Home / АЛЛОМАЛАР / СИЙМОСИ ҚАЛБЛАРНИ ЭГАЛЛАГАН АЛЛОМА

СИЙМОСИ ҚАЛБЛАРНИ ЭГАЛЛАГАН АЛЛОМА

Абдулҳай Лакнавий шариат илмларида ўз замонасининг машҳури ва барча мусулмонларга Аллоҳ таоло тарафидан берилган намунасидир. У кишининг ҳаёти ва ижоди ўқувчини илмга чорлайди, қалбга хурсандчилик келтиради, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ва фиқҳий далилларни тўғри фаҳмлашга ундайди. Алломанинг турли илмлардаги амалга оширган ишлари ва баён қилган тадқиқотлари ислом уммати учун денгизда эсадиган шабададан кўра фойдалироқдир. Шу сабабли Абдулҳай Лакнавийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида замондошлари ва кейинги олимлар тарафидан жуда катта баҳо берилган. Зеро, буюкларга хос шундай фазилат борки, улар бу ёруғ дунёни тарк этганидан кейин ҳам сиймолари қалбларда, илмлари тафаккурда яшайверади.

Ватандоши ва замондоши Абдулҳай Ҳасаний алломага шундай таъриф берган: “Абдулҳай Лакнавий фаросатли, закий, зеҳни ўткир, иффатли, сўзга чечан, ақлий ва нақлий илмларни чуқур ўрганган, шариатнинг нозик тарафларини эгаллаган, фатво илмида пешқадам бўлган аллома эди. Ҳатто барча ислом диёридаги уламолар у кишининг улуғлигига ҳавас билан қарайди”.

Устози Муҳаммад ибн Абдуллоҳ шогирди ҳақида шундай фикр билдирган: “Унинг хурсанд бўлиб юрганини кўрмадим. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини тарғиб қилган кишини кўрганида, унинг қалбига хурсандчиликни тўлдириб ташлар эди. У фиқҳий далилларга бой, турли илмлар бўйича тажрибаси бор алломадир”.

Али Ҳасанхон отасининг аллома ҳақида айтган сўзини шундай ҳикоя қилади: “Отам Наввоб Сиддиқ Ҳасанхонга Абдулҳай ибн Абдулҳалимнинг ўлим хабари келганда, қўлини пешонасига қўйиб, бир лаҳза бошини ерга энгаштирди. Сўнгра икки кўзи ёшга тўлган ҳолда бошини кўтариб, алломанинг ҳаққига дуо қилиб: “Бугун илмнинг қуёши сўнди”, деди”.

Фақир Муҳаммад алломага шундай муносабат билдирган: “Абдулҳай Лакнавий фақиҳ, муҳаддис, фозил, ақл ва нақл илмларни ўзида жамлаган, усул ва фуруъ илмларни пухта эгаллаган ва уламоларнинг пешқадами эди”.

Муҳаммад Ҳафизуллоҳ алломанинг даражасига шундай таъриф берган: “У илоҳий илмларда моҳир билимдон, фиқҳ ва ҳадис ровийлари ҳақидаги илмларни ўзида жамлаган ва кўп рисолалар тасниф қилган аллома бўлган”.

Муҳаммад Зоҳид Кавсарий алломанинг ҳадислардан ҳукм олишини мақтаб, айтади: “Абдулҳай Лакнавий ўз асрининг билимдони эди”.

Умар Ризо Каҳола айтади: “Абу Ҳасанот Абдулҳай тарихчи, муҳаддис бўлган”.

Хойруддин Заркалий алломанинг қомусий олим эканлигини шундай эътироф этган: “У ҳадис ва ҳанафий фуқаҳоларининг таржимаи ҳолидан хабардор олим эди”.

Абу Ғудда Абдулфаттоҳ алломанинг серқирра олим бўлганини шундай баҳолаган: “У кейинги давр уламоларининг фахри, китобларни тадқиқ қилувчиларнинг ноёби, муҳаддис, фақиҳ, усулчи, мутакаллим, тарихчи, ўткир кўзли Имом Шайх Абуҳасанот Муҳаммад Абдулҳай Ансорий Лакнавий Ҳиндийдир”.

Муҳаммад Назир Ҳусайн Деҳлавий бир мажлисда Абдулҳай Лакнавийни олқишлаб, унга шундай деган: “Бу замонда сенинг ўхшашинг йўқ, асрнинг ёлғизисан. Бу юз йилликда ҳеч бир киши сендаги илм билан келмаган. Аллоҳ ҳаётингга ва илмингга барака берсин”.

Юқорида ўтган мақтовлардан Абдулҳай Лакнавийнинг уламолар орасида олий мақом ва улуғ даража соҳиби бўлганидан дарак беради. Шунингдек, ҳадис илмлари, фиқҳ, усул қоидалари ва булардан бошқа кўпгина фанлар бўйича атоқли шахс бўлгани очиқ-ойдин бўлади. Қолаверса, Абдулҳай Лакнавийнинг илм талаб қилишида, жамлашида, китобга қайд қилишида ва илм ёйишида олий ҳиммат ва кучли қатъият соҳиби бўлганига гувоҳлик беради. Зеро, у кишининг ҳаққига асрдош уламолар зиёдаси билан мақтовлар айтгани таҳсинга сазовордир. Айниқса, аллома билан Сиддиқ Ҳасанхон ўртасида кўп марта кучли баҳс-мунозара бўлиб ўтган бўлса-да, алломанинг илмини эътироф этишдан у кишини ҳеч нарса тўсиб туролмаган. Ҳатто алломанинг ўлим хабари келганда: “Бугун илмнинг қуёши сўнди”, деб қаттиқ қайғуга тушган.

Аллома ҳақида билдирилган ушбу мақтовлар ўзининг замондошларидан, шогирдларидан ва илмни олиб ижозага эришган устозлари тарафидан айтилган. Шунингдек, алломанинг атрофидаги барча илм соҳиблари у кишининг фазилатли, пешқадам ва асрдош уламоларнинг кўпидан устун бўлганини эътироф этган.

Отабек БАХРИЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ХОРАЗМНИНГ ИЛК РОВИЙЛАРИ

Уйғониш даври тарихини ўрганиш жараёнида шу нарсага амин бўламизки, Хоразм ўлкаси VIII асрдан мусулмон дунёсига …