Home / АЛЛОМАЛАР / Самарқанд зиёратгоҳлари туркумидан / ШАЙХ ХУДОЙДОД ВАЛИЙ – ОШИҚЛАР САРДОРИ

ШАЙХ ХУДОЙДОД ВАЛИЙ – ОШИҚЛАР САРДОРИ

Субҳидам ҳар кимки Ҳаққа айлар роз,
Ҳақ Субҳон қутлуғ йўл айлар сарафроз.
Шайх Худойдод Валий

Мовароуннаҳр тасаввуф таълимотида яссавия тариқати муҳим ўрин тутади. Унинг маркази Туркистонда шаклланган бўлса, кейинчалик таълимот Тошкент, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Насаф, Ҳирот каби шаҳарлар бўйлаб тарқалди.

Яссавия тариқатининг тараққий этишида Самарқандда фаолият олиб борган тасаввуф алломалари алоҳида ўрин тутган. Манбаларда қайд этилишича, Самарқанд шаҳри, Кумушкент, Шероз (Жомбой) туманидаги Ғазира ва Алиобод (Пайариқ) ҳудудларида тариқат мактаблари вужудга келган. Ижтимоий-сиёсий, маънавий ва маданий ҳаётда, ҳатто бунёдкорлик ишларида тариқат вакилларининг муносиб ўрни тарихий манбаларда акс этган.

Самарқандда фаолият олиб борган яссавия тариқати вакили шайх Худойдод Валий бу минтақада мазкур таълимотнинг пешқадам намояндаларидан бўлган.

Ушбу етук мутасаввиф ва унинг илмий меросини ўрганиш борасида Н.Комилов, К.Каттаев, С.Раззоқов, Д.Салоҳий, С.Сайфуллоҳ, Н.Ҳасан, А.Қандаҳоров муваффақиятли тадқиқотлар ўтказган. Улар манбалар асосида аллома биографияси, илмий мероси, ижтимоий-сиёсий фаолиятига доир қимматли маълумотларни тақдим этган.

Худойдод Валийнинг исми Худойберди бўлиб, отаси Ортиқ шайхдир. У Хоразмдан дастлаб Бухорога, кейинроқ Миёнколнинг Карманасига яқин ҳудудга келиб, истиқомат қилган. 1461 йилда Ортиқ шайх хонадонида ўғил фарзанд дунёга келади. Чақалоққа Худойберди деб, исм қўйишади.

Дастлабки таълимни оиласида олган Худойберди ота-онасидан жуда ёш пайти жудо бўлади. Лекин қийинчиликлар билан бўлса-да, илм олишни давом эттиради. Мактаб таълимидан сўнг Самарқандга келиб, Жавзония мадрасасида шариат илмларидан сабоқ олади.

Худойбердининг талабалик йиллари ҳақида Олим шайхнинг “Ламаҳот” китобида бундай ёзилган: “Бир куни Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасасида толиби илмларнинг фалакиёт соҳасидаги мунозараларини ҳавас билан кузатдим. Уларни бир-бирига мухолиф топдим ва ўзим учун риёзатчилигим туфайли самовий сирларни кашф этдим”. Бунга кўра, сўфийлик тарбиясини олган шайх Худойдоднинг фалакиёт соҳасидаги мунозараларга қизиқиши ҳанузгача бизга тасаввуф аҳли бу илмга зид бўлиб келган, деган қарашларни қайта кўриб чиқишга чорлайди. “Ламаҳот”даги сатрлар Худойдоднинг Самарқанддаги талабалик йилларида Мирзо Улуғбек мадрасасида илоҳиёт илмидан дарс берилганини тасдиқлайди.

Илм ва риёзат билан юқори мартабаларга эришган Худойберди ўзига маънавий пир ахтариб, яссавия тариқатининг машҳур арбоби шайх Жамолиддин ҳузурига боради. Манбаларда қайд этилишича, шайх Жамолиддин ундан: “Исмингиз нима?” деб сўраганида, у: “Худойберди”, деб жавоб беради. Шунда шайх Жамолиддин: “Сизни менга Худо берди, энди исмингиз Худойдод бўлсин”[1], деган. Шу воқеадан сўнг Худойберди шайх Худойдод номи билан тасаввуф муршиди сифатида машҳур бўлади. Шунингдек, ҳавойи нафсдан парҳезда бўлган энг тақводор табақа намояндаларидан бири ўлароқ танилиб, сабр, қаноат ва риёзатда фано даражасига етади ҳамда “Валий” деган улуғ номга сазовор бўлади.

Шайх Худойдод Валий “Тариқат султони”, “ҳақиқат қиличи”, “қутблар қутби”, “замонасининг ягонаси”, “комиллар пешқадами”, “орифлар улуғи”, “шариат ва ҳақиқат илмларини жамловчи”[2] деб эътироф этилган.

Яссавия силсиласига кўра, шайх Худойдод Валийнинг устози шайх Жамолиддин, унинг устози Ходим шайх, унинг устози шайх Мавдуд, унинг устози шайх Али, унинг устози Ямин (Эламин) бобо, унинг устози Садр Ота, унинг устози Занги Ота, унинг устози Ҳаким Ота, унинг устози Султонул орифин Хожа Аҳмад Яссавийдир.

Аҳмад Яссавийга силсила икки тармоқ орқали етиб келган. Биринчи тармоқ: Яссавий устози Хожа Юсуф Ҳамадоний ® шайх Абу Али Фармадий ® шайх Абул Қосим Гургоний-Тусий ® Абул Ҳасан Ҳарақоний ® Боязид Бастомий ® Имом Жаъфари Содиқ (шу ердан яна бир тармоқ билан давом этган: ® Қосим ибн Муҳаммад ® Салмоний Форсий ® Абу Бакр Сиддиқ орқали Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етган) ® Имом Муҳаммад Боқир ® Имом Зайнулобидин ® Али ® Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Иккинчи тармоқ: силсила Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан халифа-ўринбосарларига, сўнг Имом Ҳасанга, кейин Шоҳ Абул Муҳсинга, сўнг Шоҳ Мусога, сўнг Довуд Муросга, сўнг Яҳё Зоҳидга, сўнг Саййид Абдуллоҳга, сўнг Мусо Чангийга, сўнг Муҳаммад Солиҳга, сўнг шайх Абдулқодир Гилонийга, сўнг Шаҳобиддин Суҳравардийга, сўнг Султон Хожа Аҳмад Яссавийга, сўнг Ҳаким Отага, сўнг 3анги Отага, сўнг Садр Отага, сўнг Ямин (Эламин) бобога, сўнг шайх Алига, сўнг шайх Мавдудга, сўнг Ходим шайхга, сўнг шайх Жамолиддинга[3], ундан шайх Худойдод Валийга етиб келган.

Шайх Худойдод Валий Самарқанд яссавия мактабининг ривожланишига ва силсиланинг Марказий Осиё бўйлаб ёйилишига катта ҳисса қўшган. Унинг тариқатдаги фаолияти сабаб XVI аср бошларида айнан Самарқанднинг Ғазира мавзеси яссавия тариқатининг марказига айланади. Унгача бу марказ Ҳиротда эди. Шайх Жамолиддин ушбу силсилани Самарқанддан Ҳиротга олиб кетган бўлса, шогирди шайх Худойдод Валий Ҳиротдан яна Самарқандга олиб келади.

Силсила тарихига назар ташласак, яссавия тариқати вужудга келиши ҳам айнан Самарқанд билан боғлиқ эканини кўрамиз. Тариқат асосчиси Аҳмад Яссавий тасаввуф сир-асрорларини устози Хожа Юсуф Ҳамадонийдан шу шаҳарда олади. Бу воқеа “Қандия” асарида батафсил баён қилинган. Хожа Юсуф Ҳамадоний Самарқандга ўн бир нафар шогирди – Абу Мусо Ходим, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Имом Яҳё Ғотфарий, Хожа Исҳоқ, Хожа Работ, Хожа Закариё, Хожа Одам Шовдарий, Хожа Муҳаммад Ҳаким Сарпулий Балхий, Хожа Муҳаммад Чилла, Хожа Қурайш, Бобо Сулаймон Орифи Туркий билан келган. Бу вақтда Абдулхолиқ Ғиждувоний 22-23 ёшларда бўлгани инобатга олинса, воқеа 1125-1126 йилларга тўғри келиши аёнлашади. Манбада айтилганидек, Хожа Юсуф Ҳамадоний Самарқандда 9 ой истиқомат қилган[4]. Шу вақтда Аҳмад Яссавий ҳам Самарқандда тасаввуф таълимоти, унинг мазмун-моҳияти, муршид ва мурид муносабатлари, зикр масаласи, тариқат одобларини қунт билан ўрганади ва кейинчалик яссавия тариқатига асос солади.

Абдулхолиқ Ғиждувоний тариқат таълимини Самарқандда олганини ҳисобга олсак, хуфия (хожагон) ва жаҳрия (яссавия) тариқатларининг вужудга келиши Самарқанд билан бевосита боғлиқ экани ойдинлашади. Албатта, бу мавзу алоҳида тадқиқот талаб қилади. Шу важдан юқоридаги маълумотлар билан чекланамиз.

Шу тариқа шайх Худойдод Валий Самарқандда фаолият кўрсатган Яссавия силсиласининг ўзигача бўлган пирлар занжирида бешинчи муршид бўлади. У ижтимоий-сиёсий ҳаётда ҳам катта мавқега[5] эга бўлган[6].

Самарқанднинг муҳим ўрнини шундан ҳам билиш мумкинки, яссавия таълимоти силсиланинг Ғазира мактабида тарбия топган Дарвеш шайх, Хожа Мавлоно Валий, Қанбар шайх, Бобо Тиркаш, Ориф Сўфи, Пирим шайх, Қосим шайх, Мўмин шайх, Тоҳир шайх, Олим шайх орқали Алиобод, Кармана, Бухоро, Туркистон, Ўтрор, Ҳирот ва Ҳиндистон ҳудудларигача етиб борган.

Шарафиддин Роқимий шайх Худойдод Валийнинг вафот тарихини абжад ҳисобида “зийнат ошиқо” сўзларидан ҳосил бўлишини айтади. Бу 939/1532 йилга тўғри келади. Ҳисоб-китоблар, алломанинг 1532 йил муҳаррам[7] ойида вафот этганини кўрсатади.

Шайх Худойдод Валийнинг шогирдларидан бири бўлган Дарвеш шайх (XV асрнинг охирларида Тошкентда таваллуд топган. Самарқандга келиб, шайх Худойдод Валий хонақоҳида таълим-тарбия олиб, яссавия силсиласи пешқадам сўфийларидан бир бўлиб камолга етади) устозини шу қадар ҳурмат қилганки, ўз уйидан шайх Худойдод Валийнинг ҳонақоҳигача бўлган йўл (Алиобод (ҳозирги Пайариқ тумани Айлавот маҳалласи)дан Ғазирагача бўлган йўл)ни тасаввуфона тарзда “Ошиқлар йўли” деб атаган. Устози хонақоҳида ҳовуз қаздириб[8], боғ барпо қилган[9].

Абу Тоҳирхожанинг маълумотига кўра, Абдулҳайхожа судур[10] 1232/1816 йилда[11] бобокалони шайх Худойдод Валий қабри тепасига хонақоҳ қурдирган. Кейинчалик ушбу авлод вакилларидан бири – Хожа Исматуллоҳ ҳам хонақоҳ, масжид, айвон қурдиргани[12] манбаларда таъкидланган.

Абдумаликхожа Ғазирагий (ваф. 1931 йил) ҳам шу авлод вакили саналади. У нақшбандия-мужаддидия-даҳбедия силсиласи намояндаларидан бўлган.

Алломанинг Солиҳ, Биби Солиҳа, Биби Ҳадия, Биби Маҳзуна исмли фарзандларидан тарқалган авлодлар бугунги кунда турли соҳаларда хизмат қилиб келмоқда.

Эламин бобо, Али шайх, Мавдуд шайх, Ходим шайх, шайх Худойдод Валий, Дарвеш шайх, Пирим шайх, Мўмин шайх, Тоҳир шайх, Олим шайх каби муршидлар Самарқандда фаолият кўрсатган яссавия силсиласининг улуғларидандир. Ушбу алломалар зиёратгоҳлари ҳозирги Оқдарё, Пайариқ, Пастдарғом ва Жомбой туманлари ҳудудларида жойлашган.

Бугунги кунда юртимизда зиёрат туризмининг янги йўналишлари шаклланаётганини инобатга олсак, айтиш мумкинки, яссавия тариқати пирларининг хоки абадий қўним топган қадамжолар маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун муқаддас зиёратгоҳларга, албатта бориб кўриш зарур бўлган маънавият масканларига айланишига шубҳа йўқ.

Фойдаланилган манба ва адабиётлар рўйхати
[1] Муҳаммад Олим шайх. Ламаҳот мин нафаҳотул қудс. Тарж. Каттаев К. – Т.: Qaqnus, 2020. – Б. 198.
[2] Саид Аълам Шарофиддин Роқимий. Тарихи томм. Қўлёзма, настаълиқ, форс тилида. Муаллиф шахсий кутубхонасида. 164а-б варақ.; Муҳаммад Олим шайх. Ламаҳот мин нафаҳотул қудс. Тарж. Каттаев К. – Т.: Qaqnus, 2020. – Б. 196
[3] Каттаев К. Шайх Худойдоди Вали тарихи. – Самарқанд: СамДУ нашриёти, 2015. – Б. 32.
[4] Абу Ҳафс Умар Нажмиддин Насафий Самарқандий. Ал-қанд фи тарихи Самарқанд (Қандия). Тарж. Каттаев К. – Т.: Qaqnus, 2020. – Б. 16-22.
[5] Қандаҳаров А. Бухоро хонлиги ва ва унда карманалик шайхлар фаолияти. – Т.: Tafakkur qanoti, 2018. – 203 б.; Кармананинг икки буюк алломаси. – Т.: Fan va texnologiya, 2016. – 76 б.
[6] Муҳаммад Олим шайх. Ламаҳот мин нафаҳотул қудс. Тарж. Каттаев К. – Т.: Qaqnus, 2020. – Б.289.
[7] Саид Аълам Шарофиддин Роқимий. Тарихи томм. Қўлёзма, настаълиқ, форс тилида. Муаллиф шахсий кутубхонасида. 165б-166а варақ.
[8] Муҳаммад Олим шайх. Ламаҳот мин нафаҳотул қудс. Тарж. Каттаев К. – Т.: Qaqnus, 2020. – Б: 99, 111.
[9] ҲасановН., Султонов Ў. Муҳаммад Олим Сиддиқий ва унинг “Ламъаҳот мин нафоҳотул қудс” асари ҳақида // Имом Бухорий сабоқлари журнали // 2006 йил 3-сон. – Б. 194-197.
[10] Абдулҳайхожа Самарқанд вилояти уламоларидан бири бўлиб, вилоят судури (судур – катта диний ва илмий мансаб бўлиб, унинг эга мадрасалар ва вақф мулкларини назорат қилган) даражасига етишган. 1256/1839 йилда вафот этган. У нақшбандия-мужаддидия-даҳбедия силсиласи муршиди Муҳаммад Амин Даҳбедийнинг шогирди ҳисобланади. Ўғиллари Абдуллоҳхожа, Абдухолиқхожа ва Абдунабихожадир. Қаранг: Баҳодиров И.А. Саййид Баҳодирхон ва Сафохўжа қишлоғи. – Т.: Nurfayz нашриёти, 2019. – Б. 330-331.
[11] Абу Тоҳирхожа. Самария. / Таҳрир ҳайъати. Б.Аҳмедов ва бошқ./ – Т.: Камалак, 1991. – Б. 59-60.
[12] Мавлоно Нуриддин Маҳжурий Самарқандий. Тазкираи олимони Самарқанд. Қўлёзма. Тожикча. Самарқанд Давлат музейи қўлёзмалар фонди инв № 5653/2. 62а варақ.
Меҳрожиддин АМОНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Check Also

АБУЛҲАСАН АНДОҚИЙНИНГ ҲАЁТ ЙЎЛИ

Тарихдан маълумки, юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби тасаввуф йўналишида ҳам кўпгина алломалар етишиб чиққан. Шулардан …