Home / МАҚОЛАЛАР / МАРКАЗИЙ ОСИЁДА МАДРАСАЛАРНИНГ ПАЙДО БЎЛИШ ТАРИХИ

МАРКАЗИЙ ОСИЁДА МАДРАСАЛАРНИНГ ПАЙДО БЎЛИШ ТАРИХИ

Ўрта асрларда араблар томонидан Яқин Шарқ, Шимолий ва Шарқий Африка, Марказий Осиё ҳудудлари қўлга киритилиб, ўзлари билан бу ерларга ислом динини олиб кирди.

Ислом динини бундай катта ҳудудда тарқатишнинг бирдан бир самарали йўли бу исломни ўргатиш тизимини шакллантириш бўлган. Шу сабабли диний таълим муассасалари шакллана бошлади.

Бу вазифани илк даврлардан бошлаб масжидлар бажарган. Ўрта асрда масжидлар инсонлар тўпланадиган ва ўзаро мулоқот қиладиган жой ҳисобланган. Шу сабабли унинг ижтимоий аҳамияти катта бўлиб, бу ер ибодатдан ташқари мулоқот, фикр алмашиш, сиёсий жараёнлар маркази ҳам бўлган. Диний таълимнинг асосий ўчоғи ҳам масжидлар бўлган[1].

Масжидларда намоздан олдин ёки кейин инсонлар олимлардан ислом динининг асосий манбалари Қуръон ва ҳадисни ўрганишар, диний масалаларда туғилган саволларга жавоб олишар эди. Вақт ўтиши билан бундай савол-жавоблар илмий «ҳалқа»ларни юзага келтирди. Бундай дарслар тизимли ҳолда амалга оширилиб, олимлар «мударрис»лар, тингловчилар талабалар бўла бошлашди.

Масжидлардаги ҳалқалар илм ўргатиш билан билан бир қаторда йўналишлар ва мазҳабларга кўра ҳам шакллана бошлади. Бу ҳалқаларнинг аҳамияти ошиб, айрим масжидлар ўзининг илмий ҳалқалари билан машҳур бўлиб кетди. Жумладан, Тунисда Зайтуна масжиди, Бағдодда Катта масжид ва ал-Мансур масжиди, Шомда Умавийлар масжиди, Мисрда Амр ибн Ос, Тулун, ал-Ҳаким, ал-Азҳар масжидларидаги илмий ҳалқалар масжиднинг сиймосини ибодат жойидан кўра илмий марказ кўринишига ўтказиб қўйди. Натижада ушбу масжидлар негизида уларнинг ёнида алоҳида таълим муассасалари шаклланиб, айримлари бугун университет даражасига етиб келган.

Ёзишни ва ўқишни ўргатадиган куттоб ёки мактаблар ҳам ташкил этилган бўлиб, илк таълим шу ерда берилган. Вақт ўтиши билан бу ерларда ёзиш ва ўқиш билан бирга Қуръон ўқиш, илк диний маълумотлар ва ибодат тартиби, баъзан алгебра ҳам ўргатилган[2]. Бу ерда дарс берадиган ўқитувчиларга котиб, фақиҳ, муаллим каби номлар берилган. Куттоблар Ўрта Осиёда мактабхона деб ҳам аталган[3].

Ислом диний таълим масканининг асосий шакли мадрасалар бўлган. Аммо унинг қандай омиллар таъсирида юзага келганлиги ҳақида турлича ёндашувлар мавжуд.

Мадрасалар масжид фаолиятининг узвий қисми сифатида юзага келганлиги тахмин қилинади. Бу қарашни Сурия, Миср ва Шимолий Африкадаги масжидларда таълим ишларига катта эътибор берилганлиги ва кейинчалик ушбу масжидларнинг таълим масканлари сифатида танилиши билан исботлаш мумкин. Шу билан бирга Ироқ, Сурия, Эрон ва Мовароуннаҳрда масжидлар қурилгандан сўнг таълим фаолияти ҳам кўпинча ушбу жойларда амалга оширилган. Баъзан масжид ва мадрасаларнинг функциялари аралаш бўлиб, баъзан масжидда дарс берилса, мадрасада ибодат қилинган. Шу билан бирга бу фикрни том маънода тўғри деб бўлмайди. Зеро, масжидларда таълим берилганлиги, яъни илмий ҳалқалар ташкил этилганлигини Мадраса билан тенглаштириб бўлмайди. Мадрасада таълим қабул қилинган талабаларга муайян талаблар қўйилган ҳолда чекловлар асосида амалга оширилса, масжидлардаги илмий ҳалқаларда бундай чекловлар бўлмаган. Шу сабабли масжидларни мадрасаларнинг юзага келишига таъсир қилган дейиш қийин[4].

Бошқа бир ёндашувга кўра, мадрасалар шиа Дорул илмларининг эришган ютуқларини ўзлаштириш натижасида юзага келган. Бу қарашни юзага келтирувчи сабаб мадрасалар ва Дорул илмлар ўртасидаги ўхшашлик бўлган. Иккаласи ҳам муайян диний эътиқод даъвати билан шуғулланганлиги, вақф мулк сифатида юзага келиши, талабалар ва олимларга маошлар берилиши, уларнинг ёнида кутубхоналарнинг мавжуд бўлиши ва бошқалар мадрасаларнинг Дорул илм тажрибаси негизида пайдо бўлганлигини кўрсатади.

«Мадраса» сўзи биринчи марта Х асрда Мовароуннаҳрда ишлатилган. Бу сўз умуман дарс бериладиган жой, мактаб деган маънони билдиради. Фақат XI асрдан сўнг «Мадраса» сўзи ўрта ёки олий таълим маскани маъносида ишлатила бошланган. Шунга кўра, мадрасалар куттобларнинг ривожланган шакли ёки куттоблар негизида пайдо бўлган деган фикрни илгари суриш мумкин.

Фотимийларнинг тахтга келиши билан Миср ва Сурияда суннийларнинг заифлашиб, шиаликнинг кучайиши натижасида Мовароуннаҳрда Мадраса тизимига эътибор кучайган ва сунний олимлар кўпгина мадрасаларнинг ривожига ҳисса қўшганини айтиш мумкин. Аммо куттоблар мадрасаларнинг юзага келишига кучли таъсир қилмаган.

Рус шарқшунослик мактабининг асосчиларидан бири Бартолднинг фикрига кўра Мадраса тушунчасини Мовароуннаҳр халқлари буддавийликдан ўзлаштирган. Араблар 633 йили Балх шаҳрига келганда бу ерда юздан ортиқ буддавий таълим масканлари (навбаҳор ёки нава вихара) бўлган [5]. Бухоро ва Термиздаги таълим масканлари исломийлаштирилган ҳолда шу жойларда мадрасалар ташкил этилган.

Юзага келиш тарихи ҳақида турли ёндашувлар мавжуд бўлган мадрасалар Сомонийлар, Қорахонийлар ва Ғазнавийлар даврида давлат томонидан қўллаб-қувватланган ва Нишопур, Балх, каби шаҳарларда мадрасалар қуришган. Қорахонийлар қурилган турли мадрасаларни, тўғрироғи бу мадрасаларнинг вақфларини расман эътироф этишган ва давлат томондан мадрасалар қурилган. Шу билан бирга ушбу давлатларда давлатнинг мадрасаларга оид тизимли сиёсати бўлгани каби, бу ерларга давлат ёрдами ҳам бўлиб турган.

Наршахийнинг ёзишича, Бухорода 937 йили бўлган ёнғинда «Форжак» мадрасаси ёниб кетган. Шунга кўра Бухорода 900 йиллардаёқ мадрасалар пайдо бўлганлигини ва фаолият юритганлигини айтиш мумкин. Ҳатто, бу Мадраса ислом тарихида қайд этилган энг қадимий Мадраса ҳам ҳисобланади.

Қорахонийлар даврида Мовароуннаҳр ўлкасида мадрасалар асосан Самарқанд, Бухоро, Хива ва Марв каби қадимий шаҳарларда жойлашган.

Ўша пайтларда Самарқандда 250 масжид ва 40 Мадраса, Бухорода эса 400 масжид ва 30 Мадраса бўлган. Мадрасаларни бошқариш, таълим жараёни ва хўжалик ишларига шайхулислом ва қозилар раҳбарлик қилишган[6].

XIX асрга қадар деярли ўзгармай келган мадрасалардаги таълим жараёни уч бўлимдан иборат бўлган: Биринчиси «адно» (паст) бўлим дейилса, иккинчиси «авсат» (ўрта) бўлим номи билан юритилган. Учинчиси эса «аъло» (олий) бўлими деб аталиб, ушбу уч бўлимнинг ҳар бирида керакли ўқув дастурлари асосида ўқитила борилган.

Мадрасаларда дунёвий фанлар ўқитишни жорий қилишга уриниб кўрилди. Масалан, XV асрда Улуғбек Самарқандда ўзи қурдирган мадрасада астрономиядан дарс берар эди[7].

Хулоса, ўрта асрларда таълим масканлари шаклланиб, такомиллашиб борган. Бундай такомиллашув натижасида юртимиздан буюк мутафаккир, файласуф, муфассир, муҳаддис, мутасаввиф, фақиҳ ва мутакаллим олимлар етишиб чиққан.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
  1. Қаранг: Педерсон, Жоҳс. «Масжид». Энcйcлопедиа оф Ислам (Фирст Эдитион). Вол. Илл, Леиден: Э.Ж.Брилл, 1986, пп. 1123- 1134.
  2. Бартолд В.В. Сочинения. Т.6. -М.: Наука, 1966. С.111.
  3. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Т.5. С.40.
  4. Кенгроқ маълумот учун қаранг: Педерсон, Жоҳнс. «Масжид». Энcйcлопедиа оф Ислам (Фирст Эдитион). Вол. ИИИ, Леиден: Э.Ж.Брилл, 1986, пп. 1123-1134.
  5. Бартолд В.В Работы по исторической географии и истории Ирана. -М.: «Восточная литература», 2003. С.43
  6. Аҳмад Муҳаммад Мубашшир Аҳмад. «Ислом ҳазораси» — Т: «Қақнус медиа», 2018. С. 91-92.
  7. Каттаев К. Самарқанд мадрасалари ва илму фан ривожи. – Самарқанд: «Зарафшон», 2016. С.67.
Ҳусниддин ХОЛМАТОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
таянчи докторанти

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …