Home / АЛЛОМАЛАР / ИСҲОҚҲОН ИБРАТ ИЛМИЙ, МАЪНАВИЙ МEРОСИНИНГ ЁШЛАР МАЪНАВИЯТИНИ ЮКСАЛТИРИШДАГИ ЎРНИ

ИСҲОҚҲОН ИБРАТ ИЛМИЙ, МАЪНАВИЙ МEРОСИНИНГ ЁШЛАР МАЪНАВИЯТИНИ ЮКСАЛТИРИШДАГИ ЎРНИ

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг миллий маънавий қадриятлармиз, динимиз, тарихимиз, миллий ўзликни англаш ишларига ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада ёшларни жадидлар томонидан қолдирилган илмий маънавий мерос, уларнинг ибратли ҳаёт йўли, ҳаётий позициялари билан ҳамоҳанг тарзда тарбиялаш жуда муҳимдир. Жадид мутафаккирлари орасида Исҳоқҳон Ибратнинг серқирра ижод фаолияти, ҳаётий қарашлари, у томонидан илгари сурилган ғоялар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Унинг миллат равнақи йўлидаги ҳаёт йўлини теран англаган ҳолда – келажакка қадам қўйиш, ёшларда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда муҳимдир.

Мақолада жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаларидан бири Исҳоқҳон Ибратнинг илмий маънавий меросининг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти, ҳаёт фаолиятидаги ибратли ишлари ёритилган. Унинг (Исҳоқҳон Ибратнинг – ҒМ) серқирра ижодкор, ислоҳотчи, миллий уйғониш даври асосчиларидан бири сифатидаги фаолияти очиб берилган. Шу ўринда Президентимиз таъкидлаганидек: «Турли маънавий таҳдидларга қарши бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор, ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор»[1].

    Дарҳақиқат, Исҳоқҳон Ибратнинг ҳаёт йўли, илмий фаолияти, унинг миллат равнақи йўлидаги жонкуярлиги чин инсонга хос фазилатлардир. Унинг адабий ва тарихий меросини миллий қадриятларнинг тикланиш жараёнига жорий этиш, кенг оммага айниқса ҳозирги кунда ўсиб келаётган ёш авлодни етук қилиб тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Ибрат ёшларни маънавий дунёқарашини ўстиришда китоб ўқишга, билимли бўлишга чақиради, у халқ келажагини маърифатда деб билади. Унинг оташин чақириқлари қуйидаги мисраларида яққол намоён бўлади:

         Ўқингиз, илми ҳикмат сизга, бу иш катта Ибратдур,
         Агар илм ўрганурсиз барча ишда сизга нусратдур.
         Агар илм ўлмаса, нодон умри барча кулфатдур,
         Бу ашён жадиди мубаддини асли ҳикматдур,
         Ажиб бир фойизи арзоқи инсоний вагон келди[2: 56].

(Ибрат ёшларни билим олиш, юрт равнақи учун ҳисса қўшиш, жамиятнинг барча соҳаларида фаол бўлишга ундайди. Муҳими, Ибрат барча кулфатларнинг дебочаси илмсизликдир, янги ислоҳотлардан ҳикмат олиш кераклигини таъкидлайди.)

Исҳоқҳон Ибрат 1887 йилда чет эл сафарига – онасини Маккага олиб боришга отланади. Аҳамиятлиси Исҳоқҳон Ибратнинг онасини Маккага олиб бориши унинг ахлоқий қарашларидаги етук тарбияга эга эканлигидан далолат беради. Ислом динидаги етук қадрият ҳисобланган, ота-онага ҳурмат маърифатпарвар ҳаётида ўз аксини топган. Бу эса ҳозирга давр ижтимоий ҳаётидаги кўзга ташланадиган муаммолардан биридир. Бу ўринда ҳам унинг ҳаёти бугунги кун учун ахлоқ намунасидир. Сафар давомида Исҳоқҳон Ибрат чет эл халқлари маданияти, тарихи, илм-фани ютуқлари билан яқиндан танишади. Унинг серқирра ижодкор сифатида айниқса, олти тильда яратилган асари «Луғати ситта ал-сина» ўша даврда барча жадид мактаблари учун чет тилларни ўрганишда муҳим қўлланма вазифасини бажарган. Лекин Туркистонда жорий этилган қаттиқ цензура оқибатида асарнинг босмадан чиқиши анча кечикади. Архивда Ибратнинг Н.Остроумов номига ёзилган икки мактуби сақланади. Жумладан: «1900 йилда 26 февралда. Ҳурматлу Остроумов ҳузурларига саволнома: Ушбу баробаринда сиз улуғ мартабадан ўтуниб сўрайманки, 1898-инчи йилда сиздан илтимос қилиб эдим, ўз таснифларимдан олти тил узра «Ситтати алсина» деган словар китобни босма қилмоқ учун. Марҳамат қилиб икки жуз юборинг, кўрмоқ учун, деган экансиз…боз бўлак маслаҳат қилсак, деб илтимос қилувчи Исҳоқҳон тўрадурман»[3: 15-16].

  Ибратнинг чет тилларни ўрганиш йўлидаги саʼйи-ҳаракатлари таҳсинга сазовордир. Ҳозирги даврда Ўзбекистон жаҳон интеграциясига кириб борар экан, чет тилларни ўрганиш қанчалик муҳим эканлигини англаб етдик. Баҳоланки, бобомиз келажак ҳаётни мазкур жиҳатларни бир аср аввал англаб етган эди. Ибратнинг маърифатпарварлик ғоялари асосида нафақат халқ балки, бутун миллат тараққиётида маънавият ва билимнинг аҳамияти  нақадар беқиёс эканлиги ётади. Айрим жиҳатларга эътибор қаратсак Исҳоқҳон Ибрат ислом динининг ижтимоий ҳаётдаги ўрнига ўз асарларида кўпроқ урғу беради. Айнан унинг (Исҳоқҳон Ибратнинг – ҒМ) «Мезон уз-замон» асарида маънавий қадриятларнинг мустаҳкамлашдаги асосий мезонлар санаб ўтилган. Асарнинг муқаддима қисмида Ибрат замондошлари бўлган кишиларга – шайхлар, дин пешволари, олимлар, бойлар, ҳокимлар ва бутун ислом аҳлини мол-дунёга ҳирс қўйишдан тийилишга чақиради. Аллоҳнинг бойликка, кибрга ружу қўйган бандаларини нафақат ислом динида балки, бошқа динларда ҳам жазолаши айтиб ўтилган. Асарда Ибрат Қуръон оятларидан фойдаланиб одамларни яхшиликка, эзгуликка бошқариб ёмонликдан қайтаришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.

Ҳозирги фуқаролик жамияти ва эркин демократик давлат қураётган Ўзбекистонда қонун устуворлиги халқимизни ҳуқуқий жиҳатдан, дин эса маънавий жиҳатдан тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоғи лозим. Жумладан, мазкур асарда ёшлар тарбиясига доир қуйидаги фикрларни таъкидлаб ўтади: «Аҳлига замон бир ҳоким, нуфуз ул-аҳкомдурки, имконсиз фармойишидан чиқиб бўлмайдур. Замон даврасида банд юрадур. Аҳлини (нг) авторини кўруб, ўз фарзандининг афъолини билгандек, бу аҳлини то вақти келмаса, бир ишга амр қилмайдур. Овони келган вақтда жорий қилур. Ғарбдан бошлаб маданиятга солуб келди, Шарқ тарафга боруб турадур. На учунки аҳли арздан кўб инсон анда эмиш. Аларни (нг) эскидан ўз санойи ва касби камолотлари бўлса ҳам, маданияти ҳозирча йўқ учун, аларнни маданияти қадимани ҳозирга коргар ўлмишлиги замонга маълум учун Шарқ аҳлини Ғарб аҳлидек ҳунар ва саноийлар ва интизомға соладур[4: 14].

  Исҳоқҳон Ибрат мазкур жумлаларда ёшларнинг маълум бир юмуш билан шуғулланмаслиги ва уларни вақти келмаса ҳеч ким бир ишга амр этмаслигини таъкидлайди. Шарқ ва Ғарб маданиятига  назар ташласак, ғарб аҳли жамиятни, инсонларни касб ва ҳунар орқали тартибга солади. Шарқ аҳлида эса, касб ҳунар эгаллаш ва ўз соҳаси бўйича камолотга эришиш маданияти  тўла-тўкис шаклланмаган.

  Дарҳақиқат, Исҳоқҳон Ибрат яшаб, амалга оширган ишлари ўша давр учун ҳам бугунги кунда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Исҳоқҳон Ибрат жадидчилик ҳаракатининг йирик вакилларидан бири, матбаачи, публицист, тарихчи, тилшунос ва яна кўплаб соҳаларда фаолият олиб борганлигини ўзиёқ бизда миллий фахр туйғусини уйғотади. Таъкидлаб ўтишимиз жоизки, Ибрат яшаган таҳликали даврда миллат равнақи дея яшашнинг ўзиёқ маърифатпарварнинг  инсоний матонатидан далолат беради. Айниқса унинг жамият ижтимоий муҳитининг кўпгина соҳаларида ривожланиш учун фақат ўқиш ва билим олиш керак деган фикрлари ёшларга бир чақириқдир. Исҳоқҳон Ибратнинг чет давлатларга сафар қилиши унинг дунёқарашига катта таъсир кўрсатади. Унинг қуйидаги сўзлари фикримизнинг яққол исботидир. “Бизнинг Русияда Петроград, Масков, Адес (Одесса) ва шунга ўхшаш шаҳарлар бор. Францияда Фарис, Берлин, Вена ва Мадрид, Лондон, Румо, Вашингтон, Шарқда Токио, Истанбул. Мундан бўлак неча шаҳарлар бор, ўзи кичкина бўлса ҳам маданият топган. Бу маданият шаҳарлари маданиятни нима бирлан топган? Илм бирлан,ўқуб…Маданиятни топадурган ва юргузадурган асбоби илм экан”[5: 112].

  Ғарбнинг кўплаб мамлакатлари ривожида, техника тараққиётида илм-фан ва замонавий технологиянинг асосида билим ётишини айтиб ўтади. Шу билан бирга миллат равнақ топишида маънавий жиҳатдан юксак камол топган халқнинг ҳам аҳамияти беқиёсдир. Албатта, шахс маънавиятини бойитишда кўплаб аждодларимиз қатори, Исҳоқҳон Ибрат илмий меросининг ҳам ўрни беқиёсдир. Унинг ғояларининг асосида ватан равнақи ва юрт келажагини ривожланган мамлакатлар қаторида кўришни орзу қилган ва эришишга етакловчи қарашлар ётади. Исҳоқҳон Ибрат ҳаётининг кўп йиллари чет давлатларда ўтади. Шу вақтлардан унумли фойдаланган тилшунос кўпгина тиллар қатори бошқа халқлар маданияти, тарихи ва тараққиёт сабабларини ўрганди. Унинг (Исҳоқҳон Ибратнинг – Ғ.М) кўпгина мақолалари ижтимоий ҳаётнинг маълум бир соҳасига бағишланган. Ибрат публистикасининг аҳамиятли жиҳати шундаки, уларнинг аксарияти маърифатпарварлик руҳида ёзилганлигидадир. Исҳоқҳон Ибрат шахс маънавиятини бойитишда дин ва маърифатнинг ўрнини алоҳида таъкидлаб, бу ўринда дин фидоийларининг масъуляти бениҳоя катта эканлигини кўрсатиб ўтади.

У сермашаққат оғир меҳнат эвазига Наманганда «Матбайи Исъҳоқия»ни ташкил этди. 1908  — йилда ташкил этилган босмахонада дастлаб Ибратнинг «Санати Ибрат қалами Мирражаб Бандий» асари чоп этилади. “…Нимарсалар, ғоят яҳши ва нафис ўзига боп қоғозда чоп қилиб, зийнатлаб, шоён томоша қилиб, муштарийларимизннг ҳусни рисолаларигаа мазҳар бўлмоқ сай ва ижтиҳодимиздир, хоссатаи вазифамиздир… Анқариб уруфот босмахонаси ҳам очилар, асбоблари ҳам тайёр. Ҳукуматдан ижозат олинган”[6: 117].

Ибрат ташкил этилган босмахонанинг шахсий муҳрини ҳам ишлаб чиқади. Унда қуёшни нур сочаётган тасвири туширилган эди. Унинг марказига эса «илм» сўзи ўйиб ёзилган эди. Албатта, бунда катта маъно бор, Исҳоқҳон Ибрат илмни нур таратиб бутун оламни ёритувчи қуёшга қиёслайди. Дарҳақиқат, китоб илм сарчашмасидир, ундан инсон олам-олам маъно олиши мумкин. Бугунги даврда ҳам ёшларимизнинг маънавиятини бойитишда китобнинг ўрни беқиёсдир. Уларни китобга қизиқтириш ишларига катта эътибор қаратилмоқда, кўплаб танловлар ва мусобақалар, муносиб рағбатлантириш амалга оширилмоқда. Китоб ўқиш ёшларни китобга, илмга муҳаббат руҳида тарбиялаш бугунги куннинг долзарб муаммосидир.

Исҳоқҳон Ибрат публистикасининг асосий йўналиши – маърифатпарварлик ғояларини тараннум этиш эди. Шу билан бирга унинг мақолаларида жадидчилик ислоҳотларининг жамият ҳаётидаги аҳамияти очиб берган. Ибрат мақолалари чор Россиясининг Туркистонни руслаштириш ва мустамлака тузумини янада мустаҳкамлаш мақсадида жорий этилган бир қанча матбуот нашрларида чоп этила бошлади. Қаттиқ назорат (цензура) даврида бу каби жадидчилик руҳидаги ғояларни тарғиб этишни ўзи катта жасорат эди. Унинг (Ибратнинг – ҒМ) мақолалари жамиятнинг барча жабҳаларини қамраб олган бўлиб, халқни маърифатга маданиятга энг муҳими ғафлат уйқусидан уйғонишга чақиради. Жумладан Ибратнинг «Туркистон вилоятининг газети»да босилиб чиққан «Тўрақўрғондан мактуб» мақоласида шундай дейилади: ”…Бул қарздорликлар мулк алаимизни ва обрўларимизни тўкмакка сабаб бўлган беилм, беҳисоб, бефикр ва маданиятсизликларимиз, бепарволигимиз ва эринчоқлигимиздир…Ҳеч кимда халқға насиҳат йўқ бўлса ҳам қулоғига олмайлар. Ёшлар бўлса, кукли ила ярадурлар.Қарилар аҳли аёлини бетартибда, аҳлоқсиз қилиб ўстирган. Уйлангандим сўнг росхуд отасидан ейдур. Отаси бирор кун камроқ росхуд берса, они ўлдурмакда. ”Ўзидан чиққан балоға қайга борсин давога”. Бу мубталолик, жаҳолат тартибсиз бўлиб, сўкуб катта қилиб, ёшликда кўчада ёнғоқ, ошуқ, ондин каттароқ бўлганда гапхонада сафсата, азкия деган беҳуда сўз урушмоқ, сўкушмоқни таълим оладур. Бу афъоли бадларни, бу мараз дардни доруси илмдур”[7].

Мақолада Исҳоқҳон Ибрат халқ маънавиятининг иллатларини, ёшлар тарбиясининг камчиликларида ота-оналарининг ролини эътироф этади. Ёшликда болага билим бериш ўрнига унинг маънавиятини заҳарловчи иллатлар томон йэтаклаш жаҳолатга етаклаш билан баробардир. Шу ўринда маърифатпарварнинг бугунги кунда ҳам жамият ривожига ғов бўлувчи кўпгина иллатларга қарши курашда билимни, ўқишни ягона ечим сифатида кўрсатади. Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг тўй ҳашамларини тартибга солиш ва ёшларда китобхонлик маданиятини шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари юқоридаги фикрларни нечоғли аҳамиятли эканлигидан далолат беради. Шу ўринда таъкидлашимиз жоизки, инсон маънавиятини бойитишда илм маърифатни роли беқиёсдир. Албатта, жадид мутафаккирларининг илгари сурган ғоялари, миллат равнақи йўлида амалга оширган ишлари диққатга сазовордир. Мустақил Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт йўлида айниқса рақамли иқтисодиёт илм-маърифат йилида жамиятнинг барча соҳаларига жорий қилиниши муҳим аҳамият касб этади.

Исҳоқҳон Ибрат маъориф, илм-фан, маданият, маънавият тарғиби ва халқ онгининг шаклланишида ва уйғонишида матбуотнинг ўрни беқиёс эканлигини англаган эди. Шу боис 1913 йилда «Матбааи Исъҳоқия» қошида «Ат-тижор ал-Наманган» номли газета чиқариш мақсадида саъй-ҳаракатларини бошлаб юборди. Бу ҳақда Оренбургда чиқадиган «Вақт газетаси» қуйидагиларни ёзади: Наманган мўътабар андин Исъҳоқ қози ҳазратлари «Ал-тижор ал-Наманган» исминда бир газета чиқарарға сўраб ариза берди. Бу зот 1908-нчи йилда Наманганда бир матбаа очган эди. Бу йил Кутубхонаи Исъҳоқия” исминда кутубхона очиб, турк, татар, ўзек тилларинда бўлғон адабиёт китоблари олдирди. Ҳозир газета чиқармоқ ҳаддиндадур. Чин кўнгилдан муваффақият тилаймиз”[8: 26].

Мутафаккирнинг газета ташкил этиш орзуси афсуски амалга ошмади. Лекин, бошқа жадид мутафаккирлари каби Исҳоқҳон Ибрат халқ маънавиятини юксалтириш борасидаги амалга оширган ишлари биз учун катта ибратдир. Исҳоқҳон Ибратнинг сермаҳсул ҳаёти, олиб борган ислоҳотчилик ҳаракатлари, амалга оширган бунёдкорлик ишлари диққатга сазовордир. У отасидан қолган 3 таноб ерга халқ учун боғ барпо этади. Европа типида иморат қурдириб, аркига ”Хуш келибсиз Исʼҳоқия боғига!” деб ёзиб қўйди. Бу боғни қишлоқ аҳолиси  ҳозир ҳам «Исъҳоқия боғи» ёки «Гулбоғ» деб аташади. Исҳоқҳон Ибрат гулларни беҳуда узмасликка ва тартиб сақлашга чақирувчи афишалар билан боғни безатди.

     Узмагил беҳуда гул, боғбондин андиша қил,
     Ори,ори гул узарсан, хоридин андиша қил.
     Кимки келди бу чаманга, то гул узмай қўймади,
     Лек ҳар вақт гул узарсан, халқ хушини паша қил [8: 27].

Исҳоқҳон Ибрат яратган боғда ёки ўша даврда мактабларда уюштирилган тадбирлари замирида ҳам илмга маърифатга ва маданиятга етаклаш бўлган десак адашмаймиз. Исҳоқҳон Ибратнинг ободончилик ишлари ҳам диққатга сазовордир. Албатта, у кишини яратган гулбоғи, ҳозирги ёшларда атроф-муҳитга она ватаннинг ҳар қарич тупроғини авайлашга даъват этади, гўё.

  Хулоса сифатида айтишимиз мумкинки, жадид мутафаккирларининг ижодини, илмий меросини, уларнинг фаолиятидаги маънавий-ахлоқий тарбияга тааллуқли фикр-мулоҳазаларни дарслар давомида ўқувчиларга етказиш, уларни миллий руҳда тарбиялаш долзарб масала бўлмоғи лозим. Албатта, ҳар бир фарзанд ватанимиз эртанги кунининг пойдеворидир. Исҳоқҳон Ибрат асарларидаги ёки ҳаёт йўлининг тарбиявий жиҳатларини ёшлар маънавиятига сингдириб борсак, мақсадимизга эришган бўламиз. Демократик давлат барпо этаётган мустақил Ўзбекистоннинг эртанги куни эгалари бўлмиш ёшлар тарбияси биз педагогларга боғлиқ, шундай экан уларга Мустақил Ўзбекистон танлаган энг тўғри ва адолатли йўлдан адашмасликни қанчалик чуқур ўргатсак, шунча яхши натижага эришамиз. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
1.Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувидаги маърузаси// Халқ сўзи – 2017 йил, 4 август.
  1. Ибрат, Сиддиқий-Ажзий, Сўфизода. Танланган асарлар. –Т.: Маънавият, 1999 йил.
  2. Ўзбекистон Марказий Давлат архиви,1009-фонд,115 йиғма жилд,15-16 варақлар.
  3. Исҳоқҳон тўра Ибрат «Мезон уз-замон». –Т.: Маънавият 2005 йил.
    5. Исҳоқҳон Ибрат. Тарихи маданият, Ўз ФАШИ қўлёзмалар фонди, инв. № 11616.
  4. Исҳоқҳон Ибрат яратган боғ. Рисола, мақолалар, хотиралар, Ибрат асарларидан намуналар. Наманган нашриёти – 2018 йил.
  5. Туркистон вилоятининг газети,1914йил,2 март № 18.
  6. Исҳоқҳон тўра Ибрат. Истиқлол қаҳрамонлари. Танланган асарлар. –Т.: Маънавият 2005 йил.
 
М.Н. Ғовсидинов,
 СамДЧТИ Ижтимоий фанлар кафедраси ўқитувчиси

Check Also

МАВЛОНО ЮСУФ – БОБУР МИРЗОНИНГ ХОС ТАБИБИ

Мавлоно Юсуф Хуросоннинг Ҳирот яқинидаги Ҳавоф (Ҳаф) шаҳрида табиб оиласида туғилган. Тўлиқ исми – Юсуф …