Home / АЛЛОМАЛАР / АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида “أَرْبِنْجَن” –“Арбинжон” шаклида келган[2].

Ўрта асрларда Самарқанд Суғдини Бухоро Суғдидан Арбинжон ва Кармана шаҳарларидан Буттамонгача бўлган ҳудуд ажратиб турган. Самарқанднинг Бухорога яқин ерларида Иштихон, Кушония, Дабусия ва Арбинжон жойлашган. Иштихон ва Кушония Қорадарёнинг шимолида, Дабусия ва Арбинжон жанубида бўлган.

Абулқосим ибн Ҳавқалнинг “Китобул масолик вал мамолик” (“Йўллар ва мамлакатлар ҳақидаги китоб”) асарида келтирилишича Карманадан Дабусиягача тўрт, Дабусиядан Арбинжонгача беш, Арбинжондан Зармонгача беш фарсаҳ масофа бўлган[3]. Ёзма манбаларда қайд этилишича, Арбинжон Дабусиядан каттароқ бўлган. 1158 йили Хоразмшоҳ Эл Арслоннинг Самарқандга юриши даврида вайрон этилган[4]. Ҳозирги кунда шаҳарнинг харобалари Нарпай тумани Қадим маҳалласи Ёвузгузар қишлоғи ҳудудида сақланиб қолган.

Арбинжон шаҳри мудофаа нуқтаи назардан ва иқтисодий жиҳатдан қулай ҳудудда жойлашган. Шаҳар: арк, оддий одамлар яшайдиган шаҳристон ва ҳунармандлар жойлашган работини ўз ичига олган. Атрофида Сакон, Санкабос, Санкадизак, Фурқон, Карзон каби бир неча қишлоқ унга тобе бўлган. Арбинжонда турли даврларда А.Ю.Якубовский, В.А.Шишкин, Т.Мирғиёсов, Г.А.Пугаченкова, Ю.Ф.Буряков ва О.М.Ростовцев каби тарихчи – археологлар томонидан архeологик тадқиқотлар ўтказилган. Қазишмалар чоғида Х асрнинг биринчи ярмига оид бир нeча олтин динор, кумуш ва мис тангалар топилган.

Арбинжонда деҳқончилик билан бирга тўқимачилик ҳам ривожланган бўлиб, “Рабинжони” навли газлама ишлаб чиқарилган. У пишиқлиги билан машҳур бўлган. Х асрда яшаб ўтган араб сайёҳи Масдусийнинг ёзишича, Арбинжон халқаро бозорда “Рабинжони” газламаси ва қизил матодан тикилган чакмонлари билан довруғ таратган.

Арбинжонда илм-фан ва маданият ривожланган бўлиб, унда ўзига хос ҳадис мактаблари шаклланган. Бунинг тасдиғи сифатида IX-XI асрларда Арбинжон шаҳри ва атрофидаги қишлоқлардан етишиб чиққан, тарихий манбаларда номлари зикр этилган ўнлаб ҳадис ровийларини келтириш мумкин.

Қуйида уларни қисқача тавсифлаб, таништириб ўтамиз.

Абу Бакр Аҳмад Арбинжоний (ваф. 315/927 й.)

Тўлиқ исми – Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мусо ибн Рижо ибн Ҳониш Арбинжоний. Ўз даврида ишончли ҳадис ровийси ва ҳанафий мазҳабининг таниқли фақиҳларидан ҳисобланган. Бошланғич таълимни отаси Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Мусо ибн Рижо ибн Ҳониш Карзонийдан олиб, ҳадисларни асосан ундан ривоят қилган. Аҳмад Арбинжоний Арбинжонда қозилик қилган. Ундан Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ва Абулаббос Идрис Арбинжоний каби ровийлар таълим олган ва ҳадис ривоят қилган.

Манбаларда Аҳмад Арбинжонийнинг вафоти борасида турлича маълумотлар мавжуд. Айрим манбаларда 315/927[5] йил деб келтирилган бўлса, баъзиларида 369/979 йил рабиъус соний (октябрь) ойида вафот этгани қайд этилган[6].

Абу Мусо Ҳорун Арбинжоний (X-аср)

Тўлиқ исми – Абу Мусо Ҳорун ибн Соҳиб Арбинжонийдир. Абдулкарим Самъонийнинг “Ансоб” асарида алломанинг шогирди Абулаббос Аъто Арбинжоний 369/979 йилда вафот этгани қайд этилган[7]. Шунга асосланиб, Абу Мусо Ҳорун Арбинжоний X асрда яшаб ўтган, деб хулоса қилиш мумкин.

Абу Мусо Арбинжоний Муҳаммад ибн Мусо Соҳиб Яҳё ибн Ақсом Қозийдан таълим олган ва ундан ҳадис ривоят қилган. Ўзи эса, Абулаббос Аъто ибн Аҳмад ибн Идрис Арбинжоний ва Абулҳасан Али ибн Умар ибн Муҳаммад Ҳарбий каби ровийларга устозлик қилган[8].

Абулаббос Аъто Арбинжоний (ваф. 369/979 й.)

Тўлиқ исми – Абулаббос Аъто ибн Аҳмад ибн Идрис Арбинжоний. Ўз даврида ишончли ҳадис ровийси ва ҳанафий мазҳабининг таниқли фақиҳларидан ҳисобланган. У ҳадис илмини устози Абу Мусо Ҳорун ибн Ҳожиб (Соҳиб) Арбинжонийдан ўрганган ва ундан ҳадис ривоят қилган. Ўзи эса, Абу Саъд Идрисийга устозлик қилган. Аллома Арбинжонда бир муддат қозилик қилган.

Манбаларда Аъто Арбинжоний 369/979 йил рабиъус соний (октябрь) ойида вафот этгани қайд қилинган[9].

Абу Муслим Омир Арбинжоний (ваф. 293/905-906 й.)

Тўлиқ исми – Абу Муслим Омир ибн Мукомил ибн Муҳаммад ибн Қутн ибн Усмон ибн Абдуллоҳ ибн Осим ибн Холид ибн Қурра ибн Мушриф Ҳамадоний Арбинжонийдир. Бобоси Муҳаммад ибн Қутн ўз замонасининг машҳур ҳадис ровийларидан бўлган. Шу боис Абу Муслим Арбинжоний кўпинча бобосидан эшитиб ўрганган ҳадисларни ривоят қилган. Кейинчалик Абу Салама Яҳё ибн Муғира Махзумий, Ҳошим ибн Қосим Ҳароний, Ҳорун ибн Мусо Фаробий, Салама ибн Шубайб каби устозлардан ҳадис тинглаган. Фозил инсон ва ишончли ровий ҳисобланган. Доим “Илмни ёзиш билан маҳкамланг” ҳадисига амал қилиб, эшитганларини ёзиб борган.

Абу Муслимдан Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳошим Заҳабий, Абдураҳмон ибн Фатҳ Сирож, Муҳаммад ибн Закариё ибн Ҳусайн Насафий каби алломалар ҳадис тинглаган ва ривоят қилган.

Манбаларда ёзилишича, аллома 293/905-906 йилда вафот этган[10].

Ваҳб ибн Жамил Арбинжоний

Алломанинг тўлиқ исми Ваҳб ибн Жамил ибн Фазл Арбинжонийдир. “Ансоб”да қайд этилишича ҳаж ибодатини адо қилиб, юртига қайтаётганда бир муддат Бағдод шаҳрида қолган ва Фазл ибн Аббос ибн Абдуллоҳ Балхийдан ҳадислар тинглаган. Кейинчалик устозларидан эшитган ҳадисларни одамларга ўргатиб юрган. Боғдодда ундан Абулҳасан ибн Жундий ҳадис эшитган ва ривоят қилган[11].

Абу Наср Аҳмад Арбинжоний

 Тўлиқ исми – Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Арбинжоний Суғдий. Ҳадисга оид таълимни Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Самарқандий, Абу Тавба Саийд ибн Ҳошим Кағозий ва Аҳмад ибн Айюб Базаший каби алломалардан олган, улардан ривоят қилган. Ўзи Абу Али Сайравонийга устозлик қилган[12].

Абу Саъд Муҳаммад Арбинжоний

Алломанинг тўлиқ исми Абу Саъд Муҳаммад ибн Ҳишом ибн Исҳоқ Арбинжонийдир. Унинг туғилган ёки вафот этган йиллари манбаларда қайд этилмаган. Аммо устози Муҳаммад ибн Салом Пойкандий 777-839 йилларда яшагани тўғрисида маълумот бор. Шунга асосланиб, Абу Мусо Ҳорун Арбинжоний IX асрда яшаб ўтган, деб айтиш мумкин.

Абу Саъд бошланғич таълимни Арбинжон алломаларидан олган. Кейинчалик Бухорога кетган. У ерда яшаб қолгани учун Бухорий нисбасини ҳам олган. Муҳаммад ибн Салом Пойкандий (777-839), Ҳасан ибн Ҳарб, Аҳмад ибн Абу Абдуллоҳ Таймий ва Фазл ибн Довуд каби ўз даврининг машҳур муҳаддисларидан таълим олган ва ҳадис ривоят қилган. ўзи Юсуф ибн Райҳоннинг устози бўлган[13].

Карзон қишлоғи

Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавийнинг “Мўъжамул булдон” асарида Карзон Самарқанд Суғдидаги Арбинжон шаҳрига ёндош қишлоқлардан бири бўлгани ва Коразни[14] деб аталгани қайд этилган. Ҳозирги номи Хўжакарзон. Ўрта асрларда бу ерда илм-фан, маданият, деҳқончилик яхши ривожланган. IX-X асрларда бир қанча ровий етишиб чиққан.

Абу Жаъфар Муҳаммад Карзоний (IX аср охири, IX аср боши)

Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Мусо ибн Рижо ибн Ҳониш Карзоний. Баъзи манбаларда Фурқоний[15] деб ҳам келтирилган[16]. Муҳаммад ибн Муҳаммад Ҳусайний Зобидийнинг “Тожул уърус мин жавоҳирил қомус” (“Қомус марваридларидаги келинлар тожи”) асарида унинг Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мусо ибн Рижо ибн Ҳониш Арбинжоний исмли ўғли 369/979 йил вафот этгани қайд қилинган[17]. Шунга асосланиб, Абу Жаъфар Муҳаммад Карзоний IX аср охири – IX аср бошида яшаб ўтган, десак, адашмаган бўламиз.

Муҳаммад Карзоний ҳадис илмида ўз замонасининг фозил кишиларидан бири бўлиб, фарзанду набиралари ҳам ҳадис ривоят қилган. Асосан Абу Мусъаб Аҳмад ибн Абу Бакр Зуҳрий, Яҳё ибн Махтум Қозий, Исҳоқ ибн Абу Исроил, Солиҳ ибн Мусмар Кушмиҳоний, Ҳаннод ибн Сарий, Муҳаммад ибн Башшор ва Ҳусайн ибн Ҳарис Марвазий каби таниқли алломалардан ҳадис тинглаган.

Ундан Муҳаммад Карзонийдан Аҳмад, Мутҳир исимли ўғллари ва набираси Абу Бакр Муҳаммад ибн ибн Аҳмад Карзоний ҳамда шогирди Абу Бакр Муҳаммад ибн Усома Муқрий Самарқандий таълим олган[18].

Абулҳасан Мутҳир Карзоний

Абулҳасан Мутҳир ибн Муҳаммад ибн Мусо ибн Рижо ибн Ҳониш Карзоний. Юқорида номи зикр қилинган Абу Жаъфар Муҳаммад Карзонийнинг кенжа ўғли. Дастлабки таълимни отасидан олган ва ундан ҳадис ривоят қилган. Ўзи эса жияни (акасининг ўғли) Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мусо Карзонийга устозлик қилган[19].

Абу Бакр Муҳаммад Карзоний (ваф. 370/980-981)

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мусо ибн Рижо ибн Ҳониш Карзоний. Асосан деҳқончилик билан шуғулланган. Ҳадис илмини отаси Аҳмад ибн Муҳаммад Карзоний ва бобоси Муҳаммад ибн Мусо Карзонийдан олган. Ундан Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Али Дабусий ва Абу Саъд Идрисий ҳадис тинглаган.

Абу Саъд Идрисий айтади: “Арбинжонга борганимизда, ундан ҳадис ёзиб олдик”[20].

Муҳаммад Карзоний 370/980-981 йилда Арбинжон қишлоғида вафот этган[21].

Санкабос қишлоғи

Арбинжон шаҳрига ёндош қишлоқлардан бири.

Абулҳасан Аҳмад Санкабосий (ваф. 406/1015)

Абулҳасан Аҳмад ибн Рабиъ ибн Шофеъ ибн Муҳаммад ибн Мўмин Санкабосий. Фарзанду набиралари ҳам ровий бўлган. Ҳадис илмини Омир ибн Шубайб, Аҳмад ибн Ҳумайд ибн Саид Санкабосий ва Абдусамад ибн Абдулазиз Насафий каби устозлардан ўрганган ва улардан ҳадислар ривоят қилган.

Ундан ўғли Али Санкабосий таълим олган. Манбаларда қайд этилишича Абулҳасан Аҳмад Санкабосий 406/1015 йили вафот этган[22].

Абулҳасан Али Санкабосий (ваф.452/1061)

Абулҳасан Али ибн Аҳмад ибн Робиъ ибн Шофеъ Санкабосий. Юқорида номи зикр этилган Абулҳасан Аҳмад Санкабосийнинг ўғли. Дастлабки таълимни отасидан олган. Кейинчалик Аҳмад ибн Ҳумайд Санкабосий[23] ва ҳофиз Абу Саид Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Астрабозийдан илм ўрганган ва ҳадис ривоят қилган.

Ўзи эса Абулқосим Абдуллоҳ ибн Умар Касий[24] ёки Кошоний[25] ва Абулҳасан Али ибн Усмон каби алломанинг устози бўлган.

Манбаларда қайд этилишича, Абулҳасан Аҳмад 452/1061 йили зулҳижжа ойининг 9 санасида (3 январь) Самарқандда вафот этган[26].

Абу Али Ҳасан Санкабосий

Абу Али Ҳасан ибн Али ибн Аҳмад ибн Робиъ ибн Шофеъ Санкабосий. Абулҳасан Али Санкабосийнинг ўғли. Аввал отасидан, кейин Муҳаммад ибн Наср Марвазий ва Иброҳим ибн Маъқил Насафий каби алломалардан таълим олиб, улардан ҳадислар ривоят қилган. Ундан Абу Муҳаммад Абдужаббор ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Ҳаворий Байҳақий ва Амр ибн Шубайб Санкабосий ҳадис ривоят қилган.

Ҳасан Санкабосийдан Арбинжоннинг ўша даврдаги ҳокими Абдулмалик ибн Каъб Санкабосий ҳам ҳадис тинглаган.

Абу Али Мазо Санкабосий

Абу Али Мазо ибн Ҳотам ибн Убайдуллоҳ ибн Заҳҳор ибн Таххор Санкабосий. Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Мўътийдан таълим олган ва аксар ҳадисларни ундан ривоят қилган. Ўзи фақиҳ Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Шоҳ Самарқандийнинг устози бўлган.

Фурқон қишлоғи

Арбинжонга қарашли ернинг ноҳиясида жойлашган. Манбаларда унинг “Фурфора” деб ҳам аталгани қайд этилган[27].

Сулаймон Фурқоний

Сулаймон ибн Муоз Суғдий Фурқоний. Алломанинг туғилган ёки вафот қилган йили манбаларда қайт этилмаган. Манбаларда унинг устози Абд ибн Ҳумайд Кешийнинг 786-863 йилларда яшагани қайд этилган. Сулаймон Фурқоний Имом Бухорий билан замондош бўлган десак, хато бўлмайди. Чунки “Жомиус саҳиҳ”да Абд ибн Ҳумайд Кешийдан ривоят қилинган бир неча ҳадис бор.

 Сулаймон Фурқоний ҳадисларнинг аксариятини Муҳаммад ибн Суҳайл ибн Воҳид Боҳилий ва Абд ибн Ҳумайд Кешийдан ривоят қилган. Ундан Абу Наср Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳожиб ва Наср ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Собиҳ Кошоний ҳадис илмидан таълим олган.[28].

Сакон қишлоғи

Арбинжон шаҳри яқинидаги қишлоқлардан бири бўлиб, Саккон деб ҳам аталган.

Абу Али Саконий

Ҳадисларни асосан устози Саид ибн Мансурдан ривоят қилган. Ўзи эса фақиҳ Иброҳим ибн Ҳамдавайҳ Иштихонийнинг устози бўлган[29].

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври бўлган. Ўша кезларда Самарқанднинг деярли ҳар гўшасидан алломалар етишиб чиққан. Улар дунё илм-фани тараққиётига беназир ҳисса қўшиб, тарих зарварақларидан муносиб ўрин эгаллаган.

Албатта, бу мухтасар мақола Ўрта асрларда Арбинжон ва унга ёндош ҳудудларда туғилиб ўсган барча алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини акс эттирмайди. Унда араб манбаларида қайд этилган баъзи маълумотлар келтирилди, холос. Шу боис Арбинжон, Карзон, Санкабос, Фурқон ва Сакон каби шаҳар ва қишлоқлар тарихи ва у ерлардан етишиб чиққан алломалар ҳаёти ва илмий ижодини ўрганиш бўйича кенг қамровли илмий изланишлар олиб бориш ҳали долзарб масала бўлиб қолаверади.

[1] Қаранг: Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж, 1. – Байрут, 1988. – Б. 104; Муҳаммад ибн Муҳаммад Ҳусайний Зобидий. Тожул уърус мин жавоҳирил қомус. Ж, 35. Дорул ҳидоя. – Б. 74.; Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё олимлари қомуси. –Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007. –Б. 20.
[2] Абулқосим ибн Ҳавқол. Китобул масолик вал мамолик. – Лайдан. 1873. –Б. 342.
[3] Абулқосим ибн Ҳавқол. Китобул масолик вал мамолик. Ж,1. – Б. 1.
[4] Нуриддин Бегалиев, Абдурайим Туробов. Самарқанд топонимияси. –Самарқанд. 2015. –Б. 27
[5] Муҳаммад ибн Муҳаммад Ҳусайний Зобидий. Тожул уърус мин жавоҳирил қому. Ж, 35. Дорул ҳидоя. – Б. 74.
[6] Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Мўъжамул булдон. Ж, 9. – Байрут, 1979. – Б. 302.; Абдуллоҳ Абдулҳамид Саъд. Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007. – Б. 21.
[7] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж, 1. – Байрут, 1988. – Б. 104.
[8] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж, 1. – Байрут, 1988. – Б. 105.
[9] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж, 1. – Байрут, 1988. – Б. 104.
[10] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж, 1. – Байрут, 1988. – Б. 104.
[11] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж, 1. – Байрут, 1988. – Б. 105.
[12] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж, 3. – Байрут, 1988. – Б. 44.
[13] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж, 3. – Байрут, 1988. – Б. 44.; Суюндик Мустафо Нуротоий. Хатирчилик табаррук сиймолар. – Т.: Муҳаррир. 2010. – Б. 25.
[14] Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Муъжамул булдон. Ж, 4. – Байрут, 1979. – Б. 428.
[15] Фурқон қишлоғи ҳам Арбинжонга қарашли қишлоқлардан биридир.
[16] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж, 4. – Байрут, 1988. – Б. 406.
[17] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж, 1. – Байрут, 1988. – Б. 104.
[18] Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Муъжамул булдон. Ж, 9. – Байрут, 1979. –Б.344.; Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж, 4. – Байрут, 1988. –Б. 406.
[19] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж, 11. – Байрут, 1988. –Б. 17.
[20] Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Муъжамул булдон. Ж, 4. – Байрут, 1979. –Б. 428.; Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж, 3. – Байрут, 1988. –Б.27.
[21] Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Муъжамул булдон. Ж, 9. – Байрут, 1979. –Б. 344.; Суюндик Мустафо Нуротоий. Хатирчилик табаррук сиймолар. – Т.: Муҳаррир. 2010. –Б. 31.
[22] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж, 3. – Байрут, 1988. –Б.322.; Муҳаммад ибн Муҳаммад Ҳусайний Зобидий. Тарихул уърус мин жавоҳирил қомус. Ж, 5. Дорул ҳидоя. –Б. 272.
[23] Муҳаммад ибн Муҳаммад Ҳусайний Зобидий. Тожул уърус мин жавоҳирил қому. Ж, 5. Дорул ҳидоя. –Б. 272
[24] Муҳаммад ибн Муҳаммад Ҳусайний Зобидий. Тожул уърус мин жавоҳирил қому. Ж, 35. Дорул ҳидоя. –Б. 25.
[25] Шамсиддин Заҳабий. Тарихул ислом вал вафаётул машоҳир вал аълом. Ж. 35. – Байрут. Лубнон. 1987. –Б. 61.
[26] Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Муъжамул булдон. Ж, 7. – Байрут, 1979. –Б. 25.; Муҳаммад ибн Муҳаммад Ҳусайний Зобидий. Тожул уърус мин жавоҳирил қому. Ж, 5. Дорул ҳидоя. –Б. 322.
[27] Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Муъжамул булдон. Ж, 4. – Байрут, 1979. –Б. 428.
[28] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж, 4. – Байрут, 1988. –Б. 406.
[29] Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Муъжамул булдон. Ж, 2. – Байрут, 1979. –Б. 461.
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

САҲЛ ИБН АБДУЛЛОҲ ТУСТАРИЙ – БУЮК МУТАСАВВИФ ОЛИМ

Исломда тасаввуф илми Муҳаммад (а.с.) дан қабул қилиб олингани, тариқатда у кишининг «равишлари  ҳужжат» [5:29] …