Home / МАҚОЛАЛАР / ЎРТА ОСИЁ ХОНЛИКЛАРИДА ТАЗКИРАНАВИС ИЖОДКОРЛАР

ЎРТА ОСИЁ ХОНЛИКЛАРИДА ТАЗКИРАНАВИС ИЖОДКОРЛАР

Тазкиралар[1] туркий ва мусулмон оламида, хусусан, Туркия, Турон ва Эрон заминида турли тарихий даврларда яшаб ўтган шоирлар ва уларнинг шеърлари жамланган мажмуа сифатида доимо қадрланган ва махсус йўналиш сифатида ривожланиб келган.

Тазкиралар Ўрта Осиёда ҳам кўп асрлик тарихга эга, уларнинг катта қисми шоирларнинг ижодига бағишланган бўлса-да, орасида олимлар, ҳукмдорлар, диний уламолар, шерият пешволарининг тарихи ва фаолиятига бағишлангани ҳам бор.

Тазкиралар асосан адабиёт, хусусан, шеърият тарихи йўналишида кўп ўрганилган, тарих фанида эса улардан маданий ҳаёт намоёндаларини ўрганишда фойдадаланилса-да, ҳалигача махсус тадқиқот объекти бўлмаган. Ваҳоланки, уларда нафақат шоирлар, балки ҳукмдорларнинг фаолияти, уларнинг адабиётга, маданиятга муносабати, шеърларда эса давр руҳи, халқнинг армонлари, қалб нидоси, ижтимоий фикр ва тафаккурни англаб олиш мумкин бўлган жиҳатлар, географик, топографик маълумотлар жуда кўп. Тазкираларнинг маданият тарихи ва интеллектуал меросни ўрганишдаги ўрни ва аҳамияти ниҳоятда катта.

Тазкиралар тарих фанида узвий давомийликда, махсус ва изчил ўрганилмаган бўлса-да, улардан турли даврлардаги шахслар ва ижод аҳлининг ҳаётини, тарихини ўрганишда тегишли ўринларда унумли фойдаланиб келинмоқда.

Тазкираларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, улар орқали нафақат маданий ҳаёт, балки давр руҳини ҳам баҳолаш мумкин. Улар орасида ҳукмдорларнинг топшириғи ва ҳомийлигида яратилгани ёки шахсий ташаббус асосида аввалги тазкираларни давом эттириш ёки тўлдириш мақсадида ёзилгани ҳам мавжуд. Тазкираларни асосан шоирлар, хаттотлар, тарихчилар ёзган ва ХХ асрнинг ўртасигача давом этган.

XIX асрдан XX асрнинг бошигача ҳар бир хонликда тазкиранавислик анъанаси давом этган. Қўқон хонлигида Умархоннинг буйруғи билан Фазлий Намангоний ва Мушриф тузган “Мажмуатуш шуаро” [1:338] номли тазкирадан XVIII аср охири ва XIX аср бошида Қўқонда яшаб ижод қилган 100дан ортиқ ижодкор ҳақидаги муҳим маълумотлар ўрин олган. Фазлий Намангоний раҳбарлигида шеърий шаклда яратилган «Мажмуаи шоирон» («Шоирлар гуруҳи») тазкираси саройда тўпланган ижодкорлар, адабий муҳит ҳақида маълумот беради.

Бухорода Қори Раҳматуллоҳ Возеҳ (1818-1894) тузган “Туҳфатул аҳбоб фи тазкиратил асҳоб” («Сухбатдошлар зикрида дўстлар туҳфаси») тазкираси [2:145,29-30] XVIII аср охири ва XIX асрда яшаб ижод қилган Туркистон шоирларини қамраб олган эди. Бу тазкирада Бухоро ва Қўқонда яшаган 150 шоирнинг таржимаи ҳоли ва ғазаллари тўплами баён этилган. Возеҳ зуллисонайн бўлиб, ўзбек, тожик тилларида кўплаб қасида, рубоий, ғазаллар ёзган. Бундан ташқари, тарих, табиатшунослик, этика, тиббиётга доир асарларни таржима қилган.

Бухоро амири Абдулахадхоннинг тавсияси билан Бухорода ХХ аср бошида Афзал махдум Пирмастий тузган “Афзалиут тазкор фи зикриш шуаро вал ашъо” [3:372-407] («Шоирлар ва шеърлар ҳақидаги Афзал тазкираси») деб номланган тазкирада XIX аср охири XX аср бошида яшаб, ижод қилган 135 шоир ҳақидаги маълумотлар жамланган. Бу даврда яна қатор тазкиралар тузилиб, анъанавий тазкиранавислик янги асарлар билан бойитилди.

Хусусан, Саид Мир Муҳаммад Сиддиқ Ҳашмат тузган “Тазкиратуш шуаро” [4:138] номли тазкирада Бухорода яшаб ижод қилган 60дан ортиқ шоир, уларнинг тахаллуси, таржимаи ҳоли, машҳур шеърлари ҳақида, Ҳожи Абдулазим Шаръий тузган “Тазкираи шуарои Абдулазим Шаръий” [5:81б] номли тазкирада XIX аср охирида Бухоро, Самарқанд ва Тошкентда яшаб ижод қилган шоирлар, олимлар ҳақида, Неъматулла Муҳтарамнинг насрий матнда форс тилида ёзган “Тазкираи Ҳожи Неъматуллоҳ Муҳтарам” [6:178б,473-478] номли тазкирасида XIX аср ва XX аср бошида Бухорода яшаб ижод қилган шоирларнинг тахаллуси, исми, насаби, ёзган асари ҳақида, Абдий Мирабдуллахўжанинг «Тазкираи Абдий» (ёки «Тазкиратуш шуарои мутааххирини Бухоро»), «Тазкиратуш шуаро» (1904) номли тазкираларида Амир Абдулаҳад даврида яшаб ижод қилган 118та шоир ҳақида маълумот жамланган.

Абдумуталлиб Фахмийнинг “Тазкираи Фахмий” [7:28,74] номли тазкирасида зикр этилишича, ХIХ асрда мамлакатда 300 нафар шоир яшаб ижод қилган. Асарда Бедил, Ҳофиз, Низомий, Исмат Бухорий, Савдо, Возеҳ каби аввалги тазкиранависларнинг тазкираларидан қисқача маълумотлар, айрим тазкиралардан эса, масалан, Возеҳдан тўлиқроқ маълумотлар берилган.

Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Феруз даврида тазкиранависликка алоҳида эътибор қаратилган. Зеро, бу даврда мамлакатда унинг ҳомийлигида шеърият, адабиёт, санъат ва таржимонлик кенг ривожланди. 1909 йили хоннинг амри билан шоир Аҳмад Табибий (1869-1911) яратган «Мажмуатуш шуаро» («Шоирлар гуруҳи») номли тазкира “Мажмуатуш шуарои Феруз-шоҳий» номи билан танилган бўлиб, жами 1638 саҳифадан иборат эди [1:338,176].

Аҳмад Табибий санъатшунос, мусиқашунос, хаттот, шоир. У Хоразм шоирлари ҳақида яратган «Мажмуаи шуарои пайрави Феруз» номли тазкирасига шоир Ферузнинг 100та ғазалига 30та шоир ёзган пайравни киритади. Бу тазкирадаги матнлар асосан ўзбек тилида эди.

Тазкиранавислик хонликлар тугатилгандан кейин ҳам давом этди. Ҳасанмурод Лаффасий, Мирзо Муҳаммадшариф Садр Зиёнинг асарлари шулар жумласидан бўлиб, уларда XIX аср охири ва XX аср бошида яратилган тазкиралар тўлдирилиб, тизимлаштирилгани ва хонликларнинг сўнгги даврига қадар етказилганини кўриш мумкин.

Муҳаммад Шарифжон Садр Зиё Бухоро амирлигида яшаб, турли туман ва вилоятларда қозилик лавозимида фаолият кўрсатган мутафаккир олим, адиб ва шоир сифатида бой илмий ва адабий мерос қолдирган. У ўзи яшаган даврда Бухородаги адабий ҳаётга ва тарихга доир кенг маълумот берадиган «Тазкиратуш шуаро мутақаддимин”, «Шуарои мутааххирин» ва «Фузалои мутааххирин»» каби тазкиралар яратди.

“Тазкиратуш шуаро мутақаддимин» тазкирасига Давлатшоҳ Самарқандийнинг «Тазкиратуш шуаро», Лутф Алибек Озарнинг «Оташкада» тазкираси асос бўлган. Садр Зиё X-XV асрларда Хуросон ва Мовароуннаҳр, Эрон ва Ҳиндистонда яшаб ижод қилган Рудакийдан то Жомий ва Навоийгача бўлган 162 шоир ва олим, уларнинг ижоди, шунингдек, X-XVII асрларда яшаган 120 нафар шаҳзода ҳақида сўз юритади. Садр Зиё ўзининг тазкирасини Давлатшоҳ Самарқандий қайд этган маълумотлар билан тўлдириб, эътибордан четда қолган Ибн Сино, Хўжа Низомулмулк ва бошқа бир қатор шоир ва мутафаккирлар ҳақидаги янги маълумотлар билан бойитади[2].

Садр Зиё «Шуарои мутааххирин»[3] (“Ҳозирги давр шоирлари”) номли тазкирасини Возеҳнинг «Туҳфатул аҳбоб» [8:29-43] тазкираси асосида яратди. Бу тазкира Возеҳ қайд этган XIX асрда Бухорода яшаб ижод қилган 88 нафар шоир, олим, шайх ҳақида маълумот бериб, «Тамом бўлди, Қори Раҳматуллоҳий Возеҳ» [9:332б] деб якунланади. Садр Зиё Возеҳнинг тазкирасини шунчаки кўчирмай, ундаги маълумотларни тўлдириб аниқлаштиради ва иловалар киритади. Иловаларда Аҳмад Дониш ва XIX асрнинг иккинчи ярмида, Возеҳдан кейин яшаган шоирлар ҳақида маълумотлар берилади.

Садр Зиё «Фузалои мутааххирин» номли тазкирасида ХIХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср бошлари, яъни Амир Музаффар (1860-1885), Абдулаҳад (1885-1910), Олимхон (1910-1920)нинг ҳукмронлиги даврида, қисман совет замонида яшаб ижод қилган 79 нафар шоир ва донишманд, уларнинг вафот саналари, баъзи шоирларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, ХХ аср бошида вужудга келган жадидлик ҳақида маълумотлар келтиради [10:337б].

1932 йилда Садр Зиё “Тазкираи шуаро манзумаи Мирзо Муҳаммадшариф садр” номли мажмуага ўзининг бир қатор тазкираларини жамлайди. Муаллиф унга киритилган “Тазкираи шуаро” (“Шоирлар зикри ҳақида”) номли тазкирасида ўзи ва аждодлари, Бухоро ҳукмдори Амир Абдулаҳадхон, Бухоронинг XIX аср ва XX асрнинг бошида яшаган шоир ва олимлари, амалдорлари, диний уламолари ҳақида маълумот беради. Муаллиф мажмуанинг “Таржимаи аҳволи қози Абдушукур” (“Қози Абдушукурнинг таржимаи ҳоли”) деб номланган қисмида ўз отасининг аждодлари, пир ва устозлари Домло Мирзо солиҳ аълам, Мавлавий Иноятуллоҳ Қози калон, Охунд Домло Ҳасан, отасининг ижодий фаолияти ва амалга келиши, амирлар ва амалдорлар билан муносабатлари, Амир Музаффар даври, ўз шеърлари, ижоди, у билан ҳамзамон бўлган машҳур ижодкор олим ва амалдорлар ҳақида қизиқарли маълумотларни қайд этади.

Асарнинг “Тарихи салотини Усмоний ва насаби Эшон” (“Усмоний султонлари ва уларнинг насаби”) қисмидан Усмоний султонлар, Эртуғрул ва унинг авлодлари, Усмонбек Ғозий, Йилдирим Боязид, Султон Муродхон ва уларнинг авлодлари, Султон Абдулҳамидхон II каби турк султонлари, Мовароуннаҳрдаги Темурий султонлар, Бухоронинг хон ва амирлари, Эрон султони ва шоҳлари, Афғонистон тарихи, Россия подшолари ҳақидаги маълумотлар ўрин олган.

Мажмуанинг “Тазкираи хаттотон” (“Хаттотлар зикри ҳақида”) номли қисмида дунёда илк хатнинг пайдо бўлиши, араб хатининг тарихи, Мир Али Табризий ва Мовароуннаҳрнинг машҳур котиблари, Ўрта асрлардаги машҳур хаттотлар, настаълиқ хатининг вужудга келиши ва уни ривожлантирган хаттотлар, Бухоро ва Самарқанднинг машҳур хаттотлари, қози, муфтий, волий, амир ва хонлар каби амалдорлардан бўлган машҳур хаттотлар, муаллифга ҳамзамон яшаган хаттотлар ҳақида маълумотлар берилади (назмга солинган ҳолда) [11:3].

1940 йилда Ҳасанмурод Лаффасий (1880-1945) тузган «Хива шоир ва адабиётчиларининг таржимаи ҳоллари» [12:11-13] номли асар хоразмлик 51 нафар шоир, уларнинг асарларидан намуналар, ўзаро муносабатлари, саройдаги адабий муҳит ҳақида маълумот беради. Лаффасийнинг бу тазкираси “Хива шоирлари» номи билан ҳам танилган бўлиб, ХХ аср бошида Хива ҳукмдори Муҳаммад Раҳимхоннинг топшириғи билан яратилган «Тазкираи шуаро»да берилган маълумотларни янада тўлдиради.

Хулоса қилиб айтганда, тазкиралар ўз даврининг ижтимоий, маданий ва адабий соҳаларини акс эттирувчи муҳим бир йўналиш сифатида асрлар давомида муҳим тарихий манбаларни сақлаш, қайд этиб бориш ва келгуси авлодларга етказиб беришда муҳим роль ўйнаган. Уларда нафақат шоирлар ва уларнинг асарлари, балки дин пешволари, уламолар, олимлар, ҳукмдорлар, амалдорлар (қози, муфтий ва б.), маданий ҳаёт ва сарой муҳити, хон ва амирларнинг адабиётга муносабати, илм-фан ва маданият ҳақидаги қимматли маълумотлар сақланиб қолган. Бу тазкираларда нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа, шу жумладан, Эрон, Ҳиндистон, Афғонистон, Усмоний туркларнинг тарихи ва маданиятига оид маълумотлар ҳам мавжуд бўлиб, улар хорижий мамлакатларнинг тарихи учун ҳам муҳим манбавий аҳамиятга эга.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абдулкарим Фазлий Намангоний. «Мажмуаи шоирон» // Қўлёзма ЎзР ФА ШИ фонди. Инв. // яна қаранг: ЎзР ФА ШИ Ислом илмларига оид манбалар ва нашри гранти асосида нашрга тавсия этилган. Абдулкарим Фазлий Намонгоний. №…«Мажмуаи шоирон» тузувчи Бахром Абдухалимов. –Т., Фан. 2018.
  2. Қори Раҳматуллоҳ Возеҳ. “Туҳфатул аҳбоб фи тазкиратил асҳоб” // Қўлёзма, ЎзР ФА ШИ фонди. Инв. № 2336/1. – 145 в. Яна қаранг: Хади-Заде Р. Источники к изучению таджикской литературы второй половины ХIХ века. – Сталинабад, 1956.
  3. Р.Ҳодизода, У.Каримов, С.Саъдиев. Адабиёти тожик: Асрхои XVI-XIX ва ибтидои асри XX. – Душанбе: Маориф, 1988. Саҳ. 372,407. Яна қаранг: Мажмуаи шоирон. –Т.: Ильин босмахонаси, 1902.
  4. Муҳаммад Сиддиқ Ҳашмат, Тазкиратуш шуаро // Қўлёзма, ЎзР ФА ШИ фонди. Инв. № 138 в. 2252/I.
  5. Абдулазим Шаръий. “Тазкираи шуарои Абдулазим Шаръий” // Қўлёзма ЎзР ФА ШИ фонди. Инв. № 3396/III.
  6. Неъматулла Муҳтарам “Тазкираи Ҳожи Неъматуллоҳ Муҳтарам // Қўлёзма, ЎзР ФА ШИ фонди. Инв№ 2252/II. 178б,: яна қаранг С.Айни. Намунаи адабиёти точик.
  7. Абдумуталлиб Фахмий. Тазкираи Фахмий // Қўлёзма. ЎзР ФА ШИ фонди. Инв. № 2331/I.74в. – 174 в.яна қаранг: Б.Валихўжаев. Ўзбек адабиётшунослиги тарихи.
  8. Хади-заде Р. Источники по истории изучения таджикской литературы конца ХIX-начала ХХ вв. –Душанбе.
  9. Шуарои мутааххирин, 332б варақ.
  10. ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик қўлёзмалар институти. Инв. №1304.
  11. А.Муродов. Ўрта Осиё хаттотлик тарихидан. – Т., 1971.
  12. Хасанмурод Лаффасий. Хива шоир ва адабиётчиларининг таржимаи холлари // Тошбосма ЎзР ФА ШИ фонди. Инв. № 1900.
[1] Тазкира – арабча «зикр этиш», тилга олиш, эслаш маъносини билдиради.
[2] Садр Зиё. Тазкиратуш шуаро мутақаддимин, 272а варақда Ибн Сино, 272б варақда Хўжа Низомулмулк ҳақида маълумот берилган.
[3] Тазкиранинг тўлиқ номи «Шуарои мутааххирин ва фузалои муосирини роқими адим-ул қадр Зиёи Садр» бўлиб, унинг нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институти фондида №2193 рақам остида сақланмоқда.
Латофат ХОЛНАЗАРОВА,
Ислом Каримов номидаги
Тошкент давлат техника университети т.ф.н.
“Ўзбекистон тарихи” кафедраси доценти

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …