Home / МАҚОЛАЛАР / ҚИСАСИ РАБҒУЗИЙНИНГ ТАБДИЛИ МАСАЛАЛАРИ («Қиссаси Идрис алайҳиссалом» мисолида)

ҚИСАСИ РАБҒУЗИЙНИНГ ТАБДИЛИ МАСАЛАЛАРИ («Қиссаси Идрис алайҳиссалом» мисолида)

Аллоҳ таоло бандаларини ер узра тарқатиб қўйгандан сўнг уларни тўғри йўлга йўллаб, ҳақ манҳажни кўрсатиб қўйди. Бандаларига ўзларидан бўлган пайғамбарларини юбориб улар орқали ўзини танитди. Икки дунё саодатини кўрсатди. Муқаддас ислом динида пайғамбарлар алайҳимуссаломни ҳурмат қилиш, уларга нисбатан муҳаббатлик бўлиш ҳамоно уларнинг ибратга бой ҳаётларидан ўрнак олиш тарғиб қилинади. «Ислом пайғамбарларга иймон келтиришни исломий ақиданинг арконларидан бири қилиб қўйди. Мусулмонлар шу боис пайғамбарларнинг барчасига иймон келтиради, уларга эҳтиром кўрсатади» [6:18].

Идрис алайҳиссалом Қуръони каримда исмлари зикр этилган, сифатлари таърифланган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида аҳволотлари баён этилган мўътабар Пайғамбар – Набиюллоҳдир.

Идрис алайҳиссаломнинг сиймолари исломдан олдин ҳам анча машҳур бўлиб, яҳудий динида айрича тасаввурлар, диний қараш ва эътиқодлар мавжуд бўлган. Идрис алайҳиссалом ҳақида Эски аҳд, Ўлик денгиз топилмаларидан бўлмиш Китоби Ахнух, Талмуд каби бир қатор яҳудийларнинг диний китобларида Идрис алайҳиссаломнинг таржимайи ҳоллари ҳақида бой тасаввурлар учрайди.

Идрис алайҳиссалом ҳақида Қуръони каримнинг Марям ва Анбиё сурасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Яна (бу) Китобда Идрис (қиссасини) ёд этинг! Дарҳақиқат, у садоқатли пайғамбар эди. Биз уни юксак мақомга кўтардик» [1:199], «Исмоил, Идрис ва Зул-кифлни (эсланг). Барчалари сабр қилувчилардандир»[1:215]. Юқоридаги оятларда Идрис алайҳиссаломнинг соҳиби рисолат бўлганлари ва у зотда мусулмонлар учун ўрнак бўладиган икки улуғ фазилат-хислат: Сидқ ва сабр мужасссам экани англанади. Идрис алайҳиссалом Ҳазрати Одамнинг вориси бўлмиш Шис алайҳиссаломдан кейинги, Тўфондан аввалги даврда яшаб бани башарни илоҳий маърифатга, зиёга, ҳаққа даъват этган зот сифатида тафсир ва пайғамбарлар сийрати ҳақидаги китобларда таъриф этилади. Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ «Тафсири Қуръон ил-Азим» номли асарида Идрис алайҳиссаломни биринчи бўлиб қалам билан ёзганлари, биринчи тикувчи бўлганлари хусусида турли даражадаги Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисларни келтирадики, булар Ҳазрат Идриснинг шахсиятларини билишда маълум даражада аҳамият касб этмасдан қолмайди. Хусусан, китобнинг бир ўрнида Идрис алайҳиссаломнинг сифатлари ҳақида шундай маълумотларни келтирса : «Идрис алайҳиссалом Аллоҳ таоло ўз китобида мақтаган, нубувват ва сиддиқлик сифатлари ила таърифлаган мўътабар пайғамбар Ухнух бўладилар. Насабда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бош бўғинларида турадилар» [2:75]. Бошқа бир ўринда  вафотлари ҳақида баён этиб, Қуръоннинг Марям сурасидан юқоридаги («Ва уни олий мақомга кўтардик») оятни тафсир қилиб, “Аллоҳ таолонинг «Ва уни олий мақомга кўтардик» каломининг тафсирини икки саҳиҳ манбада келтирилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Исро воқеасининг баёни ҳақидаги ҳадисларига мувофиқ (Расулуллоҳ ушбу ҳадисда 4-қат осмонда Идрис алайҳиссаломни кўрганликларини айтадилар) Идрис алайҳиссалом 4 қат осмондадирлар” [2:95] деган маълумотни келтиради. Машҳур мусулмон муфассир олими, муаррих аллома Муҳаммад ибн Жарир Табарий ўзининг «Тарих ул-умам вал-мулук» асарида эса Ибн Касирдан фарқли ўлароқ шундай маълумотларни баён қилади: «Исмлари Ухнух бин Ярод бин Маҳлоийл бин Қийнон бин Ануш бин Шис бин Одам…Уни Идрис деб аташларига сабаб, у биринчи бўлиб одамларга мактубот қилинган ваҳийдан дарс берарди…Ибн Исъҳоқнинг баён қилишича Идрис алайҳиссалом нубувват ато этилган биринчи набийдирлар» [3:171]. Замонасининг машҳур муаррих олимларидан доктор Афиф Абдулфаттоҳ Таббора «Маъал анбиё фил Қуръон ил-Карим» асарида юқоридаги маълумотларни жамлаб шундай ёзади: «Қуръон Идрис алайҳиссаломни сабр, сидқ ва олий мақом сифатлари ила тавсифлайди. Уламоларнинг якдил хулосасига кўра, Идрис алайҳиссаломга Жаброил фаришта куфр ва залолатга ботган Қобил наслини ҳидоятга бошлаш, Аллоҳга тавба қилиб, шариатни маҳкам ушлашлари ҳақида ваҳий келтиради. Қуръонда у зотнинг ҳаёти ва таълимоти ҳақида муфассил маълумот келтирилмаган… Баъзи тоифалар айтадики, Идрис алайҳиссалом Бобилда туғилган ва шу ерда яшаган. У умрининг аввалида бобокалони бўлган Шис бин Одам алайҳиссаломдан таълим олган. У зот улғайгач Аллоҳ таоло унга нубувват юборади, Идрис алайҳиссалом Одам авлодларини Шис ва Одам алайҳиссалом шариятларига мувофиқ яшашни, бузғунчилик ва фасод қилишликдан қайтаришни амр этади. Озчилик одам унга эргашади. Кўпчилик душман бўлади. Ўзларига эргашганлар билан Миср томон йўл оладилар» [6:56].

Шавқий Абу Халил «Атлас ул-Қуръон»да Идрис алайҳиссаломнинг фаолиятлари харитасини шундай кўрсатади: [7:18].

Мусулмонлар яшайдиган ўлкаларда пайғамбарлар ҳақидаги қиссаларнинг воқеалари илоҳий маърифатга йўғрилгани ва ибратга бойлиги, одамлар учун турли умр сўқмоқларида чиройли манҳаж-ўрнак бўлиши билан характерланган. Шу сабабдан бу ўлкаларда пайғамбарларнинг ҳаёти ҳақида ёзилган китоблар анча мукаммаллиги билан ажралиб туради. Деярли барча мусулмон халқларида айни мавзудаги манбалар талайгина топилади. Туркий халқлар, хусусан, ўзбек адабиётида пайғамбарларнинг сийратини ёритган дастлабки мўътабар манба сифатида Носируддин Бурҳонуддин Рабғузийнинг қаламига мансуб «Қисаси Рабғузий» асари кўрилади. Бу манба ўзида ўзгача бадиийликни мужассам этгани учун туркий мусулмон халқларининг орасида жуда машҳур ва кўп нусхаларга эга. Шу боис бу асарнинг саҳиҳ матнини топиш ва уни ҳозирги тилимизга табдил қилиш, биринчи ўринда кенг китобхонлар оммасини ҳазрат пайғамбарларнинг ҳаёти билан яхшироқ танишишга, шунингдек, миллий маданиятимизнинг қадим сарчашмаси бўлган муборак асардан баҳраманд бўлишига сабаб бўлади.

Рабғузийнинг қиссаларида пайғамбарларнинг ҳаёти ўзгача йўсинда, тарихийлик тамойилига мувофиқ келтирилган ва бадиий, ихчам баён этилган. Бу ҳолатни биз юқорида сийратлари билан танишиб чиққан Идрис алайҳиссалом қиссасида ҳам кўришимиз мумкин. Аҳамиятли томони шундаки, айни асарнинг бир нечта нусхаларида Идрис алайҳиссалом ҳақидаги қиссанинг воқеалар ривожи, матний хусусиятлари турлича ҳолатда. Чунончи, XV асрга оид илмий тадқиқотимиз остига олинган Лондондаги Британия музейида сақланаётган қўлёзма нусха асосида 1990 йилида Э.Фозилов, А.Юнусов ва Ҳ.Дадабоевнинг ноширлигида тайёрланган нашр (А), 1881 йилда рус туркшуноси Илюминский Қозон шаҳрида нашр қилган араб ёзувидаги тошбосма нашр (Б) ва 2014 йилда Бахтиёр Абдушукуров нашр этган «Қисаси Рабғузий»нинг ҳозирги ўзбек тилидаги табдил нусхаси (C)нинг матнлари Идрис алайҳиссалом қиссаси доирасида  нашрлараро таққосланганда нусхаларнинг матнлари аро тафовутли ҳолат кўзга кўринади. Қисса C нусхада учрамайди. Бунга сабаб айни нусха табдилига асос сифатида олинган манбада бу қиссанинг келтирилмаганидир. А ва Б нусхада учрасада, қиссаларнинг мазмуний ва матний хусусиятлари тафовутлидир. Қиссаларнинг кириш қисми деярли барча манбаларда Идрис алайҳиссалом мадҳи ва таърифи билан бошланади. Б нусхада бу қисм бироз чалкаш, имловий хатоларга бой. Бу нарса А нусха билан солиштирилганда яққол намоён бўлади. Кириш қисм А нусхада қуйидагича ёзилган: “Идрис Пайғамбар алайҳиссалом ул умри укуш, дийдори кушиш, Азроилға қотишған, ризвон бирла янашған, дунёдин қушдек учған, тамуғға кириб чиқған, Сиротдин яшиндек кечган, учмоҳ қабуғин очған, ўзи азиз иннаҳу кона сиддиқан набийян ва рафаънаҳу маконан алийян, ўрни адиз, ариғ зотлиғ Ахнуҳ отлиғ Идрис ялавоч”.

“Айтайин Идрис ялавоч сўзларин, Оқил эран ақлу ҳуш бирла анингким тинглаюр. Илм ортуқ олим эрди ибодатда соний, Фазли бирла улув олим илмни кез англаюр. Илму фазлу зуҳду жудию дарсу амал, Тоатинға барча олам бил мунию кез тинглаюр”.

“Ўзи билған илмини ҳеч ким эрса билмади, Кўп ибодат қилғанин теб халойиқ тинглаюр. Ўлди, тирилди, тамуғға кирди, чиқди ул яна, Уштумоққа кирди, қолди бир кун анда, монглаюр. Оти Аҳнух эрди, ўкуш дарс қилмиш учун атанди” [8:36].

Б нусхада эса қуйидагича келтирилган: “Ул амали ўкуш, дийдори кусуш, Азроил билан тобишғон, дунёдин қушдек учғон, тамуғға кириб чиқғон, сирот кўпрукин кечкан, учмох эшикин очғон ўзи азиз (Иннаҳу каана сиддиқон набийян), ўрни абиз (Ва рофаънааҳу маканан алийян) ариғ зотлиғ, яхши отлиғ Идрис Пайғамбар саловатуллоҳи алайҳи ва саломуҳ”. Назм:

“Айтайин Идрис пайғамбар сўзларини билтиюр, Оқил эран ақлу-ҳуши бирла они тинглаюр. Амали ортуқ олим эди ҳам ибодатға бениз, Фазли бирла улувви олам илмини кас тинглаюр. Фазлу илму зуҳду жуду дарсу тадриси амал, Тоатиға жумла олам тоатин Ҳақ тонглаюр. Ўзи билкан илмни ҳаргиз ким эрса билмади, Ҳам ибодат қилғонини икки олам тонглаюр. Ўлди тирилди тамуғға кирди чиқди яно, Учмох ичра кирди қолди букун онда теклаюр. Оти Ахнух эрди онинг бешки дарс ойған учун Идрис отанди” [9:37].

Юқоридаги икки иқтибосдан шу нарса аён бўладики, А нусхада матний хато ва камчиликлар Б нусхадан кўп. Айримлари матн мазмунига жиддий путур етказади. Чунончи, «дийдори кушиш», «Азроилға қотишған», «монглаюр» каби сўз ва сўз бирикмалари  мавҳум маъно ифодаламоқда. Аммо А нусха тили Б нусханикидан қадимий. Б нусха бирмунча кейин нашр қилингани боис тили ҳозирги тилимизга анча мувофиқ, шу билан биргаликда матний-мазмуний хусусиятлари яхши аҳволда. Б нусхада Идрис алайҳиссалом исмларининг қўйилиш сабаби келтирилган: «Оти Ахнух эрди онинг бешки дарс ойған учун Идрис отанди». Аммо А нусхада бу қисм чала ифодаланган: «Оти Аҳнух эрди, ўкуш дарс қилмиш учун атанди». Идрис алайҳиссаломнинг Идрис дея номланишларини олимлар арабча «дараса» феълидан олинган бўлиб, кўп дарс қилганлари учун Идрис деб аталганини айтади. “Идрис исми арабий ном бўлиб, Тавротда келган ном асосида ясалган ҳосила ўлароқ арабий дарс отига радифдошдир. Шу жиҳатдан Идрис номи «дарс берувчи», «донишманд», «бошқаларга дарс берувчи», «илм ўргатувчи» маъноларини беради” [10:45]. Рабғузий келтирган маълумотлар юзасидан тадқиқ олиб бориш натижасида шу нарса аён бўлдики, шарқ алломалари  Идрис алайҳиссаломнинг исмлари таъвилида ҳам турли мулоҳазаларни баён этишган, масалан: “Ал-Қуфтий: «Бу исм юнончадан Тирмис бўлади» деса, Ал-Қазвиний: “Уни (Идрис алайҳиссалом) исми шарифи Ҳнух бин Ярд бин Маҳлойил бин Ануш бин Шис бин Одам алайҳиссаломдир деб таъкидлайди. Ибн Ал-Асир «Уни Ҳирмис ал-Ҳаким деб аташади», деса, Ибн ал-Ибрий: «Қадимги юнонлар Ҳнух бу – Ҳермисдир деб даъво қилади ва унга Тримижистус деб лақаб берган. Бу лақаб уч нарсанинг таълимини берувчи деган маънони беради. Зеро Борий таоло унинг зотида уч сифатни зоҳир этганди. Булар: вужуд, ҳикмат ва ҳаёт. Бу номни араблар Идрис (алайҳиссалом) деб атайди» [4:85]. Тарихчи Ибн ал-Ибрий собиийлар Идрис алайҳиссаломнинг исмларини аслида Ҳермис деб билган дейди, лекин Ҳермис исмига нисбат берилувчи тарихий шахслар учта бўлганини китобида ёзади ва уларга шундай изоҳ беради:

  1. Юқори Мисрда яшаган Ҳермис. Бу биринчи бўлиб ҳикмат дурдоналарини сўзлаган ҳаким. У одамларни Тўфондан ва замонасидаги илмларнинг йўқолиб кетишидан огоҳлантирган. Эҳромларнинг бунёдкори, улардаги саноат ва ашёлар суратини чизувчиси, уларга турли фанлардан намуналарни ўзидан кейингиларга ёдгорлик ўлароқ қолишини хоҳлаб ўйдириб ёздирган рассом.
  2. Ҳермисс ал-Бобилий. Калдонийндан бўлган Калузода Тўфондан кейинги даврда яшаган ва Бобил шаҳрининг Намруд бин Кушдан кейин қайта тиклаган бунёдкори.
  3. 3. Ҳермис ал-Мисрий. Тримижистус деб лақаб берилган ҳаким [5:11].

Бу таҳлиллар натижасида шу нарса аниқ бўладики, А нусха Б нусхадан мазмунан ва матнан анча саҳиҳ ҳолатда. Б нусха қадимийроқ бўлсада, матний чалкашликлар ва хато-камчиликлар билан тўлиб тошган. Шунингдек, ўқувчи ўқиганда ҳа деганда матннинг мазмунини англаб ололмайди. Лондон нусхасидаги бундай камчиликлар хусусида Нидерландиядаги Иоган Гутенберг номидаги Майнс университети профессори Ҳендрик Боёшен шундай ёзади: «Британия музейидаги қўлёзма нусхага таяниб, бошқа қўлёзма нусхалар хусусида аниқ бир фикр айтиш мушкул. Зотан Лондондаги бу қўлёзма нусханинг ўзи хаттот томонидан, замонавий қилиб айтганда, китоб дўконида сотиш учун кўчирилган» [11:15].

Хулоса сифатида шуни айтиш керакки, «Қисаси Рабғузий»нинг ҳозирги тилимизга табдил қилиш жараёни анчайин мураккаб жараён бўлиб, бунда биргина нусхага таяниб қолиш асарнинг тўлақонли мазмун-моҳиятини очиб бермайди. Асарнинг бир нечта нусхалари солиштирилиб асл матнни тиклаш ва у асосида табдил жараёнини амалга ошириш матншунослик илмининг бу кундаги долзарб масаласидир.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Қуръони карим маънолари таржимаси. Таржимон: Абдулазиз Мансур. – Т.,
  2. Абулфидо Исмоил ибн Умар ибн Касир. Тафсири Қуръон ил-Азим. – Байрут: Дор ул-фикр, 2009.
  3. Муҳаммад ибн Жарир Табарий. Тарихи русул вал-мулук. – Байрут: Дор ул-фикр, 2009.
  4. Ҳудо Дарвеш. Набиюллоҳ Идрис алайҳиссалом байна мисрийятил қадимийяти вал-яҳудийяти вал-ислам. – Қоҳира: Дор ус-салом, 2009.
  5. Ибн ал-Ибрий. Тариху мухтасарид дувал. – Лубнон: Дор ур-роид ал-Лубноний, 1994.
  6. Афиф Абдулфаттоҳ Таббора. Маал анбиё фил Қуръонил Карим. – Байрут: Дор ул-илм лилмуллойин, 2018.
  7. Шавқий Абу Халил. Атлас ул-Қуръон. – Байрут: Дор ул-фикр, 2004.
  8. Носируддин Рабғузий. Қисаси Рабғузий. – Тошкент: Ёзувчи, 1990.
  9. Носируддин Рабғузий. Қисас ул-анбиё. – Қозон (Тошбосма). 1881.
  10. Рушдий ал-Бадровий. Қисас ул-анбиё ват-тарих. – Қоҳира: Мажаллад ул-арабийя, 2009.
  11. Ҳенрик Боешан. Қисаси Рабғузий нусхалари таққосланса. Ёшлик журнали, 2018 йил, 8-сон.
 
Раҳматжон ТЎРАҚУЛОВ,
Гулистон давлат университети Адабиётшунослик магистратура йўналиши 2-курс магистранти

Check Also

Исломда қўшничилик ҳақлари ва одоблари

Халқимиз қадимдан юксак қадрият ва урф-одатларига содиқ миллатдир. Шу сабабли бу табаррук заминда инсонлар бир …