Home / МАҚОЛАЛАР / МУСТАҚИЛЛИК – БЕБАҲО НЕЪМАТ

МУСТАҚИЛЛИК – БЕБАҲО НЕЪМАТ

Мустақиллик бебаҳо неъмат, негаки, айнан шу ғоя атрофида кўплаб жасур аждодларимиз ўзининг азиз жонини фидо қилган. Ўз эрки ўз қўлида бўлмаган миллатнинг келажаги мавҳумдир. Юртни истило қилган босқинчиларга хос нарса шундан иборатки, улар томонидан нафақат моддий бойликлар ташиб кетилади ва аҳолиси қуллик даражасига туширилади, балки, ўша аҳолининг тили, дини ва маданиятига ҳам тажовуз қилинади. Жаҳон цивилизацияси ўчоқларидан бири саналган ва дунёга донғи кетган алломалар юрти ҳисобланган ватанимиз бошига ҳам мана шундай синовлар тушган эди.

Чингизхон босқини юртимиз бошига ҳақиқий мусибат ёғдирганди. Босқин натижасида юртимизнинг гуллаб яшнаган гўзал водийлари, шаҳар-у қишлоқлари талон тарож қилинди. Маданият ва илм-фан марказлари босқинчилар оёғи остида топталди. Мисли кўрилмаган ваҳшийликлар амалга оширилди. Мана шундай оғир мусибатли жараёнларда юртимизнинг асл фарзандлари душманга қарши мардонавор кураш олиб бордилар. Жалолиддин Мангуберди мана шундай жасур, қўрқмас, ҳақиқий ватанпарвар ва миллий қаҳрамонларимиздан бири бўлган.

Хоразмшоҳларнинг сўнгги султони ўз даврида Чингизхондек даҳшатли кучнинг енгилмаслиги тўғрисидаги афсонага чек қўйган эди. Нуфузли мўғул саркардалари бошлиқ босқинчи қўшинларга бир неча бор қақшатқич зарбалар берди. Натижада, Чингизхоннинг шахсан ўзи Жалолиддин Мангубердига қарши юришга мажбур бўлди. Катта қўшинга эга бўлган ва стратегик устунликни аллақачон қўлга киритган Чингизхон Жалолиддин қўшинини мағлуб этганди. Синд дарёси бўйида бўлиб ўтган жангда Жалолиддин қўшинлари гарчи Чингизхон қўшинидан мағлубиятга учраган бўлса-да, саркарда бошлиқ бир неча минг аскарлар дарёдан кечиб ўтишга ва душманга асир тушмасликка муваффақ бўлган эди. Бундай жасоратни кутмаган Чингизхон ўз душманига қойил қолиб, уни таъқиб этишни тўхтатганди. Жалолиддин Мангуберди жасорати тилларда достон бўлди, унинг курашлари ўша даврда мўғул босқинчиларга қарши курашда тушкунликка учраган мусулмон дунёсининг руҳиятини кўтарган эди. Аммо, довюрак, ҳақиқий ватанпарвар ҳисобланган Жалолиддин Мангубердига узоқ яшаш насиб этмади. Курдлар қўлига асир тушиб, улар томонидан ўлдирилди.

Амир Темур мўғул босқинчиларни юртимиздан нафақат ҳайдаб чиқарди, балки, пойтахти Самарқанд бўлган буюк империяга асос солди. Темур ва темурийлар даврида юртимиз гуллаб яшнади, унинг пойтахти ҳисобланган Самарқанд шарқнинг энг ривожланган шаҳарлари даражасига кўтарилди. Бу даврда бунёдкорлик, илм-фан, маданият ва санъат гуллаб яшнади, ҳозиргача қад кўтариб турган улуғвор обидалар барпо этилди. Бундай бунёдкорлик ишлари орқали юртимизнинг илм- маърифат, маданият борасидаги салоҳияти намоён бўлди.

