Home / АЛЛОМАЛАР / XIV АСРДА САМАРҚАНДГА ОЛИБ КЕЛИНГАН УЛАМО

XIV АСРДА САМАРҚАНДГА ОЛИБ КЕЛИНГАН УЛАМО

Темурийлар даврида илм-фан соҳалари қайта жонлана бошлаганини кузатишимиз мумкин. Чунки, бу даврда кўплаб соҳалар ривожлангани каби исломий илмлар соҳаси ҳам ривожланган. Амир Темур қайси диёрга борса, ўша жойнинг машҳур олимларини, ҳунармандларини Самарқандга олиб келган. Қуйида ўзга юртлардан пойтахт Самарқандга олиб келинган йирик уламо ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Амир Темур даврида Самарқандда яшаб, фаолият кўрсатган олимлардан бири Саййид Шариф Журжонийдир. У кишининг ҳаёт йўли ва илмий фаолиятини ўрганиш ҳар бир шахс учун фойдадан холи бўлмаслигига шубҳа йўқ.

Амир Темур даврида Самарқандда яшаб, илмий ҳаракатда иштирок этган ва бутун дунёга донғи кетган алломалардан яна бири Саййид Шариф Журжонийдир.

Бу улуғ зотнинг тўлиқ исми Имом Фозил Аллома Саййид Шариф Абулҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Али Журжоний Ҳусайнийдир.[1] Исмдан кўриниб турибдики, бу кишининг насаблари имом Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳуга етиб боради.

Саййид Шариф Журжоний Журжоннинг Астробод вилоятига қарашли Току шаҳрида ҳижрий 140 сана, шаъбон ойининг 24-куни (милодий 1340 сана, март ойининг 2-куни) таваллуд топган. Саййид Шариф Журжоний Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сулолаларидан бўлиб, у киши билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ораларида ўн учта ота бордир. У киши ҳижрий 287, милодий 900 йили вафот этган имом Муҳаммад ибн Зайд Доъий раҳматуллоҳи алайҳининг авлодидандир.

Саййид Шариф Журжоний бошланғич илмларни ўзи туғилган ватанида олди. Сўнгра тахминан ҳижрий 762 санада илм талаб этиш ниятида Ҳиротга сафар қилди. У кишининг бу сафардан кўзлаган нияти машҳур олим Қутбиддин Розий Таҳтонийга шогирд тушиб, у зотнинг мантиқ илми бўйича ёзган «Шарҳуш шамсия» ва «Шарҳул Матолеъ» номли китобларини ўзидан таълим олиб, ўқиш эди. Маълум муддатдан сўнг шайх Қутбиддин Розий Таҳтоний Саййид Шариф Журжонийга ёши улғайиб қолганини баҳона қилиб, узр айтди ва Мисрга бориб, ўзининг мантиқ илмида кўзга кўринган шогирди Муборакшоҳдан дарс олишни тавсия қилди.

Саййид Шариф Журжоний шайх Қутбиддин Розий Таҳтоний раҳматуллоҳи алайҳининг тавсиясига амал қилиб, илм илинжида Миср томон равона бўлди. У киши бу сафари давомида Онадўли диёридан ҳам ўтди. Ўша ерда ўзи шуҳратини яхши билган ва у ҳақида одамларнинг мақтовини эшитган машҳур олим шайх Жамолиддин Оқсароийдан илм олмоқчи бўлди. Одамлар шайх Жамолиддин Оқсароийни китоб ёзишдан кўра дарс беришга уста, деб мақташган эди. Саййид Шариф Журжоний Оқсаройга бориб, шайх Жамолиддин Оқсароий раҳматуллоҳи алайҳининг вафот этганидан хабар топди.

Сўнгра Саййид Шариф Журжоний шайх Жамолиддин Оқсаройнинг шогирди Мулла Фанорий билан бирга Миср томон юришини давом эттирди. У киши сафар машаққатларини чекиб, охири ўзи кўзлаган Миср диёрига етиб борди.[2]

Саййид Шариф Журжоний Мисрда ўн йилча яшаб, катта олимлардан дарс олди. У киши ақлий илмларни асосан шайх Муборакшоҳ раҳматуллоҳи алайҳидан ўрганди. Нақлий илмларни эса Акмалиддин Бобaртий раҳматуллоҳи алайҳидан таълим олди.

Саййид Шариф Абулҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Али Журжоний Ҳусайний раҳматуллоҳи алайҳининг ўша даврда талабаликдаги шериклари ичида шайх Бадриддин Симовий, шоир Аҳмадий ва Тоййиб Ҳожи Пошша каби кейин машҳур бўлган зотлар ҳам бор эди.[3]

Саййид Шариф Журжоний Мисрда турган пайтида катта олим бўлиб етишди ва китоб ёзиш ишларини ҳам бошлаб юборди. У кишининг ҳаёти ва илмий фаолиятини яхшилаб ўрганган тарихчиларнинг таъкидлашларича, Саййид Шариф Журжоний ўша пайтда Қутбиддин Розийнинг «Шарҳу Матолиъ ал-анвор» китобига ҳошия ёзган.

Саййид Шариф Журжоний Мисрда илм олишни тугаллаганидан кейин ўша замонда усмонийлар давлатининг маркази бўлмиш Бурса шаҳри орқали ўз она ватанига қайтди.

Бу ерда Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи у зотни ўша ернинг подшоҳи Шоҳ Шужоъга таништирди. Подшоҳ Саййид Шариф Журжонийни «Доруш шифо» мадрасасига мударрис қилиб тайинлади. У зот ушбу даргоҳда ўн йил давомида дарс берди, фатво билан машғул бўлди ва китоблар ёзди. Аста-секин Саййид Шариф Журжонийнинг шуҳрати атрофга тарқалди. У киши айниқса ақлий илмларнинг алломаси сифатида кенг доирада машҳур бўлди.

Ҳижрий 789, милодий 1378 санада Шерозни забт этган Амир Темур Кўрагоний Саййид Шариф Журжонийни ўзи билан Самарқандга олиб кетди.[4] Амир Темур Саййид Шариф Журжонийни мударрисларнинг бошлиғи мансабига қўйди.[5] Самарқандда ўтган ўн саккиз йиллик давр у зотнинг буюк ҳаётларининг энг самарали йиллари бўлди, десак муболаға қилмаган бўламиз. У киши ўзининг кўплаб асарларини айнан Самарқандда ёзди. Кўпчиликка турли илмлардан дарслар бериб, машҳур шогирдларини тарбиялаб етиштирди. Ўша вақтнинг Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи каби машҳур алломалари билан турли илмий мунозаралар, баҳслар ва сўзлашувлар ўтказди.

Амир Темур Кўрагоний Саййид Шариф Журжонийни олимлиги учун ниҳоятда ҳурмат қилар эди. Олимларнинг ичида саййид ва шарифлардан – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насабларидан бўлганлиги учун, яна алоҳида эъзозлар эди. Шунингдек, уламолар орасида ҳам Саййид Шариф Журжонийнинг эътиборлари юқори эди.

Саййид Шариф Абулҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Али Журжоний Ҳусайний раҳматуллоҳи алайҳи Самарқандда Хожа Алоуддин Аттор Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи билан танишиб, бирга бўлдилар. У киши Хожа Баҳоуддин Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳининг халифаларидан эдилар. У киши билан танишув Саййид Шариф Журжонийда тасаввуфга алоҳида аҳамият билан қараш ҳиссини уйғотди ва нақшбандия тариқатига мансуб бўлди.

Саййид Шариф Журжоний Самарқандда нақшбандия тариқатининг яна бир улкан намояндаси Мавлоно Низомиддин Хомуш раҳматуллоҳи алайҳи билан дўст бўлди ва у кишининг тасаввуф мажлисларида фаол иштирок этди.

Ҳижрий 807, милодий 1405 йили Амир Темур вафот этди. Сўнгра Саййид Шариф Журжоний ўз она ватани Шерозга қайтиб кетди ва умрининг охиригача илмий фаолиятини давом эттирди.

Саййид Шариф Журжоний Шерозда ҳижрий 816 санада, робийъус соний ойининг олтинчисида (м.1413 йил, 14 июль) чоршанба куни вафот этди.[6]

[1] Саҳовий. «ад-Дав ал-Лами ли-Аҳли ал-Қорни ат-Тосий». Дор мактабатул ҳайат, Байрут. –Б. V, 328-30; Садриддин Кумуш. «Саййид Шариф Журжоний». Истанбул, 1984. –Б. 94-112, 129-171; Садриддин Кумуш. «Саййид Шариф Журжоний». Туркия диёнат вақфи ислом энциклопедияси. –Б. VIII, 135-136; Журжонийнинг Ислом оламидаги ўрни ва асарлари ҳақида яна ҳам батафсилроқ маълумот олиш учун Мукаррам Ҳалилнинг мақолалар тўпламга мурожаат қилишингиз мумкин: Мукаррам Ҳалил. «Ижозатномалар ва Саййид Шариф Журжоний». Тарихдан садолар. I/8- 9 (1943). -Б. 9-10; «Саййид Шариф Журжоний II». II/15 (1944). –Б. 9-11; «Саййид Шариф Журжоний III». II/19 (1944). –Б. 1-4; «Саййид Шариф Журжоний IV». II/22-23 (1944). –Б. 1-5.
[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Самарқанднинг сара уламолари». –Тошкент, «Ҳилол Нашр» 2014. –Б. 53. 
[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Самарқанднинг сара уламолари». –Тошкент, «Ҳилол Нашр» 2014. –Б. 54.
[4] Шарофиддин Али Яздий. «Зафарнома». Теҳрон. –Б. I, 320; Ҳофиз Абру. «Зубдат ат-таворихи Бойсунғурий» ншр. Саййид Камол Саййид Жаводий. Теҳрон, 1372 ҳ. –Б. II, 669; Абдураззоқ Самарқандий. «Матлаъи саъдайн ва мажмаъи бахрайн». Теҳрон, 1372 ҳ. –Б. I/2, 598; Ҳофиз Абру. «Зубдат ат-таворихи Бойсунғурий» ншр. Саййид Камол Саййид Жаводий. Теҳрон, 1372 ҳ. –Б. III, 547; Садриддин Кумуш. «Саййид Шариф Журжоний». Истанбул, 1984. –Б. 135; А.С.Триттон. «Журжоний». –Б.  II, 603. 
[5] «ал-Фавоидул Баҳиййа фи тарожим ал-Ҳанафиййа». –Б. 128; Мукаррам Ҳалил.  «Журжоний II». –Б. 10; Садриддин Кумуш. «Саййид Шариф Журжоний». –Б. 91.
[6] Ҳондамир. «Ҳабиб ас-сияр фи аҳбори афроди башар». ншр. Муҳаммад Дабир Сиёқий, Теҳрон, 1333 ҳ.  –Б. III, 547; Мукаррам Ҳалил.  «Саййид ШарифЖуржоний II». –Б. 11; Садриддин Кумуш. «Саййид Шариф Журжоний». –Б. 135; А.С.Триттон. «Журжоний». –Б. 603.
Юсуф АБДУРАХИМОВ,
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси,
Тошкент Давлат Шарқшунослик университети 2 курс магистранти

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …