Home / МАҚОЛАЛАР / САДРИДДИН АЙНИЙ ТАДҚИҚОТИДА БУХОРОЛИК АДИБЛАР

САДРИДДИН АЙНИЙ ТАДҚИҚОТИДА БУХОРОЛИК АДИБЛАР

Ўрта Осиёнинг ўтмиши, маданияти, ўзбек ва тожик халқлари адабиётининг тарихи, бу қардош халқларнинг классик шоирлари, тазкиранавислари, адиблари ва маърифатпарвар олимлари тўғрисида тадқиқот иши олиб борган ва олиб бораётган ҳар бир илм ихлосманди шарқшунос ва адабиётшунос олим, Бухоро тарихининг моҳир билимдони Садриддин Айнийнинг (1878-1954) “Намунаи адабиёти тожик” (“Тожик адабиётидан намуналар”) асарига мурожаат этади. Унинг йирик илмий-адабий тадқиқоти “Тожик адабиётидан намуналар” асари уч қисмдан иборат бўлиб, 1926 йилда Москвада араб имлосида тожик тилида нашр этилган [1]. Асар иккинчи марта 2007 йилда форс тилида Эронда [2] ва учинчи бор 2010 йилда Душанбеда кирилл ёзувида тожик тилида, Айний “Куллиёт” (Асарлар тўплами)нинг 16 жилди сифатида чоп этилди [3].

Бу антологияда X асрдан бошлаб то 1925 йилгача Ўрта Осиёда яшаб ижод этган 228та шоир, ёзувчи, олим, тазкиранавис алломанинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумотлар келтирилади. Жами 228та шоирни қамраб олувчи бу тазкирада юздан ортиқ “Бухорий” тахаллуси билан ижод қилган бухоролик ижодкорлар ўрин олган. Шуни ҳам айтиш жоизки, адабиётшунос олим ўз асарига 50дан ортиқ ўзбек олими, шоири, тарихчиси ва тазкиранависини ҳам киритган. Айнийнинг шахси ва фаолиятига хос муҳим фазилатларидан бири, бу унинг икки тилда, яъни ўзбек ва тожик тилида баракали ижод этганидир.

“Тожик адабиётидан намуналар” асаридаги биографик маълумотлар ихчам ва характерлидир. Айний шоирлар тўғрисида берилган маълумотларда у адибнинг ижод бобидаги иқтидорига, шахсиятига, ахлоқ-одобига алоҳида эътибор беради. Адабиётшунос олим Бухорода яшаб ижод этган, ўз номини абадиятга муҳрлаган, замонасининг ўқимишли, зиёли кишилари тўғрисидаги қимматли маълумотларни бериб ўтган. Адибнинг асарлари, унинг шарқшунослик, тарих ва адабиётшунослик масалаларига доир “Тожик адабиётидан намуналар” асари бой фактик материалларни чуқур илмий таҳлил этишга қаратилган. Тадқиқотчи қайси ижодкор ҳақида илмий текшириш ишига киришмасин, биринчи навбатда бу ижодкор яшаган даврнинг тарихига тўхталади. У ижодкорнинг шахси билан алоқадор барча тарихий, адабий манбалар, халқ оғзаки ижодидаги афсона ва ривоятларни ҳам синчиклаб ўрганади. У ижодкорнинг асарларида учрайдиган айрим автобиографик ва тарихий маълумотларга диққатни жалб этиб, уларни ҳам тадқиқот доирасига тортади. Бундай кенг ва батафсил тадқиқ усули ҳар бир илмий хулосанинг мантиқий асосини таъминлайди.

Шарқшунос олим Айний бу тазкирасига тартиб беришда ўзбек, форс-тожик адабиёти тарихида X-XIX асрларда тузилган Хожа Ҳасан Нисорийнинг “Музаккир ул-аҳбоб”, Мутрибий Бухорийнинг “Тазкират уш-шуаро”, Қори Раҳматулло Возеҳнинг “Туҳфатул аҳбоб”, Муҳаммад ас-Саолибийнинг “Йатимат ад-даҳр”, Муҳаммад Авфий Бухорийнинг “Лубоб ул-албоб”, Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис”, Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират уш-шуаро”, Фазлий Намангонийнинг “Мажмуаи шоирон”, Афзал Махдум Пирмастий Бухорийнинг “Афзал-ут-тазкор фикри зикр-уш-шуаро в-ал-ашъор”,  Шарифжон Махдум Садр Зиёнинг “Тазкират-уш-шуарои мутақаддимин” тазкирасидан ва бошқа юзлаб девонлар ва тарихий нодир китоблардан ҳам фойдаланган. Олим уларни синчиклаб ўрганган ва тарихий асарларнинг яхши жиҳатларини ижодий ривожлантирган. “Намунаи адабиёти тожик” номли яхлит баркамол бир асар ана шу илмий азият ва машаққат замирида туғилган.

Шубҳасиз, антологияга киритилган 228та шоир, ёзувчи ва тарихчи-тазкиранавис ҳақида қисқача, лекин мазмунли маълумот бериш Айнийдан юксак истеъдод ва улкан ижодий меҳнат талаб қилган. Бу меҳнат энг аввало турли даврда ёзилган, йиртилиб кетган, ўчган ва хира тортган қўлёзмаларни, тарихни, адабиёт тазкираларини, турли тўпламларни, халқ орасидаги ҳар хил афсоналарни, ривоятларни, маданий ва тарихий ёдгорликларни синчиклаб ўрганиш, шу ўрганилган тарихий фактларни танқидий тадқиқ қилиб, объектив баҳолаш, шундан сўнггина ундан фойдаланишдек мураккабликлар билан изоҳланади.

“Тожик адабиётидан намуналар” асарининг биринчи қисмида Абдуллоҳ Жаъфар Рудакийдан бошлаб, Фитрат Зўрдўзи Самарқандий, Сайидо Нафасийларгача бўлган даврдаги адиблар қамраб олинади. Бу қисмда тилга олинган Бухорийлар: Абулҳасан Рудакий Бухорий, Шайх Абулаббос Фазл ибни Аббос Бухорий, Мансур Аҳмад Дақиқий Бухорий, Мирзо Абулҳасан Оғоч Бухорий, Маънави Бухорий, Амъақи Бухорий, Камоли Бухорий, Ҳамид Бухорий, Шамсуддин Кардари Бухорий, Шайх Сайфуддин Бохарзи Бухорий, Жавҳари Заргари Бухорий, Носир Бухорий, Хожа Исмат Бухорий, Бурундуқи Бухорий, Шамсуддин Аҳмад Оҳангари Бухорий, Шаҳобуддин Аҳмади Бухорий, Тоҳири Бухорий, Сайфи Бухорий, Хаёли Бухорий, Мушфиқи Марви Бухорий, Боқий Дарзи Бухорий, Хожа Ҳасан Нисори Бухорий, Марҳуми Бухорий, Мутриби Бухорий, Аршии Бухорий, Гулшани Бухорий, Мавлаи Шарифи Бухорий, Қози Лутфуллоҳ Шокири Бухорий, Муҳаммадисҳоқ Шавкат Бухорий, Имлои Бухорийдир.

Бу бобда жами 75 шоир ва 5 шоиранинг ижодий фаолиятига тегишли маълумотлар ва ижодидан намуналар берилган. Тилга олинган 80 шоир ва шоирадан, бевосита Бухорода камол топгани 30дан ортиқ бўлса, ўша вақтда ҳаёт бўлгани 20га яқин бўлган.

Антологиянинг иккинчи қисми ҳажм жиҳатидан анча катта. Бу қисмда 132 қалам аҳли, адабиётшунос ва ўз даврининг етук олимлари, айрим тарихнавислар ҳақида ҳам маълумот берилади. Тазкиранинг бу бобида Айний XIII асрдан XX асрнинг бошигача, яъни 1905 йилгача бўлган даврдаги адибларнинг ижоди, ҳаёти, айрим тарихий воқеалар ва ҳодисалар хусусида фикр юритади. Антологиянинг иккинчи қисмида (жами 132 шоир) Мансурхожа Ансоби Бухорий, Акобирхожа Акбари Бухорий, Мирбақохожа Оташии Бухорий, Афзали Бухорий, Муҳаммадамин Ҳакими Бухорий, Ҳабибуллоҳ Авҳади Бухорий, Отажон Пайрави Бухорий, Наберахожа Тавфиқи Бухорий, Қози Абдуллоҳхожа Таҳсини Бухорий, Исомуддин Соқиби Бухорий, Турсунбоқий Жалоли Бухорий, Қозижон Журъати Бухорий, Муҳаммадсидиқ Ҳайрати Бухорий, Муҳаммадсидиқ Ҳашмат Бухорий, Аҳмаджон Ҳамдамии Бухорий, Қозий Раҳматии Хижлати Бухорий, Хамўшии Бухорий, Муллоҳусайн Дониши Бухорий, Муллоражаб Дониши Бухорий, Шамсуддин  Доъии Бухорий, Аҳмад-Махдуми Муҳандиси Дониши Бухорий, Қори Каромат Дилкаши Бухорий, Қори Абдулмажид Зуфунуни Бухорий, Қозий Рашид Мириноятуллоҳи Бухорий,  Қозий Абдулазиз Роқими Бухорий, Идрисхожа Рожии Бухорий, Мирзораҳим Закии Бухорий, Абдулқодирхожа Савдои Бухорий, Мулло Маҳмуд Симои Бухорий, Мирзосирож Ҳакими Бухорий, Муҳаммадшариф Шевани Бухорий, Шариф-Махдум Ширини (Муътасими) Бухорий, Ширини Бухорий, Шамсуддин-махдум Шоҳини Бухорий, Ҳожи Азими Шаръии Бухорий, Қори Ҳошим Шоиқи Бухорий, Тоҳирхожа Зарири Бухорий, Мирзо Муҳаммадшариф Садри Зиёи Бухорий, Муҳаммад Яъқуб Кенжаали Бухорий, Инояти Бухорий, Исо Махдум Бухорий, Ҳожи Иброҳим Осими Бухорий, Муллошариф Акбари Бухорий, Садриддин Айний Бухорий, Қори Ҳисомуддин Фоиқи Бухорий, Қози Қурбонхон Фитрати Бухорий, Қози Абдурозиқ Фикрати Бухорий, Мирзошоҳ Фоизи Бухорий, Абдурауф Фитрати Бухорий, Камоли Бухорий, Қози Комили Бухорий, Содиқхожа Гулшани Бухорий, Мулло Назруллоҳ Лутфии Бухорий, Абдурозиқ Мунири Бухорий, Қози Муллосаъдий Моҳири Бухорий, Ҳожи Жаҳонгир Мажнуни Бухорий, Абдулмажид Музтариби Бухорий, Ҳожи Неъматуллоҳ Муҳтарами Бухорий, Ҳожи Ҳодий Масрури Бухорий, Мирзо Абдулвоҳид Мунзими Бухорий, Сайид Маҳмудхожаи Бухорий, Комилхожа Никҳати Бухорий, Мирқори Ноири Бухорий, Қози Сайиджон Назмии Бухорий, Муҳаммадсолеҳ Навҳаи Бухорий, Қори Раҳматуллоҳ Возеҳи Бухорий, Халифа Ашурмуҳаммад Якдили Бухорий ҳақида маълумотлар берилган.

Асарнинг учинчи сўнгги қисмида эса тожик ва ўзбек шоирларининг 1905-1925 йиллардаги ижоди ҳақида фикр юритади [4:345]. Айнийнинг “Тожик адабиётидан намуналар” асарида Аҳмад-Махдум Муҳандис Дониши Бухорий (1827-1897) ҳақида келтирган фикр-мулоҳазалари қимматли ҳисобланади. Адибнинг ёзишича, Бухородаги дастлабки маорифпарварлик ва тараққийпарварлик ғоялари Аҳмад Донишдан бошланган. Айний Аҳмад Дониш билан шахсан учрашиб, унинг суҳбатидан баҳраманд бўлмаган бўлса ҳам, лекин унинг “Наводир ул-вақоеъ” (“Нодир воқеалар”) асари орқали танишгани, бу асар дунёқарашида катта бурилиш ясаганини айтади. Муаллиф ўз асарида Аҳмад Донишнинг “Наводир ул-вақоеъ” асарига катта ўрин ажратиб унинг асосий мазмун-моҳиятини тўлиқ очиб берган.

Айнийнинг машҳур тараққийпарвар уламо Шарифжон Махдум Садр Зиё (1867-1932) ҳақида ёзган тарихий маълумотлари ҳам муҳим. Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон 1917 йилда ислоҳот фармонини эълон қилиши арафасида Садр Зиёни қозикалонликка тайинлайди. Садр Зиё амир фармонидан кейин Бухородан бадарға қилиниб, Қаршига қози этиб жўнатилади. 1918 йил март ойида Колесов воқеалари муносабати сабаб, Қаршида унинг яқин қариндошлари қатл этилади. У етмиш кунлик маҳбусликдан кейин Шаҳрисабзга қозиликка тайинланган. Шарифжон Махдум Садр Зиёнинг улкан маънавий хазинаси истиқлол даври одамларини ҳам баркамол шахс қилиб шакллантириш йўлида беминнат хизмат қилиб келмоқда.

Ҳозирги илм ихлосмандларига ўзидан жуда катта бой маданий ва маънавий мерос қолдирган Шарифжон Махдум Садр Зиёнинг шахси ҳақида Айний ўз китобида шундай ёзади: “Қози Муҳаммадшариф Садр Зиё Бухорий домулло Абдушукур Оятнинг ўғли бўлиб, ўз замонасининг устод-мутафаккирларидан эди. Маърифатпарвар отасининг соясида касбу-камол топди. Бухоро инқилобидан (1920) кейин Бухорога қайтиб шўро ҳукуматининг хизматига кирди. Шеър кам ёзарди. Назмда кўзга кўринган асари унинг “Тазкират уш-шуаро”сидир. Лекин бошқа асарлари ҳам кўп, масалан, “Рўзнома”, “Наводири Зиёийа”, “Тазкират ул-ҳаттотин” ва бошқалар. У “Тазкират ул-ҳаттотин” китобида ўз даврининг маълум ва машҳур ҳаттотларининг таржимаи ҳоли ва ижодий фаолияти ҳақида маълумотлар беради. Садри Зиё араб ва форс тили грамматикасини, мумтоз адабиётни, тарих фанини, хаттотлик санъатини пухта эгаллаган эди” [5:329].

Шариф­жон Махдум Садр Зиё ўша вақтда энди адабиёт оламига кириб келган ва илк шеърлари билан танила бошлаган ёш Садриддинхўжа Айнийдаги истеъдодни пайқаган ва унинг Бухоро мадрасаларида таҳсил олиши, шу шариф шаҳарнинг илмий-адабий муҳитидан хабардор бўлишига кенг йул очиб берган. Айний 1891-1892 йилларда шу маърифатпарвар адиб хонадонида хизмат қилади. Шарифжон Махдумнинг жўшқин адабий давралари ёш Айний учун «ҳаётбахш сарчашма» бўлган.

Шунингдек, Айнийнинг манғитлар сулоласи хонадонининг вакилларидан бўлган, бойлик, шон-шуҳрат ва тожу тахтга қизиқмай ўзининг бутун умрини илм-маърифатга бағишлаган Муҳаммад Сиддиқхон Ҳашмат Бухорийга оид фикри ҳам анча қизиқарлидир. Адиб у ҳақида қўйидагича ёзади: “Муҳаммад Сиддиқхон Ҳашмат Бухорий – биродари амир Абдулаҳадхон  ҳукмронлиги ва жияни Мир Олимхон (Амир Сайид Олимхон – Ф.Т) даврида 35 йил (1303-1338) маҳбусликда эди. Шу давр мобайнида ўзини илмий ижодга ва китобдорликка бағишлади. Бухорода Ҳашматнинг хусусий кутубхонасидек бирор машҳурроқ кутубхона йўқ эди. Ҳашмат Бухорий форсий, туркий ва арабий тилда шеърлар битар эди. Турли рисолалар ёзди, таҳрир этди. Жумладан, “Номаи Хусравон” номли тазкирага таълиф берган эди. Ҳашмат, Бухоро инқилобидан кейин 1339 ҳижрийда 35 йиллик маҳбусликдан озод бўлиб, Бухоро Шўролар Жумҳурияти ҳукуматида кутубхоначи бўлиб хизмат қиларди. Лекин, 1341 ҳижрийда, (1923) ўзининг айрим авлодлари (амирзодалари) ва амир хонадони вакиллари қатори Афғонистонга жўнатилди” [6:426].

Айний ўзининг “Тожик адабиётидан намуналар” асарида Абдурауф Фитрат Бухорий (1886-1938) тўғрисида келтирган маълумотлари муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, У Фитрат Бухорийнинг “Мунозара”, “Сайёҳи ҳинди”, “Раҳбари Нажот”, “Оила”, “Сайҳа” ва “Мусулмонони Дор-ур-роҳат” каби асарлари ҳақида қисқача, лекин муҳим маълумотларни қуйидагича келтириб ўтади: “Раҳбари нажот” – бу рисола турли  масалалардан иборат бўлиб, ақлий ва нақлий далиллардан баён топган, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётда раҳнамо эди”.

Айний Фитратнинг асарларига тўхталаркан, негадир янги мактаблар учун ёзган “Мавлуди шариф” ва “Мухтасар ислом тарихи” номини келтирмайди, бунинг боиси, бу асарларнинг диний руҳи сарлавҳадаёқ акс этгани бўлса керак. “Мусулмонони Дор-ур-роҳат” асари Исмоилбек Гаспринскийнинг “Дор-ур-роҳат мусулмонлари” номли асарининг форсий таржимаси эди [8].

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, адабиётшунос ва шарқшунос олим Айнийнинг илмий-адабий асарида бухоролик ижодкорлар тўғрисидаги маълумотлар муҳим илмий ва тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, улар ўтмишдаги Бухоро адабиёти, тарихи ва илму маърифатини ўрганишда қимматли манба сифатида хизмат қила олади. Энг асосийси, адибнинг бу асари халқимизнинг маънавий мероси бўлиб, баркамол авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам у “Фан халққа бойлик келтиради”, деб ёзган эди.

 ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Садриддин Айнӣ. Намунаи адабиёти тоҷик. – Москва: Чопхонаи нашриёти марказии халқии Жамоҳири шўравии Сўсиёлистй, 1926.
  2. Садриддин Айнӣ. Намунаи адабиёти тоҷик. Пешгуфтор аз Муҳаммаджон Шакурӣ Бухорой. – Теҳрон, 1385 ҳ. ш.
  3. Садриддин Айнӣ. Намунаи адабиёти тоҷик. Таҳия ва нашри китоб бо қўшиш ва зери Камолиддин Айнӣ. Аз хати форсии тоҷикӣ баргардони Аҳмаджон Ҳоҷиев. – Душанбе: чопхонаи “Mega Basim”, 2010.
  4. Садриддин Айнӣ. Намунаи адабиёти тоҷик. – Москва: Чопхонаи нашриёти марказии халқии Жамоҳири шўравии Сўсиёлистӣ, 1926. – Б. 345.
  5. Садриддин Айнӣ. Намунаи адабиёти тоҷик. – Москва: Чопхонаи нашриёти марказии халқии Жамоҳири шўравии Сўсиёлистӣ, 1926. – Б. 329.
  6. Садриддин Айнӣ. Намунаи адабиёти тоҷик. – Москва: Чопхонаи нашриёти марказии халқии Жамоҳири шўравии Сўсиёлистӣ, 1926. – Б. 426.
Фаррух ТЕМИРОВ,
БухДУ, т.ф.ф.д.(PhD) доцент

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …