Home / АЛЛОМАЛАР / АЛЛОМАЛАР МЕРОСИНИНГ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ АҲАМИЯТИ

АЛЛОМАЛАР МЕРОСИНИНГ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ АҲАМИЯТИ

Ўзбекистон замини буюк алломаларни етиштирган ва дунё тамаддунига бебаҳо маънавий хазина туҳфа этган заминдир. Бу заминдан ислом илми ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк муҳаддису фақиҳлар, мутасаввифлар, ижодкорлар етишиб чиққан. Чунончи, минтақамизда юксак тамаддун IX-XI асрларда юқори босқичга етган бўлса-да, маърифий такомил илдизлари узоқ тарихга бориб тақалади. Аждодларимизнинг маърифий интилишларини қадимги “Авесто”, Ўрхун-Энасой битиктошлари, Беҳустин қоятош ёзувлари [1:25] ва халқ оғзаки ижоди намуналари ҳисобланган қўшиқлар, марсиялар, қаҳрамонлик ва маросим қўшиқларидан билиб олиш мумкин. Бу дастлабки манбалар халқнинг маънавий олами, турмуш тарзи, сиёсий вазият, ижтимоий ҳаёт ҳақида муайян тасаввур беради. Улардаги ғоявий умумийлик эса аждодларимизнинг эзгуликка, яхшиликка, мардликка интилганини кўрсатади. Кейинги даврларда тилшунослик соҳаси ривожига улкан ҳисса қўшган Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Бурҳонуддин Рабғузийнинг илмий-адабий меросини туркий халқлар маданиятининг юксак намунаси сифатида баҳолаш, ғоявий қарашларни халқона услубда содда ва равон тарзда етказган бебаҳо бадиий ижод, дейиш мумкин.

Минтақамизга ислом дини кириб келиши маърифий такомил юқори босқичга чиқишига, юксак тамаддун шаклланишига асос бўлди. Ислом динининг эзгуликка, бунёдкорликка йўғрилган ғоялари илм аҳлини ғоявий озиқлантирди, мазмунан илҳомлантирди. Минтақамиз алломалари ислом илмлари бўйича сермаҳсул илмий ижод қилди. Хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳонуддин Марғиноний, Қаффол Шоший, Абу Муин Насафий, Абул Баракот Насафий, Алоуддин Бухорий ва бошқа қанчадан-қанча бухорийлар, насафийлар, самарқандийларни, шунингдек, тасаввуф илмида, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Мустамлий Бухорий, Калободий Бухорий, Нажмиддин Кубро, Ҳаким Термизий, Азизуддин Насафий, Аҳмад Яссавий ва бошқа кўплаб мутасаввифларни тилга олиш мумкин. Алломаларнинг маърифий меросида биргина ҳадис ёки фиқҳ илми бўйича маълумотларни эмас, балки ислом илмлари бўйича кенг доирадаги ёндашув, чуқур илмий-адабий қарашларни кўрамиз. Жумладан, буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳадис илмининг билимдони бўлибгина қолмай, балки тафсир илмининг ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшган. Муҳаддис олим “Жомиус саҳиҳ” асарида тафсирга оид ҳадисларни жамлаган ва алоҳида тафсирга бағишлаган “Қуръон тафсири китоби”да “Фотиҳа” сурасини тафсир қилиб, унда Абу Саид ибн Муаллодан ривоят қилинган Қуръоннинг энг улуғ сураси “Фотиҳа” экани тўғрисидаги ҳадисни келтириб ўтган. Шунингдек, бу бобда, жами 358та оятга шарҳ берган [2:149]. Бундан кўринадики, муҳаддис фақат ҳадис илми билан чекланмай, муфассир олим сифатида тафсир илми борасида ҳам ўзининг қимматли илмий қарашларини баён этган.

Маҳмуд Замахшарий араб тили грамматикасини чуқур ўрганган, араблар орасида юксак эҳтиромга сазовор бўлган, тафсир, ҳадис, адабиёт, фиқҳ илмлари бўйича бебаҳо асарлар яратган йирик олимдир. Унинг машҳур “Кашшоф” асари ҳозир ҳам дунёдаги ислом университетларида Қуръон тафсирига оид муҳим дарслик сифатида ўқитилмоқда. Алломанинг араб тилшунослиги ва грамматикаси ҳамда Қуръонни ўрганишга доир асарларига ўз даври ва кейинги замон олимлари шарҳлар, ҳошиялар ёзганини кўришимиз мумкин. Бу каби жиҳатлар, яъни Қуръони каримга тафсир ва фиқҳ, калом, тасаввуф илмига оид асарларга шарҳлар ёзиш кўплаб алломаларнинг илмий фаолиятида ва кейинги давр ижодкорларининг меросида кузатилади.

IX-X асрларда калом илми ривожида Абу Мансур Мотуридий илмий меросининг ўрни ва аҳамияти жуда юқоридир. Аллома таълимотининг юзага келишига ўша даврдаги турли ақидавий адашишлар, низо ва ихтилофлар эҳтиёж туғдирганини асарларининг моҳияти ва илгари сурган ғоявий қарашларидан билиб олиш мумкин. Унинг “Таъвилотул Қуръон” (“Қуръон таъвиллари”)” асари Қуръони карим тафсири бўлса-да, оятлар турли ақидавий қарашларга раддия сифатида шарҳланган. Шу жиҳатдан, китобни “ақидавий тизимлари мустаҳкам ишлаб чиқилган ва ўша давр диний оқимлари тўғрисида маълумот берувчи муҳим асар”, дейиш мумкин [2:156-157]. Айниқса, олимнинг машҳур “Китобут тавҳид” (“Аллоҳнинг якка-ягоналиги китоби”) асари калом илми бўйича муҳим манба бўлиб, бугунги кунга қадар юксак илмий-маърифий аҳамият касб этиб келмоқда. Абу Мансур Мотуридийнинг қарашларини кейинги давр олимларидан Абу Ҳафс Насафий ҳам қўллаб-қувватлаган ва унинг ғояларини давомчиси сифатида “Ақоидун Насафий” асари орқали соф ақидавий масалаларни ёритган. Бу асарга машҳур аллома Тафтазоний юқори баҳо бериб: “Абу Ҳафс Насафийнинг “Ақоидун Насафий” асари калом илмини ўрганишда энг фойдали ва қулай манбадир” [3:113], деган. Бу борада Абу Муин Насафий, Абул Баракот Насафий, Алоуддин Бухорий ва бошқа калом илми олимларининг қарашларини ҳам соф эътиқод тарғиботчилари сифатида баҳолашимиз мумкин.

Бурҳонуддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари қимматли манбалардан бўлиб, неча асрлардан буён фиқҳ илмига оид изчил ва мукаммал қўлланма сифатида ўқиб келинади. Жумладан, “Ҳидоя” асари юртимизда совет суд тизими жорий қилингунга қадар ҳуқуқшунослик бўйича асосий қўлланма бўлган [4]. Бу асар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган ҳолда ислом ҳуқуқига оид қимматли манба сифатида соҳа мутахассислари томонидан ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилашда муайян даражада асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Маълумки, Мовароуннаҳрда тасаввуф илми бўйича ўзига хос катта мактаб яратилган. Тасаввуф таълимотининг комиллик сари интилишга, ҳалол, пок, камтар бўлишга, эзгу ишлар қилишга қаратилган юксак ғоялари, илм аҳлини ҳамиша қизиқтириб, илмий-назарий асарлар, бадиий ижод намуналари яратишга ва тасаввуфий тамойиллар билан яшашга ундаган. Бундай инсонлар мутасаввиф олим бўлиб, сўфийликнинг тартиб-қоидалари, маънавий камолот йўли ва амалий ҳаётда яшаш тартибларини белгилаб берувчи тариқатларини яратган ҳамда ўз илмий-адабий асарлари орқали илоҳий ишқ, руҳий поклик, маънавий юксалиш ғояларини илгари сурган.

Хожагон тариқатининг асосчиси, йирик мутасаввиф олим Абдухолиқ Ғиждувоний комилликка, етукликка интилиш йўллари ва асосларини 8 қоида (раҳша)да кўрсатиб берган бўлса, икки асрдан кейин аллома ишларининг давомчиси – Баҳоуддин Нақшбанд 3 тасини қўшиб, жами 11 қоида орқали бутун дунёга машҳур нақшбандия тариқати юзага келишига сабабчи бўлди. Абдухолиқ Ғиждувоний комиллик борасидаги қарашларини, умуминсоний ғояларини асосан ўз асар ва ўгитлари орқали илгари сурган. Жумладан, аллома “Васиятнома” рисоласида: “Барча одамларга меҳр-шафқат назари билан боқ! Ҳеч кимсани паст санама! ..Халқ билан талашиб-тортишма! Ҳеч кимдан бирор нарса истама, тама қилма! Бировларга хизмат буюрма! (Ҳамма ишни ўзинг қилишга ва бажаришга ўрган!). ..Ҳеч кимга ҳаргиз ёмонлик қилма! Мол-дунё билан бўлма” [5:25-30], дейди. Алломанинг диний-фалсафий қарашлари чуқур маънога эга бўлиб, турли низолар, қарама-қаршиликлар авж олган бугунги кунда шафқатли, бағрикенг бўлишга, инсонийлик, яхшилик, эзгулик, поклик асосида яшашга тарғиб этади. Мутасаввиф олимнинг илмий-адабий меросида ва тасаввуфий қарашларида камтарликка, ҳалол меҳнат қилишга, халқ дарди билан яшашга, умрни қадрлашга, хотиржамликка даъватни кўрамиз. Аллома ўгитларида: “Халқ оғирини енгиллатиш лозим, бу муяссар бўлмаганда ҳалол касб-ҳунар эгаллаб, “дил ба ёру даст ба кор” ҳолатида бўлмоқлик амри муқаррар турур”, дейди. Абдухолиқ Ғиждувоний васиятларида илмли, одобли, тақволи бўлиш, фиқҳ, ҳадис илмларини эгаллаш, уламоларнинг изидан юриш, мансабга қаттиқ боғланмаслик, ҳалол ейиш, машҳурликка интилмаслик каби қатор инсоний фазилатларни илгари суради.

Кейинги давр мутасаввифлари тасаввуф таълимотини фан сифатида илмий жиҳатдан ўрганди ва унинг чуқур илмий-назарий асослари, комил инсон концепциясини ишлаб чиқди ва шу тариқа йирик ҳажмли асарлар юзага келди.

Хусусан, Ҳаким Термизий “Хатмул авлиё” (“Валийлар муҳри”) асари орқали валийлик назариясини илмий асослаган бўлса, Азизуддин Насафий “Кашфул ҳақоиқ” (“Ҳақиқатларнинг очилиши”), “Зубдатул ҳақоиқ” (“Ҳақиқатлар қаймоғи”) ва бошқа асарлари орқали комил инсон концепциясини [6:3], Калободий Бухорий эса, “Таарруф ли мазҳаб аҳлит тасаввуф” (“Тасаввуф аҳли йўли билан танишув”) мўъжаз асари ва унга Мустамлий Бухорий “Шарҳ Таарруф ли мазҳаб аҳлит тасаввуф” (“Тасаввуф йўли билан танишув” асарига шарҳ”) шарҳи орқали тасаввуф назарияси бўйича яхлит ва мукаммал маълумотларни асослаб берди [7:149].

Тасаввуф фанига биринчи бўлиб илмий асос солган олим сифатида Калободий номи тилга олинади. Юқорида таъкидланганидек, асарларнинг илмий-маърифий жиҳатларини муфассал кўрсатиш, маъно-мазмунини кенгроқ очиш учун йирик ҳажмли шарҳлар ёзилган. Жумладан, биргина Калободий Бухорийнинг “Таарруф ли мазҳаб аҳлит тасаввуф” деб номланган ҳажман кичик асарига араб ва форс тилларида кўплаб шарҳлар битилган [8:11]. Юз мингдан зиёд ҳадис билган Калободий Имом Бухорийнинг “Жомеус саҳиҳ” асарига шарҳ ёзган [8:3].

Тасаввуфий шарҳлар орасида таълимотни илмий-назарий жиҳатдан чуқур ўргатадиган муфассал асар сифатида Мустамлий Бухорийнинг “Шарҳ Таарруф ли мазҳаб аҳлит тасаввуф” асари ниҳоятда машҳур бўлганини айтиш жоиз. Мутасаввиф олим тасаввуфий истилоҳлар шарҳи орқали олам ва инсон, Ҳақ ва ҳақиқат ҳақидаги қарашларини фалсафий мушоҳадалар асосида талқин этади. Жумладан, инсон ва унинг неъматларга шукри борасида: “Банда тоат чоғида ўз тоатини эмас, балки Худо берган неъматни кўриб, унга шукрона келтириши керак. …Банда тинимсиз шукр қилса, Ҳақ унга тинимсиз неъмат беради” [7:169], дейди. Бу билан у Аллоҳ берган ҳар бир нарсани, у хоҳ моддий, хоҳ маънавий бўлсин, Яратганнинг инъоми сифатида қабул этиш, рози бўлган ҳолда шукр қилиш кераклигини айтади. Шукр ҳам бир ибодат эканини, бунинг кетидан чексиз неъматларга эришиш, Ҳақнинг розилигига муяссар бўлган ҳолда суюкли бандасига айланиш мумкинлигини фалсафий мушоҳадалар орқали изоҳлайди [9:19-20].

Комил инсон, баркамол шахс ҳақидаги бу каби фалсафий қарашларни XIII асрда яшаган Азизуддин Насафийнинг “Зубдатул ҳақоиқ” асарида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, у “…Шундай бўлгилки, сендан беихтиёр ҳамиша яхшилик ва саховат ёғилиб турсин… Зеро, кимки ҳамиша одамларга фароғат тиласа ва одамлар учун фароғат келтирса, ўша саховатли қалб эгасидир. Бундай одам ҳеч кимдан хизматини дариғ тутмайди тили, қўли, моли билан ўзгалар ёрдамига шошилади…” [6:55], деб таъкидлайди. Аллома бу фикрлари орқали ҳақиқий, чин инсонга хос сифатларни тавсифлаб берган. Баркамол инсон бўлишни истасанг, жамият ва ўзгаларга манфаат келтиргин, амалий фаолиятинг билан яхшилик улашгин, ҳаммага эзгуликни раво кўриб, мудом яхшиликка шошилгин, дейди. Албатта бундай сифатлар комил инсонга хос бўлиб, алломалар ҳамиша покликка, комилликка интилган, асарлари орқали эзгулик, бунёдкорлик, тинчликсеварлик каби юксак ғояларни тараннум этган. Чунончи, бундан бир неча аср олдин ижтимоий ҳаёт, инсоний муносабатлар ҳақида айтилган фалсафий фикрлар, илгари сурилган ғоялар бугунги кун учун ҳам долзарбдир. Алломаларнинг илмий мероси юксак маърифий аҳамиятга эга. Улар ислом илмлари ҳақида назарий билимларни бериш баробарида жамиятнинг, инсоннинг маънавий камолоти учун илғор, умумбашарий ғояларни ҳам тарғиб этади.

Хулоса қилиб айтганда, бу заминдан етишиб чиққан буюк алломалар ислом илмлари ривожига улкан ҳисса қўшган. Неча аср ўтса ҳамки, уларнинг мероси илмий-маърифий аҳамиятини йўқотмаган ҳолда инсон камолоти ва жамиятнинг маърифий ривожи учун муҳим ва бебаҳо маънавий бойлик бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
  1. Н.Улуқов. Ўзбек тили гидронимларининг тарихий лисоний тадқиқи. – Т.: Фан, 2008.
  2. Д.Махсудов. Мовароуннаҳр ҳанафий мазҳаби тафсирларининг қиёсий таҳлили (XIII-XV асрлар): Тар. фан. док.. дисс. – Т.: ЎзХИА, 2020.
  3. Ислом манбашунослиги. Ўқув қўлланма. Тузувчилар: З.Исломов, Д.Махсудов, Ж.Тоҳиров. — Т.: Qaqnus, 2019.
  4. Мутафаккирлар. Бурҳонуддин Марғиноний (1123-1197) // Shosh.uz.
  5. Абдухолиқ Ғиждувоний. Васиятнома. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1993.
  6. Азизуддин Насафий. Зубдатул ҳақоиқ. Таржимон Н.Комилов. – Т.: Камалак, 1996.
  7. К.Раҳимов. Мовароуннаҳр тасаввуфи тарихи: Таълимотнинг шаклланиши ва тизимлаштирилиши (VIII-XI асрлар). – Т.: Аkademnashr, 2020.
  8. Шайх Калободий. Тасаввуф сарчашмаси. Масъул муҳаррир ва сўзбоши муаллифи Н.Комилов. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 2002.
  9. Л.Азимова. Маънавий камолот сари. – T.: Фаровон юрт, 2021.
Шоислом АКМАЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
доценти, сиёсий фанлар номзоди

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …