Home / АЛЛОМАЛАР / Самарқанд зиёратгоҳлари туркумидан / СУҒДЛИК ФАҚИҲ – ИМОМ АЛИ СУҒДИЙ

СУҒДЛИК ФАҚИҲ – ИМОМ АЛИ СУҒДИЙ

Ислом фиқҳига оид китобларда Қорахонийлар даврида Самарқандда илмий фаолият олиб борган машҳур алломалардан бири Имом Али Суғдий (ваф. 461/1069) ҳақида маълумотлар мавжуд бўлиб, у салаф имомларнинг охиргиларидан бўлгани қайд этилади.

Шундай бўлса-да, Имом Али Суғдий номи кўпчиликка номаълум бўлиши табиий. Тарихий манба ва тадқиқотларда[1] у ҳақидаги маълумотлар тарқоқ ҳолда учрайди. Мақолада Имом Али Суғдийнинг ҳаёти ва илмий меросига оид маълумотлар манбалар асосида таҳлил қилинади.

Самарқанднинг Оқдарё ва Қорадарё оралиғидаги ерларини ушбу Ўрта асрларда Миёнкол деб, яна қадимроқда эса Суғд деб аташган. Темурийлар даврида у ўн тўрт[2] туманга бўлинган.

Кейинчалик Шовдор, Анҳор, Кўча Малик, Суғди Хурд (Кичик Суғд), Суғди Калон (Катта Суғд), Кабуд, Навбоғ, Ёряйлоқ, Анҳори жадид, Шероз, Алиобод, Соғарж, Шодмон ва Иштихон каби туманларга ажралган. Кумушкент мавзеи Суғди Хурд туманида жойлашган. Бу туман Нимсуғд (Ярим Суғд) деб ҳам аталган. XVI аср Шайбонийлар даврида туманнинг номи ўзгариб, Офаринкент бўлган.

Имом Али Суғдий қабри Самарқанд вилояти Оқдарё (Офаринкент) туманидаги Кумушкент (Самарқанд-Бухоро катта йўлининг бўйидаги қабристон)да жойлашган. Қабристон ўртасида даҳмасимон катта тепалик бўлиб, унинг ёнида масжид-хонақоҳ бўлган.

Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” ва Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарларида Кумушкентдаги Имом Али Суғдий ҳақида маълумотлар учрайди.

Олим шайх Азизоннинг “Ламаҳот мин нафаҳотул қудс” (“Муқаддас хушбўйликлардан лаҳзалар”) асарида келтирилишича эса, яссавия-жаҳрия тариқатининг уч йирик муршиди – Яминбобо, шайх Алишайх ва шайх Мавдуд вафот этгач, Кумушкент мавзеида жойлашган Имом Али Суғдий мозор-суфаларида дафн этилгани[3] қайд этилган.

Абу Тоҳирхожа “Самария” асарида: “Ҳазрати Имом Али Суғдий мозори Офаринкент туманига қарашли Кумушкент қишлоғида. У Ҳусайн ибн шайх Муҳаммад Суғдийнинг ўғлидир. Унинг замонасида Кумушкент қишлоғи Суғди Хурд, деб аталган. Айтишларича, Имом Али Суғдий Абу Ҳасан Кархий Бағдодийнинг шогирди бўлган. Илм таҳсилини Бағдодда олган. “Сияри кабир”га олий шарҳ ёзган. Бухорода қози бўлган. Ҳазрати Яминбобо, Мавдуд шайх, шайх Али муриди ва Яминбобонинг муриди шайх Али – бу учовининг қабри ҳам Ҳазрати Имом қабристонидадур. Бу уч азиз турк машойихларидан бўлиб, силсиласи Аҳмад Яссавийга уланган”[4], деб таъкидлаб ўтган.

“Самария”да Имом Али Суғдий Имом Кархийдан фиқҳ ўргангани, “Сияри кабир” (“Катта сийрат”) асарига олий шарҳ ёзгани таъкидланган. “Салоти Масъудий” асарининг форсча нусхасида Имом Аъзам, Имом Муҳаммад, Имом Мотуридий, Имом Марғиноний, Имом Рустуғфаний каби олимлардан ривоятлар келтирилган ва улар билан бир қаторда Қози Имом Али Суғдийнинг ҳам фиқҳий масалаларга оид фатволари қайд этилган.

“Мажмаул мақсуд” асарида Қози Имом рукнул ислом (ислом таянчи) Али Суғдийнинг “Фавоид” (“Мақсадлар”) китобидан фиқҳга оид иқтибослар олингани таъкидланган[5].

Алломанинг “Нутаф фил фатово” (“Фатволардан қатралар”) асари 1974 йилда Салоҳиддин Ноҳий[6], 1996 йилда Муҳаммад Набил Баҳсалий[7] таҳқиқи асосида нашр қилинган.

“Нутаф фил фатово” китоби мўътабар фатво манбаларидан ҳисобланади. Фатво услубида ёзилгани учун фиқҳий ҳукм келтирилганда, унинг шарҳи ва сабаблари айтилмаган. Умумий ва муфассал қоидаларни киритишда қисқа услубдан фойдаланилган. Буни асарнинг номидан ҳам англаш мумкин. Китоб мухтасар, қисқа иборалардан тузилган, фиқҳий матнларга ўхшаб кетадиган фатво тўпламидир. Муаллиф фиқҳий ҳукмларни келтиришда эҳтимолий ҳолатларни, муайян бир масаланинг турли кўринишларини эътиборга олган. Ўқувчи ва фатво қидирганлар осон тушуниши учун масалалар турлари ва тақсимотига алоҳида урғу берган. Фатволарни баён қилишда асосан Имом Абу Ҳанифа ва унинг шогирдлари Абу Юсуф, Муҳаммад Зуфар каби мазҳаб уламоларининг сўзларини келтирган. Ундан Имом Молик, Имом Шофеий ва Имом Аҳмаднинг фикрлари ҳам жой олган. Бу ҳолатда бирор фикр бошқасидан устун қўйилмаган. Китоб ибодатлар (таҳорат, намоз, закот, рўза, ҳаж), муомалот (савдо-сотиқ, ижара, шериклик), никоҳ, талоқ, қозининг одоблари ва фиқҳнинг бошқа бобларига тегишли эллик саккизта китоб (боб)дан иборат. Сув (12), таҳорат (34), таяммум (6), намоз (82), рўза (27), закот (49), ҳаж (40), никоҳ (101), талоқ (11), қози одоби (20), гувоҳлик (50) каби бобларда мингдан ортиқ мавзу бўйича ўн минглаб фатволар тасниф этилган.

“Шарҳул жомиул кабир ли Шайбоний фи фуруил фиқҳил ҳанафий” (“Ҳанафий фуруъ фиқҳи ҳақидаги Шайбонийнинг “Жомиул кабир” асарига шарҳ”) “Шарҳу китобил хисоф фи адабил қозий ала мазҳаб Аби Ҳанифа” (“Абу Ҳанифа мазҳабида қози одоблари жамланган китоб шарҳи”) каби асарларни тасниф этгани тадқиқотларда[8] аниқланган.

Имом Фахриддин Ҳусайн ибн Мансур Ўзжандий Фарғонийнинг “Фатвойи қозихон” асарида[9] Имом Али Суғдийдан бир неча иқтибослар келтириб ўтилган. Жумладан, гўдак ёшидаги болага тегишли ҳовлини ўзиники қилиб олса ёки вақф қилиб олса, шунча миқдорни тўлаши вожиб бўлиши ҳақида (216 бет); (мулкга омонат қолдирилган одам ўзининг ўрнига кичик болани қўйиб кетиши масаласида) ҳар бир ҳолатга жавобгар бўлмаслиги тўғрисида (268 бет); экинзорида бир ҳайвонни кўрса, мулкидан кетган нарса унга тўланмайди. Агар ҳайдаганидан сўнг бўлса, тўланиши ҳақида (368 бет); мулкидан (экинзоридан) чиқариши керак, ҳайдаб юбормаслиги лозим. Чиқарганидан сўнг ҳайдаб юборса, эгаллаб олган жавобгарга айланади. Эгасига қайтариш учун ҳайдаб юборса, йўлда қийналиб қолса ёки оёғи синиб қолса, жавобгар бўлиши тўғрисида (369 бет); агар ота ижара олса ёки етимдан васият қилувчи ижара олса, барча фақиҳлар жоизлигини айтгани (445 бет) каби фатволар жамланган.

Муҳаммад ибн Абдулвоҳид “Шарҳи фатҳул қодир”[10] китобининг “Никоҳ” бобида Имом Али Суғдийдан иқтибос олган.

Мазкур манбалардан маълум бўлишича, Имом Али Суғдий машҳур фақиҳ уламолардан бўлган ва унинг асаридан иқтибослар келтиришган.

“Фатовойи ҳиндия” китобида: “Рукнул ислом, шайхулислом Али Суғдий”[11], деб келтирилган. “Китоб эъломил ахйор мин фуқаҳойи мазоҳибун нўъмонил мухтор”да: “Қози имом Али ибн Ҳусайн Суғдий”[12], “Қози имом Абул Ҳасан Али Суғдий”[13], “шайхулислом Абул Ҳасан Суғдий”[14] ва “рукнул ислом”[15] деб қайд этилган. Юқорида номлари айтилган асарларга Имом Али Суғдийдан фиқҳий масалаларга оид фатволар киритилган.

“Ал-ансоб” китобида: “Қози Абул Ҳасан Али ибн Ҳусайн Суғдий гўзал мунозара қилувчи фозил имом эди. У 461/1069 йили Бухоро (ҳудудидаги Кумушкент – М.А.)да вафот этган”[16], деб ёзилган.

Имом Али Суғдийнинг устозлари силсиласига кўра: унинг устози ® Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Бухорий (370/981) ® Абу Муҳаммад Абдуллоҳ Субазмуний (872-952) ® Абу Ҳафс Сағир Бухорий (ваф. 877) ® Абу Ҳафс Кабир Бухорий (767-832) ® Имом Муҳаммад Шайбоний (ваф. 805) ® Имом Аъзам (Абу Ҳанифа) (699-767) ® Ҳаммод ибн Абу Сулаймон (ваф. 739) ® Иброҳим Нахфий ® Алқама ® Абдуллоҳ ибн Масъуд ® Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам. Шогридлари силсиласининг бир тармоғи: Имом Али Суғдийнинг шогирди ¬ шамсул аимма Ҳалвоний Мавлоно ¬ фахрул ислом Али Паздавий (483/1089) ¬ Ҳазрати Нажмиддин Умар Насафий (461/1069-537/1143) ¬ Бурҳонуддин Марғиноний (1123-1197).

Манбаларда қайд қилинганидек, рукнул ислом, шайхулислом каби унвонлар билан шарафланган Имом Абул Ҳасан Али ибн Ҳусайн Суғдий Бухоро қозиси лавозимида ҳам фаолият кўрсатган. Тадқиқот давомида унинг “Шарҳи сияри кабир”, “Фавоид” ва “Нутаф фил фатово”, “Шарҳул жомиул кабир ли Шайбоний фи фуруил фиқҳил ҳанафий”, “Шарҳ китобил хисоф фи адабил қозий ала мазҳаби Аби Ҳанифа” каби асарларни ёзгани ойдинлашди.

Силсилага кўра, Имом Али Суғдий дунёда машҳур алломаларнинг, яъни Имом Бурҳонуддин Марғиноний, Имом Насафий, Имом Али Паздавий ва Имом шамсул аимма Ҳалвонийнинг устозидир. Унинг силсиласи Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Бухорий, Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Имом Аъзам, Абдуллоҳ ибн Масъуд орқали Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга уланган.

Имом Али Суғдий зиёратгоҳида дафн этилган яссавия тариқати намояндалари Ямин бобо, Али шайх ва Мавдуд шайх ҳақидаги изланишлар давом этмоқда.

ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
[1] Brockelman C. Geschiсte der Arabischen litteratur. – Leiden: E.J.Brill, 1949. – P. 460; Каттаев К. Самарқанднома. – Т.: Mashhur press, 2017. – 308 б.
[2] Каттаев К. Самарқанд туманлари // Самарқанд газетаси. 1993 йил 18-25 май сони.
[3] Олим шайх Азизон. Ламаҳот мин нафаҳотул қудс // Каттаев К. таржимаси. – Т.: Qaqnus, 2020. – Б. 172.; Бу ҳақида яна қаранг: Носириддин Бухорий. Туҳфат уз-зойирин. Тошбосма. Бухоро. Тошбосма, форс тилида. 1328/1909. – Бухоро. – 144 б.
[4] Абу Тоҳирхожа. Самария // Мерос. – Т.: 1991 – Б. 57.
[5] Каттаев К. Самарқанднома. – Т.: Mashhur press, 2017. – 308 б.
[6] Шайхулислом қозиул қуззот Абул Ҳасан Али ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад Суғдий. Нутаф фил фатово // Таҳқиқчи: Салоҳиддин Ноҳий. – Байрут: Дорул фурқон, 1974. – 984 б.
[7] Шайхулислом қозиул қуззот Абул Ҳасан Али ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад Суғдий. Нутаф фил фатово // Таҳқиқчи: Муҳаммад Набил Баҳсалий. – Байрут, Лебанон: Дорул китабул илмия, 1996. – 552 б.
[8] Қобилов Н. Суғдий алломалар // http://old.bukhari.uz. 5 январ 2018 йил.
[9] Имом Фахриддин Ҳусайн ибн Мансур Қозихон Ўзжандий Фарғоний. Фатвойи қозихон // Таҳқиқчи: Салим Мустафо Бадрий. – Байрут, Лебанон: Дорул китабул илмия, 2009. 1-жуз. – 605 б.
[10] Муҳаммад ибн Абдулвоҳид. Шарҳ фатҳил қодир // Таҳқиқчи: Шайх Абдураззоқ Ғолиб Маҳдий. – Байрут, Лебанон: Дорул китабил илмия, 2009. – Б. 194, 277, 279.
[11] Шайх Низом ва ҳинд уламолари. Фатовойи ҳиндия // Таҳқиқчи: Абдулатиф Ҳасан Абдураҳмон. – Байрут-Лебанон: Дорул китабил илмия, 2015. – Б. 178, 274.
[12] Маҳмуд ибн Сулаймон Ҳанафий Румий Кафавий. Китоб эъломил ахйор мин фуқаҳойи мазоҳибун нўъмонул мухтор // Таҳқиқчи: Абдулатиф Ҳасан Абдураҳмон. – Байрут, Лебанон: Дорул китабил илмия, 2015. – Б. 476 (Бундан кейин – Кафавий).
[13] Кафавий. – Б. 474, 658.
[14] Кафавий. – Б. 546.
[15] Шу жойда: – Б. 483.
[16] Муҳаммад ибн Абдулкарим Самъоний. Ал-Ансоб (Насабнома) / Тарж.: Абдул Ғофир Раззоқ. Раҳимов К. – Бухоро: Бухоро, 2020. – 213 б.
Меҳрожиддин АМОНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-талқиқот маркази илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Check Also

ХОЖА ИСҲОҚИ ВАЛИЙ

Даҳбедий хожалар силсиласининг энг машҳур намояндаларидан бири Хожа Исҳоқи Валий бўлиб, ул зот Махдуми Аъзамнинг …