Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ҲАДИС ҚАБУЛ ҚИЛИШДАГИ ШАРТЛАРИ

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ҲАДИС ҚАБУЛ ҚИЛИШДАГИ ШАРТЛАРИ

Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий яшаб ижод этган даврда ҳадис илми жуда кенг тараққий этган. У кишининг вафотидан кейин ҳам бир қанча муҳаддислар етишиб чиққан. Шундай бўлса-да, уламо ва муҳаддислар наздида фақат “Саҳиҳул Бухорий” асари энг саҳиҳ ва энг мукаммал деб эътироф этилган.

Бунинг сабаби шуки, Имом Бухорийнинг ровийлардан ҳадис қабул қилиб олишдаги шарт ва талаблари бошқа муҳаддисларникидан кескин фарқланган. У ҳадис етказувчи ровийларнинг сифати ва ахлоқига жуда катта эътибор қаратган. Улар талабга жавоб бермаса, ҳадисини қабул қилмаган. Сифати мажҳул ва жарҳланган, насл-насаби нуқсонли ровийлардан, шу жумладан, санад табақасида ёлғиз бўлиб қолган ровийдан умуман ҳадис ривоят қилмаган.

Имом Бухорий шартларининг кучлилик даражасини унинг: “Мен китобимга фақатгина саҳиҳ ҳадисларни киритдим. Китоб чўзилиб кетмаслиги учун баъзи ўринларда саҳиҳ ҳадисларни ҳам тарк қилдим”, деган сўзларидан билса бўлади. У қидириб, суриштириб топган ҳар бир ҳадисини шу шартлар асосида ўрганиб, кейин саҳиҳ тўпламига киритган.

Ҳадис илми тарихида бирор муҳаддиснинг тўплам тузишдаги аниқ шартлари бўйича очиқ далил нақл қилинмаган. Шулар қатори Имом Бухорий ҳам ҳадис қабул қилишдаги шартларини очиқ-ойдин баён этмаган. Аммо машҳур муҳаддисларнинг китобларини диққат билан ўқиб ўрганиш давомида ҳар бирининг ҳадисни қабул қилишдаги шартларига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Ҳадисларни саҳиҳ деб қабул қилишда муҳаддисларнинг саҳиҳлик шартлари турлича бўлган. Ҳадисларнинг саҳиҳ деб эътироф этилишида асосан бешта шарт мавжуд. Ушбу шартлар қуйидагилар:

1) Санаддаги ровийларнинг ишончли ва адолатли бўлиши. Адолатли киши тақводор, одил ва ёмон ишлардан йироқда бўлган одамдир. 2) Санаддаги ровийнинг хотираси мустаҳкам бўлиши. Яъни, эшитган нарсасини ёдида сақлай билиши ва кейинчалик уни шундайлигича ривоят қила олиши. 3) Санаднинг узлуксиз бўлиши. Яъни, ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан муҳаддисгача бўлган ровийлар силсиласи узилмаслиги керак. Санаднинг ҳалқасидан бирорта ровий тушиб қолмаслиги лозим. 4) Ҳадис ўз матни ва ровийлари мартабасига зарар етказувчи сабаблардан холи бўлиши. 5) Ҳадис матни ва санади тарқоқ бўлмаслиги лозим.

Шу билан бирга, муҳаддис ровийларнинг қайси бири ишончлироқ эканини ажрата билиши керак.

Имом Бухорий ҳадисни қабул қилишда бошқа уламолардан кўра кўпроқ шартларни қўллаган. Буларнинг асосийлари қуйидагилар:

  1. Бир-биридан ҳадис ривоят қилаётган ровийлар бир шаҳардан, замондош бўлиши, агар бир шаҳарда замондош бўлиб истиқомат қилмаган бўлса, ҳадис муттасил санадли деб ҳисобланмаган.
  2. Бир-биридан ҳадис ривоят қилаётган ровийлар бир марта бўлса ҳам учрашган бўлиши зарур. Агар бир шаҳарда истиқомат қилиб учрашмаган бўлса, уларнинг бир-биридан ҳадис ривоят қилиши муттасил санад деб қаралмаган.
  3. Санаддаги ровий ҳадисни ўзидан олдинги ровийдан ижозатан юзма-юз ҳолатда оғзаки ёки ёзма равишда олган бўлиши. Бунга мисол қилиб, Моликнинг Нофеъдан, унинг Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис санадини олиш мумкин. Бу санад Имом Бухорий наздида ровийларнинг бир-бири билан замондош бўлгани сабабли “Олтин силсила” деб эътибор қилинади. Шу билан бирга, бу ровийлар бир-биридан ҳадисни юзма-юз сўзлашиб, ривоят қилган. Шу сабабли Имом Бухорий бу санадда Моликка ҳадисни “Бизга ҳадис айтиб берди” ёки “Ундан эшитдим” ёки “Менга айтди” ёхуд ундан бошқача йўл билан эшитишни ифодалайдиган лафзлар орқали ривоят қилинишини шарт қилиб қўйган.
  4. Ровий мусулмон бўлиши. Динсиз ёки ғайридиндан ҳадис қабул қилинмаган.
  5. Ровий балоғат ёшига етган бўлиши. Яъни, ҳадисни ёд олиб, бошқаларга етказишда масъулиятни англайдиган ёшда бўлиши.
  6. Ровий ақлли бўлиши. Ақли заифдан ҳадис ривоят қилинмайди.
  7. Ровий фосиқ бўлмаслиги. Фосиқ кишининг ҳадиси қабул қилинмайди.
  8. Ровийларнинг энг ишончлилик, ростгўйлик ва одамийлик каби фазилатлар билан сифатланган бўлиши.
  9. Ровий хотирасининг кучли бўлиши. Яъни, эшитган ҳадисини асл ҳолида ёд олиб қолиши ва етказиши.
  10. Ровий хотираси суст бўлса, эшитганини ёдлаш билан бирга ёзиб ҳам қўйиши.
  11. Ҳадис санади ва матни ихтилофдан холи бўлиши.
  12. Ҳадис санади ва матни зарар етказувчи сабаблардан холи бўлиши.

Юқоридаги шартлар ҳадис уламолари “Саҳиҳул Бухорий”да келган ҳадисларни диққат билан ўрганганда, “Бу Имом Бухорийнинг шартига кўра” деб айтган гапларидан илмий жамоатчиликка маълум бўлган. Имом Бухорий ҳадисларни саҳиҳ деб қабул қилишда мана шу ўн икки шартга қатъий амал қилган. Шу сабабли ҳам бутун дунё олимлари “Саҳиҳул Бухорий” асарини мутлақ саҳиҳ деб эътироф этган.

Айтиш керакки, қолган муҳаддислардан бирортасининг қўйган шарти ўн иккитага етмаган. Масалан, олти саҳиҳ тўпламга кирувчи муҳаддислардан Имом Муслимники ўн битта, Имом Термизийники эса ўнта бўлган. Мана шу қиёснинг ўзиёқ Имом Бухорийнинг тўпламидаги ҳадислар нечоғли юксак мақомга эга эканидан далолат беради.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ, 
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …