Home / МАҚОЛАЛАР / АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ ИНСОНПАРВАРЛИК ҒОЯЛАРИДАН ТАЪЛИМ ТИЗИМИДА ФОЙДАЛАНИШ

АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ ИНСОНПАРВАРЛИК ҒОЯЛАРИДАН ТАЪЛИМ ТИЗИМИДА ФОЙДАЛАНИШ

Буюк мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий қолдирган маънавий мерос нафақат халқимизнинг, балки бутун инсониятнинг маънавий мулкига айланган. Чунки, ҳазратнинг инсонпарварлик ғоялари миллатидан, жинсидан, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар умуминсониятнинг манфаатига хизмат қилмоқда.

Навоий ижодининг марказида инсон туради. Алломанинг назаридаги инсон ижодкор, қобилиятли, билимли, сабр-қаноатли, ростгўй адолатли, ҳалол, инсофли меҳнатсевар ва камтарлик каби инсоний фазилатларга эга бўлган шахс.

Навоийнинг фикрича, Аллоҳнинг иродаси билан тоғу тошлар, ўсимликлар дунёси, денгиз ва океанлар, бир сўз билан айтганда бутун борлиқ яратилган. Аммо ҳазрати инсон бу мўъжизаларнинг энг асосийсидир. Шу туфайли дунёдаги барча ноз-неъматлар, яхши нарсалар инсон учун яратилган. Ақл-фаросат соҳиби бўлган инсон бу имкониятлардан оқилона фойдаланиши лозим. Бошқача айтганда, инсон ақл фаросати, тафаккури, муомала маданияти, ўзини тутиши, теварак-атрофга бўлган муносабати билан бошқа тирик мавжудотлардан фарқ қилади. Мутафаккир “Насойимул муҳаббат” асарида авлиёларга хос бўлган 16та сифатга, яъни тавба, ҳалол луқма билан овқатланиш, ўз касби билан кун ўтказиш, шариатга риоя этиш, тариқат одобини сақлаш, камсуқумлик, фарзандлари ва хизматкорларига қўполлик қилмаслик, чучук тилли, раҳмдил, сахий ва мард бўлиш, илмлилик, хушхулқлик, рози-ризолик билан кун кечириш, сабрли, садоқатли ва вафоли бўлиш, риёзат чекишдан қўрқмаслик хислатларига алоҳида эътибор қаратган [6].

Алишер Навоий инсонга ҳаётдаги фаолиятига, касби-корига, фойдали ишларига қараб баҳо берган. Алломанинг барча асарларида комил инсонга хос сифатлар ёритиб берилган. Жумладан, одоб тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари эътиборга лойиқ. Одобли киши очиқ юзли, хушмуомала, истараси иссиқ ва ёқимли бўлади. Бундай инсон доимо иззат-ҳурматга лойиқ. Ютуқ ва эришилган натижалар одоб орқали келиши, обрў мисқоллаб йиғилиши ва ботмонлаб тўкилиши мумкинлиги ҳаётнинг синовидан ўтган ҳақиқатдир. Шунингдек, мутафаккирнинг комил инсонга хос ғояларидан бири қўли очиқлик, сахийликдир. “Карам – бир жабрланганнинг қаттиқчилик юкини кўтармоқ ва уни ўша қийинчиликлардан қутқармоқ. Карам – бировнинг машаққат тиканининг оғирлигини кўтармоқ ва у тикан учидан гулидек очилмоқ ва ўша қилган ишларни тилга келтирмаслик, оғзига олмаслик, кишига миннат қилмаслик ва уни юзига солмасликдир” [4].

Ҳимматли кишилар халқнинг орасида обрўга сазовор бўлади. Аллома одамларни инсофли, саховатли, адолатли, аҳил ва кароматли бўлишга, бир-бирига ёрдам беришга даъват этади. Мутафаккир эҳсонни улуғлаб: “Эҳсон деган сифатни абадий саодат бил. Кишилик боғининг кўнгилга ёқар дарахти эҳсондир. Барча мақбул сифатлар ва ҳолатлар эҳсонга қарашлидир, бу сифат ва ҳолатларни у ўз ичига олган ҳамда шунинг ўзида воқеадир. У барча эзгуликларни ўзида тўплаган ва барча яхшиликлар ҳақиқатдан унга тегишлидир” [4].

Навоийнинг фикрича, яхшиликни ўзига мақсад қилиб олган одамлар сахий ва ҳимматли бўлади. “Сахийлик кишилар боғининг ҳосилдор дарахтидир, балки у дарахтнинг ширин мевасидир, одамгарчилик ўлкасининг тўлқинли дарёси, балки у тўлқинли дарёнинг асл гавҳаридир” [4].

Навоий одамларга сахийликни халққа, давлатга фақат мол-мулк билан эмас, балки ўзидаги ақл ва билим ёрдамида уларга маънавий кўмак ҳам бериши кераклигини айтади. Шоир сахийлик ҳимматли бўлиш билан боғлиқ эканини уқтириб шундай дейди: “Сахийлик одамнинг одобидир, ҳиммат унинг жони, ҳиммат дунёга юз минг кушойиш бўлар, ҳимматсиз киши эр сендек эмас, жонсиз баданли киши тирик эмас” [4].

Навоий комил инсонга хос хислатлар тавозе, ишқ, вафо, саховат ҳиммат, мурувват, илм, камтарлик каби фазилатлар эканини айтади. “Қаноат – бу булоқдир, сувини олган билан қуримайди, хазинадир. Нақдиси сочган билан камаймайди, экинзордир, уруғи лаззат ва шафқат мевасини беради; дарахтдир, шохи тортинчоқлик ва ҳурмат мевасини етказади”, деб ифодалайди. “Сабр аччиқдир, аммо у фойда берувчи, қаттиқдир, аммо зарарни даф этувчи. Сабр шодликлар калитидир ва бандларни очқичдир. Аччиқ сўзли насиҳатчидай табиат ундан олинади, лекин заминида мақсад ҳосил бўлади. Бадхўр дори берувчи табибдай касал ундан қийналади, аммо сўнгида соғлиқ юз беради” [3].

Алишер Навоийнинг фикрича, ҳар бир инсон халқига хизмат қилиши ва фойда келтириши керак. Ўз манфаатини халқ манфаатидан юқори қўймаслиги лозим.

Халққа иш, сўз ва кўнгил билан ҳам фойда келтириш керак. Эл-юрт манфаати учун курашадиган кишиларни ҳақиқий инсон деса бўлади. Ҳазратнинг инсонга муҳаббати ватанга муҳаббати билан боғланиб кетган. “Ҳайратул аброр” достонида шоир Ҳиротнинг табиатини, тиниқ чашмаларни тоғу тошларни юксак меҳр-муҳаббат билан куйлайди.

Асарда Ҳирот, Миср билан бир қаторда Самарқанднинг тилга олиниши бу кўҳна кентнинг дунё тамаддунида ўз ўрни борлигига яна бир бор ишонч уйғотади, қалбларимизни қувонтиради, Ватанга бўлган садоқат туйғусини оширади.

Алишер Навоий илгари сурган халқпарварлик, инсонпарварлик ғояларидан бугунги кунда таълим тизимининг барча бўғинларида оқилона фойдаланиш олдимизда турган асосий вазифалардан биридир. Ҳазратнинг ғоясида сўз ва ишнинг бирлигига амал қилиш фикри илгари сурилган.

У ўз маблағидан халқ учун масжидлар, мадрасалар, ҳаммомлар, шифохоналар, ҳовузлар, кўприклар, работлар қурдиргани тарихий манбаларда ўз аксини топган.

Бугунги асосий вазифамиз – мутафаккирнинг умрбоқий ғояларидан, хайрли ишларидан ибрат олиш ва уни ҳаётимизнинг мазмунига айлантириш. Бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Навоийнинг маънавий меросини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда ва унинг асарлари қайтадан нашр этилмоқда.

2020 йил 19 октябрда Президент Ш.М.Мирзиёевнинг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Бу қарорда мутафаккирнинг асарларида теран ифода этилган миллий ва умуминсоний ғояларнинг жаҳон тамаддунида тутган ўрни ва бу ғояларнинг ёшлар қалбида юксак ахлоқий фазилатларни тарбиялашдаги аҳамияти назарда тутилган. Улуғ шоирнинг адабий-илмий меросини янада чуқурроқ ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида тегишли вазифалар белгилаб берилган. Жумладан, қарорда “Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги Алишер Навоийнинг асарларини узлуксиз ўқитиш концепциясини ишлаб чиқиши ҳамда 2021-2022 ўқув йилларида барча таълим муассасаларида шу асосида ўқитиш йўлга қўйилсин”, деб таъкидланган. Қарорда “Навоий ва ёшлар” махсус дастурини ишлаб чиқиш, умумтаълим мактабларида «Навоий ворислари” ғазалхонлик танловини ва Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларида “Навоийни англаш” мавзусида иншолар танловини ўтказиш ва ғолибларни тақдирлаш вазифаси белгилаб берилган эди. Бу вазифалар тизимли равишда амалга ошириб келинмоқда.

Ўқувчи-ёшларда маънавий, ахлоқий, инсонпарварлик сифатларини шакллантиришда, Навоий меросидан фойдаланишни такомиллаштириш учун қуйидагиларга эътибор қаратилса мақсадга мувофиқ бўлади:
 – Мактабгача ва кичик мактаб ёшидаги ўқувчилар учун Навоий асарларидаги мақолот, ҳикоят ва ривоятлар асосида мультимедиялар тайёрланса;
– бошланғич синфларда ўқитиладиган тасвирий санъат, мусиқа дарсларининг имкониятларидан етарлича фойдаланилса;
– бошланғич синф ўқувчилари учун Навоий асарларининг луғати ишлаб чиқилса;
– умумтаълим мактаблари ва академик лицейларда “Навоийнинг тил сандиғи” ташкил этилса;
– олий таълим муассасаларида “Навоий педагогикаси” махсус курс ёки танлов фан сифатида ўқитилса;
– кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимида ўқитиладиган ижтимоий фанлардаги мавзуларга Навоийнинг инсонпарварлик ғоялари сингдирилиб, улар тингловчиларга етказилса;
– Навоийнинг болалиги, ўсмирлиги, ўспиринлиги ва катта ёшдаги ҳаётий фаолияти акс этган сериаллар тайёрланиб халқимизга тақдим этилса;
– мутафаккирнинг ижоди фақат таваллуд кунида ёки байрамларда эмас, йил давомида тизимли равишда ўрганилса миллатимизнинг қуёши бўлган ҳазрат Навоийнинг руҳияти олдидаги маънавий бурчимизни бажарган бўламиз.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 январда “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Бу фармонда “Инсон қадри учун” тамойили асосида еттита устувор йўналишдан иборат “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Тараққиёт стратегиясида “Буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш” белгилаб берилган. Президентимиз 2022 йилни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб эълон қилди. “Қадр – одамнинг одамлар орасида, халқнинг халқлар орасида топган ҳурмати, ўрни, обрў эътиборини, нуфузини билдиради. Инсон қачон хор, бахтсиз бўлади? Агарда эл назаридан қолса ёки қадр-қиммати ерга урилса, поймол қилинса. Шўро даврида халқимиз очарчиликни ҳам кўрди, зоғора нон, кунжара еди ўлмади, синмади. Лекин беқадрликдан юраклари эзилиб яшади”. Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман деб юборди [7].

Мамлакатимизда “Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат” ғояси асосида Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур, сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилди. Бундан сал кам олти аср олдин ҳазрат Навоий илгари сурган инсонпарварлик ғоясининг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар билан ҳамоҳанг эканини кўриш мумкин.

Бу ғоялар мамлакатимизнинг келажагига, халқимизнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига, инсон қадр-қимматининг улуғланишига хизмат қилади. Навоийнинг ижод булоғидан сув ичган бу ғоялар халқимизни ва мамлакатимизни порлоқ чўққилар сари ундайверади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
1.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги  ПФ-60-сон Фармони.
2.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19-октябрдаги “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарори.
3.Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами,7-том “Хамса”, “Хайратул аброр”. –Т.: Фан. 1991.
4.Алишер Навоий. “Маҳбубул қулуб”. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. 14-жилд. –Т.: 1998.
5.Алишер Навоий. “Насойимул муҳаббат”. Тўла асарлар тўплами. 10-жилд. –Т.: Ғафур Ғулом нашриёти. 2012.
6.С.Нишонова. Шарқ уйғониш даври педагогик фикрлар тараққиётида баркамол инсон тарбияси. 13.00.01-Педагогика назарияси. Педагогик таълимотлар тарихи. Педагогика фанлари доктори илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертацияси. –Т.: 1998.
7.М.Қуронов ва бошқалар. “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон”. Услубий қўлланма. –Т.: Маънавият, 2019.
Абдумажид АБДУМАННАТОВ,
Жисмоний тарбия ва спорт бўйича
мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини
 ошириш институти Самарқанд филиали доценти
педагогика фанлари номзоди

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …