Home / АЛЛОМАЛАР / МАҲМУД ЗАМАҲШАРИЙНИНГ «АТВОҚУ-З-ЗАҲАБ» АСАРИДАГИ АЙРИМ ҲИКМАТЛАРНИНГ ТАҲЛИЛИ

МАҲМУД ЗАМАҲШАРИЙНИНГ «АТВОҚУ-З-ЗАҲАБ» АСАРИДАГИ АЙРИМ ҲИКМАТЛАРНИНГ ТАҲЛИЛИ

Маҳмуд Замаҳшарий адабиётшунослик, тилшунослик, ҳикматлар борасида дунё олимлари эътироф этган асарлар ёзган. «Атвоқу-з-заҳаб фи-л-мавоиз ва-л-ҳутаб» («Ўгит ва насиҳатларнинг олтин шодалари») мана шундай асарлар сирасига киради. Юз мақоладан иборат панд, насиҳат, яхши хислатлар ва ҳикматли сўзлардан иборат ушбу асар немис ва француз тилларига таржима қилинган ҳамда Вена, Штутгард, Байрут ва Қоҳирада чоп этилган. Асар  саж усулида ёзилган. Маҳмуд Замаҳшарий бу асарни улкан ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб ёзган. Аллома рисоласида одилу золим подшоҳлар, инсофлию инсофсиз амалдорлар, тақводору фирибгар савдогарлар, толиби илмлару инсофсиз беамаллар, ношукур камбағаллару кибрли бойлар ва бошқа шунга ўхшаш мавзуларда фикр юритади. Шу билан бир қаторда инсонларга дунёнинг ўткинчилигини, ундаги ўйин-кулгуга эргашмасликни уқтиради. Рисоланинг кўп жиҳатларида илм ҳақида сўз юритилиб, илмнинг қадри улуғланади. Илм эгаси бўлган, илмига холисона амал қилган кишилар икки дунё саодатига эришишлари тўғрисида панд-насиҳатлар келтириб ўтилади. Мақолада салбий жиҳатлардан кибру-ҳаво, манманлик, дунёга ўч бўлмаслик, мансаб-мавқега ҳаддан зиёд чалғимаслик масалалари ҳам қўйилади. Мисол тариқасида мақоладан айримларининг таҳлили ҳавола этилади. Дастлабки мақола инсондаги салбий иллатлардан бири бўлган кибрга бағишланган бўлиб, бу салбий иллат қуйидагича васф этилади:

Кибрнинг ёмонлиги. “Эй, инсон ўғли! Яратилишинг қуруқ (фақат) балчиқдандир. Ичинг эса кибр ва ғурурга тўла. Қарасам баъзан ўтмишинг билан фахрланасан, баъзан эса бойлик ва мол-мулкинг билан, аслинг, насл-насабинг, авлод-аждодинг билан фахрланасан. Кибр ва ғуруринг билан бошқаларга эътибор бермаслик, уларни хўрлаш, пастга уриш ва улардан юз ўгириш сенга ярашадими? Авлод-аждодингнинг улуғлиги билан фахрланма, керилма. Диққатли ва огоҳ бўл! Дўстим! Ўйлаб кўрчи, нимага минажаксан ва ҳол бўлажаксан, аҳволинг қандай бўлажак? Кел энди шу ёмон одатларини камайтир, инсонликка, одамийликка ярашмаган кибр ва ғурурни тарк эт[1: 22]”.

Муаллиф юқоридаги кибрга бағишланган ҳикматли пандномасида у нақадар инсондаги ёмон иллат эканлигини баён қилмоқда.Яъни инсоннинг асл яратилишига назар солинса у тупроқдан. Шунга қарамай айрим инсонлар кибрга, ғурурга кетадилар. Кибрнинг салбий жиҳатларидан яна бири, кибрли инсон доим босимда ҳисобланади. Аслида инсон юртига динига фойда келтирадиган иш қилишга уринмоғи лозимдир. Тарихга бир назар солинса арабларда ислом дини келишидан илгари ўзларининг авлод-аждодлари билан насл-насаблари билан кибрланиш авж олган бир давр эди. Ислом дини бунга чек қўйди. Ўз навбатида Ислом дини таълимотида инсонга номуносиб бўлган, инсонлар ўртасида зиддият ва адоват уруғини сепилишига сабаб бўладиган иллатлар қаттиқ қораланади. Шу билан бирга муқаддас китоб – Қуръон, кибр-ҳавони ва ҳар қандай мутакаббир кишини қоралайди. Жумладан Қуръонда шундай дейилади:

«Мен ерда ноҳақ кибру ҳаво қилиб юрадиган, агар барча оят – мўъжизаларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмайдиган, тўғри йўлни кўрсалар уни (ўзлари учун)  йўл қилиб оладиган кимсаларни ўз оят – мўъжизаларимдан буриб қўяман»[2: 176] Бу оятдан кибру ҳаво қилиб ерда бузғунчилик қилган кимсаларнинг аҳволлари танглиги кўриниб турибди. Замаҳшарийнинг бу ҳикматидан келиб чиқиб шундай хулоса қилса бўладики, инсон асли келиб чиқиши ва борар манзилини ўйласа кибру ҳаво қилишига ҳожат қолмайди. Тадаббур ила назар солинса яратилиш бир балчиқ бўлса борар макон ҳам тупроқдир. Иблис ҳам айнан мутакаббирлик учун қувилгандир. Кимки Иблисга ўхшаб ҳақдан кибр қилса, у оғир аҳволга келибди. Шу билан бирга бандаларнинг орасида шундай бир илм эгалари бўлган кимсалар борки, илми туфайли кибрга кетган бўлиб, агарда улардан бир нарса сўралса улар инсонларни лол қолдириш учун оғиз тўлдириб гапиришади. Илми ила кибрга кетган ва ўзини ўзгалардан афзал деб биладиган кимса энг ёмон мутакаббирдир. Ундай инсоннинг илми ҳам бефойдадир. Чунки у илми туфайли фақат кибрланишни ва инсонларни лолу ҳайрон қолдиришни ўйлайди. Қуръони Каримда Аллоҳ ҳар қандай кибрли ва мақтанчоқ кимсаларни суймаслиги ҳақида кўп бор такрорлайди. Ҳадиси шарифларда ҳам кибр ҳақида бир қанча салбий фикрлар бўлиб Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дейдилар:

Қай бир инсоннинг қалбида бир дирҳам оғирлиги қадар кибр-ҳавоси бўлса ундай кимса жаннатга кирмайди[3: 214]. Бир қараганда арзимас бўлиб кўринса ҳам аммо шундай тоифа инсонлар жаннатдан мосуво бўлишар экан, бундай иллатдан  инсон доим сергак ва огоҳ бўлиши керак. Маҳмуд Замаҳшарий ўз мақоласида салбий иллатлардан кибрни якунлар экан, галдаги панднома инсоннинг нафси ва у орқали бўладиган салбий иллатлар ҳақида. Қандай инсон ўз нафсини жиловини қўлига олиши ва нималарга эътибор бериши ҳақида сўз юритади

Нафсга тобе бўлишдан сақланиш. “Фойдасиз иш ва курашдан қўлингни торт. Самимийлик ва тупроқнинг бўйнига маҳкам ёпиш. Яъни жиддийлик ва тавозедан, ўзингни хокисор тутишдан, камтарликдан айрилма. Жаноби ҳақ муҳаққақи сени бир ҳикмат сабаби билан яратади. Яратилишинг фитратан тоза, покизадир. Аслингда кирлик йўқ. Эҳ, ёмон ҳатти-ҳаракатларинг туфайли нафсинг сени кирлатмаган, ифлос қилмаган бўлса эди, ёмонликлар, ифлосликлар сени булғамаган бўлганда эди. Нафснинг орзуларига мос, уйғун, тобе бўлиш ҳаром бўлгани ҳолда нафс отининг тизгинини, жиловини ўз ҳолига қўйиб юбордингда, у «нафс оти»да ман қилинган, тақиқланган томонга кетяпсан. Аслида боришинг зарур бўлган ва сенинг учун фойдали бўлган оддий бандалик жиҳатингдан юз ўгиряпсан. Қуллик, бандалик жиҳатингдан бошқа томонлар сенинг учун таҳликалидир. Маънавий ўрнингни энг таҳликали жой бўлган нафснинг қўйнида йўқ қиласан[4: 34]”.

Инсон ўз ҳаёти давомида турли рағбат ва шаҳватлар оқимига дучор бўлади. Бу нарсалар инсонни ўзгаларга зарар қилиб бўлса ҳам, фақат ўзи ҳақида ўйлашга ундайди. Нафсига алданган кимса қилаётган ҳатти-ҳаракатининг яхши ёки ёмонлигини эмас, фақат ўзи учун фойдали бўлишини ўйлаб қилади. Ислом инсонни ҳавойи нафсга берилишдан сақлашга қаттиқ ҳаракат қилади. Нафсга тобе бўлмаслик ҳақида машҳур саҳобий Ибн Аббос шундай дейди: икки фикр орасида иккиланиб қолган пайтингда, сен ўзингга ёқимлироқ кўринганидан воз кеч, ёқмай турганига кўпроқ ёпиш. Инсон табиатан оғир машаққатли юмушлардан қочади. Лекин нафс ҳар доим енгил бўлган нарсаларни зийнатлаб кўрсатади. Шунинг учун Ибн Аббос ўзингга ёқмаган ишни қил у нафсингга оғир бўлса ҳам, гарчи нафсинг малолланса ҳам. Фикр қилиб кўрилса ҳаётда ҳавойи нафсга берилишнинг энг асосий сабаби киши иродасининг заифлиги ва илмининг озлигидир[3: 349]. Ҳавойи нафс инсон ақлини ўзига бўйсундириб олса, у бошқалар каби идрок қилиш, эслаш, ўйлашга қодир бўлмай, балки фақат бир нарса атрофида ўралашиб қолади. Инсон бир нарсани яхши кўрса, унга кўп эътибор берадиган, ундан бошқа нарсани ўйламайдиган бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам ҳавойи нафс билан ақл ўртасида катта фарқ бор. Инсон ҳар бир масалада ўз ақл идрокига ва маслаҳатга таяниб иш қилса, албатта тўғри билан топишади. Инсон ҳавойи нафсига эргашса, нафс уни ёмон оқибатларга ва азобларга етаклайди.

Қуръони Карим ҳам инсоннинг ҳавойи нафсини тўғри йўлга солиш, уни тўғри тарбиялаш ҳақида ўз кўрсатмаларини берган. Яъни ҳар бир ишда мўътадилликни, унда исроф ҳам бахиллик ҳам қилмай, ўзгаларга озор ҳам бермай, ўз ҳавойи нафсига эргашиб турли хил бузғунчиликларни қилмасликни уқтиради. Бу дунёнинг мисоли уйқудаги бир ҳолга ўхшайди, боқий дунёйимиз эса айни уйғоқлик демакдир. Бу икки йўлнинг ўртасида ҳар бир инсон тўқнаш келадиган бир аччиқ ҳақиқат ўлим бордир. Кимки ўткинчи ҳаётга ҳавойи нафс  кўзи билан боқса,вужуди оловларда ётажаклиги муқаррардир. Қай бир кимса ўз ҳавойи нафсигаю, орзу-ҳавасларига чўмса, мўлжалига етиша олмайди. Орзу-ҳавасларга чўмган кишининг борадиган марраси йўқдир. Мана шу Яратган ҳар нарсани кузатиб туришга ишониш ва ҳавойи нафсга қарши курашиш, тўғри йўлда собит бўлиб, нотўғри йўлга кирмасликнинг кафолатидир. Аксинча бу ўткинчи дунёда инсон ўзгаларга қўлидан келганча яхшилик қилишга уриниб яшаши лозимдир. Зеро мусулмон инсон ўзгаларнинг мушкулини енгил қилишга, ҳатто йўл четида ётган бир чўпни бўлса ҳам олиб ташлаб ёрдам беришга уринади. Замаҳшарийнинг рисоласини кўрганда, унда салбий жиҳатларни очиб бериш ва уларни тарк этишга бўлган уринишлар нималардан иборат эканлиги билан тўқнашилади. Шу билан бирга мардлик, дўстлик, сахийлик, ва бошқа шу каби инсонпарварлик жиҳатларини ўзида намоён бўлган ижобий жиҳатлар билан ҳам бевосита танишилар экан.

Яхши инсонларга дўст бўлиш.Яхшиликни севиш ва одамийлик, инсонга ярашадиган ҳатти-ҳаракатлар Аллоҳнинг розилигига эриштирадиган хислатлардир. Мардлик ва жўмардлик, қўли очиқлик ҳам яхшилик билан силашга лойиқ бир ҳатти-ҳаракатдир. Мен пасткашлик, хоинлик, номардликдан бошқа кин, нафрат ва душманлик қилишга лойиқ бўлган нарсани кўрмадим. Бу дунёда дўст тутинадиган кимсалар фақат ва фақат мард ва жўмард, қўли очиқ кишилардир. Мана бундай дўстларнинг дўстлиги билан хаста кўнгиллар шифо топади. Синиқ суяклар соғломликка, тўғриликка эришади, дард ва машаққатларингни сендан узоқлаштирадилар[3: 33].

  Юқорида айтиб ўтилганидек ижобий фазилатларни ўзида жамлаган унда дўстлик, саховатпешалик, мардлик каби хислатларни ўзида мужассам этган ва нафақат ёши улуғларга, ҳозирги кундаги ёшларга ҳам ибрат сифатида Маҳмуд Замаҳшарийнинг навбатдаги сўзлари келтирилади. Маҳмуд Замаҳшарий «Мен пасткашлик, номардлик ва душманчиликдан кўра» ёмонроқ бўлган нарсани кўрмадим дея бу сифатларни бирин-кетин санаб ўтади. Шу билан бир қаторда чинакам биродарликка бўлган иштиёқ, асл дўстлар кўнгилларнинг шифоси эканлиги уқтирилади. Дарҳақиқат чинакам дўст инсоннинг машаққатли кунларда, мусибат етган кунларда билинади. Шундай дўстлар борки ҳатто улар биродарига азият етиб қолишидан титраб турадилар. Шундай дўстликнинг ёрқин мисоли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шериклари Абу Бакр Сиддиқ ғор воқеасида у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ёмонлик етишидан қўрқиб, агар мушриклардан бирортаси оёғи остига қараса, бизни кўриб қолади, деб титраб турардилар[4]. Инсон озининг хулқ-атворини тўғрилаши билан бир қаторда унинг ёнидаги биродарларини ҳам дўстларини ҳам тўғрилаши лозим. Ҳаммамизга маълумки, кишининг ёнида яхши инсон ёки яхши дўст бўлса шак-шубҳасиз ундан ибрат олинади. Агарда акси бўлса унда ҳам салбий жиҳатлар намоён бўла бошлайди. Қуръони Каримда ҳам яхшилик қилишга ундайдиган оятлар талайгина бўлиб, жумладан Моида сурасида шундай дейилади:

(Эй мўминлар), сизлар яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз”[2: 136].

  Бир назар солинса ушбу оят дунёдаги барча ҳамкорликлар, у қандай ҳамкорлик бўлишидан қатъий назар, шулар асосий пойдевор, қоида ҳисобланади. Сабаби Исломдан аввалги даврда ҳамкорлик қоидаси уруғчилик, қабилачилик ва бошқа шунга ўхшаш ўлчовлар воситасида бўлар эди. Қисқа қилиб айтилганда ҳақиқий дўстлар Маҳмуд Замаҳшарий айтганидек машаққатларни узоқлаштирадиган ва цинган суякларни тиклай била оладиганлардир.

  Хулоса қилиб айтилганда, Маҳмуд Замаҳшарийнинг кўпгина асарлари ҳозирги кунгача ҳам кенг ўрганилиб келинмоқда. Улар билан бир қаторда биз айрим мақолаларнигина таҳлил қилган асар «Атвоқу-з-заҳаб фи-л-мавоиз ва-л-ҳутаб» асари алоҳида ўрин тутган бўлиб, бу асар ёшларга ҳам маънан ҳам руҳан озуқа беради дейилса муболаға бўлмайди. Ундаги турли хил мавзуларга оид панд-насиҳатлар, инсон ҳаётида учрайдиган ва у тўқнаш келадиган ҳолатлар асосида бўлиб, ундаги вазиятларда одилона қарор қабул қилиш билан бир қаторда, салбий иллатлар қораланади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Маҳмуд Замаҳшарий. Олтин шодалар. Таржимон Маҳкам Маҳмуд, Назарбек Раҳим – ЭХТРEМУМ ПРEСС нашриёти, –Т.,
  2. Қуръони Карим, ўзбекча изоҳли таржима. Таржимон Алоуддин Мансур, –Т.,
  3. Абу Ҳомид Ғаззолий. “Мукошафат ул-қулуб”. Адолат нашриёти, –Т.,
  4. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф – Тафсири Ҳилол. Иккинчи жуз – “ҲИЛОЛ-НАШР”, –Т., 2018.
 Низомиддин ИБРОҲИМОВ,
Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси
 Шарқ мумтоз филологияси, 2-курс магистранти

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …