Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМШУНОСЛИКДА «МАЪРУЗА (МУҲОДАРА) ИЛМИ»НИНГ ШАКЛЛАНИШИ ВА РИВОЖЛАНИШИ

ИСЛОМШУНОСЛИКДА «МАЪРУЗА (МУҲОДАРА) ИЛМИ»НИНГ ШАКЛЛАНИШИ ВА РИВОЖЛАНИШИ

Кўпгина исломшунос ва тарихчи олимлар ислом тамаддунига ҳисса қўшган асарларнинг яратилишини иккинчи ҳижрий асрга, яъни Қуръони карим, Ҳадиси шариф ва улар билан боғлиқ илмларга бағишланган асарларни яратиш, шунингдек, чет тилида ёзилган илмий асарларни таржима қилиш билан боғлайди.

Ҳақиқат шуки, (илмий асарларни) ёзиш ва яратиш араб ёки форсларнинг устунлиги билан эмас, балки барчани илм олишга даъват қилган ва билимни илгари сурган янги ақида туфайли содир бўлди. Илмий асарларни ёзиш ва яратиш шу билимнинг самараси эди [1]. Илмий китоб ва асарларнинг илк кўриниши рисолалар шаклида яратилган. Машҳур ёзувчилар яратган турли илмий йўналишдаги илк рисолаларнинг сарасига қуйидагилар киритилган:

Расаилу-л-Жахиз (Жохиз рисолалари), Расаилу ибну-л-Аъмид (Ибн Амид рисолалари) (в. 970), Расаилу-с-Соҳиб ибн Аъббад (Соҳиб бин Аббад рисолалари) (в. 995), Расаил Аби Бакр ал-Харазмий (Абу Бакр Хоразмий рисолалари) (в. 993), Расаил Аби Фадл Бадиъу-з-Заман ал-Ҳамазаний (Абу Фазл Бадиуз Замон Ҳамазоний рисолалари) (в. 1007), Расаил ихвани Сафо (Сафо биродарлари рисолалари) ва бошқалар. Бу рисолалардан ташқари Жоҳилия даври араб шеъриятининг намуналари, мақол ва ҳикматли сўзларни ўзида жамлаган асарлар ҳам яратилди. Бу асарларнинг барчаси, “Маъруза (муҳодара) илми”нинг шаклланишига ёрдам берган илмий манбалар ҳисобланади.

“Маърузалар илми” нималигини ва унинг таърифини кўриб чиқсак. “Маърузалар илми” араб илмларининг муҳим йўналиши бўлиб, бу йўналишда кўплаб олимлар ижод қилиб, қимматли асарлар яратган.

Ўрта аср араб адабиёти дунё халқларининг адабиётидан ўзининг турли хиллиги ва серқирра жанрлари билан ажралиб туради. Унда Жоҳилия даврининг қасида ва «муаллақа»лари ва араб халифалиги даврида, яъни VIII-IX асрларда ривожланган юнон, форс ва сурёний тилидаги асарларнинг таржималари билан бойитилган маълумотларни кўришимиз мумкин.

“Маърузалар илми”(علم المحاضرات)га келсак, бу йўналиш наср ва шеър жанрида ёзилган адабий китоблар, шунингдек, араблар ва мусулмонлар эгаллаган барча илмлар бўйича ёзилган китобларни англатади. Ҳожи Халифа бу илмни шундай таърифлайди:

هو علم يحصل منه ملكة إيراد كلام للغير، مناسب للمقام، من جهة: معانيه الوضعية أو من جهة: تركيبه الخاص [2]

«Бу илм орқали бирор кишининг гапини зарур вазиятда ўзига хос услубда етказиш малакасига эга бўлинади».

Яна бир таърифда ал-Қанужий шундай дейди:

المحاضرات: استعمال كلام البلغاء أثناء الكلام في محل مناسب له على طريق الحكاية [3]   

«Маърузалар (илми) – Гап давомида балоғат илми олимларининг гапини вазиятга муносиб равишда ҳикоя усулида қўллаш».

Бу илм маъоний илмига жуда яқин, уларнинг орасидаги фарқ шундаки, “Маърузалар илми”да вазият тақозосига қараб, олим ва фозил кишиларнинг фикрларини тингловчига етказиш бўлса, Маъоний илмида эса сўзловчи тингловчига унинг ҳолати ва вазиятидан келиб чиқиб гапиришидир.

Бу илм араб илмларининг ичида муҳим ва жуда манфаатлидир. Унда Қуръони карим, ҳадис, шеър, мақол, фразеологик бирикмалар, араб ва ажам олимларининг муайян мавзулар бўйича фикрлари келтирилади. Ибн Хатиб бу илмнинг аҳамияти ҳақида шундай фикрни билдиради:

علم المحاضرات علم نافع في أنواع المحاورات، وهو علم عال من العلوم العربية، وفن فاخر من الفنون الأدبية، يحتاج إليه طوائف الأنام، ويرغب فيه العلماء العظام. [4]

«»Маърузалар илми» муҳовара (суҳбат) туридаги фойдали илмдир, у араб илми ичидаги юксак илм, адабиёт санъати ичидаги нафис санъатдир. Унга барча тоифадаги одамлар муҳтож бўлиб, буюк олимлар ҳам мурожаат қилган». Ибн Хатибнинг юқоридаги фикрича, бу илм араб илми ичида юқори ўрин эгаллаган. Илмлар таснифи йўналишида фаолият олиб борган олимлар бу илмни қуйидагича тасниф қилган.

Улар қуйидагилар:

  1. Луғат илми (лексикология);
  2. Сарф илми (морфология);
  3. Наҳв илми (грамматика);
  4. Маъоний илми;
  5. Баён илми;
  6. Бадиъ илми;
  7. Аруз илми;
  8. Қофия илми;
  9. Ёзув қоидалари илми;
  10. Ўқиш қоидалари илми;
  11. Рисола ва хутбалар ёзиш илми;
  12. Маърузалар илми, у тарих илмини ҳам қамраб олади [5].

Маърузалар илми”нинг ривожланиши. Жоҳиз «ал-Баян ва табйин», «ал-Бухала» ва “ал-Ҳайван» каби асарлари билан араб адабиётида етакчи олим ҳисобланса-да, “Маъруза илми”га тўлиқ мос келувчи «Уъйун ал-ахбар» асарини илк бор Ибн Қутайба (в. 889) ёзган. Бу асар мавзулари ва турли соҳаларни ёритгани билан “Маъруза илми”нинг шакллангани ва ривожланганини ўзида акс этди. Ибн Қутайбадан сўнг бу йўналишда яратилган асарларга талаб ва эҳтиёж юқори бўлди. Бу йўналишда яратилган машҳур асарлар қуйидагилар:

– Абу Амр Аҳмад бин Муҳаммад бин Абду Раббиҳ (в. 940)нинг «ал-Иъқду-л-фарид» асари;
– Абу Али ал-Муҳассин бин Али ат-Танухий (в. 994)нинг «Нишвару-л-муҳодара ва ахбару-л-музакара» асари;
– Абул Фараж ал-Муаъфий бин Закария ан-Наҳраваний ал-Жаририй (в. 1000)нинг «ал-Жалис-у-солиҳу-л-кофий ва-л-анису-н-носиҳу-ш-шофиъ» асари;
– Абу Саъд Мансур бин Хусайн ал-Аби (в. 1030)нинг «Насру-д-дур» асари;
– Абу Умар Юсуф бин Абдул-бир ан-Hамрий ал-Қуртубий (в. 1071)нинг «Баҳжату-л-мажалис ва анасу-л-мажалис ва шаҳзу-з-зиҳни ва-л-ҳажис» асари;
– ар-Роғиб ал-Исфаҳоний (в. 1109)нинг «Муҳадароту-л-удаба ва муҳаварату-ш-шуъаро ва-л-булоға» асари;
– Абу-л-Маъалий Баҳауддин Муҳаммад бин Ҳасан бин Муҳаммад бин Али бин Ҳамдун ал-Бағдодий (в. 1167)нинг «ат Тазкирату-л-ҳамдуния» асари.

“Маъруза илми”га оид асарларнинг муаллифлари ўз китобларини асар мазмунидан келиб чиқиб китоб, боб, фасл ва саёҳат каби бўлимларга тақсимлаган. Ибн Қутайба ўзининг асаридаги мавзуларни «китоб»га ажратиб, асар муқаддимасида шундай дейди: «Хабар ва шеърларни туркумларга ажратганимда, уларни йўналиши жиҳатидан бир-биридан фарқ қилиши ва боблари кўплигини кўрдим. Уларни «китоб»ларда жамладим… биринчи китоб: … Султон китоби… иккинчи китоб: Уруш китоби…ва ўнинчи китоб: Аёллар китоби» [6]. Шу йўналишда ёзилган яна бир машҳур асарлардан бири андалусиялик Абу Амр Аҳмад бин Муҳаммад бин Абду Раббиҳига тегишли. У ўз асарини қўйидаги тартибда шакллантирганини ёзади: «Мен бу китобни турли хил сўз марваридлари, тўғри ва тартибли қуймалари мавжудлиги учун «ал-Иъқд ал-Фарид» (Тенгсиз маржон) деб номладим. Мен уни йигирма бешта китобга ажратдим. Ҳар бир китоб икки қисмга бўлинган, жами эллик қисмдан иборат йигирма бешта китоб. Уларнинг ҳар бирига маржон жавоҳирлари номи берилган, биринчиси: Султон ҳақидаги маржон китоби, кейингиси урушлар ҳақидаги дур китоб, кейин сахийлик ва бахиллик ҳақидаги қимматли тош» [7]. Кўпгина муаллифлар ўз китобларини бобларга тақсимлаган. Булардан Ибн Абду-л-бир ўзининг «Баҳжату-л-мажалис» асарини бобларга тақсимлаб, 132 бобга ажратган.

Маҳмуд Замахшарий ҳам араб илмига оид бошқа асарлари билан бир қаторда араб илмининг яна бир муҳим йўналиши бўлмиш “Маърузалар илми” бўйича «Рабиъу-л-аброр ва нусусу-л-ахбор» асарини яратган. Бу асар унинг муқаддимасида келтирилган маълумотга кўра машҳур «ал-Кашшоф» асаридан кейин, яъни ҳижрий 528 йилда алломанинг Маккадалик даврида ёзилган. Аллома бу хусусида қуйидагича ёзади: «Бу китобни, «ал-Кашшоф»нинг ўқувчилари зеҳнига дам бериши, билим ва қобилиятларини фикрлашга ишлатиб, бундан толиққан дилларига ором бериши, зерикканларида ўқиб завқланишлари учун ёздим… Ундан Касир бин Абдураҳмоннинг Иззага ёзган ғазаллари ва Жамил бин Абдуллоҳнинг гўзал шеърларини ўқийсан. Яхши суҳбатдош хоҳласанг, ундан яхши суҳбатдош йўқ, янги хабар керак бўлса, ундан яхши хабарчи йўқ. Ҳузнга мойил бўлсанг кўз ёшингни шашқатор оқизар, шодон кулги керак бўлса, ундан ичак узди латифалар топасан» [8].

Бу асар таркибий жиҳатдан 98 бобдан, баъзи манбаларда ёзилишича 92 бобдан иборат (Кашфуз-зунун). Асар «Вақт, дунё ва охират ҳақидаги» боб билан бошланиб, “Ҳашоротлар, ер юзидаги бошқа ҳайвонлар ва улар билан боғлиқ нарсалар ҳақидаги” боб билан якунланади. Асардаги мавзулар тартиби алифбо тартибида тузилган. Асар дин, ахлоқ, география, наботот ва бошқа илмларни қамраб олган. Ҳар бир боб Қуръоннинг оятлари ва мавзуга оид ҳадислар, алломаларнинг фикрлари ва шоирларнинг шеърлари билан ёритилган.

Қуръони каримнинг ва ҳадисларнинг жамланиши тафсир, фиқҳ, сийрат, мантиқ, сарф, наҳв, балоғат ва бошқа ислом илмларини ривожланишига туртки бўлди. Бу эса ўз навбатида, юқорида зикр қилинган илмлар билан бирга юнон ва форс маданияти, жоҳилия даври шеърияти ва адабиётини жамлаган “Маърузалар илми”га асос бўлди. “Маърузалар илми”да яратилган манбаларни ўрганиш давомида улар турли диний ва дунёвий илмларни қамраб олганини кўрамиз. Асарларнинг бундай тузилиши, турли соҳадаги олим ва тадқиқотчиларга, хусусан, исломшунос олимларга ислом даври ва ундан олдинги даврдаги маълумотларни ўрганиш имконини беради.

Маҳмуд Замахшарийнинг «Рабиъу-л-аброр ва нусусу-л-ахбор» асари ҳам «Маърузалар илми»да ёзилган энг машҳур асарлардан бири бўлиб, исломшуносликдаги муҳим манба ҳисобланади.

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Маҳмуд Замахшарий. Муқадимату-л-адаб /Нашрга тайёрловчи З.Исломов-ТИУ. Т.:2002.
  2. .مناهج التأليف عند العلماء العرب، قسم الأدب. مصطفى الشكعة. دار العلم للملايين بيروت ، لبنان. ط ، 6 /أبريل 1991م ، ص 55.
  3. 2.كشف الظنون عن أسامي الكتب والفنون: مصطفى بن عبد الله المعروف بحاجي خليفة ، دار الفكر بيروت 1982 م2 ص. 1609
  4. .أبجد العلوم الوشي المرقوم في بيان أحوال العلوم: صديق بن حسن القنوجي، الناشر: دار الكتب العلمية- بيروت، 1978، تحقيق: عبد الجبار زكار م1 ص 501.
  5. روض الأخيار المنتخب من ربيع الأبرار: محمد بن قاسم بن يعقوب الأماسي المعروف بابن الخطيب، دار القلم العربي، ص12
  6. .الشيخ محمد بن عبد الباري الأهدل. «الكواكب الدرية على متممة الآجرومية»، ص 24. مؤسسة الكتب الثقافية ، بيروت 1990
  7. عيون الأخبار. أبو محمد عبد الله بن مسلم بن قتيبة الدينوري. دارالكتب العلمية -بيروت. 1418
.41/1 .هـ
  1. العقد الفريد. أحمد بن محمد بن عبد ربه الأندلسي. دار الكتب العلمية- بيروت 1983. 1م، ص7
  2. .ربيع الأبرار ونصوص الأخبار: محمود الزمخشري، م1، ص27

 

Баҳодир ПИРМУҲАМЕДОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар” кафедраси катта ўқитувчиси

Check Also

ОЯТЛАР БИЛАН ҲУКМ ҚИЛМАГАНЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИШ МАСАЛАСИДА УЛАМОЛАРНИНГ ҚАРАШЛАРИ

Ислом дини инсонларни илм, ҳамжиҳатлик ва аҳилликка чорлайди. Улар орасида жоҳиллик, фирқаланиш ва ўзаро келишмовчилик …