Home / АЛЛОМАЛАР / ШАЙХ ФАХРИДДИН ИРОҚИЙ ТАЪЛИМОТИ  ВА АЛИШЕР НАВОИЙ

ШАЙХ ФАХРИДДИН ИРОҚИЙ ТАЪЛИМОТИ  ВА АЛИШЕР НАВОИЙ

Улуғ аллома, тасаввуф олими ва ислом шоири Фахриддин Ироқий (1213-1289) Алишер Навоийнинг маънавий устозларидан бири саналади. Чунки Навоий бу улуғ зотнинг “Ламаъот” асарини катта иштиёқ билан мутолаа қилган. Бинобарин, Навоийнинг илтимоси билан Жомий томонидан ёзилган “Ашиъат ул-ламаъот” асари ҳам айнан Фахриддин Ироқийнинг “Ламаъот” номли рисоласига махсус шарҳдир: “…“Ашиъа” дурким, барқининг талолойидин хира кўзларга очиғлиқ ва улфат шамоили қудс гулшанидин руҳ димоғиға еткурур”. “Махдуми Нуран(Жомий) бу хоксор(Навоий) илтимоси била ул китоб шарҳида (“Ламаъот”) “Ашиъат”ни битдиларки, мутолаа қилиб маонидин файз олғайлар ва анинг анфоситин бу билимда билғайлар”.[1]

Чунончи, Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асаридаги Шайх Фахриддин Ироқийга бағишланган мақоласини “Ламоъат” соҳибидур”, деган таъкиддан бошлагани ҳам бежиз эмас. Негаки, ўрта асрларда бу китоб шайхнинг номи каби жуда машҳур бўлган. Ҳатто “Мажолис ун-нафоис”да ёзилишича, Бобур Қаландар номи билан танилган темурий мирзо Абулқосим Бобур сингари ҳукмдорлар ҳам ““Ламоъат” мутолааси билан машғул бўлишган.[2]

Соҳибдевон Шайх Фахриддин Ироқий катта шоир бўлган. Фахриддин Ироқийнинг шеърлари ҳам ўз даврида халқ орасида машҳур бўлган:

Дил шавқидан гул каби очилса ишқдир,

Зеҳнинг яна ишқ рамзини билса ишқдир.

Ўзингга ўзингни бегона қилса ишқдир,

Бошингдан унинг лутфи сочилса ишқдир.[3]

Навоий “Маҳбуб ул-қулуб”да ҳам шайхни “беназир ва ягона, миллат ва диннинг фахри бўлмиш Шайх Ироқийдирким, сўзларида маънолар, жумлаларида фикрлар порлаб турган асарлар эгасидир”,[4]деб таърифлаган.

Улки фано куйида боқий эди,
Фахри замон Шайхи Ироқий эди.
Кўнгли анинг махзани асрори ишқ,
Нутқи анинг абри гуҳарбори ишқ.
Ишқ ўтидин анга мухаммар сиришт,
Ишқ ҳуруфидин анга сарнавишт.
Лек бу ишқ ўтини даъво била,
Ёпиб эди пардаи тақво била.[5]

 Шайх болалигидан Қуръони Каримни ёд олган. У илоҳий китобни ўқиганда, ҳамшаҳарлари-ҳамадонликлар ҳайратга тушишган: “Кичик ёшида Қуръони ҳифзи қилиб эрди ва асру хую ўқур эрди…Барча Ҳамадон аҳли анинг шефтаси эди.”[6] 17 ёшидан бошлаб у Ҳамадон мадрасаларида дарс берган. Кейинчалик тариқат йўлини танлаб, сўфийлар сафига қўшилган. Мўлтон шаҳрига бориб, Шайх Баҳоуддин Закариё суҳбатига етишиб, унга мурид тушган: “Дерларки, чун Шайх ани хилватқа ўлтуртти ва онинг чилласидин бир важҳ ўтти. Анга важде (илоҳий жазава) етиштики, ҳоли муставли бўлди ва бу ғазални дедики,

Байт: Вақтики, қадаҳга шароб қўйдилар,

Аввало маст соқий кўзидан қарз олдилар.[7] 

 Шайх ушбу шеърни баланд овоз билан ўқир ва йиғлар эди. Бу ҳолни хонақоҳ аҳли кўриб, бу ҳолат “дарвешлар тариқининг хилофи топтиларки, Шайх тариқи хилватда зикру муроқаба иштиғолидин ўзга иш бўлмас эрди. Ани инкор суратида Шайх (Баҳоуддин Закариё) арзиға еткурдилар. Шайх дедики, сизларга булардин манъдур. Анга манъ йўқдур. Неча кун мундир ўтти, Шайхнинг муқаррибларидин бирининг гузари хароботқа тушти. Эшиттики, ул ғазални харобатийлар чангу чағона била ўқур эрдилар. Шайх деди: Не эшиттинг, адо қил! Бу ғазал адосида тафаҳҳусқа чун еттиким,

Байт: Ўз сирларини ўзлари фош этиб,

Ироқийни нега бадном қилдилар?[8]

Шундан сўнг Баҳоуддин Закариё Ироқийнинг манзили-Харобатга йўл олади. Ироқий ташқарига чиқиб, улуғ шайхнинг оёғига бошини қўяди. Шайх муборак қўли билан шогирдининг бошини тупроқдан кўтариб, хирқа кийгизади. Фахриддин Ироқий йигирма беш йил Шайх Закариёга хизмат қилади. Устози вафотидан сўнг уни ўз ўрнига халифа қилиб қолдиради. Бироқ, “риёйи  сўфилар Шайхнинг илтифотин бу мартабада анинг жониби кўрдилар. Ҳасад ирқлари ҳаракатга келиб, вақт подшоҳиға еткурдиларки, анинг аксар авқоти шеър била ўтар ва соҳибжамол йигитлар била суҳбат тутар. Анга шайх хилофати истиҳқоқи йўқдур. Чун шайх Ироқийға бу маълум бўлди. Ҳарамайни шарафайн (Ҳаж) сафари ихтиёр қилиб, ул давлатқа мушарраф бўлғондин сўнгра Рум сори тушти.”[9] Фахриддин Ироқий Макка зиёратига бориб, Бағдодда Шаҳобиддин Суҳравардий суҳбатидан баҳраманд бўлган. Кейин Румда Садриддин Қунавий ҳузурига борган ва у ерда эса “Ламоъат”  асарини ёзган: “Шайх Садриддин Қунавий суҳбатиға етиб, тарбиятлар топти ва жамеъки Шайх хизматида “Фусус” ўқийдур эрдилар, истимоъ қилдилар (тингладилар) ва анинг истимоъи асносида “Ламоъат” битиди ва Шайх назариға келтурди. Шайх писанд қилиб, қабул рақамин ул шариф рисолаға тортти.”[10] “Ламаъот” (“Шуълалар”) рисоласи Аҳмад Ғаззолийнинг “Ас-савонеҳ фи маоний ул-ишқ” (“Ишқ маънолари ва воқеалари”) ҳамда Муҳйиддин ибн Арабийнинг “Фусус ул-ҳикам” (“Ҳикматлар гавҳари”) асарлари таъсирида ёзилган, 28 ламъага бўлинган бу асарда ишқ жараёни ва ошиқ ҳолатининг муайян кўриниши акс этган. Абдулла Аъзам Е.Бертельснинг фикрига таяниб, “Фахриддин Ироқийнинг соф фалсафий асари “Ламаъот” Ибн ал-Арабийнинг “Фусус ул-ҳикам” рисоласининг назмдаги баёнидан иборат”,[11] деган.

Фахриддин Ироқий умрини охирида аввал Миср ва Шомга бориб, кейин Дамашқда муқим яшаб қолади.  

Навоий Абдураҳмон Жомий ҳузуридаги китобхонлик кечаларида “Ламоъат”ни катта эътибор билан ўқиб, ўрганган. “Хамсат ул-мутахаййирин”да ёзилишича, “ул вақтдаким, фақир (Навоий) алар (Жомий) хизматида суфия рамуз-у ишорат ва алфозу иборот истилоҳин ўткарур эрдим. Ҳазрати қутб ус-соликин Шайх Фахриддин Ироқий (қуддиса сирруҳу)нинг “Ламоъат”и орзуси хаёлга кўп эврулур эрди. Бир кун тақриб била бу маънини изҳор қилдим. Алар (Жомий) дедиларким: “Тариқат машойихининг форсий кутуб ва расоили оз мутолаа қилилибдур, аммо чун ҳавасинг бор, андоқ бўлсин”.

То улким, ул шариф китобни фақирға (Навоийга) сабақ айтурға муртакиб (киришдилар)  бўлдилар, ҳар кун сабақда хушҳол бўлиб таъриф қилурлар эрдиким, ҳазрат мусаннаф “Бар сунани “Савониҳ” ба забони вақт имо рафт” дебтурлар. Биз “Савониҳ” (Аҳмад Ғаззолий асари) мутолаасида дағи мунча хушҳол бўлмайдур, эрдукки, мунда деб айтурлар эрди.

Бир неча сабақдин сўнгра сўз мушкулроқ бўлиб, шуруҳға (шарҳга) эҳтиёж изҳори қилдилар ва Шайх Ёрали шарҳин ва яна баъзи шуруҳни муборак назарлариға қўйиб, ул сабақни айтурлар эрди, то улким, кўп мавозиъда(ўринда) шориҳларға таънлар қила бошладиларким, “бу сўзнинг ва ул сўзнинг аросида кўп фарқ бор. Ҳамоноки, маънисиға етмай шарҳ битибтурлар” ва бу сўз такрор топқондин сўнгра фақир арз қилдимким: “Мундоқ нафис ва мушкул китобдин фақире баҳра топай деса ва шарҳ бу шарҳлар бўлса, оё, не чора қилғай? Магар ҳам ҳазрати Махдум (Жомий) шафқат юзидин толибларға бу мушкулни осон қилғайлар”.

Андин сўнгра алар(Жомий) “Ашиъат ул-ламаот”ки бу тоифа кутуб ва расоили аросида маълум эмаски, ҳаргиз андоқ шарҳ қаламға келмиш бўлғай – бунёд қилдилар”.[12]

Асарнинг тили оғир, услуби мураккаб, рамзларга бой бўлгани учун Навоий ушбу рисола мазмун-моҳиятини унга ёзилган шарҳлар орқали тушунишга ҳаракат қилган. Айниқса, Жомий томонидан ёзилган шарҳ – “Ашиъат ул-ламаъот” (“Ёрқин шуълалар”) орқали “Ламоъат” сир-синоатлари ва яширин маъно қатламлари очила бошлаган:“…Ҳазрати шайх ул-машойих Фахр ул-миллати вад-дин Ироқийнинг “Ламаот”идурким, Ҳазрати Маҳдум(Жомий) ул китобни бу фақир(Навоий)ға сабақ айтурда айтур эрдиларким, “Бу китобни нодон ва беандом таврлиғ (қўпол хулқли) ва ноҳамвор (номувофиқ) равишлиқ элнинг кўпроқ машғуллуқ қилғони хавос (хослар) аҳлида бадном қилғон эрмишким, баъзи ўқимас эрмишлар. Бу жиҳатдин бу китобнинг хўблиқлари яшурун қолғон эрмиш”. Асру изҳор хушҳоллиқ ва сурур қилурлар эрди, шарҳ битмагига дағи бу боис бўлди. Ва ул шарҳнинг фиҳристини бу рубоий била ибтидо қилиб турарларким:

Рубоий: “Доимий карам ва доимий саховат каби

Агар қадимийлик сиррининг нури бўлган “Ламаот” бўлмаганда эди, Ёмонлик зулматларидан ким бизни чиқариб олардию,

Ким бизни қадамлар тойилишидан қутқарарди?!”

Ва ул шарҳни битирда “Фусус” ва “Футуҳот” ва “Нусус” ва “Фукук” ва аксар қавм(тасаввуф алломалари)нинг умда кутуби муборак назарларида эрди, агарчи ҳеч қайсиға боқғали эҳтиёжлари йўқ эрди. То улким, бу шарҳ била “Ламаот”ни алар қошида фақир(Навоий) тугаттим, бировки ул китобни ўқуса, фақир бу варақда битилган сўзлардин нишонлиғ сўзлар топар ва мундоқ давлатға абнойи замондин оз киши, балки ҳеч киши мушарраф бўлмайдир”.[13]

М.Имомназаровнинг ёзишича, “Навоий Ибн ал-Арабий (1165-1240) ирфонини Ироқий талқинида (“Ламаъот” асари асосида) Жомий ёрдами билан чуқур ўзлаштиргач, кейин қушлар тилида («Лисон ут-тайр») достон ёзишга киришди. Шу сабабли айтиш мумкинки, Алишер Навоий асари зоҳиран, Аттор асарига таянган бўлса, ботанан, мазмун-моҳиятига кўра, Ироқий қарашларини ривожлантирган.

Е. Э. Бертельс 1941 йилда “Навоий дунёқарашига доир” деб номланган мақола ёзиб, унда шоир ижодига Ибн ал-Арабий ва Фахриддин Ироқийлар таъсирини алоҳида таъкид этган ва бу масалани жиддий ўрганишга чақирган эди. Аммо ҳанузгача на навоийшунослар, на жомийшунослар ушбу муҳим муаммога эътибор бергани йўқ.”[14]

Албатта, “Асл сўфийлар инсонларни “мажоз”га (суратга) маҳлиё бўлмай, Ҳақиқатни қидиришга, “маъно”га интилишга чақирадилар. Ҳаққа етишган инсон – Комил инсон, Орифдир. Аммо XIII асрга келиб Авҳадиддин Кирмоний (вафоти 1298 йил), Фахриддин Ироқий каби сўфийлар ижодида муаммонинг идроки теранлашди. Ибн ал-Арабий ғоялари таъсирида “Ламаъот” асарини ёзган Ироқий “ҳақиқат” ва “мажоз” нисбатини денгиз ва тузга қиёс этади. Туз денгиз суви таркибида бўлгани учун бу сувнинг ҳар қатрасида ҳам туз таъми бордир. Алишер Навоий Жомий раҳбарлигида Ироқий ирфонини махсус ўргангач, у Амир Хусрав (Деҳлавий) ва Ҳофиз (Шерозий)лар изидан бориб, “мажоз”да “Ҳақиқат асрори”ни (сирларини) кўради.”[15]

Мухтасар айтганда, Фахриддин Ироқийнинг “Ламоъат” асари Алишер Навоийга тасаввуф илмини теран англашига хизмат қилган. Асар ғоялари буюк шоир дунёқарашини бойитиб, асарларида акс этган, дейиш мумкин.

[1]  Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. ТАТ. Ўнинчи жилд.Т.:Ғ.Ғулом номидаги НМИУ,2012.-Б.472.
[2] Алишер Навоий. Мажолисун-нафоис. Асарлар. Ўн юеш томлик. Ўн иккинчи том. Т.: Ғ.Ғулом номидаги БАН,1966.-Б.171-172.
[3] Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар. Таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э.Очилов. Т.: Ўзбекистон, 2009.-Б.195.
[4] Алишер Навоий. Маҳбуб ул-қулуб.Т.:Янги аср авлоди-2019.77-б.
[5] Алишер Навоий. Ҳайратул-аброр. Хамса. МАТ. Еттинчи том. Т.: Фан, 1991.-Б.198.
[6] Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. ТАТ. Ўнинчи жилд.Т.:Ғ.Ғулом номидаги НМИУ,2012.-Б.471.
[7] Кўрсатилган асар.-Б.471.
[8] Кўрсатилган асар.-Б.471-472.
[9] Кўрсатилган асар.-Б.472.
[10] Кўрсатилган асар.-Б.472.
[11] Абдулла Аъзам. Аброрлар ҳайрати// Жаҳон адабиёти. Тошкент. 2021 йил, июль.–№6 (289) сон. -Б.4.
[12] Алишер Навоий. Хамсат ул-мутаҳаййирин. ТАТ. Ўн жилдлик. Бешинчи жилд. Т.: Ғ,ғулом номидаги НМИУ, 2012.-Б.773.
[13] Кўрсатилган асар.-Б.773-774.
[14] Имомназаров М. Миллий маънавиятимизнинг такомил босқичлари. Т: “Шарқ” НМАК БТ-1996.107-б.
[15] Кўрсатилган асар.112-113-б.
Шерхон ҚОРАЕВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори,
СамДУ тадқиқотчиси

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …