Home / АЛЛОМАЛАР / МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙ – САМАРҚАНД ЖАДИДЛАРИНИНГ ЙИРИК НАМОЯНДАСИ

МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙ – САМАРҚАНД ЖАДИДЛАРИНИНГ ЙИРИК НАМОЯНДАСИ

Жадидлик ҳаракатини чуқур ўрганиш, ўша даврда ижод қилган ва фаолият юритган зиёлилар, тараққийпарварларнинг эзгу мақсадларини кенг тарғиб қилиш давлатимизнинг доимий диққат эътиборида бўлиб келмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январда Парламентга йўллаган мурожаатномасида бу масалага алоҳида тўхталиб ўтди: “Умуман, биз жадидлик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади” [1].

Жадидлик ҳаракати ва унинг моҳияти бугунги кун учун ҳам долзарб ва аҳамиятлидир. Президентимиз 2020 йил 30 сентябрда имзолаган “Маърифатпарвар жадидлик ҳаракати намояндаларини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонда жадидлар фаолияти яна бир бор эътироф этилди. ХХ асрнинг бошида ўзининг маърифатпарварлик фаолияти ва фидокорона хизматлари билан миллий таълим-тарбия тизимини яратиш ва юртимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг обод ва фаровон ҳаётини таъминлашга қўшган беқиёс ҳиссаси учун Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланди [2].

Жадидлик ҳаракати XIX асрнинг охири XX асрнинг бошида Туркистон, Кавказ, Қрим ва Татаристонда юзага келди. Қатор маърифатли шахсларнинг янги сиёсий ва ижтимоий ғояларни илгари суриши жадидлик ҳаракатига асос солди. “Жадид” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, янги деган маънони англатади. Бу даврда бошланган янги сиёсий, маърифий ва ижтимоий жараёнлар жадидлик ёки тараққийпарварлар ҳаракати деб номланди. Ҳаракат асосчиси қримлик Исмоилбек Гаспиринский эди.

Жадидлик ҳаракати кейинчалик минтақанинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг ёйила бошлади. Хусусан, XIX асрнинг охири XX асрнинг бошида Туркистон минтақасидаги жараёнларда жадидлик ҳаракати муҳим аҳамият касб этди ва қатор илғор ғоялар илгари сурилди. Ўша вақтда Туркистон аҳолисининг моддий аҳволи оғир бўлиб, халқ орасида саводсизлик, диний мутаассиблик кенг тарқалган эди. Жадидларнинг фикрига кўра, халқни ғафлат уйқусидан уйғотишнинг ягона йўли уларни маърифатли қилиш эди. Бу йўлда янгича тузум ва тартибларни жорий этиш, янги усул мактабларини очиш ва инсонларни илғор жаҳон тажрибасидан воқиф қилиш лозим эди. Шу боис жадидлик ҳаракатининг моҳияти миллат ва жамиятнинг тафаккурини янги босқичга олиб чиқишдан иборат бўлган.

Жадидлик ҳаракатининг юзага келиши ва ривожланиш босқичларини таҳлил қилиш учун ўша даврдаги тарихий жараёнларга тўхталиш мақсадга мувофиқдир. XIX аср охирида Чор Россияси Туркистонни босиб олганидан сўнг хонлик давридаги тартиботни бекор қила бошлади. Туркистоннинг тараққиётдан анча орқада қолиб кетгани ўлкада темир йўл қурилишидан, дастлабки саноат корхоналарининг бунёд этилишидан, рус олимларининг Ўрта Осиёга олиб келган янги илмий ғояларидан кейин маълум бўла бошлади. Хонликлар давридаги монархия тузуми сабабли ўлкада ҳали-ҳануз ўрта асрларга хос ҳаёт тарзи ҳукм сурар эди. Бу омиллар юртнинг зиёлилари ва тараққийпарварларини уйғотди. Туркистондаги жадидлар сифатида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Фитрат, Чўлпон, Ашурали Зоҳирий, Исҳоқхон Ибрат, Файзулло Хўжаев, Абдулвоҳид Бурхоновни таъкидлаш мумкин. Улар миллий уйғониш ҳаракатининг бошида бўлди.

“Жадидлик моҳиятга кўра сиёсий ҳаракат эди. Унинг шаклланиш ва мағлубиятга учраш даври бўлиб, уларни шартли равишда тўртга бўлиш мумкин. Туркистон, Бухоро ва Хива ҳудудида бу даврлар 1895-1905; 1906-1916; 1917-1920; 1921-1929 йилларни ўз ичига олади” [3:519].

Самарқандда ҳам жадидлик ҳаракати кенг ёйилиб, уларнинг бир қатор етук намояндалари етишиб чиқди. Самарқанд жадидларининг энг кўзга кўринган вакили, шубҳасиз, Маҳмудхўжа Беҳбудийдир. “Туркистондаги жадидлик ҳаракатининг таниқли намояндаси Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875-1919) машҳур драматург ва публицист, жамоат арбоби бўлишидан ташқари, ўз даврининг йирик олими, ношир ва матбуотчиси сифатида чуқур из қолдирди” [4:37].

М.Беҳбудий 1875 йилнинг 30 январида Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида, руҳоний оиласида дунёга келган. Отаси Беҳбудхўжа Солиҳхўжа ўғли Аҳмад Яссавийнинг авлодларидан, она томонидан бобоси Ниёзхўжа урганчлик бўлиб, амир Шоҳмурод замонида (1785-1800) Самарқандга келиб қолган. 1894 йилда имом-хатиблик билан шуғулланиб келган отаси Беҳбудхўжа вафот этади. Ёш Маҳмудхўжа тоғаси қози Муҳаммад Сиддиқ тарбияси ва қарамоғида ўсиб вояга етади. Араб сарфу наҳвини кичик тоғаси Мулла Одилдан ўрганади.

Жадидлар Туркистонни қолоқлик, саводсизлик ботқоғидан олиб чиқишнинг энг муҳим омили халқни саводли, маърифатли қилиш эканини яхши тушунар эди. Шу боис улар янги усулдаги мактабларни ташкил қилди. Бу мактабларни ўша даврнинг илғор кишилари, бойлар моддий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлади. Бундай мактаблар дастлаб 1893 йили Самарқандда, 1898 йили Қўқонда Салоҳиддин домла, 1899 йил эски Тошкентда Мунаввар Қори, Андижонда Шамсиддин домла томонидан ташкил этилди. 1900 йили Бухорода ҳам Жўрабой қори янги усулдаги мактабларни барпо этди. 1903 йили М.Беҳбудий ўз маблағи ҳисобидан Жомбойда худди шундай мактаб очди. Жадид Ҳожи Муин ва Шакурий шу мактабда дарс берган [5:169-170].

Маҳмудхўжа Беҳбудий нафақат янги усул мактабларини ташкил қилиш, балки уларни замонавий дарсликлар, дунёвий илмлар билан ҳам таъминлаш ишига бош-қош бўлди. Ўзи қатор дарслик ва рисолалар яратди. “1903 йилда Самарқанд атрофидаги Ҳалвойи ва Ражабамин қишлоқларида унинг ташаббуси билан янги мактаблар очилди. Беҳбудий бу мактаблар учун “Рисолаи асбоби савод”, “Рисолаи жуғрофияи умроний”, “Китобул атфол”, “Амалиёти ислом”, “Тарихи ислом” каби дарслик ва рисолалар ёзди [6:11].

Беҳбудий жадидлар етакчиси, минтақада тараққийпарварлик ҳаракатининг аъзоси сифатида Самарқанд шаҳрида турли йиғин, кеча ва машваратларни ташкил қилди. Бу каби йиғилишларга турли шаҳарлардаги тараққийпарвар кишилар таклиф этилди. Бухоролик машҳур маърифатпарвар Садриддин Айний Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида бундай эслайди: “1908 йилда дарс шерикларимиздан бўлғон Мирзо Абдулвоҳид билан Бухородан Самарқандға келган эдик. Бу саёҳатимизда мулла Абдулқодир Шакурий, мулла Исматулло Раҳматуллозода ва бир қанча Самарқанд маърифатпарварлари оқшом мажлиси учун бизни бир ерга чақирғон эди” [7:238].

С.Айнийнинг қўшимча қилишича, бу унинг Беҳбудий билан биринчи учрашуви эди. У бундай хотирлайди: “Бу кеча Маҳмудхўжа кўпинча фанний масалалардан сўз чиқариб, ердан, кўкдан, ойдан, юлдуздан, қисқаси, ул вақтғача биз эшитмаган нарсалардан кўпгина сўйлади” [7:238].

Беҳбудий фаол ноширлик фаолияти билан Туркистонда миллий матбуот ривожига улкан ҳисса қўшган. Унинг ташаббуси билан ўзи ва бошқа тараққийпарварларнинг маърифатпарварлик ғояларини кенг тарғиб қилиш мақсадида газета ва журналлар фаолият кўрсата бошлади. Беҳбудийнинг саъй-ҳаракатлари ва муҳаррирлигида 1913 йилдан “Самарқанд” газетаси чиқа бошлаган. Унда ўша даврнинг долзарб ижтимоий-сиёсий масалаларига эътибор кучли эди. Газетанинг 1913 йил 30 июлдаги сонида туркистонлик ёшларнинг оғир ижтимоий аҳволи, болаларни мактабда ўқитишнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, бундай дейилган: “Бошқа миллатнинг ёш болалари мактабда, лекин бизники ҳаммолликда ва гадойликда. Бошқа миллат уламосиға тобе экан, бизни уламо билъакс авомға тобедур. Бунинг охири харобдур. Йигирма, ўттуз сана сўнгра яна ёмонроқ бўлур, мусулмонлик илм ва адаб ила қоим, миллат ахлоқ, фазл ва ҳунар ила боқий қолур” [8].

Бундан ташқари, Буҳбудийнинг бевосита иштироки ва ташаббуси билан 1917 йил 16 апрелдан бошлаб “Ҳуррият”, 1918 йилдан 1922 йилгача “Меҳнаткашлар товуши” газетаси нашр этилган ва уларда мустақиллик, инсонларни илм олишга, замонавий фикрлашга даъват этувчи мақолалар чоп қилинган.

Беҳбудийнинг ноширлик фаолиятида “Ойина” журнали алоҳида аҳамиятга эга. 1913 йилнинг 20 августидан чиқа бошлаган бу журналда миллий бирдамлик, туркий халқларнинг ҳамжиҳатлиги каби масалалар кўтарилган. Миллат ва унинг ҳақ-ҳуқуқлари, тарихи, тил ва адабиёти масалалари, дунёдаги аҳволга доир қизиқарли мақолалар бериб борилган.

Беҳбудийнинг миллат тараққиётида хорижий тилларни ўрганишнинг аҳамияти ҳақидаги фикрлари диққатга сазовор. У хорижий тилларни ўрганиш замоннинг зарурати эканини таъкидлаб, уни диний томондан ҳам асослашга ҳаракат қилди: “Яна бир тил ва хат борки, бутун олам бир-бирила анинг ила сўйлайдур. Ул фарансе тили хатидур. Ғайридиннинг илм ва хатини ўрганмоқ шариатча дурустдур. Ҳадиси шарифдан маълум бўладурки, жаноб Пайғамбар (С.А.В.) ўз саҳобаларидан Зайд бин Собит(ға) яҳудий хатини ўқуб-ўрганмоққа буюрган экан. Ва ул жаноб амри ҳазрат нубувват паноҳи ила яҳудий хатини ўрганиб, ҳазрат Пайғамбар (С.А.В.)ға яҳудийлардан келадурғон хатларни ўқуб берар экан. (“Саҳиҳул Бухорий”, 4-жуз, 156-саҳифа)” [9:14].

Беҳбудий Туркистонда ислом динининг ўрни ва мавқеи юқорилиги, диний уламоларнинг халқ орасидаги обрўсини инобатга олган ҳолда, ўз ғояларини тарғиб қилишда диний ва дунёвий қарашлардаги мувозанатни сақлашга ҳаракат қилган. Бу ҳақда тарих фанлари доктори, профессор Қ.Ражабовнинг қуйидаги фикрларини келтириш ўринли: “Беҳбудий ҳам дин ва миллатни иттифоқ этишга, ислоҳот ўтказишга, зиёли ва тараққийпарварларни, бой ва уламони бирлаштиришга даъват этди. У тараққийпарварлар ва уламоларнинг халқ орасида обрўси унчалик катта эмаслиги, шу боис қадимий уламолар билан ҳамкорликсиз иш олиб борилса муваффақиятга эришиш қийинлиги тўғрисида куюниб сўзлар эди” [10:9].

Беҳбудийнинг маърифатпарварлик ғоялари, жамиятни ислоҳ қилиш, жаҳолатга қарши курашиш масалаларидаги фикрлари унинг “Падаркуш” асарида ёрқин ифодаланган. Бу асарда дунёвий илмларни эгаллашнинг аҳамияти, кенг дунёқарашли ёшларнинг мамлакатни тараққий эттиришдаги роли моҳирона тасвирланган: “Олими замоний бўлмоқ учун болаларни, аввало, мусулмоний хат ва саводини чиқаруб, заруриятий диния ва ўз миллатимиз тилини биладирғондан сўнгра ҳукуматимизнинг низомли мактабларига бермоқ керакдур, яъни гимназия ва шаҳар мактабларини ўқуб тамом қилғонларидан сўнг Петербург, Масков дорилфунунларига юбориб, доктурлик, закунчилик, инженерлик, судьялик, илми санъат, илми иқтисод, илми ҳикмат, муаллимлик ва бошқа илмларни ўқутмоқ лозимдир” [11:44].

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг юрт озодлиги, миллат тараққиёти йўлидаги саъй-ҳаракатларини тадқиқ этишда унинг сиёсий фаолиятини ҳам инобатга олиш лозим. 1917 йилдаги февраль инқилоби ва Россия подшоси Николай Романовнинг тахтдан ағдарилиши Туркистон жадидларини фаоллаштириб юборди. “Ҳуррият” газетасининг 1917 йил 13 май сонида Беҳбудийнинг “Муҳтарам самарқандийларға холисона арз” номли мурожаати чоп этилди. Унда озодлик, ҳуррият ҳақида қуйидагича фикр билдирилади: “Ҳозирда бўлса, Худои таоло бизға ҳуррият берди. Диний ва миллий ислоҳот ва тараққийимиз учун ҳаракат ва саъй этмоққа йўл очуқдир” [12:471].

М.Беҳбудий 72 кун умр кўрган Туркистон Мухториятининг парламенти – Миллий Мажлис таркибига киритилган эди. Ўша вақтда замонанинг энг илғор зиёлилари, тараққийпарварларидан ташкил топган Туркистон Мухториятида масъул лавозимни эгаллаш Беҳбудийга фахр бағишлаган эди. У: “27 ноябрда Ҳўқандда умумий мусулмон съездида Туркистон Мухторияти эълон қилинди. Муборак ва хайрли бўлсин! Камина ҳам мажлисда бўлиш учун ифтихор этаман. Яшасун Туркистон Мухторияти!” [12:493], деган эди.

Бироқ жуда қисқа муддатдан сўнг – 1918 йилнинг февралида большевиклар томонидан Туркистон Мухторияти ҳукумати тарқатиб юборилди.

Хулоса қилиб айтганда, Туркистон минтақасида XIX аср охири XX аср бошида рўй берган ижтимоий-сиёсий жараёнлар ўлкада замонавий фикрлайдиган тараққийпарварларнинг майдонга чиқишига сабаб бўлди. Уларнинг миллатни уйғотиш, жаҳолатга қарши курашиш, мамлакатни тараққий эттириш йўлидаги мардонавор кураши жадидлик ҳаракати номи билан тарих зарварақларидан жой олди. Маҳмудхўжа Беҳбудий бу ҳаракатда миллат фидойиси сифатида муҳим роль ўйнади. Унинг ижтимоий-сиёсий фаолиятини, тарихий жараёнларда тутган ўрнини ёритиш, таҳлил қилиш алоҳида тадқиқотлар олиб боришни тақозо этади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга мурожаатномаси. // https://uza.uz/uz/posts/zbekiston-respublikasi-prezidenti-shavkat-mirziyeevning-oliy-25-01-2020.
  2. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 3 том. –Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлати илмий нашриёти, 2002.
  3. Қ.Ражабов. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Болқон урушлари ва Анвар Пошо ҳақидаги фикрлари // “Маҳмудхўжа Беҳбудий диний-маърифий қарашларининг замонавий талқинлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция материаллари. –Т., 2021.
  4. Ўзбекистоннинг янги тарихи. Биринчи китоб. Туркистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида. Тузувчилар: Ҳ.Содиқов., Р.Шамситдинов., П.Равшанов. ва бошқалар. –Т.: Шарқ, 2000.
  5. Зарафшоннинг Беҳбудийси. Тўпловчи ва нашрга тайёрловчи: Акрам Ҳайдаров. –Т.: Sahhof, 2020
  6. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Танланган асарлар. Икки жилдлик. Иккинчи жилд. –Т.: Akademnashr, 2021.
  7. “Самарқанд” газетаси, 1913 йил 30 июль. №31
  8. “Ойина” журнали, 1913 йил 20 август. №1.
  9. Қ.Ражабов., М.Ҳайдаров. Туркистон тарихи (1917-1924 йиллар). –Т.: Университет, 2002.
  10. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Падаркуш. Танланган асарлар. –Т.: Маънавият, 1997.
  11. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Танланган асарлар. Икки жилдлик. Биринчи жилд. –Т.: Akademnashr, 2021.

 

Гулмамат Аҳмедов,
Самарқанд Давлат музей қўриқхонаси
тарих ва этнография бўлими
катта илмий ходими

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …