Home / АЛЛОМАЛАР / ИМОМ ТЕРМИЗИЙ ФИҚҲ ИЖТИҲОД МАКТАБЛАРИНИНГ НАМОЯНДАЛАРИДАН БИРИДИР

ИМОМ ТЕРМИЗИЙ ФИҚҲ ИЖТИҲОД МАКТАБЛАРИНИНГ НАМОЯНДАЛАРИДАН БИРИДИР

Маълумки, ислом дини VII асрда юртимизга кириб кела бошлади. Халқимиз буни фақатгина диний таълимот сифатида қабул қилибгина қолмай уни янги поғонага кўтарди ва исломни илмий жиҳатдан юксалишида беқиёс хизмат қилди.

Алломаларимизнинг илмий ва диний-маърифий меросида ҳадис тўпламларининг аҳамияти беқиёс. Бу борада Мовароуннаҳр муҳаддисларининг ҳадис илмида тутган ўрнини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу диёрдан бутун дунёга довруғи кетган алломалар, муҳаддислар етишиб чиққан.

Ҳижрий иккинчи аср ислом динида фиқҳий масалаларда уйғониш даври бўлди десак муболаға бўлмайди. Чунончи, айни бу пайтда ижтиҳод деган масала пайдо бўлиб, бу соҳада турли мазҳабларнинг йирик уламолари етишиб чиққан.

Ижтиҳод – бу Қуръони карим ва Пайғамбар (С.А.В.)нинг ҳадисларига асосланган ҳолда давр тақозосини ҳисобга олиб, жамиятнинг тараққиёти ва маънавиятнинг равнақига хизмат қиладиган фойдали ғоя ва мафкураларни яратиш, муаммоларни ҳал этишнинг мақбул, янги йўлларини топишдир [1:91-92].

Ижтиҳод фиқҳ илмига боғланган омилдир. Фиқҳ илми ҳижрий учинчи асрда, Имом Термизий яшаган даврда ривожланган. Имом Термизий, Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва бошқа уламолар Имом Аҳмаднинг ҳадис илмидаги шогирдлари бўлган. Лекин улар фақат ҳадис илмига кўпроқ эътибор бергани боис фиқҳда ҳанбалий мазҳабига эргашмасдан ўзларининг ижтиҳодига суяниб иш кўрган.

Имом Бухорий ва Имом Термизийдек муҳаддислар Қуръони карим, Пайғамбар (С.А.В.)нинг ҳадислари, саҳобаи киромларнинг асарларини бутун мазмун-моҳияти билан тушуниб етган.

Ўша вақтда ҳадис ривоят қилиш ва асарлар ёзиш кўпайган эди. Нусха ёзиш шу даражага етдики, ровийларнинг барчаси бу иш билан шуғулланган. Улар бу борада илмни Ҳижоз, Шом, Ироқ, Миср, Яман ва Хуросон шаҳридаги уламолардан ўрганган. Улар китоб жамлаган, нусхалар қидирган, ғарибул ҳадис яъни, маъноси одамларга бегона бўлган илм ва нодир ривоятларга эътибор қаратган. Аввал ҳеч ким тўпламаган ҳадис ва далилларнинг муҳимларини тўплаган. Шундай қилиб ҳадис туруқлари (ровийларнинг ривоят йўллари)дан уларга кўп нарса аниқланган. Ҳатто, уларнинг ҳузурида юздан зиёд ҳадисларнинг ривоят йўллари бўлган.

Ровийлар баъзи очилмаган ҳадис туруқларини кашф қилиб, ҳар бир ҳадиснинг ғариблик ва ҳукм олиш жиҳатларини ўрганган. Аввал фатво аҳлига маълум бўлмаган кўп ҳадислар уларга зоҳир бўлган. Ибн Ҳумом ҳикоя қилади: “Шофиъий раҳимаҳуллоҳ Аҳмад раҳимаҳуллоҳга бундай деди: “Сизлар саҳиҳ хабарларни биздан кўра яхши биласиз. Агар саҳиҳ хабар бўлса, менга ҳам билдириб қўйингки, уни куфалик ёки басралик ё шомлик эканини билиб бораман” [2:385]. Бу саҳиҳ ҳадисларни ривоят қилган киши бир шаҳарга хос бўлиши, яъни шомликлардан, ироқликлардан ёки аҳли байтларга хос эканини билиш эътиборли бўлган. Бу хабар етказувчининг “Абу Бурдадан, у Абу Мусодан” нусхаси каби бўлади. Бундай ҳадислардан фатво аҳли ғофил қолишган.

Уларнинг ҳузурида ҳар бир шаҳарнинг саҳоба ва тобеъин фақиҳларининг таъсири жам бўлган. Ундан олдин киши ўз шаҳри ва танийдиган биродарларидангина ҳадис тўплаши мумкин эди. Шунингдек, ҳадис ровийларининг исмини, уларнинг адолат даражасини билишига таяниб аҳволидан хабардор бўларди ва яқинларига эргашарди. Бу табақадаги олимлар ҳадисларни ёзиб қўйиш ва қидирув олиб бориш билан, бу фан борасида мустақил йўл тутишга эътибор қаратган. Муҳаддислар ҳадиснинг ҳукмида соғломлиги ва бошқа жиҳатларида мунозара қилишган. Суфён, Вакиъ ва уларга ўхшаган муҳаддислар қаттиқ ижтиҳод билан ҳадисларни ўрганишга интилган. Шунинг учун Абу Довуд Сижистонийнинг Макка аҳлига йўллаган мактубида айтганидек, улар мингтадан кам ҳадис билган [3:312-313].

Ҳадис билан фиқҳ илми бир бирига боғлиқ. Уламолар бу икки илмни пухта эгаллашга ҳаракат қилган. Фақат ҳадисда катта муваффақиятга эришган ҳадис илми имомлари ва фиқҳда кўпроқ шуҳрат топгани фиқҳ имоми бўлиб танилган.

Имом Термизийнинг турли мазҳаб ва ғояларга муносабат масаласида тутган мавқеи Пайғамбар (С.А.В.)нинг ҳадислари ва далил-исботлар билангина хулоса чиқаришга асосланган эди. Албатта, бундай ҳолларда фақат саҳиҳ ҳадислар ва энг кучли далил асосий мавқега эга эди. У ўз устозлари – энг аввало Имом Бухорийнинг ва бошқа ҳадис илмидаги уламоларнинг таъсирида аҳли райга эмас, аҳли ҳадис йўлида собитқадамлик билан фикр юритди, уни чуқур таҳқиқ ва тадқиқ этиш орқали ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Аллома Абул Ҳусайн Надавий бундай дейди: “Имом Термизий бугунги кунда одамларнинг қиёсий фиқҳ номли тушунчаси мавзусининг эшигини қоққан кишидир. Уммат унга “ўз асрида фиқҳ ижтиҳод мактабларининг намоёндаларидан бўлган”, деб таъриф бериши лозим бўлган катта фазл эгаси эди” [4:89].

Имом Термизий илм имомларининг барчасини ҳурмат қилар эди. У бирор бир фиқҳий мазҳабни лозим тутмаган. Унинг фиқҳий масалада ҳукм чиқариб олишга илми ва ақли етарли бўлган.

Имом Термизийнинг ижтиҳод йўлини тутгани унинг “Сунан” асарида ўз аксини топган. У аҳли рай ҳақида гапирар экан, уларнинг мазҳабларини баён қилиш учун ўз асарида “Кўфа аҳли” ёки “айрим Кўфа аҳли” каби ибораларни кўп ишлатади [5:173]. Баъзилар: “Абу Ҳанифани айтишга хижолат бўлганидан “Куфа аҳли” деган”, деб ўйлашган. Лекин Имом Термизий фақат Абу Ҳанифани назарда тутиб, бундай дейдиган киши эмас. У Куфадаги барча олимларни назарда тутган. Абу Ҳанифадан ташқари Вакиъ, Суфён Саврий, Суфён ибн Уйайна, Абу Юсуф, Муҳаммад ибн Ҳасан, Зуфар ва бошқаларни ҳам айтиб ўтган. Шунингдек, Имом Термизийнинг асарида кўп учрайдиган иборалардан яна бири “бизнинг асҳобларимиз” иборасидир. Бу умумлашган атама билан Молик ибн Анас, Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ каби фиқҳ илмининг мужтаҳидлари ҳисобланган аҳли ҳадисни назарда тутган.

Имом Термизий фиқҳий иснодларни Суфён Саврий, Муҳаммад ибн Усмон Куфий, Убайдуллоҳ ибн Мусо Абасий, Мактум ибн Аббос Термизий, Муҳаммад ибн Юсуф Фирёбийдан нақл қилган [6].

Имом Термизий ва ўша замонда яшаган муҳаддислар ўз фаолиятида ҳадислардан шаръий ҳукмларни олиб фиқҳ илми ривожига катта ҳисса қўшган. Барча муҳаддислар фақиҳ бўлиб, уларнинг айримлари ҳадислардан шаръий ҳукмларни олишда бошқаларига қараганда устунроқ бўлишган.

Буюк аждодларимизнинг қолдирган илмий мероси ҳанузгача тадқиқ қилиниб янги-янги маълумотлар юзага чиқмоқда. Бу илмий тадқиқотларнинг натижалари, аждодларимизнинг бой илмий меросининг нақадар кенг бўлганидан далолат беради. Ҳар бир алломанинг асаридан ҳадис, фиқҳ ва бошқа илмларга тааллуқли маълумотларни топиш мумкин. Уларнинг қолдирган илмий мероси халқимизнинг маънавий мулки ҳисобланади. Алломаларнинг бизга қолдирган бундай бой меросини асраб-авайлаб, оқилона фойдаланиб, ўрганиб, авлодларга етказиш бугунги кундаги муқаддас бурчимиздир.

 ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Ислам (Энциклопедический словарь). –М., 1991.
  2. Абул Қосим Али ибн Ҳасан Шофеъий. Тарих мадинату Димашқ. Ж.51. –Байрут. Дорул фикр, 1995.
  3. Валийуллоҳ Деҳлавий. Ҳужжатуллоҳил болиға. –Қоҳира. Дорул кутубил ҳадиса.
  4. Иёд Холид. Ал-Имом ат-Термизий. –Дамашқ. Дорул қалам, 2001.
  5. Муҳаммад Муборакфурий. Туҳфатул аҳвазий шарҳ жомиъит Термизий. Ж. 1. –Риёз.
  6. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Жомиъут Термизий (Сунан ат-Термизий). –Байрут. Дор иҳёит туросил арабий.
Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …