Home / АЛЛОМАЛАР / ХОЛИС ТОШКАНДИЙ ВА АБДУҚАЮМ ВАҲМИЙ ИЖОДИДА ИСЛОМ ТАРИХИ ВОҚЕАЛАРИНИНГ БАДИИЙ ТАЛҚИНИ (XIX АСР)

ХОЛИС ТОШКАНДИЙ ВА АБДУҚАЮМ ВАҲМИЙ ИЖОДИДА ИСЛОМ ТАРИХИ ВОҚЕАЛАРИНИНГ БАДИИЙ ТАЛҚИНИ (XIX АСР)

Ўзбек мумтоз адабиётида XIX аср қиссанавислик анъанасининг сермаҳсул даври ҳисобланади. Айниқса, бу давр ижодкорлари ислом тарихи бўйича ўзига хос бадиий ижод намуналарини юзага келтирган. Улар ислом тарихи воқеаларини, дин тарғиботчилари бўлган тарихий шахсларнинг фаолияти ва саъй-ҳаракатларини, жанговар сифатларини халқона услубда содда ва равон тарзда бадиий талқин этди. Натижада халқнинг орзу-истакларини ўзида мужассамлаштирган дидактик асарлар майдонга келди.

Холис Тошкандий ва Абдуқаюм Ваҳмийни ислом тарихи воқеаларини қаламга олган ва халқ орасида мавжуд қиссаларга энг кўп мурожаат этган ижодкорлар сифатида тилга олиш мумкин. Тахминан 1778-1780 йилларда таваллуд топган ва асл исми Шоҳ Ҳаким бўлган Холис Тошкандийнинг “Қиссаи Шоҳ Жарир”, “Зеваршоҳ ва Қусам ибн Аббос”, “Имом Ҳасан ва имом Ҳусайн” каби қиссалари ислом тарихи воқеаларини бадиий ифодалаган тарихий-жангнома асарлар ҳисобланади.

“Қиссаи Шоҳ Жарир” асари ҳажман кичик бўлиб, унда “халифа Усмон (р.а.) даврида шуҳрат қозонган саркарда Жарир ибн Муҳаммад” [1:24-30] ҳаёти ўрин олган. Воқеалар асосан маснавий тарзида баён этилган, баъзи ўринларда воқеликка муносабат тарзида мухамма ва марсиялар ҳам бериб кетилади. Асар баёнида содда ва фольклорга хос тасвир етакчилик қилади. Ижодкор Шоҳ Жарир қаҳрамонлигини тасвирлаш орқали саҳобаларнинг ҳаёти, имом Ҳусайн фожиаси билан боғлиқ воқеаларни ҳам бериб кетади.

Ўзбекистон Республикаси ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида “Қиссаи Шоҳ Жарир” ёки “Қиссаи Шоҳ Жарир ва Қусам ибн Аббос” асари 11619, 13055/4, 8844/3, 5660/7, 5660/6 инвентарь рақамларда, “Зеваршоҳ ва Қусам ибн Аббос” асари 3379 инвентарь рақамда сақланади. Қўлёзмалар асосан настаълиқ хатида битилган бўлиб, саҳифалари яхши сақланмаган.

“Қиссаи Шоҳ Жарир” асари “Сафед Булон қиссаси” номи билан кирилл ёзувида нашр этилган бўлиб [2:3], унда тарихий воқелик асосан халқ оғзаки ижодига хос баён этилган.

Асарнинг 13055/4 инвентарь рақамли қўлёзмаси 14х21см ҳажмда бўлиб, 1226 ҳижрийда ёзилган. Қўлёзма саҳифалари яхши сақланмаган. 5660/7 рақамли қўлёзма ҳам настаълиқ хатида ёзилган бўлиб, сарлавҳалари қизил рангда, кўчиришда қисман имловий хатоликлар кўзга ташланади. “Шоҳ Жарир қиссаси” маснавийда ёзилган, тахминан 5551 мисрани ташкил этади. Қўлёзмаларда мисралар сони қисман фарқ қилади. Воқеалар баёни насрий сарлавҳалар билан ажратилган. Асар Аллоҳ зикри билан бошланиб, кейин Муҳаммад Пайғамбар (С.А.В.) ва саҳобалар тилга олинади. Дастлабки баён кўпроқ муаллифнинг ўз ишига мадад сўраши бўлиб, буни ёзажак асарига қисқача изоҳ сифатида, илк дебоча деб қабул қилиш мумкин. Сўнг “Расул алайҳиссалом чорёрларининг иззат ва ҳурмати баёни” келтирилиб, улар Пайғамбар (С.А.В)нинг атрофида юлдуз кабидир, деб таъриф этилиб, ҳазрат Али ва Муовия ўртасидаги халифалик масаласига қисман тўхтаб ўтилган. Муаллиф тилидан давлатни чорёрлар, сўнг Ҳазрат Али, Муовия бошқаргани, улар дунёдан ўтгандан сўнг Ҳасанга заҳар берилиб, Ҳусайн эса Карбалода шаҳид қилингани ва барчаси дунёдан ўтиб, Язид ва Марвон қолгани 56 мисрада қисқача баён этилган.

Муаллиф воқеаларни тўғридан-тўғри Жарирнинг қаҳрамонлигидан бошламайди. Жарирнинг шахсини танитиш мақсадида, “Расул алайҳиссалом уч қизларини куёвга бергонлари баёни”ни келтиради. Бу баён 92 мисра бўлиб, воқеалар умумий ҳолда қисқача муаллиф тилидан изоҳлаб ўтилган. Жумладан, Пайғамбаримиз (С.А.В.)нинг қизлари Зайнаб ва Усмондан Муҳаммад Жарирнинг дунёга келиши, куч ва жасоратда тенгсиз бўлиб вояга етишини гапириб, сўнг Умар даврида кўпчилик динга киргани, унинг вафотидан кейин динсизлар мусулмонларга кўп зулм қилгани, Фарғона мусулмонлари Мадинага келиб мусулмонларнинг оташпарастлардан кўп азият чекишини айтиши, Ҳазрат Али саккиз минг киши билан Абдуллоҳ Умарни бош қилиб Туркистонга юбориши, Абдуллоҳ қўшини билан Туркистонда неча йиллар қамалда қолиб кетиши, Али вафот этгач, Язид давлатни бошқариши, аммо ҳеч кимни қамалдаги мусулмонларга кўмакка юбормагани баён этилган. Сўнг янги сарлавҳа остида Жарир муносиб номзод сифатида Туркистонга юборилгани ва у Фарғонага боргунича бир қанча шаҳарларда бўлгани, улуғ зотларни зиёрат қилгани каби воқеаларнинг 156 мисрали баёни қаҳрамон ёки муаллиф тилидан берилган. Шунингдек, воқеалар баёнининг давомида 365 мисра мухаммас, 206 мисра марсия, 487 мисра муножот, 108 мисра мусаддас берилиб, унда қаҳрамонларнинг руҳий ҳолати янада таъсирлироқ ифодаланган.

Асосий воқеаларда Жарирнинг Фарғона вилоятидаги шаҳарларда оташпарастларга қарши ҳаракатлари тасвирланган. Муаллиф воқеаларни кенг доирада ёритади ва асарни Жарирнинг қаҳрамонликлари билан якунламайди. Балки унинг фарзанди Шоҳ Фозилнинг жасорати орқали эзгулик ҳамиша ғалаба қилишини ифодалашга ҳаракат қилади. Жарир Фарғонада эмас, балки оташпарастлардан енгилиб, Мадинага бориб ўша ерда вафот этиши айтилади. Унинг ишини охирига етказиш мақсадида фарзанди Шоҳ Фозил Фарғонага қайтиб, дин йўлида курашиши ва ғалаба қозониб, шу ерда қўним топиши ва охир-оқибат заҳар бериб ўлдирилиши, шу заминда дафн этилиши каби воқеалар билан асар хотималанган.

“Зеваршоҳ ва Қусам ибн Аббос” ҳам ҳажман кичик бўлиб, воқеалар баёни жами 1167 мисра маснавийни ташкил этади. Асосий қисми ҳисобланган Қусам ибн Аббос ва Зеваршоҳ воқеалари 617 мисрадан иборат. Унда Амир Темурнинг Қусам ибн Аббос учун мақбара қурдириши ва Самарқанд мозорлари таърифига бағишланган қисм 550 мисрани ташкил этади. Назмий баён таркибида Қусам тилидан 121 мисра муножот келтирилган.

Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида асарнинг 3379 инвентарь рақамли қўлёзма нусхаси мавжуд. 39 саҳифадан иборат, настаълиқ хатида. Котиблар кўчиришда хатоликларга йўл қўйган. Маснавий баёнда қаҳрамонлар тилидан байт, мухаммас ва муножотлар келтирилган. Бу орқали дунёнинг ўткинчи экани билан боғлиқ фалсафий-дидактик қарашлар баён этилган. Дастлабки воқеаларда саҳобалар ва Жарирнинг дин тарғиботи йўлидаги фаолияти бир қадар тилга олинган. Қусам ибн Аббоснинг фаолияти Жарирнинг Туркистондаги тарғиботининг бевосита давоми сифатида баҳоланган. Асарнинг асосий қисмида Зеваршоҳ бошчилигидаги кофирлар Самарқандга Қусам ибн Аббоснинг намоз вақтини билиб, устига лашкар тортиб келиши, мусулмонлар оғир аҳволда қолиши ва кўпчилигининг ҳалок бўлиши, ночор аҳволда кофирлар орасида қолган Қусам учун Худонинг қудрати билан чоҳ пайдо бўлиши ва унинг чоҳ ичига кириб ғойиб бўлиши, Зеваршоҳ ва одамлари уни тополмай чоҳ ичига одам тушириши, у чоҳ даҳшатларидан қўрқиб, ортга қайтиши ва бошқа воқеалар фольклорга хос баён этилган. Кейинги воқеаларда Амир Темурнинг Қусам чоҳи устида бино қуриш учун лашкаридан бир одамни ғор ичига тушириши ва унинг ичидаги ғаройиботлар, Қусам билан учрашиши каби воқеаларнинг кенгроқ баёни берилган. Самарқанд мозорларининг таърифи билан асар хотималанган.

Халқ орасида икки асарнинг ҳам кўплаб қўлёзма нусхалари мавжуд [4:282].

Муаллифнинг “Имомлар қиссаси” ёки “Қиссаи имом Ҳасан ва имом Ҳусайн” асари ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида 12040, 12244-II, 1144-2, 12012-2, 12053-6, 12327-3, 9927-II, 3305-II, 9282, 6370-7, 9807, 4198-1 инвентарь рақамларда сақланади. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бу руҳдаги асарлар юртимиз қўлёзма фондларида талайгина бўлиб, котиблар XIX асрнинг охири ва XX асрнинг бошида улардан кўп нусха кўчирган [5].

Қўлёзмалар орасида 12040 инвентарь рақамлиси бошқа нусхаларга қараганда тўлиқроқ бўлиб, настаълиқ хатида қора сиёҳда ёзилган, сарлавҳалари қизилда, 181 варақни ташкил этади. 15745 мисрадан иборат. Назмий баён таркибида 518 мисра ғазал, 673 мисра марсия, 246 мисра муножот, 387 мисра мухаммас, қаҳрамонлар тилидан 2 та мусаддас ва ҳикоятлар келтирилган. Муаллиф тасвирни янада жонли кўрсатиш мақсадида ўз тилидан ғазаллар, мухаммаслар келтиради. Қаҳрамонлар тилидан муножотлар ва уларнинг вафотига бағишлаб марсиялар, ҳасратномалар битади. Ҳатто баъзи ўринларда “Ғазалиёти Холис”, “Мухаммаси Эшони Холис” деб ўз тилидан мисралар битади ва воқеликни ички кечинмалар уйғунлигида ёрқинроқ тасвирлайди.

Шунингдек, 9282, 9807, 12012-2 инвентарь рақамли қўлёзмаларни котиблар турли ҳажм ва савияда кўчирган, уларнинг саҳифалари тўлиқ эмас ва яхши сақланмаган. Хусусан, 9282 қўлёзмада воқеалар саҳобалар таърифидан бошланса, 9807 рақамлисида Муҳаммад (С.А.В.)нинг таърифлари қисқача келтирилиб, у зотнинг дунёдан ўтишлари фалсафий тарзда назмий баён этилади. Сўнг воқеалар имом Ҳусайн фожиасига боғланиб кетади.

4198-1 инвентарь рақамли қўлёзмани эса XIX асрда Мулло Мир Маҳмуд Намангоний кўчирган. Бунда Муҳаммад (С.А.В.)нинг вафотларига тўхтаб ўтилади. Сўнг у зотнинг фаолияти бир қадар ёдга олиниб, марсия келтирилади. Шунингдек, саҳобалар – Абу Бакр, Умар ва Усмоннинг ҳаёти ва фаолияти, қазоси қисқача баён қилиниб, марсиялар билан таъзия изҳор қилинади. Муҳаммад пайғамбар (С.А.В.)нинг қизлари Фотима ҳақида баъзи маълумотлар берилиб, сўнг асосий воқеалар баёни бошланади [1:24]. Ҳусайн аҳли оиласи билан Карбало даштида ночор қолиши, мусулмонлар қарши томон билан бирин-кетин жангга кириши, сувсизликдан ташна ҳолда ҳалок бўлиши, охир-оқибат Ҳусайннинг шаҳид қилиниши ва тирик қолганлар асир сифатида олиб кетилиши, мусулмонлар Язид лашкарларига қарши курашиши каби воқеалар қаламга олинган. Асар “Ғазали имом Муҳаммад Ҳанифа”, “Ғазали имом Зайнулобидин” ва “Муножоти ҳазрат имом Зайнулобидин” каби боблар билан хотималанган.

Муаллиф асар сюжетига янги-янги воқеа ва ривоятларни киритиб боради. Жумладан, имом Ҳасан ва имом Ҳусайн билан боғлиқ воқеаларни баён этиб келади-да, сўнг тўхтаб,

Кел эй ровий яна айла ривоят,

Имомларға дегил бошқа ҳикоят (12040/ 4 а), деб янги ривоятларга ўтади. Воқеликка муносабат тарзида турли ривоятларнинг берилиши ва дастлабки воқеалар баёни деярли кўпгина ўринларда бадиий жиҳатдан тасвирланади.

Баъзи ўринларда ривоятлар воқеаларнинг изоҳи сифатида келтирилади. Жумладан, Муовия Пайғамбар (С.А.В.) хонадонининг бошига фожеалар ўз авлоди томонидан солинганини эшитиб, уйланмасликка қасд қилгани баён этилиб, сўнг воқеликка изоҳ сифатида:

Кел эй, ровий сўзунгни бошқа айла,

Муовия сўзини қисқа айла (12040/ 7 а), деб янги ривоят баёнига ўтилади. Бу ривоятда имом Ҳасан ва имом Ҳусайннинг фожиаси баёни келтирилади. Бу каби тасвирларни Холис услубининг ўзига хос жиҳати сифатида баҳолаш мумкин. Асарнинг тили ва баён усулининг содда ва равонлиги унинг халқчиллигини таъминлаган. Шунингдек, асарда “айрим қофиялар, вазн учун қўлланган сўз ёки боғловчилар такрор учраб туради” [6:24]. Бу каби ҳолатлар фақат Холиснинг эмас, балки кўпгина бошқа қиссанависларнинг ижодида ҳам кузатилади.

Холис Тошкандий асарларининг мавзуси хилма-хил бўлиб, аксариятида ислом тарихининг Ўрта Осиё билан боғлиқ жиҳатлари қаламга олинган. Ўзбек мумтоз адабиётида бирор муаллифнинг ижодида ислом тарихи бу қадар кенг қамровли қаламга олинган эмас. Бу борада Холисни сермаҳсул қиссанавис ижодкор, дейиш мумкин. Ислом тарихидаги шахслар Холиснинг ижодида янгидан ўзига хос қиёфа касб этган.

XIX асрда яшаб ижод этган яна бир қиссанавис ва сўфий ижодкор Абдуқаюм Ваҳмий Марғилонийдир (тахм. 1826-1888). Унинг ислом тарихини бадиий ифодалаган кичик ҳажмли “Ҳафт ғазот” ва “Саййид Жаъфар Ғозий” номли назмий асарлари сақланиб қолган. Ҳазрат Алининг қаҳрамонлиги бадиий ифодаланган “Ҳафт ғазот” достони бизгача тўлиқ етиб келмаган. Мавжуд қисмида Ҳазрат Алининг Аждар Дев билан олишуви қизиқарли тарзда тасвирланган. Жумладан, халқ Аждар зулмидан жабр кўриши, Аллоҳ амри билан Муҳаммад Пайғамбар (С.А.В.)нинг Аждар билан урушиш учун Ҳазрат Алини юборишлари, саҳобалардан Аждар Молик, Саъд Ваққос ва имомзодалардан Ҳасан ва Ҳусан отасига ҳамроҳ бўлиши, воқеалар давомида Ҳазрат Али кўп қаҳрамонликлар кўрсатиши, оқибатда Аждарни енгиб, халқларни мусулмон қилиши бадиий тасвир орқали кенг баён этилган.

“Саййид Жаъфар Ғозий” асари мамлакатимиз қўлёзма фондларида учрамайди. Қўлёзмани фақат шахсий кутубхоналардан топиш мумкин[1]. Тарихчи олим Н.Абдулаҳатов Абдуқаюм Ваҳмий “Саййид Жаъфар Ғозий” асарини ёзишда халқ оғзаки ижодига асосланган Абулмухтафи Шомийнинг “Жангномаи Саййид Баттол Ғозий” номли достонидан фойдаланган, дейди [7:4]. Дарҳақиқат, 2860 инвентарь рақамда сақланаётган Абулмухтафи Шомийнинг “Жангномаи Саййид Баттол Ғозий” асарининг туркий таржима достони билан Ваҳмий асари сюжетида умумийлик ҳолатлари кўзга ташланади. Бундан кўринадики, Абдуқаюм Ваҳмий “Жангномаи Саййид Баттол Ғозий”нинг таъсирида “Саййид Жаъфар Ғозий” қиссасини, “Жангномаи ҳафт ғазот ҳазрат Али” асосида “Ҳафт ғазот” достонини ёзган.

Абдуқаюм Ваҳмий асарининг бизда мавжуд парчасида “Қайсари Рум алайҳи лаънанинг вазир Манжосил маслаҳати бирла йўлларға лашкар қўюб пойлагони ва Саййид Жаъфар Ғозийнинг шер юрак билан аларға панд бергонининг баёни” келтирилган.

Умуман олганда, XIX аср адабий муҳитида Холис Тошкандий ва Абдуқаюм Ваҳмий ислом тарихи воқеаларини қаламга олган ижодкорлар сифатида ўзига хос ўринга эга. Ислом тарихи улар ижодида ўзгача услуб ва ёндашувда бадиий талқин этилган. Бу халқона ижодни бебаҳо мерос сифатида халқ севиб ўқиган ва ўқимоқда. Бу асарлар бугунги кунда ҳам ўз маънавий-маърифий қийматини йўқотмаган ҳолда дидактик асарлар сифатида ёш авлодни тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Ф.Равшанов. Холис ва унинг адабий мероси. Фил.ф.ном.дисс… – Самарқанд. 1996.
  2. Шоҳ Ҳаким Холис. Меърожнома. Нашрга тайёрловчилар М.Ҳасаний, Н.Йўлдошева. –Т.: Меҳнат, 1991.
  3. Бувайда зиёратгоҳлари / Н.Абдулаҳатов ва бошқалар. Янги аср авлоди, –Т.: 2013.
  4. Исоқхон Ибрат. Фарғона тарихи. – Т.: Камалак, 1991.
  5. ЎзФА Шарқшунослик институти фонди 13055/1/2/3, 8844/2, 12756, 9569/2, 5354/1, 3650/2, 8924/2, 9818/2, 9074/2, 12447, 12457/1 рақамли қўлёзмалар
  6. С.Сайқалий. Равзат уш-шуҳадо / Нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва луғат муаллифлари С.Сайфуллоҳ, Д.Хунзекр. – Т.: Мовароуннаҳр, 2004.
  7. Н.Абдулаҳатов. Абдуқаюм Ваҳмий Марғинонийнинг нодир мероси // Электрон ҳолда. 2021.
  8.  [1] Асар қўлёзмаси тадқиқотчи олим Н.Абдулаҳатов шахсий кутубхонасида сақланмоқда.
Лола АЗИМОВА,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
таянч докторанти

Check Also

МАВЛОНО ЮСУФ – БОБУР МИРЗОНИНГ ХОС ТАБИБИ

Мавлоно Юсуф Хуросоннинг Ҳирот яқинидаги Ҳавоф (Ҳаф) шаҳрида табиб оиласида туғилган. Тўлиқ исми – Юсуф …