Аммо, XIX асрнинг охирида юртимиз яна бир босқинга дучор бўлди. Бу сафар Россия империяси юртимиз ҳудудида ҳукм сурган хонликларнинг тарқоқлиги, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан ортда қолганлигидан фойдаланиб, уларни бирин-кетин истило қила бошлади. Босқин давомида кўплаб шаҳарлар вайрон қилинди, минглаб ватан ҳимоячилари аёвсиз жангларда юрт озодлиги учун жон берди. Мустамлакачилар томонидан юртимизнинг талон тарож қилиниши, бойликларининг ташиб кетилишига юртдошларимиз жим қараб турмади, албатта. Натижада, босқинчиларга қарши, юрт озодлиги учун кўплаб қўзғолонлар кўтарилди. Тошкентдаги “Вабо исёни”, Дукчи Эшон қўзғолони, 1916 йилда юз берган Жиззах қўзғолони шундай исёнлардан ҳисобланар эди. Мазкур қўзғолонлар истилочилар томонидан шафқатсизларча бостирилиб, уларнинг бошлиқлари ва қатнашчилари аёвсиз жазоланган бўлса-да, бундай ҳаракатлар миллий озодлик ҳаракатлари тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди.

Совет ҳокимияти даврида ҳам халқимиз бошига мисли кўрилмаган мусибатлар ёғдирилди. Аввало, истило қилинган Туркистоннинг бирлигига барҳам бериш мақсадида, большевиклар томонидан миллий ҳудудий чегаралаш ўтказилди ва халқлар бир биридан ажратиб юборилди. Туркистон мухторияти қонга ботирилди. Ўз даврида совет ҳукумати томонидан “босмачилик ҳаракати”, амалда эса эса истиқлолчилик ҳаракати большевиклар томонидан аёвсиз бостирилди. Уларнинг бошлиқлари совет ҳукумати томонидан турли ҳийла-найранглар билан қўлга туширилди, ёки четга чиқиб кетдилар. Бундан ташқари, мамлакат бўйлаб амалга оширилган коллективлаштириш сиёсати амалда жамият тараққиётида ҳал қилувчи ўринга эга бўлган хусусий мулкчиликка барҳам берди. Натижада кўплаб бой ва ўзига тўқ деҳқонлар хонавайрон бўлди, бундай сиёсатга қарши чиққанлар эса қатағон қилинди ёки қаттиқ жазоланди.

Совет ҳукумати томонидан бу даврда юритилган атеистик сиёсат, айниқса, жамият учун оғриқли бўлди. Миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми ҳисобланган муқаддас ислом динига қарши кураш, нафақат маънавиятимизга, балки, ўзлигимизга ҳам қарши кураш ҳисобланар эди. Бу даврда диний байрамлар таъқиқланди, ёшларни атеистик руҳда тарбиялаш мақсадида катта тарғибот ишлари олиб борилди. Бу эса, ўз навбатида, жамиятда маънавий инқирознинг чуқурлашувига олиб келди.

Истиқлол юқоридаги салбий ҳолатларга барҳам берди. Хусусан, халқимиз ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга бўлди, давлатчилигимиз қайта тикланди, миллий урф одатларимиз, диний қадриятларимизга бўлган чекловлар олиб ташланди, шунингдек, тарихимизни холисона ёритиш, буюк аждодларимиз меросини ўрганиш ишлари йўлга қўйилди. Эски тузум даврида қораланган ватанпарварларимизнинг номлари оқланди ва уларнинг хизматларига муносиб баҳо берилди.

Тарихий тажриба шуни кўрсатадики, юрт мустақиллигининг бой берилиши халқ бошига мислсиз кулфатлар ёғдириши, унинг асл фарзандларидан жудо қилиниши, бойликларининг аёвсиз таланишига олиб келиши муқаррар.

Мустақиллик бебаҳо неъмат бўлиб, мамлакатнинг ривожланиши ва тараққиётида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шу сабабдан ҳам, мустақилликни асраб авайлаш ва уни мустаҳкамлаш ҳар бир юртдошимизнинг муқаддас бурчидир. Бунинг учун ёшларимиз тарихни яхши билмоғи ва ундан ўзига керакли хулоса чиқармоғи лозим. Зеро мустақиллик – бебаҳо неъмат эканлигига тарих шоҳиддир.

Жонибек ЖУМАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …