ШАВҚИЙ КАТТАҚЎРҒОНИЙ

Маълумки, заминимиздан жуда кўплаб алломалар, муҳаддислар, фақиҳлар, шу билан бирга, ёзувчи ва шоирлар етишиб чиққан. Ана шундай адиб ва шоирлардан бири Шавқий Каттақўрғонийдир. У 1785 йили Каттақўрғон туманидаги Алижон қишлоғида таваллуд топган. Асл исми – Абулқосим ибн Муҳаммад Шариф.

Аллома дастлабки таълимни ўзи туғилиб ўсган қишлоғида олади. 1815 йили Бухоронинг Говкушон мадрасасида ўқийди. Ўқишни тугатганидан сўнг Каттақўрғонга қайтиб, умрининг охиригача Алижон қишлоғидаги мактабда ишлайди.

Шавқий нафақат ўзбекча балки тожик, араб тилларида ҳам ижод қилган. Лирик шеърларининг умумий ҳажми 3000 мисрага яқин бўлиб, асосий қисмини ғазаллар ташкил этади. Шавқий ижодида мухаммас, мусаддас, мусаббаъ, мусамман, муашшар, маснавий, рубоий, фард, қитъа, марсия, чистон каби жанрлар ҳам учрайди.

Шавқий айрим асарларида Алишер Навоий, Абдулқодир Бедил, Мавлоно Фузулий каби шоирларнинг номларини келтириб ўтган.

Бурноғи расолари замона

Гўстардилар эл аро нишона.

Бир неча китоб дебон Навоий,

Етказдилар ҳазинлара давое.

Андин сўнг ўтиб расо Фузулий,

Ашъори расоларинг қабули.

Форсий эл аро расоси чўхдур,

Бедил каби бир расоси йўхдур.

Демак, бу мисраларнинг муаллифи ҳам, унинг яқин сафдошлари ҳам, адабиётда Навоий, Фузулий, Бедил изидан бориб, етук асарлар ёзиш тўғрисида ўйлаган. Шу тариқа ўз замонасининг “ҳазинлари” дардига даво ахтариш муаммоларини ечиш тўғрисида қайғуриб, қалам тебратган.

Шавқий Каттақўрғоний Мирзо Абдулқодир Бедилни асарларини жуда яхши кўриб ўқиганини қуйидаги мисралар орқали баён қилиб, бундай дейди:

Бир неча китоб қолди андин,

Ҳар бириси онинг тотлу жондин.

Мен Шавқий анинг сўзин асири

Бел боғлу муҳибларнинг бири…

Шавқий ислом дини қонун қоидаларининг қисқа мажмуи — “Мухтасарул виқоя”га “Миръотул мухтасар” номли шарҳ ёзган. Тахминан 23 минг мисрадан иборат бу рисола, 26 фаслга бўлинади. Улар асар охирида арабча сўз ва истилоҳларнинг маъноларига изоҳ берувчи луғатни илова қилган.

Шунингдек, Шавқий араб тили грамматикасига оид “Рисолаи қофия Ё миръотун наҳв” асарини ёзган.

Шавқий қаламига мансуб девонларнинг нусхалари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида инв.№4634 рақам билан, Тожикистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида инв.№1899 рақам билан сақланмоқда.

Шавқий 1861 йили вафот этган ва Каттақўрғон тумани Абулқосим қишлоғидаги “Хўжа Абдураҳмон ота” қабристонига дафн қилинган. Мустақиллик йилларида бу ерда масжид қурилган. Маҳаллий аҳоли уни муқаддас қадамжо сифатида зиёрат қилади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

  1. Абдуллаев В.А. Ўзбек адабиёти тарихи, иккинчи китоб. – Т.: Ўқитувчи нашриёти, 1967.
  2. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” 9-китоб. – Т.: Давлат миллий нашриёти, 2005.
Бахтиёр ИБОТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

АБУЛҲАСАН АНДОҚИЙНИНГ ҲАЁТ ЙЎЛИ

Тарихдан маълумки, юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби тасаввуф йўналишида ҳам кўпгина алломалар етишиб чиққан. Шулардан …