жид, — Б. 6.
[17] Абу Абдулазиз Қутубиддин Валийуллоҳ Аҳмад ибн Абдурраҳим ибн Важиҳиддун ад-Деҳлавий ал-Фаруқий. Деҳли шаҳрида туғилган. У ислом илмлари билмдони, муҳаддис, мужаддид, фақиҳ, илоҳиётшунос, файласуф бўлган. ўзидан тўққиздан ортиқ асарлар қолдирган.
[18] Деҳлавий. Ҳужжатуллоҳил балиға.Байрут.: Дарул иҳяул улум. 1990. – Б. 489.
[19] Деҳлавий. Ҳужжатуллоҳил балиға.Байрут.: Дарул иҳяул улум. 1990. – Б. 464.
Гулноза АЛИЖОНОВА,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси,
Ислом тарихи ва манбашунослиги
ИРCИКА кафедраси таянч докторанти

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …