Home / МАҚОЛАЛАР / ХИВА ХОНЛИГИДА БИЙ ЛАВОЗИМИНИНГ ЎРНИ

ХИВА ХОНЛИГИДА БИЙ ЛАВОЗИМИНИНГ ЎРНИ

Ўзбек давлатчилигига бағишланган илмий ишларда давлат, маъмурий [10:454] идора ва бошқарув тизими бўйича маълум даражада тадқиқотлар олиб борилган [3:143;368:71]. Хива хонлигидаги унвон ва мансаблар, мансаб эгаларининг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий мавқеи каби масалаларнинг баъзи жиҳатлари Н.Н.Муравьёв, А.А.Семёнов, А.Вамбери, Н.Веселовский, В.В.Бартольд, П.П.Иванов, А.Болтаев, М.Йўлдошев, Қ.Мунировнинг ишларида ўз аксини топган. Муаллифлар бу масалани алоҳида тадқиқот объекти сифатида кўриб чиқмаган. Шундай бўлса-да, уларнинг ишлари бу масала бўйича тадқиқотларга асос бўлиб хизмат қилади.

Биз Хива хонлигининг давлат бошқарувида жорий этилган унвон ва мансаблар уларнинг вазифалари, жумладан, бий лавозимидаги шахслар фаолиятининг механизми билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқамиз.

Бийлик. Бу мансаб хонликда мартаба жиҳатидан оталиқдан кейин турган. Бий қабила ёки уруғнинг пешвоси, бошлиғи ҳисобланган. Н.Веселовскийнинг таъкидлашича, беклар ва бийлар хонлик бошқарувида катта роль ўйнаган [7:142]. Ю.Брегельнинг қайд этишича, қозоқ, қорақалпоқ, ўзбек уруғларининг бошлиқлари “бий” деб аталган [6:124]. Бийлик лавозимини хон турли хизматлар учун берган. Жумладан, ҳарбий юришларда яхши хизмат кўрсатганларга ҳам бий унвони берилган. Манбаларда ҳукмдор Оллоқулихон (1825-1842) қўнғиротлардан ҳисобланган Асқарбийга узоқ йиллик ҳарбий хизмати учун, қипчоқлардан Ражаббий эса Саййид Муҳаммадхон (1856-1864) хизматида қилган ишлари сабабли бий унвонини олгани келтириб ўтилган [9:151-152].

Бийлик бериш чоғида ўзига хос рамзий ашёлар тақдим этилган. Хусусан, “Фирдавсул иқбол”да Раҳмонқули исмли сардорга қозоқ бебошларига қарши курашда қилган хизматлари учун бийлик мансаби ва чопқир от, тилла камарли тўн ва тилла дастали ханжар берилгани ҳақида маълумот келтирилган [11:447].

Бийлар солиқчилик вазифасини ҳам бажарган – уруғ жамоасидан хоннинг фойдасига солиқ йиғиш билан шуғулланган. Уруғ ичидаги зиддиятли ҳолатларни ҳал қилишда, ер масаласи бўйича ва суд ишларини тартиб бўйича ҳал қилишда асосий ўрин тутган [13:31].

Бийликка тайинлаш ва озод этишда турли сабаблар асос қилиб олинган. Манбалардан бу мансаб хоннинг яқин қариндошларига берилганини кўриш мумкин. Бу ҳақда Огаҳийнинг “Гулшани давла” асарида: “Саййид Муҳаммад Раҳимхон (1270/1856 йилда тахтга ўтирган) қолганларга турли мансаблар берди. Бу воқеа ҳижрий 1270 товушқон йили жумодус сонийнинг 14ида (милодий 1854 йил 14 мартда) душанба куни ҳут авохирида юз кўргузди. Ва улуғ акосининг ўғли Султон Маҳмуд тўра ибн Оллоқулихонга бийлик амалин суюрғол этти”, деб қайд қилинган [14:112;63-64;352].

Баъзи ҳолатларда юқори лавозим эгаларининг ёрдами билан бийликка ўтирганлар ҳам бўлган. Мунис ва Огаҳийнинг “Фирдавсул иқбол” асарида Хўжамурод бийни “кўп муддатдин бери ҳукумат мансабидин халаъ қилиб эрди, баъзи акобири қўнғиротиянинг савоби била ўз мансабида ўлтурғузуб”, деб ёзилган [11:221]. Маълумотдан шуни айтиш мумкинки, Хўжамурод бийнинг бошқарувчилик салоҳияти юқори ва амалдорлар ундан манфаатдор бўлган.

Бийлик амалидаги киши вафот этса, мансаб унинг фарзандлари ва яқинларига олиб берилган. Хусусан, “Жомеал воқиоти султониййа” асарида келтирилишича, “Хивада раббиус сонийнинг 18ида манғит улусининг сараси ўз ажали билан вафот этиб, унинг укаси Бобо ҳудайчини бийлик мансаби билан сийлайди” [14:61].

Бошқарувда ўзига хос тартиб-қоидалар мавжуд эди. Жумладан, мансабдор вафот этса, ҳукмдор унинг оиласига маблағ ажратиб, сарой мансабдорларидан бирини вакил қилиб юборган. Мансабга тайинлаш тартиботига кўра, марҳумнинг ўғиллари бўлса, улар мансаб талабларига тўла жавоб берса, отасининг ўрнига тайинланган.

Огаҳийнинг “Шоҳидул иқбол” асарида қайд этилишича, 1281/1864-1865 йил шаввол ойи бошида Орол қўнғироти амалдорларидан Муҳаммад Юсуфбой касаллиги сабабли вафот этади. Бундан хабар топган ҳукмдор Муҳаммад Раҳимхон II Феруз ҳурмат юзасидан ўз амалдорларидан Мусо исмли мутавваллини марҳумнинг маъракалари учун юз тилло бериб, хоннинг хизматида бўлган марҳум бийнинг ўғли Ҳайниёзбекни ҳам Қўнғиротга отасининг таъзиясига Мусо мутавалли билан бирга жўнатган. Бир неча муддат у ерда қолиб, марҳум отасининг маъракаларини ўтказиб, саройга қайтиб келган Ҳайниёзбекка отасининг бийлик лавозими берилган.

Манбада яна Паҳловон Ниёзбий билан боғлиқ воқеа келтириб ўтилган. Маълумотда: “1283/1867 мазкур йил сафар ойининг авойилида Қўнғирот акобирининг саромадларидин Паҳлавон Ниёзбий Оролда Қўнғирот қўрғонида ажали мавъуд етиб, жаҳон тангоносидин охират маъвосига риҳлат қилди. Ҳазрат зилли субҳоний камоли карамдин анинг авлоди ақробосига ва ўзга мотамзодаларига дилжўйлиқ кўргузмак учун умаройи изомдин Қиёт дудмонининг мунтахаби Бобобийни ўз тарафидин фотиҳахонлигига буюриб, оши оби харожати учун тилло бериб юборди. Ва анинг ўрнига фарзандларининг улуғроғи Саййид Ниёзбекни инояти хусравонига махсус тутиб, бийлик мансаби олийсин бериб, хушхол ва шодком қилди”, деб қайд этилган. [12:54-55;122]. Маълумотлардан кўринадики, ҳукмдор марҳум мансабдорнинг таъзия маросимига маблағ ажратган ва хон номидан вакил, яъни ҳурматли амалдорлардан бирини жўнатган. Ўрнатилган тартибга мувофиқ отанинг ўрнига катта ўғил бийлик мансабига тайинланган.

А.Абдурасуловнинг таъкидлашича, ўтроқ ҳаёт кечирувчи қорақалпоқ ва қозоқлар оталиқ ва бийлар томонидан идора қилинган. Муаллиф бу лавозимларнинг ҳаммаси меросий саналса-да, албатта хон томонидан тасдиқланиши шарт бўлган, деб қайд этади [2:62-63;113].

Маълумотларга кўра, бийлик мансаби биринчи марта Ойдўстга берилган. Унга ёрлиқ топширилиб, солиқдан озод қилинган [8:108]. “Фирдавсул иқбол” асарида Ойдўстбийнинг хизматлари ҳақида бир қанча маълумотлар бор [11:368-369;387].

Бийлик мансабини қўлга киритиш осон бўлмаган. Қайд этилишича, 1855-1856 йилларда Терстамғали Қобил бий билан кенагас Эрназар бий халқини хонга итоатда сақлаш йўлида жуда кўп хизмат қилган ва қорақалпоқлар исёнини бостиришда иштирок этиб, бир неча бор инъомлар олган. Кенагас Эрназар бий 1855-1856 йиллардаги қўлдовли Эрназар (Олагўз) бошчилигидаги қўзғолонни бостиришда қорақалпоқ навкарларига раҳбарлик қилган. Хон вакили сифатида қўлдовли Эрназарни хонга бош эгишга даъват этган ва бошқа шу каби хизматларни бажарган [8:108;113-114]. Маълумотлардан кўринадики, бийликни қўлга киритиш учун ҳукмдорнинг назарига тушиш ва унга садоқати, мардлиги ва жасурлигини намойиш этиш зарурий шартлардан саналган.

Хонликда бийлар фақат ўзбек эмас, бошқа уруғ вакилларидан ҳам тайинланган. XIX асрнинг ўрталарига келиб, қипчоқларни ҳам бийлар бошқарган. Улар сирасига туёқли уруғидан Ҳожиниёз бий, унинг наслидан бўлган Эржон ва Йўлдошбий киради. Кейинчалик Хива хони қипчоқ бошлиқларидан ҳам ҳокимлар тайинлаган. Абдусаттор Мақсум ҳамда Ёримбет бий шулар жумласига киради [16:776.].

Бийликда мансабнинг икки кишига юклатилиши ҳам кузатилган [5:380]. Масалан, Муртазобийнинг ўрнига унинг амакиси Иброҳимхўжа Саидбий ва ўғли Маъдадуллохўжа Турсунхўжа ўғиллари билан бий этиб тайинланган [1:361].

Муртазобийнинг шахси ҳақида “Шажараи Хоразмшоҳий” асарида маълумот беришилича, унга ҳукмдор Феруз буйруғи билан асир тушган русларни Кауфманга олиб бориб топшириш вазифаси юклатилган. Асирларни топшириб қайтмоқчи бўлганда, унинг қайтиб кетишига рухсат берилмаган. Кауфман Муртазобийни ўзи билан бирга олиб кетган [4:208-209].

Албатта, битта мансабнинг икки кишига беришдан натижани яхшилаш кўзда тутилган. Аммо бу мансаб масъулиятли ва қалтис бўлганини Муртазобий мисолида яққол кўриш мумкин. Унинг кейинги тақдири ҳақида турли тахминлар бор: ё руслар томонидан ўлдирилган, ё асир қилиб олинган ва ҳоказо.

Асирликда қолган бийларнинг тақдири турлича бўлган. Муҳаммад Ниёзбийга тўхталсак. Хива хони Қутлуғмуродхон (1856) ёвмутлар билан жангдан кейин ҳалок бўлган амалдорлар ўрнига янгиларини тайинлаган. Баъзиларининг ўрнини алмаштирган. Бу урушда хиваликлар мағлуб бўлган эди. Муҳаммад Ниёзбий асир тушиб, Тўйли исмли туркманнинг уйида қолган. Ҳукмдор унинг ўрнига Раҳимберди бекни бий этиб тайинлагани ҳақидаги хабардан огоҳ бўлган. Шунда хонни ўлдиришни ният қилиб, Тўйли билан тил бириктиради ва ниятига етади [17:57-58].

Маълумотдан жангдан кейин тақдири номаълум бўлган бийга нисбатан қўлланилган чорани турлича изоҳлаш мумкин. Биринчидан, бошқарув тизими қонунларига биноан қатъий белгиланган тартибда кўрсатилган мансабдорнинг ўрни бўш турмаслиги керак эди, иккинчидан, вазиятдан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, олти ойгина ҳукмдор бўлган ўн саккиз яшар Қутлуғмуродхон (1271/1856) бошқарувда тажрибасиз бўлган.

Воқеалар тафсилоти кўрсатадики, хонликнинг маъмурий бошқарувида бийлик мансаби алоҳида ўрин тутган. Ҳатто бийлар ҳукмдор пойтахтдан чиқиши зарур бўлган пайтлари вақтинча хоннинг вазифасини ўтаган, яъни ноиб этиб ҳам қолдирилган. “Фирдавсул иқбол”асарида ёзилишича, 1150 йил зул-қаъда ойида (1738 йил 20 февралдан 21 мартгача) Хива хони Элбарсхон (1728-1739) Эшмуҳаммад бийни Хивада ноиб қилиб қўйиб, ўзи ўзбек ва туркман аскарлари билан Хуросонга отланган [11:103]. Зиммасига давлат бошқарувидек оғир масъулият юкланадиган бийни тайинлашда қатъият, журъат, зарур вақтларда саройдаги ҳар хил фитналарга барҳам бера олиш, тезкор стратегик режалар тузиш ва амалда қўллай олиш каби қобилиятлар, умуман олганда, юксак бошқарувчилик салоҳияти ҳисобга олинган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, хонликдаги мансаб ва унвонлар, наслдан наслга ўтадиган мансаблар, мансабга тайинлашдаги тартиб-қоидалар, вазифасидан озод этиш сабаблари марказий ва маҳаллий бошқарув ҳаётида юз берган ҳодиса ва содир бўлган ўзгаришлар ҳақида сўзлайди.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР: 
  1. XIX аср Хива давлат ҳужжатлари II том. М.Ю.Йўлдошев таҳрири остида. Ўзфан акад нашр. – Т. 1960.
  2. А.Абдурасулов. Хива (тарихий-этнографик очерклар) асари. Т. Ўзбекистон. 1997, О.Жалилов. XIX-XX аср бошларидаги қорақалпоқ тарихидан (Хива давлат ҳужжатлари асосида) –Т. Фан. 1986.
  3. А.Абдурасулов. Хива (Тарихий-этнографик очерклар) Тошкент. Ўзбекистон. 1997; А.Зиё. Ўзбек давлатчилиги тарихи. (Энг қадимги даврдан рус босқинига қадар). Масъул муҳарир Б.Аҳмедов.Тошкент. Шарқ. 2000; Ш.Воҳидов, Р.Холиқова. Марказий Осиёдаги давлат бошқаруви тарихидан. –Т., Янги аср авлоди. 2006.
  4. Баёний. Шажараи Хоразмшоҳий / Таҳрир ҳайъати: Б.Аҳмедов ва бошқ. – Т. Камалак. 1991.
  5. Бир вақтнинг ўзида икки мансабни бир кишига бериш ҳолати ҳам бўлган. Манбада қўшкўпирлик домла Муҳаммадназарнинг “Бешариғда дор ал-қазоси маъ ар-риёсат”, яъни бираваракайига қозилик ва раислик (диний ишлар назоратчиси) мансабига тайин этилган ва манғит Абдуллоҳ охунни манғит улусига қози ва раис қилди, деб қайд этилган. Қаранг; Фирдавсул иқбол, –Т. Янги аср авлоди. 2010.
  6. Ю.Э.Брегель. Хорезмские туркмены в XIX веке. – М. Восточная литература. 1961.
  7. Н.И.Веселовский. Очерк историко-географических сведений в Хивинском ханстве от древнейших времен до настоящего. – Санкт-Петербург. 1877.
  8. О.Жалилов. XIX-XX аср бошларидаги қорақалпоқ тарихидан (Хива давлат хужжатлари асосида) –Т. Фан. 1986.
  9. Материалы и исследования по этнографии каракалпаков. Под редакцией Т.А.Жданко. – М. Акад. Наук. 1958.
  10. Маъмурий сўзи – араб тилида маъмуриятга доир, бошқариш ва ижро билан шуғулланадиган, маъмурият билан амалга ошириладиган каби маъноларни англатади. Қаранг; Ўзбек тилининг изоҳли луғати. З.М.Маъруфов. таҳрири остида. –М. Рус тили. 1981.
  11. Мунис ва Огаҳий. Фирдавсул иқбол. –Т. Янги аср авлоди. 2010.
  12. Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий. Шоҳидул иқбол / Нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳ ва кўрсаткичлар муаллифи Н.Шодмонов. –Т. Ozbekiston. 2009.
  13. М.К.Нурмуҳаммедов, Т.А.Жданко, С.К.Камалов. Каракалпаки. (Краткий очерк истории с древнейших времен до наших дней). –Т. Фан. 1971.
  14. Огаҳий Муҳаммад Ризо. Жомеул воқиоти султоний / Нашрга тайёрловчи Ғ.Каримов. Олтинчи жилд. –Т. Адабиёт ва санъати нашриёти. 1980; Огаҳий. Муҳаммад Ризо. Гулшани давла/Нашрга тайёрловчи Ғ.Каримов. — Т. Адабиёт ва санъат нашриёти. 1980; XIX аср Хива давлат хужжатлари II том. М.Ю.Йўлдошев таҳрири остида. Ўзфанакаднашр. –Т. 1960.
  15. Огаҳий Муҳаммад Ризо. Жомеул воқиоти султоний / Нашрга тайёрловчи Ғ.Каримов. Олтинчи жилд. –Т. Адабиёт ва санъати нашриёти. 1980.
  16. Труды Хорезмской археолого-этнографической экспедиции. Под редакцией С.П.Толстова. ТХАЭ.II – М. Акад.Наук.1958.
  17. К.Худойберганов. Хива – дунёдаги энг кўҳна қалъа. –Т. 2012.
Дилфуза БЕГАЛИЕВА,
Ўзбекистон Фанлар академияси
Тарих институти таянч докторанти

Check Also

ИМОН ВА ИСЛОМ БИТТАДИР («Ал-Эътимод фил эътиқод» асари асосида)

Имон ва ислом биттадир. Лекин зоҳирийлар бунга хилоф қилган. Улар Аллоҳ таолонинг  ﴿قَالَتِ الْأَعْرَابُ آَمَنَّا …