Home / АЛЛОМАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙ ҲАЁТ ЙЎЛИ ВА ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ

ИМОМ БУХОРИЙ ҲАЁТ ЙЎЛИ ВА ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ

Бухорийнинг вафотларидан сал олдин “1080 кишидан ҳадис ёзиб олдим, ҳаммалари ҳадис соҳибидирлар” деганларини эшитганман. Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ [1]

Тарихнинг шодон кунларидан маълумки, IX асрда Марказий Осиёда турли дин илмлари, табобат ва алжабр фанларини чуқур ўзлаштириб, уларнинг ривожига улкан ҳисса қўшган алломалар етишиб чиққан. Жумладан, буюк файласуф Абу Наср ал-Форобий, жуғрофия фани олими Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммадин Муҳаммад ибн Насир Ал-Фарғоний, машҳур табиб Абу Али Ибн Сино, ҳадис илми подшоси ва “Саҳиҳ ул Бухорий” китобининг муаллифи Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий каби буюк алломалар даври эди.

810 йил 19 июль. Кўҳна Бухоро шаҳри.Бу кун қалбларга ажиб бир ҳисни, дилларга хушхон навони олиб келди. Бу кун дунёга муҳаддислар имоми ва ҳадис илмининг султони бўлмиш Муҳаммад ибн Исмоилни олиб келди. У кишининг тўлиқ исмлари Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим Ибн Ал-Муғира Ал Жуафий Ал-Бухорийдир.Отаси Исмоил ҳам ўз даврининг олимларидан бўлганлиги сабабли Имом Бухорийнинг туғилган саналарида ҳеч қандай шубҳа йўқ, оталари ўғилларининг туғилган кунини ўз қўли билан ёзиб кетган. Ёшлик чоғларидаёқ оталари вафот этиб, оналарининг қўлида тарбия олган. Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Ал-Муборак ва Вакий каби олимларнинг ҳадис тўпламларини ёд олган, устози Шайх Доҳийли билан ҳадис ривоятчилари ҳақидаги қизғин баҳсларда қатнашган. 16 ёшларида эса оналари ва оталари билан Ҳижозга қараб йўл тутади, Макка ва Мадина шаҳарларини зиёрат қилиб, Ҳижозда 6 йил яшаб, Дамашқ, Қоҳира, Басра, Куфа, Бағдод каби шаҳарларда яшаб бу ерларда ҳадис билан бир қаторда фиқҳ фанини ҳам ўрганадилар.

Нишопурлик Ал-Ҳакимийнинг ёзишича, устозларининг сони 90 талар атрофида бўлган. Улар: Юсуф Ал-Ғарёбий, Муса Ал-Абасий, Ибн Роҳавийҳ номи билан машҳур бўлган имом Исхоқ ибн Иброҳим кабилардир.

Бизга ҳадисларни хифзу-ҳимоясида сақлаб олиб келган Имом Бухорий йирик олимгина бўлиб қолмай, у киши ўзларининг ахлоқлари билан бизга намуна бўлдилар. Гўзал намуналиклари мурувватликлари, диёнатликлари, саховатликлари билан бошқа инсонлардан осмондаги ой каби тамомила ажралиб турадилар. Шунингдек, жуда ўткир зеҳн эгаси ва ёдлаш қобилиятлари бўлганлар, илм-маърифатга бўлган иштиёқлари билан танилганлар. Манбаларда эса Ал-Бухорийнинг 600 000га яқин ҳадисларни ёддан билганликлари айтилади ва улар ичидан 200 000 саҳифасини ажратиб тасниф қилганлар.

 Бухорий ҳазратларининг чексиз илмга бўлган муҳаббати барчани ҳайратда қолдирди. Уларнинг машаққат ва чеккан улкан заҳмати ислом пойдеворини юксалтириб, қалбларга Аллоҳга ва Расулимиз саллоллоҳу алайҳи васалламга бўлган алангали муҳаббатни уйғотиб қўйди: Ҳадис илмига бўлган интилиш, уларнинг тўплашга қаратилган юксак эътибор бу каби дин илмининг инсон руҳи ва қалбини покловчи эканини ва илмга бўлган қатъиятлигини кўрсатиб беради. Оғир ва машаққатли йилларни босиб ўтсада, биз авлодларга ўзларининг бой меросини қолдирганлар. Бу нодир мерос бўлган асарларнинг сони 20тадан ортиқдир. Улардан энг саҳиҳ ҳадислар жамлангани “Саҳил ул-Бухорийдир. Ва шунингдек, “Ат-тарих ал-авсат”, “Ат-тарих ас-сағир”, Ал-адаб ал-мубрад”, “Барр ул-волидайн” каби қимматли асарлар ёзганлар. “Саҳиҳ ул-Бухорий”нинг ажралиб турадиган хислати шундан иборатки, унгача ҳадис жамлаган барча муҳаддислар эшитган барча ҳадисларини санадлари ва ишончли томонларига эътибор қилмай киритаверганлар. Аммо ҳадис илмининг гултожи бўлмиш имом Бухорий ровийларга ва санадларга алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг ишончли бўлганларини ажратиб, алоҳида китоб шаклда келтирганлар. Бу асар ўз ичига такрорланадиган ҳадислар, булар 7275тани, такрорланмайдиган ҳолда эса 4 000 та ҳадисни олади.Бу ҳадисларни йиғиш жараёни муҳаддисдан жуда ҳатто қийинчиликларни талаб қилган бўлса-да, ҳазрат бу шарафли ишни биринчи бўлиб бажарганлар. Бу асар ёзилганига 1 200 йилдан ошган бўлса-да, ҳанузгача у барча ислом диёрлари ва мусулмон хонадонларида Қуръони каримдан кейин турувчи муқаддас манба ҳисобланади. Ҳатто кўплаб ислом таълим муассасаларида ҳадис илмининг таянчи бўлиб келмоқда. Ҳар ерда яхшилик бўлдики, албатта унинг зидди ҳам бўлади. Имом Бухорий илм сафаридан қайтганларидан сўнг, кўҳна Бухорода кўплаб иштиёқли шогирд ва уламоларга ҳадис илмидан сабоқ бера бошладилар. Омма ичида улкан ҳурматни қозонган бўлсаларда, баъзи ҳасадгўй кимсаларга ғаразли туйғулар куртак оча бошлади.Бу кишилар хатти-ҳаракати билан имом Бухорийнинг ўша пайтдаги Бухоро амири бўлган Холид ибн Аҳмад билан муносабатлари бузилиб қолди. Бунга етарлича сабаблар ҳам бор эди: Сабаб шундан иборат эдики, амир ал-Бухорийни ҳузурига чақиртириб, “Саҳиҳ ал-Бухорий” ва “Ат-тарих” китобларини ўқиб беришини буюради. Лекин амирнинг бу талаби Бухорийга ёқмади ва шундай жавоб берадилар: “Мен илмни хор қилиб, уни ҳокимлар эшиги олдига олиб бормайман, кимга илм керак бўлса, ўзи изласин. Лекин Аллоҳ охират куни илмни яширмай уни табибларга сарф қилгани учун мени кечиради”, Бу воқеадан кейин амир имом Бухорийга шаҳарни тарк этишни буюради. Шундан кейин Бухорий Самарқандга борадилар.Ўша ерда бир оз муддат яшаб, шогирдларга таълим берадилар ва оғир касалликка чалиниб қоладилар. Фалакнинг энг оғир йўқотиши, қалбларни забт этгани туфайли йўқлиги кўз ёш ва оғир соғинчга сабаб бўлган буюк муҳаддис 60 ёшларида милодий 870 йил Аллоҳнинг раҳматига кетадилар.

Имом Бухорий ҳақида Яҳё ибн Жаъфар ибн Аъюн Бойқандий шундай дейди: “Агар ўз умримни Имом Бухорийнинг умрларига қўшиб, у кишининг ҳаётларини зиёда қилишга қодир бўлсайдим, албатта шундай қилар эдим. Зеро, менинг ўлимим бир инсоннинг вафоти, холос. Аммо у зоти шарифнинг вафот этиши илмнинг кетиши ва оламдан ўтишидир 2”.

Аслида имом Бухорий ҳақида қанча ёзишни истасак, денгиз сиёҳлари ҳам камлик қилади.

Зеро, бу зотни қабрларини зиёрат қилиш истагида ёнаётганлар анчагина. Фарғона, Навоий, Наманган каби шаҳарларни яхши танимасаларда, кўпгина чет эл кишилари ҳам бу зотнинг ҳурматларида кўҳна Бухоро ва Самарқанд шаҳарларини яхши билади. Кўпчилик уламолар бу зот ҳақларида улкан асарлар ёзишга киришаётган бир пайтда каминанинг икки оғиз сўзи денгиздан бир томчидир аслида. Имом Бухорийнинг илмий жасоратларини ва шуҳратлари у кишининг асарлари ва ҳадис илмига қўшган буюк ҳиссалари барчани илм йўлига киришга ва собит қолишга ундайди: Ваҳоланки, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз муборак ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар: “Менинг сўзимни эшитиб, уни англаб, ёд олиб, сўнг уни бошқаларга ўзи эшитгандек етказган кишини Аллоҳ ёрлақасин, юзини ёруғ қилсин” Аллоҳ таоло ваъдаларга хилоф қилгувчи зот эмас, шу сабабли ушбу ҳадиснинг ҳимояси ила бу муборак ишнинг бошида турган Ҳазрат имом Бухорий ва ёзган улкан илмий меросларини ҳамда бу манбаларни бизга етказганларни улкан ажрлар булоғига буркаб сийласин.

      Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

Аҳмад Муҳаммад Турсун. Соҳилсиз денгиз (Имом Бухорийнинг ҳаёт саҳифалари). Тошкент: Hilol-NASHR 2022.
“Имом Бухорий таърифи” (таржима ва изоҳлар муаллифи Саидазим Муҳаммад Али), Тошкент: Чўлпон 1996.
Имом ал-Бухорий. “Ал-жомеъ ус-саҳиҳ”, Т.2013, 8-жилди
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт” 1-жузъ, Т.2004
Иноятов А. Имом Бухорий ва тафсир илми // Ҳидоят. – Тошкент, 2020. – № 3. – Б. 76-80. (24.00.00; № 2)
Иноятов А. “Сияр аъламун нубало” асарида Имом Бухорий сийрати “Саҳиҳул Бухорий”нинг тафсир илмидаги аҳамияти // Imom Buxoriy saboqlari. – Самарқанд, 2021. – Махсус сон. – Б. 133-145. (24.00.00; № 13)
 Озода САТТОРОВА,
Бухоро шаҳар “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси

 

Check Also

САҲЛ ИБН АБДУЛЛОҲ ТУСТАРИЙ – БУЮК МУТАСАВВИФ ОЛИМ

Исломда тасаввуф илми Муҳаммад (а.с.) дан қабул қилиб олингани, тариқатда у кишининг «равишлари  ҳужжат» [5:29] …